1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Алдамчилик ёлғоннинг бир кўринишидир

08:30 / 26.12.2018 3127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ваъдага вафо қилмаслик одати ҳам ёлғончиликнинг бир туридир. 

Бу ишни қилган киши иродасиз, ундан яхшилик чиқмайдиган ва ишониб бўлмайдиган одам бўлади. Ваъдага вафо қилмаслик одамлар орасидаги муҳаббатни йўқотиб, кўп зарарлар етказади, вақтни беҳуда кетказади ва ҳоказо... Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ваъдага вафо қилмасликни «мунофиқлар сифатидан» деб айтганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Мунофиқ ваъдани бераверади, аммо устидан чиқмайди. Чунки унинг номи ўзи билан мунофиқда. Унинг сирти бошқача, ичи бошқачадир. У сиртида ваъдани бераётганида ичида унга амал қилишни ўйлаб ҳам қўймаган бўлади. Ваъдасига вафо қилмайдиганлар ўзларининг мунофиқлардан эканликларини эсларидан чиқармасликлари лозим.

Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши алдамчиликдир. 

Яъни ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш – унга ёлғон гапиришдир. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар.

Суфён ибн Усайд Ҳазромийдан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Хиёнатнинг энг каттаси бир биродаринг сенга ишониб турса-ю, унга ёлғон гапиришингдир», деганларини эшитган экан». 

Бухорий ривоят қилган.

Ҳақиқатан ҳам, биров сизга ишониб турса, сиздан маслаҳат сўраса ёки қандайдир бир хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи бўлса, сизни ростгўй деб билиб турса-ю, сиз билатуриб унга ёлғон гапирсангиз, бу катта бир хиёнатдир.

Бировни алдаш, ёлғон маълумот бериш, бировнинг ишончини оқламаслик, ўзига ишониб турган одамга ёлғон гапириш ниҳоятда оғир иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Умуман, ёлғон гапиришнинг ўзи катта гуноҳ ҳисобланади. Аммо ўзига ишониб турган одамга билиб туриб ёлғон гапириш хиёнат даражасидаги ёлғончилик экан. Бу нарсадан жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур.

Ўзига рост гапириб турган одамга билиб туриб ёлғон гапириш ўша одамни менсимаслик, уни истеҳзо қилиш ва алдаш каби гуноҳларни ҳам ўз ичига олади.

Афсуски, кўпчилик худди шу тарзда ёлғончилик қилади. Ёлғончи нобакор ўзига садоқат кўрсатаётган кишини алдайди, ёлғон гапириб, уни ҳақорат қилади. Эҳтимол, ёлғончи шу иши билан унга ишонган соддадил кишидан кулар, аммо охиратда албатта катта хиёнатчи сифатида жавобини беради ва жазосини тортади.

Минг афсуслар бўлсинким, алдамчилар ичимизда анчагина бор. Улар ўз биродарларини алдашдан уялмайдилар ҳам, чарчамайдилар ҳам.

Бўҳтон ҳам ёлғоннинг Ислом ҳаром қилган турларидан биридир. 

Бўҳтончи доимо бир инсоннинг амалига, мансабига, шарафига футур етказишга ҳаракат қилади. Бўҳтон кўплаб бало-офатларнинг сабабчисидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ундан ҳазар қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бўҳтондан доимий равишда қайтариб келганлар. Уни умматларига тушунтириб борганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди.

«Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг», дедилар.

«Айтинг-чи, биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи?» дейилди.

«Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, бир одамни орқасидан ўзи йўқ пайтида, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг вужуди титраб кетади.

Бўҳтон эса бир кишини унинг ўзида йўқ иллатлар билан айблаш экан. Энди бўҳтон деб аталмиш бу нарса ғийбатдан неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олиш мумкин.

Бировнинг айбини беркитиш ўрнига ҳамманинг айбини қидириш билан оворамиз. Қидирганда ҳам, тирноқ остидан кир излагандек ахтарамиз. Унда ҳам топилмаса, ёлғон-бўҳтон тўқиб, айб тақаймиз. Мусулмонман, деб юрганларнинг бу ҳолини кўриб, бошқалар «Булар ўзи шунақа, бир-бирини ковламаса тура олмайди», дейдиган бўлиб қолишган.

Диний таълимотлардан бебаҳра кишиларнинг узри бордир. Аммо диндорликни, диний илмнинг даъвосини қилаётганларнинг бу борадаги қилмишларини кўриб, ёқа ушлайсиз. Мусулмон биродарининг айбини беркитиш улар учун катта мусибатдек туюлади.

Ҳатто уларга «Жон биродар, бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, мусулмон одам ўз биродарининг айбини беркитиши лозим. Сиз бўлсангиз йўқ нарсани айтиб бўҳтон қиляпсиз», десангиз ҳам таъсир қилмайди.

Охир-оқибат нима бўлади? Кишиларнинг мусулмонлардан кўнгли қолади. Душманлар мусулмонлар устидан кулиб юради. Исломга қизиқиб турганларнинг ҳам кўнгли совийди. Мусулмонларнинг ораси бузилади, ишлари ортга кетади. Ўша мусулмоннинг айбини очган ҳам мақсадига етмайди.

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзилар динни фақатгина баданий ибодатдан иборат деб ўйлашади. Ҳолбуки, дин илм ва ибодатдир. Илмсиз дин фалокатдир.Ўйлаб кўринг, бир пайтлар шундай кишилар давоми...

3060 15:17 / 16.04.2022
Ибн Абдулбарр .Илм, китобида шундай ёзади .Ибн Ваҳб айтади .Мен илм излашдан олдин ибодатга машғул эдим. Бир куни шайтон менга .Аллоҳ таоло Ийсо ибн shyМарям давоми...

1885 08:00 / 14.11.2020
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, охират кунига, давоми...

2348 09:10 / 29.08.2019
Улуғ устоз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари орамизда бўлганларида бугун 68 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. Аллоҳ у кишини раҳматига давоми...

4678 15:50 / 04.04.2020
Аудиолар

230197 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148775 14:35 / 11.08.2021