1446 йил 7 зулқаъда | 2025 йил 04 май, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаннатдаги бозорлар

16:50 / 10.01.2019 7750 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннатда яхлит дурдан ўйиб ясалган чодир бор, кенглиги олтмиш мил. Ҳар бурчагида мўмин учун аҳллар бор. Улар бир-бирларини кўрмайдилар. Мўмин уларни айланиб юради» (Муслим ривояти).

Бошқа бир ривоятда: «Дурдан ишланган чодирнинг бўйи олтмиш мил. Ҳар бир бурчагида мўмин учун аҳллар бор, улар бир-бирларини кўрмайдилар», дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннатда бир бозор бор. Ҳар жума унга келадилар. Сўнг шамол эсиб, уларнинг юзлари-ю кийимларига мушк сочади ва уларнинг ҳусни жамоли зиёда бўлади. Сўнг ҳусни ва жамоллари зиёда бўлган ҳолда қайтадилар. Аҳллари уларга: «Аллоҳга қасамки, биздан кейин ҳусни жамолда янада зиёда бўлибсиз», дейди» (Муслим ривояти).

Бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййабга: «Аллоҳдан сен билан мени жаннат бозорида жамланишини сўрайман», дедилар. Саид: «Жаннатда бозор борми?» деб сўради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Ҳа», деб ушбулари айтиб бердилар: «Фаришталар ўраб турган бозорга келасан. Унда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, хаёлга келмаган нарсалар бор. Хоҳлаганимиз берилади, сотилмайди ҳам, сотиб олинмайди ҳам. Ва мана шу бозорда жаннат аҳллари бир-бирларига йўлиқадилар. Юқори манзил эгалари қуйирокдагилар билан учрашадилар – ваҳоланки, у ерда паст даражанинг ўзи йўқ, унинг устидаги кийимига қуйироқдагининг ҳаваси келади. У ҳам гапини тугатмасданоқ ундан чиройлироғи унда гавдаланади. Чунки бирор кимсада жаннатда хафалик бўлмайди» (Термизий ривояти).

Бу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан мукаммал тарзда Ибн Можа ҳам келтирган. Унда бундай дейилади: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бердилар: «Жаннат аҳли жаннатга кирса, амалларига кўра манзил-даражаларини эгаллайди. Уларга дунёдаги жума куни миқдорича муҳлат берилади, бас, улар Аллоҳни кўради. Аллоҳ уларга Аршни ва жаннатнинг бир боғида жамолини кўрсатади. Улар учун нурдан, дурдан, ёқутдан, забаржаддан, олтин ва кумушдан бўлган минбарлар қўйилади. Уларнинг энг қуйи манзилдагиси – ваҳолангки, у ерда қуйи даражанинг ўзи йўқ – мушк ва кофурдан бўлган тепаликда ўтиради, улар минбарлардаги курси эгаларини ўзларидан афзал деб ўйламайдилар». Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, Парвардигоримизни кўрамизми?» деб сўрадим. У зот: «Ҳа, ҳаво очиқ кунда қуёшни ва тўлин ойни кўришга бирор нарса сизларга тўсқинлик қиладими?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Худди шунингдек, Парвардигорингиз азза ва жаллани кўришда ҳам тўсиқ бўлмайди. У мажлисда Аллоҳ таоло хитоб қилмаган бирор кимса қолмайди. Ҳатто уларнинг ҳар бирига: «Эй фалончи, мана бундай, мана бундай қилган кунингни эслай оласанми?» деб дунёда қилган ишларини эслатади. У банда: «Эй Парвардигор, у ишимни кечирмаганмидинг?» дейди. Парвардигор: «Ҳа, кечирганман! Ўша мағфиратимнинг кенглиги сабабли сен шу манзилда ўтирибсан», дейди», дедилар Набий алайҳиссалом».

Парвардигор билан бандалар бир-бирларига мана шундай хитоб қилиб туришган чоғда бандалар устини булут қоплайди ва хушбўй ёмғир ёғади, унинг бўйи бошқа бирор нарсада топилмайди. Сўнг Парвардигор уларга: «Сизларга сахийлик билан тайёрлаб қўйган нарсаларимга тўйинглар ва хоҳлаган нарсаларингизни олинглар», дейди. Сўнг манзилларига қайтишади ва уларни жуфтлари кутиб олишади. Улар: «Хуш келдингиз, марҳабо, кетаётганингизда бошқача эдингиз, қайтганингизда жамолингиз ва бўйларингиздан яна зиёда бўлибди», дейишади. Улар эса: «Бугун биз Парвардигоримиз билан ҳамсуҳбат бўлдик ва шу сабабли ҳам биз бундай кўринишда қайтишга ҳақлимиз», дейдилар».

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннатда бир бозор бор, унда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. У ерда аёл-эркакларнинг суврат-қиёфалари бўлади. Ким бир сувратга киришни хоҳласа, ўша қиёфага киради» (Термизий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатда бозорлар бор, унда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. Жаннат аҳли жаннат хурсандлигига муяссар бўлгач, тупроқлари мушк бўлган майин дурлар устида ястанган ҳолда ўтирадилар. Улар жаннатларда бир-бирлари билан дунёда қандай бўлганлари, Аллоҳга қандай ибодат қилганлари, қандай қилиб кечаларни бедор, кундузларни қоим ўтказганлари, дунёдаги фақирлик ва бойлик қандай экани, ўлим қандай кечгани ва шунча синовлардан кейин қандай қилиб жаннатга кирганларини эслашиб ўтиради».

Имом Қуртубийнинг “Тазкира”сидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кунларнинг бирида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига бир аёл келди. У норози оҳангда деди .Менинг акам вафот этди, ундан олти юз дирҳам мерос қолди, давоми...

4865 21:10 / 24.02.2019
Ҳаж намоз, рўза, закот каби Исломнинг асосий ибодатларидандир. Аллоҳ таоло Қодир мусулмонларгагина фарз қилган. Аллоҳга шукр, ҳар йили дунёдаги миллионлаб давоми...

1785 18:08 / 27.07.2020
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни хароб қилишга саъйshyҳаракат қилган кимсадан кўра золимроқ ким бор Ана ўшалар уларга фақат давоми...

4718 17:10 / 01.06.2019
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маккий Журжоний айтади .Абдулвоҳид ибн Одам Тавовисийнинг шундай деганини эшитдим .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. давоми...

3526 07:00 / 26.12.2018