1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (22 та дарс)

05:00 / 15.02.2017 4454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ


Муаллиф муқаддимаси



Аллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳамад  соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳлларига салоту саломлар бўлсин.

Қўлингиздаги ушбу китоб мусулмон фарзандларни Расуллар саййидининг ҳидояти асосида тарбия қилишга мўлжалланган. Фарзанд тарбияси ва таълими иккинчи даражали сўз ва амал эмас, балки ота-она ва тарбиячиларга юкланган асосий мажбуриятлардандир. Улуғ Ислом динида авлодлар тарбияси ва парваришига катта эътибор берилган. Албатта бугунги кун болалари келажак ва эртанги кун эгаларидир. Агар уларни раббоний даъватчилар ва яхши инсонлар тарбия қилсалар албатта улар ушбу умматнинг умидидирлар.


Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ўрганилганига асосланган ҳолимизда мусулмон болаларга енгил ва осон услубли, эътиборни жалб қилиш учун суҳбатлар билан бойитилган ва қалбларни завқлантирувчи, соф тарбиявий, илмий йўналиш тақдим қилиш учун қисқа бўлса ҳам – бу биздан бир уринишдир. Фарзандларимизни ҳадиси шарифлар, зикрлар, юксак исломий одоблар, пайғамбарлар қиссалари орқали ушбу йўналишни уларнинг қалбларига ўрнаштирувчи соф ақийда асосида тарбия қилиш бош мақсадимиздир.

Бу китобни ота ва унинг оиласи орасида бўлиб ўтадиган мажлис бўлимларига бўлиб чиқдик. Йигирма иккита мажлис бўлиб, ҳар-бир мажлис бир ҳафта давомида дарс қилинади. Аллоҳдан камчилик ва адашишларимизни кечиришии сўраган ҳолда, имконимиз борича, ушбу ишимизни бадиий, гўзал, болаларга ёқимли даражага чиқаришга ҳаракат қилдик. Аллоҳдан ушбу амал ила мусулмон фарзандларни ва уларга қаровчиларни манфаатлантиришини ва хатоларини кечириб, айбларини беркитишини сўрайман. Набийимиз Муҳаммад, аҳли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.


Абу Абдураҳмон



БИРИНЧИ ДАРС


Холид мусулмон, одобли, тарбияли бола. Ота-онасининг гапини эшитади ва итоат қилади. Отаси билан масжидга намоз ўқиш учун боради.

Холид отаси билан ўтирганда отасига: “Отажон, жума намозига имомнинг Ислом асослари ҳақида гўзал сўзларни айтганини эшитдим” деди.

Отаси: “Ҳа, эй Холид! У сўзлар ҳадийси шарифдир”.

Холид: “Ҳадийси шариф дегани нима, отажон?”.

Ота: “Ҳадийси шариф бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидир. У сўзларни бизга саҳобаи киромлар етказганлар, Аллоҳ улардан рози бўлсин”.

Холид: “Отажон! Сиздан ўша ҳадийси шарифни эшитишни хоҳлайман”.

Ота: “Яхши Холид... Расулуллоҳ айтдилар:”

Холид: Соллалоҳу алайҳи васаллам.

Ота: Боракаллоҳ эй Холид! Ҳар бир мусулмон учун Расулуллоҳни эшитганида у зотга салоту салом айтиши вожибдир. Ҳадийс Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

“Ислом беш нарсага асосланган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бериш, Намозни тўла тўкис адо этиш, Закотни бериш, Рамазонда рўза тутиш ва йўлга қодир бўлса ҳаж қилиш”.

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)


Холид: “Ушбу гўзал каломнинг маъносини айтиб бера оласизми отажон?”.

Ота: Ҳа албатта эй Холид! Лекин сен уни яхшилаб ёдлаб олганингдан сўнг иншааллоҳ кегинги дарсда маъносини айтиб бераман.

Холид: Отажон! Ҳар куни масжидда бомдод намозидан сўнг ўтириб, гўзал дуо зикрлар қилишингизни кўраман. Сиз ўқиётганларингиздан ёдлаб олмоқчи эдим.

