1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фарзандларга замонавий илм ва ҳунарларни ўргатиш

12:30 / 13.08.2019 5022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи!” деган буйруқ билан бошланади. Дарҳақиқат, ислом илм динидир. Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида илм ва олимларнинг фазилати ҳақида сўз юритилган. Ҳадисларда ҳам илмнинг аҳамияти, фазилати кўп ва ҳўп зикр қилинган. Лекин ўша оят ва ҳадисларда келтирилган илм ҳақида кишилар орасида турли тушунмовчиликлар бор. Баъзилар оят ва ҳадисларда келтирилган илмдан мурод, диний илмлар, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда келтирилган илм барча фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар, албатта, биринчи ўринда туради. Аммо, бошқа илмлар кўзда тутилмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Агар оят ва ҳадисларда фақат диний илмлар назарда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Масалан, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам айтилади. Шунинг учун, оят ва ҳадисларда айтилган илм барча фойдали илмларни ўз ичига олади.

Ҳа, ислом дини чорлаётган илм фақатгина диний илмлар эмас, балки, барча фойдали диний ва дунёвий илмлардир.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандига Ватани, эл-юрти, мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни ўргатиши лозимдир. 

Дарҳақиқат, Қуръони каримга назар ташлайдиган бўлсак, илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи оятларни кўплаб учратамиз. 

Ҳисоб (математика) илми ҳақида шундай дейилади: “...Йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун...” (Исро, 12). 

Қуръон оятларида табиий илмларни ўрганишга ҳам чақириқлар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир” (Рум, 22). 

“Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир, 27-28). 

Бу оятларда зикр қилинган “Олимлар”дан мурод, Аллоҳ ер юзида яратган махлуқотларнинг сир-асрорларини билувчи шахсдир. Бу оятларнинг мавзуси табиий илмлардир. Чунки, табиий илмлар борлиқдаги нарсаларни ва уларнинг хусусиятларини ўрганади. Бу илмларга физика, кимё, биология, анатомия, антропология, зоология, жуғрофия ҳамда ботаника кабиларни мисол қилишимиз мумкин. Аллоҳ таоло мусулмонларни мана шу барча илмларни ўрганишга қизиқтиради. Шоядки, шу илмлар орқали Аллоҳнинг қудрати, улуғлигини чуқур тушунсалар. Бундан ташқари, ўз ҳаётларида шу илмлардан манфаатдор бўладилар. Шу илмлари орқали эл-юртга, мусулмонларга фойда келтирадилар. 

Аввалги оятда айтиб ўтилган “осмондан сув тушириш сирини” фақат табиий илм орқали билинади. Бу сувнинг таркибини ва хусусиятларини кимё илми орқали билинади. Шу сув сабабли ўсиб чиққан ўсимликлар ва меваларнинг сирини эса ботаника илми тушунтиради. Тоғлар ва улардаги оқ, қизил, қора турларини жуғрофия ўрганади. Инсон жинсларини ва ҳайвонот оламини эса, антропология, зоология, биология ўрганади. Оятнинг охиридаги “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар”, деган жумлага назар солсак, унда Аллоҳни ҳақиқий тан олиб, ундан ҳақиқатан қўрқадиган кишилар табиий илмларни яхши билувчи кишилар эканлигини тушунамиз. Чунки, бундай олимлар агар иймонли бўлсалар, уларнинг илми Аллоҳдан қўрқишга чорлайди. Келинглар, азиз ота-оналар, фарзандларимизга ана шундай дунёвий илмларни ҳам ўргатиб, бу орқали уларни Аллоҳдан қўрқадиган қилиб тарбия қилайлик. 

Қуръон оятларида инсонни ўзига назар солишга ундаш ва қандай вужудга келганини тафаккур қилишга чақириқ бор: “Бас, инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! (У) отилиб чиқувчи бир “сув”дан яралган. (У “сув” эса) отанинг пушти камари ва онанинг кўкрак суягидан чиқур” (Ториқ, 5-7). 

