1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ўтганларга хатми Қуръон бағишлаш ҳақида

12:01 / 17.04.2023 24347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз Ислом инсонийлик динидир, одоб‑ахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Исломга кўра, инсон ўлиши билан унут бўлмайди ва шу боис, унинг тириклар зиммасида ҳақлари, тирикларнинг ўтмишдошлари олдида бурчлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб этилган. Қуръони Карим мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифлаган. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди:

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғиллиғаш қўймагин. Роббимиз! Албатта, Сен ўта шафқатли ва раҳмлисан» (Ҳашр сураси, 10оят).

«Улардан кейин келганлар» дейилганда Ислом умматининг илк авлоди – саҳобалардан кейинги мусулмонлар, умуман олганда, мусулмонларнинг кейинги авлодлари назарда тутилган. Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, уларнинг кейинги келганлари олдин ўтганларини яхшиликда ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуоларда бўлади.

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан шариатимизда жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳаққига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар. Улар: «Бу борада келган ҳадислар ўрганилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган кишисининг номидан бирор эзгу амал қилмоқчи бўлиб, унинг савоби етиши ҳақида сўраган кишиларга: «Ҳа, савоби етади», деб жавоб берганлар. У зотдан Қуръон тиловатининг савоби етиши ҳақида сўралгани ривоят қилинмаган бўлса‑да, бошқа саволларга берган жавобларидан хулоса қилиш мумкинки, агар у ҳақда сўралганда, унга ҳам «Ҳа, савоби етади», деб жавоб берган бўлардилар», дейдилар.

Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурмо новдасини икки қабрга суқа туриб: «Шояд, шу сабаб булардан азоб енгиллатилса», деган ҳадисларининг изоҳида жумладан қуйидагиларни айтади:

«Хаттобий айтади: «Бу ҳадисда қабр устида Китоби Азизни (Қуръонни) ўқиш мустаҳаб эканига далил бор, чунки дов‑дарахтнинг тасбеҳи туфайли маййитга азоб енгиллатилиши умид қилинар экан, Қуръони Азим тиловатида умидворлик ва барака янада улкандир».

Мен айтаман: «Одамлар (яъни уламолар) бу масалада турлича фикр айтганлар. Абу Ҳанифа ва Аҳмад розияллоҳу анҳумо «Қуръон қироатининг савоби маййитга етади», деган фикрни қўллаганлар. Бунга далил Абу Бакр Нажжорнинг «Сунан» китобида Алий розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятидир: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабрлар ўртасидан ўтиб қолиб, «Қулҳуваллооҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, сўнг унинг ажрини ўлганларга бағишласа, унга ўлганларнинг ададича савоб берилади», дедилар». (Буни Дорақутний ҳам ривоят қилган). У яна ўз «Сунан»ида Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ шаклда ривоят қилади: «Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, ўша куни улардан азоб енгиллатилади».

Бадриддин Айний шу каби айрим ривоятларни келтиргач, «Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради», дейди.

Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал‑Лубоб»да: «Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бунга ижмоъ бўлган», дейди.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», дедилар».

Бу ҳадисни имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб айтган ва: «Бу ерда ўлим тўшагидаги инсон назарда тутилган», деган. Аммо кўпчилик уламолар: «Лафз умумий бўлгани учун бу ҳадис ўлим тўшагида ётган кишини ҳам, ўлган одамни ҳам ўз ичига олади», дейишади.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур асари – «Раддул‑мухтор»да юқорида зикр қилинган ҳадисларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари номидан қурбонлик қилганлари, Қуръони Каримда ота‑онага мағфират сўраб дуо қилишга тарғиб қилингани ва яна бошқа далилларни санаб ўтгач: «Буларнинг ва бунга ўхшаш биз чўзилиб кетишидан қўрқиб келтирмаган далилларнинг барчаси амалда бошқанинг шерик бўлишини, яъни бошқанинг амалидан манфаат олиш борлигини тавотур даражасига олиб чиқади», дея хулоса ясайди.

Умуман олганда, ҳанафий мазҳабининг деярли барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, бу ҳақда «Ҳидоя», «Баҳрур‑роиқ», «Бадоеъ» ва бошқа асарларда сўз боради.

