1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ўлим фариштаси ва руҳ ҳақида

19:05 / 02.12.2016 9163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таховий акидасидан

...сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса эканига иттифоқ қилганлар. Барча динлар олам кейин пайдо бўлган нарса эканлигига иқрордирлар. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳам ушбу ақийда ила ўтганлар. Қуръон ва суннат таълимоти шунга далаолат қилади...

Оламлар руҳларини олишга вакил қилган ўлим фариштасига иймон келтирамиз.

Далил:
1-» Сен: «Сизларни ўзингизга вакил қилинган ўлим фариштаси вафот этдиради. Сўнгра, Роббингизга қайтарилурсиз»-деб айт». (Сажда сураси, 11)
Жон олувчи битта фаришта бўлмагани учун бошқа оятда:
2–»Фаришталар вафот этдирадилар», (Нахл сураси, 28) дейилган. Шунингдек:
3-»Токи, бирортангизга ўлим келганида, элчиларимиз сизни вафот этдирур. Улар камчиликка йўл қўймаслар», (Анъомсураси, 61) деган. Фариштаалар жонларни Аллоҳнинг амри ва изни билан қабз қиладиган бўлганлари учун:
4-»Аллоҳ жонларни уларнинг ўлими пайтида вафот этдирур ва уйқусида ўлмаганларини ҳам», (Зумар сураси, 41) деган.
Ўлим фариштасига жонларни қабз қилиш ва чиқариб олиш топширилган. Сўнгра, уларни раҳмат фаришталари ёки азоб фаришталари қабул қилиб оладилар ва Аллоҳ таоло хоҳлаганича яхши ва ёмон жонларнинг турар жойларига олиб борадилар. Буларнинг ҳаммаси, Аллоҳнинг изни, қазои қадари, ҳукми ва амри билан бўлади. Шунинг учун ҳам, уларнинг ҳар бирига, ўз вазифасига қараб жон олишни изофа қилса-нисбат берса бўлади.
Энди руҳ ва нафс ҳақида муҳим баҳсларни қисқагина қилиб зикр этамиз. Умид қиламизки, ушбу масалаларни билишга қизиққан одамга фойда беради.

Биринчи савол: Руҳ нима ўзи?

Билинки, руҳ ҳақиқати ҳақида энг аввало идрок қилиш лозим бўлган нарса шулки, у-жонли нарсаларда ҳаётнинг асосидир. Албатта, ўша жонли нарса унга руҳнинг пуфланиши билан тирик бўлади. Ундан руҳ ажраб чиқиши билан ўлик бўлади.
Бу руҳнинг энг юқори таърифидир. Унинг чегараси эмас. Руҳ ишига чуқур назар солинганидан кейин «руҳ» сўзи икки нарсага ишлатилиши зоҳир бўлади.

1-Қалбда (юракда) ғизоларнинг хулосасидан туғиладиган, ҳис қилувчи, ҳаракатлантирувчи, ғизонинг тадбирини қилувчи латиф буғга руҳ дейилади. Бунда барча жони бор нарсалар шерикдирлар. Яъни, бу нарса уларнинг ҳаммасида бордир. Ўша буғнинг юпқа ёки қалин, мусаффо ёки кир, бўлишига қараб жонли нарсадан турли нарсалар зоҳир бўлади. Унинг баданда бўлиши, худди атиргулдаги сув ёки кўмирдаги оловга ўхшайди. Ушбу «Буғга ҳайвоний руҳ ёки ҳавойи руҳ, дейилади.
2-Идрок қилувчи руҳ бўлиб, уни ҳақиқий руҳ, дейилади. У эса, ҳалиги буғ ёки ҳайвоний руҳ устида бўлади. Бадан ҳавойи руҳни кўтарадиган бўлганидек, ҳавоий руҳ ҳам ҳақиқий руҳни кўтарадиган бўлади. (Ҳужжатуллоҳи ал-Болиға 2-38).

Ушбу ҳақиқий руҳга, нафс, ҳам дейилади. Қуръон, суннат, саҳобаларнинг ижмоъи ва ақл далолат қиладики, ўша нафс-нуроний, олий, енгил, тирик, ҳаракатланувчи, бир жисм бўлиб, аъзоларнинг жавҳарига киради. Унда худди сув атиргулда юрганига ўхшаб, ёғ зайтунда юрганига ўхшаб ва олов кўмирда юрганига ўхшаб юради. Модомики, аъзолар ушбу латиф жисмдан оқиб чиққан таъсирларни қабул қилишга солиҳ экан, ўша латиф жисм уларда юриб туради. Унинг белгилари ҳис қилишни ва иродали ҳаракатни ифода қилади. Қачонки, аъзолар, уларга қўпол ахлатларнинг устун келиши сабабли мазкур таъсирларни қабул қила олмай қолса, руҳ бадандан ажраб чиқиб, руҳлар оламига қўшилади.

РУҲНИНГ БОШҚА МАЪНОЛАРИ

1-Гоҳида Қуръонни ҳам, руҳ, деб номланади.
«Шундоқ қилиб, Биз сенга ўз амирларимизла Руҳни ваҳий этдик». (Шўро сураси, 52)
2-Гоҳида Жиброил алайҳиссаломга ҳам Руҳ дейилади:
«Уни Руҳул амийн олиб тушди». ( Шуаро сураси, 193)
3-Инсон баданида кириб-чиқиб турадиган ҳавога ҳам айтилади.
4-Аллоҳнинг танишлик, Унга қайтишлик қувватига ҳам айтилади.
«Ана ўшаларнинг қалбларига иймонни ёзди ва уларни Ўзидан бўлган руҳ билан қўллади». (Мужодала сураси, 58)

Иккинчи савол: Руҳ қадимийми ёки кейин пайдо бўлганми?