Ота: Боракаллоҳ эй Холид! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бомдод ва шом намозларидан сўнг ўқиладиган кўпгина зикрлар ўргатганлар. Улар: “Тонгги ва кечки зикрлар” дейилади. Мана шу зикрлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кунига юз маротаба айтадиганлари бор: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Маъноси: АЛЛОҲ айбу нуқсонлардан покдир ва У зотга мақтов ва шукрлар бўлсин) (Имом Муслим ривояти).

Холид: Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин эй отажон...

Иншааллоҳ тонгда ва кун ботганда давомли ўқиб юриш сўнгра бошқа зикрни ўрганиб, уни ҳам ёдлаш учун бу зикрни ёдлашга ҳаракат қиламан.

Ота: “Яхши Холид! Аллоҳ ҳаракатингга ҳаракат қўшсин”.

Холид: Отажон! Мен Аллоҳга кўп муҳаббат қиламан... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Ислом дийнига муҳаббат қиламан! Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида кўп нарсаларни ўрганиб олмоқчиман.

Ота: АЛЛОҲ яратгувчимиз, АЛЛОҲ ризқ берувчимиз, АЛЛОҲ таомлантирувчимиз, АЛЛОҲ чанқоғимизни қондирувчи, АЛЛОҲ асрагувчимиз, АЛЛОҲ бизни тирилтиргувчимиз, АЛЛОҲ илм бергувчимиз, АЛЛОҲ бизга одоб бергандир, АЛЛОҲ бизни мукаррам қилгандир, АЛЛОҲ бизга кўп ато қилгувчидир.

Айбу нуқсонлардан пок бўлган Улуғ АЛЛОҲ роббимиздир, У зот ҳар бир нарсани яратгувчисидир. Жамийки мулк, жамийки мақтов ва шукрлар Унга хосдир, барча гўзал исмлар уникидир.

Холид: Роббимизнинг “АЛЛОҲ” исмидан бошқа исмлари ҳам борми отажон?

Ота: Ҳа эй Холид, Улуғ, Муқаддас АЛЛОҲнинг ғоятда гўзал исмлари бор, чунки бу исмлар гўзалликда жамолда ва мутлақ камолотнинг охирида бўлган сифатларни ўз ичига олади...

АЛЛОҲ ўзини номлаган исмлардан: АЛЛОҲ, РОҲМАН (Улуғ неъматларни берувчи, бу дунёда кофирга ҳам мўминга ҳам раҳм қилиб неъмат берувчи) РОҲИЙМ (охират кунида фақат мўминларгагина раҳм қилувчи) МАЛИК, (бору йўқ нарсаларнинг эгаси, Ундан бошқа эга йўқ) ҚУДДУС (Бутунлай айбу нуқсонлардан покдир, мутлақ поклик У зотгагина хосдир).

Холид: “Ушбу гўзал исмларни тезда ёдлаб оламан отажон. Булар мени яратган, Унга муҳаббат қиладиган ва Унгагина Ибодат қиладиган Буюк Роббимнинг исмларидир”.

Ота: “Боракаллоҳ эй Холид! Худо хоҳласа кейинги дарсда сенга Аллоҳнинг гўзал исмларидан яна айтиб бераман, Улар кўпдир. Ҳозир эса, бугунги дарсимиз тугади ўғлим”.


ИККИНЧИ ДАРС


Холид синглиси Фотима билан дўстларини зиёфат қилдираётган отасини кутишар эди. Меҳмонлар кетгач, ота уларнинг олдига кулиб кирган ҳолда: “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” (сизларга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) деди. Холид ва Фотима: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, (сизга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати  ва баракоти бўлсин) эй отажон” дедилар. Сўнгра ота, шу куни ака-сингил Қуръони Кариймдан ёд олганларини улар билан бирга такрорлаб чиқди. Шундан сўнг ота: “Эй Холид, АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўрганганларингни ёдлаб олдингми?” деди. 

Холид: Ҳа отажон, АЛЛОҲга ҳамд бўлсин, Роббимнинг исмларидан яна ўрганмоқчиман.

Ота: АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан яна: САЛОМ (нуқсонлардан саломат тинчлик ато этувчи) МЎМИН, (иймон, омонлик берувчи) МУҲАЙМИН, (ҳар бир нарсани қамраб олувчи) АЗИЙЗ (қудратли, ғолиб зот, ҳеч нарса у Зотдан ғолиб кела олмайди).