Вужудга келишнинг аслига назар солиш орқали инсон биология илмига етишади, бу илм эса, унга ўзининг бир ҳужайрадан ривожланиб бориб, тўлиқ одам бўлиб яратилгунигача босиб ўтадиган босқичларнинг сир-асрорларини билдиради. 

Қуръони каримда инсонни ўз нафси ҳақида фикр юритишга чақирувчи оятлар бор: “Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зариёт, 21). 

Ўз нафсига назар солиш орқали психология илмига етиб борилади. Бу илм эса, инсондаги ҳис-туйғулар, сезги-ҳаяжонлар ва бошқа кўпгина ҳолатларни ўрганади. 

Қуръони карим мусулмон кишининг кўз олдида турган мавжудотларни ўрганишга чақирибгина қолмай, аввалги ўтган халқларнинг тарихи, уларнинг ободончилик йўлида олиб борган ишлари, ҳавойи нафсга берилиб, оқибатда ҳалокатга учраганларини ҳам ўрганишга ундаган. 

“Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўшалар булардан (Макка кофирларидан) кўра қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатларни келтирганлар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар” (Рум, 9). 

Қаранг, бир халққа шундай таълимотлар келибди. Унда ўтган умматларнинг тараққиёти, ободончилиги, юзтубан кетиши ва хароб бўлишининг сабабларини ўрганишга чақириқ бор экан. Бу чақириқ тарих ва социология илмини ўрганишга бўлган чақириқ эмасми?    

Бундан ташқари Қуръонда касб-ҳунарга бўлган чақириқларни ҳам кўплаб учратишимиз мумкин.

Темирчилик касби борасида Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ҳақларида шундай дейди: “Унга (Довудга) сизларга зиён етишдан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик.  Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!” (Анбиё, 80). 

Яна Аллоҳ таоло темирчилик касби борасида марҳамат қилади: “(Довудга дедик): “Совутлар ясагин ва (уларни) ясашда меъёрни билгин! (Эй, Довуд оиласи!) Яхши амал қилингиз!” (Сабаъ, 11). 

Тил ўрганиш, жумладан, араб тилини таълим олиш борасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?!” (Муҳаммад, 24). 

Қуръон очиқ-ойдин араб тилида нозил қилинган. Демак, уни тадаббур қилиш учун эса араб тилини билиш лозим бўлади. 

Бошқа тилларни ўрганиш борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга сурёний тилини (бошқа ривоятда эса, иброний тилини, дейилган) ўрганишни буюрганларини, Зайд розияллоҳу анҳу эса, 15 кунда мазкур тилни ўрганганларини далил қилиб келтиришимиз мумкин.  

Тиббиёт соҳасида: Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Даволанинглар. Албатта Аллоҳ азза ва жалла қариликдан бошқа барча касалликнинг давосини яратган”. Абу Довуд ва Термизий ривояти. 

Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида қон олувчилар бўлган, У зотнинг ўзлари ҳам қон олдирганлар. 

Муҳандислик (инженерлик) ва қурувчи-меъморлик (архитекторлик) касблари борасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар (Сулаймонга мисдан у) хоҳлаган нарсаларни – меҳроблар (ибодатхоналар), тимсоллар (ҳайкаллар, суратлар), ҳовузлар каби (катта) лаганлар ва (ўчоқларга) ўрнашувчи қозонларни ясаб берурлар” (Сабаъ, 13). 

Денгизчилик, ғаввослик борасида Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Яна шайтон (жин)лардан у (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиганларини (яратдик)” (Анбиё, 82). 

Яна Аллоҳ таоло денгизларнинг хусусияти борасида шундай дейди: “У иккисидан (аслида шўр сувлисидан) марварид ва маржонлар чиқур” (Роҳман, 22). 

Кулолчилик борасида У зот марҳамат қилади: “У инсонни (Одамни) сопол янглиғ обдон қуритилган лойдан яратди” (Роҳман, 14). 

Дурадгорлик борасида эса, Закариё алайҳиссаломнинг дурадгорлик билан шуғулланганларини келтиришимиз мумкин.