«Раддул‑мухтор»да бу мавзуда яна қуйидагиларни ўқиймиз:

«Ибн Ҳажар Маккийдан: «Биров қабристон аҳлига Фотиҳа сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?» деб сўралганда, у: «Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво беришган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ», деб жавоб берган.

Ибн Ҳажар ўзининг фиқҳий фатволарида айтишича, Ҳофиз Ибн Таймия Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қироат савобини бағишлашни ман қилиб: «Чунки у зотнинг юксак қадрларига салавот айтиш, васила сўраш каби ўзлари изн берган нарсалардагина журъат қилинади», деб айтган экан. Субкий ва бошқалар у кишига қаттиқ раддия бериб: «Бунақа ишларда махсус изнга ҳожат йўқ. Кўрмайсанми, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳеч қандай васиятсиз у зотнинг номларидан умралар қилар эди. Жунайд табақасидаги Ибн Муваффақ у зот алайҳиссаломнинг номларидан етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Сирож у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ўн минг марта хатм ва шунча қурбонлик қилган», дейишган...

Ҳанбалийлардан Ибн Ақил: «У зотга тиловат савобини бағишлаш мустаҳаб», деган.

Уламоларимизнинг гапи шуки, кишининг ўз амалини бошқага ҳадя қилиши мумкин экан, бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кирадилар, чунки у зот бунга энг ҳақлидирлар. Зеро, у зот бизни залолатдан қутқарганлар. Бунда бир нав шукр ва у зот алайҳиссаломга гўзал тортиқ қилиш бор. Комил нарса камолотнинг зиёда бўлишига қобилиятлидир. Баъзи бир буни ман қилувчиларнинг «Бунда мавжуд нарсани яна мавжуд қилишга уриниш бор, чунки у зотнинг умматларининг барча амаллари ўз‑ўзидан у зотнинг тарозиларини босади», деган гапларига келсак, бунга «Бунинг ҳеч қандай монелик жойи йўқ, чунки Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзи салавот айтишини хабар қила туриб, бизларнинг у зотга «Аллоҳим! У зотга салавот йўллагин!» дея салавот айтишимизни буюрган», деб жавоб берилади» («Раддулмухтор»дан иқтибос тугади).

Хулоса қилиб айтганда, мўътабар манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки саҳобаларнинг бирор ўтган кишига хатми Қуръон бағишлаганлари нақл қилинмаган бўлса‑да, бу умумий тарзда рухсат берилган, тарғиб қилинган ишлардандир. Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий йўриқлар шуни кўрсатади. Шунга кўра, Қуръон хатм қилиб, савобини ўтган ота‑она ва бошқа яқинларга бағишлаш улуғ савобли амаллардандир. Хатмни ўша маййитнинг номидан ният қилиб бошланса, яна ҳам яхши бўлади. Аммо тирик одам номидан хатм қилинмайди, унга тиловат савоби бағишланмайди, чунки бундай баданий амалларни бировнинг номидан қилиш учун ўша шахснинг шу амални қилишга буткул қодир бўлмаслиги шарт қилинган («Раддулмухтор»).

Хатми Қуръондан савоб ҳосил бўлиши учун уни холис Аллоҳ учун бажариш лозим. Турли моддий манфаатлар илинжида қилинса, савоб ҳосил бўлмайди ва бинобарин, ўтганларга ҳам савоб етмайди.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг

«Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан

 

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халаф уламолар мазҳабига кўрабиринчи мақола 1. Аллоҳнинг қўли ndash қудрати..Қўл, сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан давоми...

3290 13:00 / 27.10.2020
14. Ҳақ даъвати Уникидир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса, ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга давоми...

4807 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Каримни хатм қилган чоғда дуо қилиш саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидандир.Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

32207 12:40 / 12.06.2018
8. Қандай қилиб уларга аҳд бўлсинки, улар агар сиздан устун келсалар, на аҳдга ва на бурчга риоя этмаслар. Сизни оғизлари билан рози қиладилару, қалблари кўнмас. давоми...

3030 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120074 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41739 14:35 / 11.08.2021