Фотима: “Бу исмлар бунча ҳам гўзал эй отажон?”.

Холид: Отажон сиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гапириб беришингизни сўрайман.

Ота: Набиййимизнинг, У зотга саломлар бўлсин, исмлари Муҳаммад оталари: Абдуллоҳ боболари Абдул Мутталиб бўлиб, у киши Бани Ҳошим уруғидан. Оналари  Омина бинти Ваҳб. Пайғамбаримизни Ҳалимаи Саъдиййа эмизганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам араб қабилаларининг насаб жиҳатдан энг шарафли бўлган қабиладандирлар. У қабила Қурайшдир. Маккаи Мукаррамада туғилиб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар.

Холид: Отажон Ислом беш нарсага асосланганлиги ҳақидаги ҳадисни тушунтириб беришни ваъда қилган эдингиз.

Ота: Ҳа Холид... Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (Набий) соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ислом дийнини, бешта устунга барпо қилинган бинога ўхшатиб, тушунтирмоқдалар. Бу бино ушбу устунларсиз тура олмайди, улар Ислом биносига асос, таянч вазифасини ўтайди.

Фотима: Бу устунлар, асослар нима отажон?

Ота: Бугун ушбу асосларнинг биринчиси ҳақида суҳбатлашамиз. 

Биринчи асос: “АЛЛОҲдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад АЛЛОҲнинг Расулидир деб гувоҳлик бериш”.

Бунинг маъноси суюклиларим, АЛЛОҲдан ўзга ибодат қилинадиган зот йўқлигига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга эргашиладиган инсон йўқлигига қалбимиз ва тилимиз ила иймон келтиришимиз, тасдиқлашимиз ва эътироф этишимиздир. Инсон ушбу шаҳодат калимасини тили билан айтиб, қалби билан ишонсагина мусулмон бўлади.

Калимаи тавҳид “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқдир” деганидир, бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳдан ривоят қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки чин қалбдан “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқ” деса жаннатга киради”. 

(Ибн Ҳиббон ривояти)


Жаннат, болаларим, бир уйга ўхшайди ва ҳар бир уйнинг албатта эшиги бўлади, ўша эшикнинг калити бўладики, у калитсиз эшик очилмайди ва бу калит ихлос калимаси: Лаа илаҳа иллаллоҳ” дир. Мана шу калити бор инсондан бошқа ҳеч ким жаннат эшигини очиб у ерга кира олмайди. Кимки ихлос билан “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқ” деса ва шу калимага ҳаётида амал қилса АЛЛОҲ уни жаннатга киритади.

Холид: “Ота, мен хоҳлардимки...”

Ота: Нимани хоҳлайсан Холид?!! Бугун эшитганларинг сенга кифоя қилади ўғлим, токи эрта уйқуга ётиб, эрта тонгда тетик бўлиб уйқудан уйғонгин.

Холид: “Лекин мен АЛЛОҲга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қиламан отажон ва Улар ҳақида кўп билишни хоҳлайман”.

Ота: Шошилмагин ўғлим... Энди эса тур, уйқуга ёт.

Холид: Хўп бўлади ота, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга уйқу олдидан бажарадиган ва ўқийдиган бирор нарса ўргатганмилар?

Ота: Ҳа ўғлим... Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 1) ухлашдан олдин таҳорат қилишни; 2) Ўнг ёнбошлаб ётишни; 3) ва ушбу: 


بِسْمِكَ اللهُمَّ أمُوتُ وَأحْيَا 


“Бисмикаллоҳумма амуту ва аҳйа” 

Маъноси: (Аллоҳим Сенинг исминг ила вафот топаман ва тириламан).

(Имом Бухорий ривояти)

Дуосини ўқишни ўргатганлар.

Холид: Бу дуони ухлашимдан олдин ёдлаб олиш учун сиздан изн сўрайман.

Ота: “Яхши ўғлим”.


УЧИНЧИ ДАРС


Ота Холид ва Фотимадан ҳолларини ва мактабда нималар қилганларини сўраш ила дарсни бошлади. Сўнгра АЛЛОҲнинг китоби “Қуръони карийм”дан ёд олганларини текширди. Шундан сўнг

Ота: “Фарзандларим, уйқудан один ўқиладиган дуони ёдлаб олдингизларми?”.

