1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аршга ва курсига иймон

18:56 / 02.12.2016 7686 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арш ва Курси ҳақдир. 

Шарҳ: «Арш» луғатда подшоҳнинг тахтини англатади. Аллоҳ таоло Қуръонда Сабаъ маликаси ҳақида «Унинг катта арши бор» (Намл сураси, 23) деган, яъни, тахти бор. Арш жоҳил файласуфлар айтганидек фалак эмасдир.

Улар аршни тўққизинчи фалак ёки атлас фалаки, дейишган. Араблар аршни ҳеч қачон бу маънода ишлатмайдилар. Қуръон араб тилида нозил қилингандир. Арш оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб юришади. У олам учун худди қуббадек. У махлуқотларнинг шифтидир.
Далил:
1-»У зот улуғ аршнинг эгасидир. Ирода қилган нарсасини қилувчидир». (Буруж сураси, 15)
2-»У зот даражалари юксак, арш эгасидир». (Ғофур сураси, 15)
3-»Сўнгра аршга баробар бўлди». (Юнус сураси, 3)
4-»Ва арши сувнинг устида эди». (Ҳуд сураси, 7)
5-»Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У зот-карим аршнинг Роббиси бор». (Мўминлар сураси, 116)
6-»Аршни кўтараётганлар ва унинг атрофидагилар Роббиларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганлар учун истиғфор айтурлар». (Ғофур сураси, 7)
7-»Ва ўша куни Роббингнинг аршини саккизтаси устларида кўтарур». (Ал-Ҳаққа сураси, 17)
8-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида келган гаплар: «Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар азийму ҳалийм Аллоҳ бор. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У–улуғ арш Роббиси бор. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар Аллоҳ–осмонлар Роббиси, ер Роббиси ва карим арш Роббиси бор». (Бухорий, Муслим).
9-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, одамлар ўлурлар. Биринчи хушига келган Мен бўлурман. Қарасам, Мусо аршнинг оёқларидан бирини тутиб турган бўлади. Билмадим, у мендан олдин ўзига келганми ёки Турдаги зарба билан кифояланганми?» -деганлар. (Бухорий, Муслим).
Курси бўлса аршдан бошқа нарсадир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Унинг курсиси осмонлару ердан кенгдир» (Бақара сураси, 255) оятининг тафсирида, Курси луғатда икки қадам мавзеъни англатади. Аршнинг миқдорини Аллоҳдан бошқа билмайди», деганлар. Ўтган уламолардан кўплари, Курси аршнинг олдига қўйилган поғанасимон нарса, деганлар.
Ибн Жарир Абу Зарр розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аршнинг олдида курси худди кенг ерга ташланган темир халқага ўхшайди, холос»-деганлар.

У зотнинг аршга ҳам, ундан бошқа нарсага ҳам хожати йўқдир.
У зот ҳар бир нарсани ихота қилгандир ва ҳар бир нарсадан устундир. Батаҳқиқ, халқини ихота қилишдан ожиз қилибдир. 