Яна Аллоҳ таоло шу касб борасида Нуҳ алайҳиссаломга амр қилиб деди: “Бизнинг кузатувимиз ва ваҳиймиз (амримиз) билан кемани ясагин” (Ҳуд, 37). 

Сафарга чиқиш, саёҳат қилиш, унда раҳбарлик, йўл кўрсатувчилик, ҳозирги замон тили билан айтганда, гидлик, экскурцоводлик қилиш борасида Аллоҳ шундай марҳамат қилади: “Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз” (Мулк, 15). 

Яна бир оятда шундай дейди: “...Бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини...” (Муззаммил, 20). 

Ҳарбийлик, мудофаа соҳасида меҳнат қилиш ҳақида оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Қуйида баъзиларини келтириб ўтамиз. 

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз” (Анфол, 60), 

“Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар  жанг қилингиз!” (Тавба, 29). 

Чорвачилик ва деҳқончилик борасида Қуръони каримда шундай дейилади: “Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз”  (Анъом, 141), 

“Сизлар (улардан) тановул қилинг ва чорваларингизни боқинг!” (Тоҳа, 54). 

Илм ва касб-ҳунарга оид оятларни келтираверсак, охири кўринмайди. Мақсадимиз оятларни кетма кет келтириш эмас. Асл мақсад фарзандларга юқорида келтирилган ва улардан бошқа барча фойдали илму ҳунарларни ўргатиш лозимлигидир. Ана шундай қилсак, фарзандларимиз илми ва ҳунари билан эл-юртга, Ватанимизга фойда келтирадиган инсонлар бўлиб етишади. Зеро, халқимизда “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”, “Ҳунарли киши хор бўлмас”, “Ҳунар ҳунардан унар” каби ажойиб мақоллар ҳам бор. Кўплаб фисқу фасод ишлар, жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. “Бекорчидан Худо безор” деган мақол бекорга айтилмаган. Аллоҳ таоло меҳнаткаш ҳамда ғайратли бандаларини ёқтиради. Ҳадисларда ҳам киши ўзининг қўл меҳнати билан топганидан яхшироқ нарса емаслиги айтиб ўтилган. Қолаверса, қўлида гулдек ҳунари, касби ва меҳнати бор ҳамда илмли фарзандлар бировга муҳтож бўлмайди, аксинча, бошқаларга манфаат келтиради, қўлидан келганича ёрдамини аямайди. Зеро, берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир. Ҳозирги пайтда илм ичида юрган ҳар бир мусулмон киши инглиз тилини ва компьютер илмини мукаммал тарзда эгаллаши лозим. Чунки, инглиз тили ва компьютер йилдан-йилга ҳаётимизга чуқурроқ кириб боряпти. Фарзандларимизга мана шу илмларни ҳам ўргатишимиз керак. 

Аллоҳ барчамизни фарзандларига фойдали илму ҳунар ўргатадиганлардан қилсин. Фарзандларимизни эса, илмли, ҳунарли бўлиб вояга етишларини ҳамда эл-юрга, Ватанга, барча мусулмонларга фойда келтирадиганлардан бўлишларини насиб этсин. Омин!

Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн Адавийнинг “Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи” ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Иймон” китоблари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслим Абу Ҳассондан ривоят қилади Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга икки ўғлим вафот қилганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у иккови туфайли давоми...

1457 19:07 / 05.12.2022
Мавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.1. Мавлид ақидага боғлиқ амал эмас. Яъни, мавлид давоми...

3178 13:08 / 20.11.2018
Муҳаммад ибн Мисъар айтади .Райёҳ Қайсийнинг темир кишани бор эди. У кечаси дўзахдаги ҳолатни тасаввур қилиш учун ўша кишанни бўйнига илиб, тонггача йиғлаб, тавбатазарру қилиб чиқар эди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2362 08:00 / 21.02.2020
Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид МасжидулҲаром БайтулҲаром деб аталади. Бундай ном олишига масжид ва унинг атрофида давоми...

7756 14:00 / 16.08.2019