Фотима: “Уни ёдлаб, уйқуга ётишдан аввал ўқидим”.

Холид: АЛЛОҲ сизни яхшилик билан мукофотласин отажон. Уйқуга кетиш дуоси ва одобларини ўргатиб қўйдингиз... Эрта ётиб фойда кўрдим ва сокин ҳолда ухладим.

Ота: Яхши ўғлим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир яхшиликни қолдирмай ҳаммасида бизни далолат қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлар яхшиликнинг ҳаммасидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар яхшиликларнинг яхшилигидир.

Фотима: Отажон, уйқуга кетаётганда шундай гўзал дуо бор экан, уйғонганда айтиладиган шунга ўхшаш дуо борми?

Ота: Боракаллоҳ эй Фотима! Ҳа бор, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида 


الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ


“Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйаанаа баъда маа аматанаа ва илайҳин нушур”. (Жонимизни олгандан сўнг бизни тирилтирган АЛЛОҲга шукр мақтовлар бўлсин. Ва қайтиш унгадир)

(Имом Бухорий, Абу Довуд ривояти)

Фотима: Иншааллоҳ ҳар уйқудан уйғонганимда шу гўзал дуони ўқиш учун уни ёдлаб оламан.

Ота: Бугун суюклиларим... мавзуимиз Ислом асосларининг иккинчиси бўлган намоз ҳақида. Намоз бу банданинг барча айбу нуқсонлардан пок ва улуғ Роббиси билан боғланишидир... банда намозда Роббисига муножот қилади... такбир айтади, тасбиҳ айтади ва намозда хоҳлаган нарсасини Роббисидан сўрайди.

Бир кунда беш вақт намоз бор улар:

1) Бамдод намози: икки ракат суннат икки ракат фарз; 2) Пешин намози: тўрт ракат суннат тўрт ракат фарз икки ракат суннат; 3) Аср намози: тўрт ракат фарз; 4) Шом намози: уч ракат фарз икки ракат суннат; 5) Ҳуфтон намози: тўрт ракат фарз икки ракат суннат ва охирги бўлиб ўқиладиган витр намози уч ракат;

Ҳар бир мусулмонга беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш мажбурийдир. Намоз амали солиҳларнинг АЛЛОҲга энг суюклисидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “АЛЛОҲга энг суюкли амаллар: “Ўз вақтида ўқилган намоз ва ота-онага яхшилик қилиш” 

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Холид: Исломнинг учинчи асоси ҳадийси шарифда келган закотдир.

Ота: тўғри ўғлим. Инша АЛЛОҲ бу ҳақда кегинги дарсда суҳбатлашамиз. Ҳозир эса Уловга миниш дуоси ва одобларини ўрганамиз 

1. Қандай улов бўлмасин, самалётми фарқи йўқ чиқмоқчи бўлинганида биричи бўлиб бисмиллаҳ дейилади. Сўнгра:


سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِيْنَ، وَإِنَّا إلَي رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ


Субҳаналлази саххоро лана ҳаза ва маа куннаа лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун. 

Маъноси: (бизга буни бўйсундириб қўйган зот барча айбу нуқсонлардан покдир. Биз бунга қодир эмас эдик ва биз албатта Роббимизга қайтгувчимиз) дейилади. 

2. Тартибга риоя қилинади ва одоб билан ўтирилади, ҳеч кимни сиқиб қўйилмайди. 

3. Уловнинг ойнасидан бош чиқарилмайди. 

4. Уловни ичига ахлат ташланмайди. 

5. Улов юриб кетаётганида тушилмайди, бутунлай тўхтагунича кутилади. Тушишдан олдин ҳайдовчига билдирилади. Бу улов минишнинг баъзи одобларидир. Мана шу ерда суюклиларим дарсимиз тугади.


ТЎРТИНЧИ ДАРС


Холид ва Фотима ота-онасини, Қуръони Кариймдан ҳар куни ўқийдиган вазифаларини ўқиб бўлгунларича кутиб ўтиришди.

Холид: “Яхшилик ва баракот бўлган дарсимизга ҳуш келибсиз онажон!”.