Баъзи сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса эканига иттифоқ қилганлар. Барча динлар олам кейин пайдо бўлган нарса эканлигига иқрордирлар. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳам ушбу ақийда ила ўтганлар. Қуръон ва суннат таълимоти шунга далаолат қилади. Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. У зот ҳар бир нарсага вакилдир», (Зумар сураси, 39) дейди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бўлган эди. Аллоҳ билан ҳеч нарса бўлмаган эди», деганлар.

Учинчи савол: Руҳ ўладими ёки ўлмайдими?

Баъзи тоифалар, руҳ ўлади, деганлар. Чунки, у–нафсдир. Ҳар бир нафс эса, ўлимни татигувчидир. Шунингдек, у ер устидадир. Аллоҳ эса: «У (ер)нинг устидаги ҳар бир кимса фонийдир», (Ар-Раҳмон сураси, 26) деган.
Нафс - «нарса»дир. Аллоҳ таоло: «У зотнинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир», (Қасос сураси, 88) деган.
Бошқа тоифалар эса, руҳлар ўлмайди, деган. Чунки, улар боқийлик учун яратилганлар. Баданларгина ўлади. Кўпгина оят ва ҳадислар, руҳлар бадандан ажраганидан сўнг уларга яна қайтиб келгунларича роҳат ёки азобда бўлишига далолат қилган.
Тўғриси шулки; Жасадлардан ажраб чиқиш - руҳларнинг ўлимидир. Агар ўлимдан ушбу нарса ирода қилинса, руҳлар ўлади. Агар бутунлай йўқ бўлиб кетиши ирода қилинса, унда ўлмайди. Улар боқий қоладилар.
Далил:
«Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни татимайдилар». (Духон сураси, 56)
Ўша ўлим руҳнинг жасаддан ажралишидир. Руҳ учун жасаддан ажрашдан бошқа ўлим йўқ.

Тўртинчи савол: «Руҳ бир нарсами ёки айри-айри икки нарсами?

Таҳқиқ шуни кўрсатадики, руҳнинг зоти бир, эътибори иккидир. Идрок қулувчи нарсага бадандан ажраган ҳолида «руҳ», дейилади. Баданда турганида эса нафс, дейилади. Улар орасидаги фарқ шунда. Гоҳида бирининг ўрнига иккинчиси айтилаверади.

НАФСНИНГ БОШҚА МАЪНОЛАРИ

1-Қон. Фиқҳда; «Оқувчи нафси йўқ нарса сувда ўлиб қолса, уни нажас қилмайди»-дейилган. Бола туғилгандан кейин келадиган қонга нифос, дейилиши ҳам шундан.
2-Кўз-фалончига нафс етибди, унга кўз тегибди, деганидир.
3-Зот-ўзлик. Қуръонда: «Бас ўз нафсингизга салом беринг», (Нур сураси, 61) дейилган. Яъни, ўз зотингизга, ўз-ўзингизга, дегани.

Бешинчи савол: «Аммора» (Буюрувчи), Лаввома( маломат қилувчи) ва «Мутъмаинна» (хотиржам)лар нафснинг турларими ёки сифатларими?

Қуръони каримда ушбу турларнинг зикри келган:
«Албатта, нафс ёмонликка «Аммора» (буюрувчи)дир». (Юнус сураси, 53)
«Лаввома (маломат қилувчи) нафс ила қасам ичаман». (Қиёмат сураси, 2)
«Эй мутъмаинна (хотиржам) нафс». (Фажр сураси, 27)
Баъзилар: «Булар - турли шахслар эътибори ила нафснинг турларидир. Баъзиларида бу тур ғолиб бўлса, бошқаларида бошқа тур ғолиб бўлади», дейдилар.
Таҳқиқ эса, нафс битталигини кўрсатади. Унинг сифатлари бордир. Бас, у ёмонликка буюрувчи бўлади. Унга иймон ориз бўлган пайтда маломат қилувчига айланади. Ўмонлик қилган эгасини маломат қилади. Иймон қувватли бўлган пайтда хотиржам бўлади. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни яхшиликлари хурсанд қилиб, ёмонликлари хафа қилса, ўша одам мўминдир»- деганлар. Шу билан бирга «Зинокор зино қилаётган пайтида, мўмин ҳолида бўлмас»ҳам деганлар. Демак, нафс ўз яхшиликларидан хурсанд бўладиган даражасда хотиржам, ёмонликларидан маҳзун бўладиган даражада маломатчи бўлади. Ундан зино ёки гуноҳи кабира содир бўлганда ёмонликка буюрувчи бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масала жуда нозик ва ўта хатарлидир. Айниқса, ҳозир, ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки давоми...

1230 19:00 / 27.11.2023
Ва фаришталарга, набийларга ва расулларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва .Улар очиқойдин ҳақда бўлганлар,, деб гувоҳлик берамиз.Ушбу ишлар иймон давоми...

4545 16:30 / 10.02.2020
Ақоид илмида асосий баҳслар тўрт турга бўлинади 1. Илоҳиёт. Бунда Илоҳ ва У Зотга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади. 2. Нубувват. Бунда ваҳий, пайғамбарлик, давоми...

4273 13:00 / 11.01.2021
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. Ислом давоми...

22391 14:55 / 14.08.2018
Аудиолар

131687 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52154 14:35 / 11.08.2021