Шарҳ: Муаллифнинг «У зотнинг аршга ҳам, ундан бошқа нарсага ҳам хожати йўқдир» дегани, аршни ва курсини зикр қилгандан кейин, Аллоҳ таоло аршга ҳам, ундан бошқа нарсага ҳам муҳтож эмаслигини баён қилиб қўйишдир. Шунингдек, аршни халқ қилиши ва унга баробар бўлиши, Аллоҳ таолонинг унга ҳожати борлигидан эмас, тақозо қилган ҳикмат учун эканини баён қилиш учундир. Олий, пастдан устун бўлгани учун, паст олийни қамраб олиши, ихота қилиши, кўтариши лозим бўлмайди. Шунингдек, олий пастга муҳтож, дегани ҳам эмас. Осмонга назар солгин. У ернинг устида. Лекин унга муҳтож эмас. Аллоҳ таоло аршга баробар бўлиб, унинг устида тургани, унга муҳтожлигидан эмас. Аллоҳ бундан олий ва улуғдир. Билки, У ўз қудрати ила ўзидан пастдаги аршни, унинг кўтариб турувчилирни ва ундаги нарсаларни кўтариб турувчидир. Шунингдек, У зот аршни ва ундаги нарсаларни ихота қилувчидир. Арш Аллоҳнинг қудрати остида чегараланган ва Унга муҳтождир.
Далил:
1-»Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир». (Фотир сураси, 15)
2-»Роббинг беҳожат ва раҳмат эгасидир». (Анъом сураси, 133)
3-»Аллоҳ сомаддир». Яъни: ҳеч нарсага муҳтож эмас, барча нарса унга муҳтождир). (Ихлос сураси, 2)
4-»Аллоҳ беҳожатдир. Сизлар ҳожатмандирсиз». (Муҳаммад сураси, 38)
Муаллифнинг: «У зот ҳар бир нарсани ихота қилгандир ва ҳар бир нарсадан устундир» деганининг маъноси, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ўз илми, қудрати, мулки ва яратиши ила ихота қилиб туради ва бу ишларда ҳар бир нарсадан устун туради, деганидир. У зот Ўзининг барча сифатларида тенги йўқдир, ҳар бир нарсани ихота қилувчидир ва ҳар бир нарсадан устундир. Унинг устунлиги фақат аршга нисбатангина эмас. Бошқа мухлуқотларига муҳтож бўлмаганидек, аршга ҳам муҳтож бўлмайди.
Далил:
1-»Аллоҳ ортларидан ихота қилиб турувчидир». (Буруж сураси, 20)
2-»Огоҳ бўлинг! У зот ҳар бир нарсани ихота қилувчидир». (Фуссилат сураси, 54)
3-»Осмонлардаги нарсалар, ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани ихота қилувчи бўлгандир». (Нисо сураси, 126)
Аллоҳ таолонинг ихота қилиши, фалакнинг ўз остидаги нарсаларни ихота қилишига ўхшаган эмас. Балки, У зотнинг ихотаси улуғлик, илм, қудрат, ҳукм, салтанат, боқий қолдириш, йўқдан бор қилиш, тирилтириш, ўлдириш ва шунга ўхшаган нарсалар иҳотасидир.
Далил:
1-»У зот бандалари устидан қаҳр ўтказувчидир». (Анъом сураси, 61)
2-»Устиларидаги Роббиларидан қўрқадилар». (Наҳл сураси, 50)
Хулоса шулки, Аллоҳ таолонинг устунлиги маконга ва жисмга хос эмасдир. Чунки, бундай устунлик Аллоҳ таоло зотига ва сифатларига нуқсон бўлади.
Муаллифнинг: «Батаҳқиқ, халқини ихота қилишдан ожиз қилибдир» - дегани, махлуқотлар Аллоҳ таолони ўз илмлари, кўришлари ва бошқа ихота қилиш мумкин бўлган нарсалари билан ихота қила олмаслар, деганидир. Балки, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ихота қилувчидир. Ҳеч бир нарса, Аллоҳни ихота қилувчи эмасдир.
Хулоса шулки, халойиқ Аллоҳ таолони ихота қилишдан ожиздир.
Далил:
1-»Ва Унинг илмини ихота қила олмаслар». (Бақара сураси, 255)
Халойиқ Аллоҳнинг илмини ихота қила олмаганларидек, зотини ва сифатини ҳам ихота қила олмаслар.
2-»У зотни кўзлар идрок қила билмас, У зот, Ўзи кўзлари идрок қилур ва У зот, Ўзи дақиқ нарсаларни билувчи, ўта хабардордир». (Анъом сураси, 103)
Идрокни ихота, деб тафсир қилувчилар фикри бўйича.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
951. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот.Роҳат топган ва ундан давоми...

5787 17:55 / 13.07.2017
Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда зикр этилган ҳақиқат сифатида Аршга иймон келтирмоғимиз вожиб. Унинг ҳақида фақат оят ва ҳадисларда зикр қилинган нарсадан давоми...

1669 19:00 / 03.10.2023
Савол Худо мавжуд бўлса, нега дунёда бегуноҳ инсонларга шунча зулм бўлмоқда Африка қитъаси давлатларида норасида гўдаклар нега очликдан ўлмоқдаЖавоб 1. Аллоҳ давоми...

3506 17:01 / 06.11.2018
.АрРофеъ, исми .кўтарувчи, маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни давоми...

10115 14:50 / 13.03.2018
Аудиолар

135060 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55338 14:35 / 11.08.2021