Она: “АЛЛОҲнинг сенга баракоти бўлсин Холид”.

Ота: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган тонгда ва кечки пайт ўқиладиган дуолардан тонг отганда ўқиладигани бундай: 


اللهُمَّ بِكَ أَصْبَحْنَا وَبِكَ أَمْسَيْنَا وَبِكَ نَحْيَا وَبِكَ نَمُوتُ وَإِلَيْكَ النُّشُورُ 


“Аллоҳумма бика асбаҳна ва бика амсайнаа ва бика наҳяа ва бика намут ва илайкан нушур” 

Маъноси: (АЛЛОҲим сен ила тонг оттирдик, сен ила кеч киргаздик, сен ила ҳаётмиз, сен ила вафот топамиз ва қайтиш сенгадир)

(Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Кеч кирганда эса: “Амсайна ва асбаҳна” сўзлари алмаштириб айтилади.

Фотима: “Бугун ўқитувчимиз бизга гўзал бир нашида ўргатди”.

Ота: “Яхши! Фотима сендан уни эшитишни хоҳлардик қизим”.

Фотима: “Эй Роббимиз ҳамма оламлар Роббиси сен ягона Илоҳсан.

Шеригу ёрдамчисиз таомлантирдинг, сероб қилдинг, бизни мусулмонлардан қилдинг, бизга кифоя қилдингу, паноҳ бердинг Эй шукрлиларга кўпайтириб берувчи Зот, Эй Роббимиз, Эй Роббимиз ҳамма оламлар роббиси”.

Холид: Фотиманинг нашийдасида “Ҳамма оламлар Роббиси сен ягона Илоҳсан” дейилган Робб, Илоҳ сўзлари АЛЛОҲнинг гўзал исмлариданми?

Ота: Ҳа Холид, АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан: Робб (тарбиячи, ўз паноҳига олувчи) Илоҳ (ундан ўзга ибодатга сазовор нарса бўлмаган зот) Аълаа (мартабаси ўта олий бўлган зот) Акром (кўплаб ато қилувчи карамли зот).

Холид: “Бу исмларни яхшилаб ёдлаб оламан отажон. Мен АЛЛОҲга муҳаббат қиламан, барча айбу нуқсонлардан пок ва Улуғ бўлган зотнинг гўзал исмларига муҳаббат қиламан”.

Она: “Отаси кечки таомни тайёрлашимга рухсат берсангиз”.

Ота: “Тайёрлай қолинг онаси” (она кечки таомни тайёрлашга чиқиб кетди).

Ота: Онангиз дастурхон ёзгунича сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан овқатланган болага у зотнинг айтган сўзларини эшиттираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у болага Ислом одобларидан бўлган овқатланиш одобини ўргатмоқчи бўлиб: “Эй болажон, Бисмиллаҳни айт, ўнг қўлинг билан овқатлан ва ўз олдингдан егин” деганлар.

(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланмоқчи бўлган болага мана буларни ўргатганлар:

1) Бисмиллаҳ дейишни;

2) Ўнг қўл билан овқатланишни, чунки шайтон чап қўли билан ейди;

3) Ўзининг олдидан овқатланишни, бировнинг олдидан олмасликни;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган овқатланиш одобларидан мана булар ҳам бор:

4) Қуйиб келтирилган овқатдан айб топмаслик;

5) Овқатланишдан олдин яхшилаб қўлни ювиш;

6) Овқатга пуфламаслик, иссиқ бўлса ҳам;

7) Овқатланишдан олдин Бисмиллаҳни айтиш эсдан чиққанда “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва Ахироҳу” дейиш;

8) Овқатланиб бўлгандан сўнг: “Алҳамду лиллаҳи касийрон мубарокан фийҳи” (АЛЛОҲга кўп барокатли шукр ва мақтовлар бўлсин).

(Имом Бухорий ривояти)

Шу вақт она кириб: “Узр отаси, суҳбатингизни бўламан, овқат тайёр бўлди, марҳамат қилинг” деди.

Ота: “Дарсимиз ҳам тугади онаси! Қани юринглар болаларим” деди.


БЕШИНЧИ ДАРС


Ота: “Бисмиллаҳ, барча мақтов ва шукрлар АЛЛОҲгадир, АЛЛОҲнинг Расулига салавоту саломлар бўлсин!

Холид бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўляпсан шекили шундайми?”

Холид: Ҳа отажон, қўлингизда доим бир нарса кўраман, таҳорат ё намозга киришсангиз ёки бирор манзилга кирсангиз уни оғзингизга солиб, тишларингизни тозалайсиз. Бу нарса нима отажон?

Ота: бу нарсанинг исми “Мисвок” эй Холид. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни пок тутувчи ва РОББни рози қилувчидир” деганлар. 

(Насаий ривояти)


Мисвок, Ҳижоз деб номланувчи (Арабистон) ерларида ўсувчи “Арок” номли дарахтнинг шохчасидир. Ундан ҳушбўй ёқимли ҳид чиқади.

Фотима: Ота уни тиш чўткасига ўхшатаман.

Ота: Мисвок ундан кўп яхшидир эй Фотима. У оғизни ҳушбўй қилади ва табиблар айтганидек, тишлар ва милкни мустаҳкамлайди. Ва ҳаммасидан асосийси, у РОББни рози қилувчи ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидандир.

Холид: Роббимни рози қилиш учун, тишларимни тозалаб, оғзимни ҳушбўй қилиш учун мисвок тутишни хоҳлайман отажон!

Фотима: Мен ҳам мисвок тутишни хоҳлайман отажон!

Ота: Икковингизга чиройли мисвок бераман. Фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган, тонгги ва кечки зикрлардан бўлган мана бу вирдни ёдлаб олганингиздан сўнг. Тонг отганда бундай деймиз: 


أَصْبَحْنَا وَأَصْبَحَ الْمُلْكُ للهِ وَالحَمْدُ للهِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ


“Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ, вал ҳамду лиллаҳ, лаа илааҳа иллаллаҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ”

Маъноси: (Тонг оттирдик, мулк ҳам АЛЛОҲники бўлган ҳолда тонг оттирди, барча мақтов ва шукрлар АЛЛОҲгадир, АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқдир, У Зот ягонадир, шериги йўқдир).

Кеч кирганда эса: 


أَمْسَيْنَا وَأَمْسَى الْمُلْكُ للهِ وَالْحَمْدُ للهِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.


“Амсайна ва амсал мулку лиллаҳ вал ҳамду лиллаҳ лаа илааҳа иллаллаҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ” 


Маъноси: (Кеч киргиздик ва мулк ҳам АЛЛОҲники бўлган ҳолда кеч киргизди, барча мақтов ва шукрлар АЛЛОҲгадир, АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқдир, У Зот ягонадир, шериги йўқдир).

(Имом Муслим ривояти)

Фотима: Отажон, ҳар дарсда бизга АЛЛОҲнинг гўзал сифатларидан ўргатишга ваъда қилгандингиз, шундайми?

Ота: Ҳа! Лекин мени шошилтирма. Шу исмлардан ўргатганларимни ёдлаб бўлдингми?

Фотима: Ҳа, АЛЛОҲга ҳамд бўлсин ёдлаб бўлдим. АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўргатганингиз мана булар: АЛЛОҲ, РОҲМАН, РОҲИЙМ, МАЛИК, ҚУДДУС, САЛААМ, МУЪМИН, МУҲАЙМИН, АЗИЙЗ, РОББ, ИЛАҲ, АЪЛА, АКРОМ.

Ота: яхши Фотима, АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан яна: ЖАББАР, (ўта улуғ, ўзгалар унинг олдида ўзини хор тутади) МУТАКАББИР, (кибриёсию улуғлиги баланд зот, ўзгалар унинг олдида қул бўлиб турадилар) ХОЛИҚ, (яратувчи, комил суратда яратувчи) БОРИЪ, (йўқдан бор қилувчи, пайдо қилувчи) МУСОВВИР (ҳар бир нарсага ўзига хос сурат берувчи).

Ота: Сизларга ваъда қилганимдек бугун Ислом асосларидан учинчи асос ҳақида суҳбатлашамиз (бу закотдир). Закот бу: Мол мулки кўп одам АЛЛОҲ унга бериб ризқлантириб қўйган мол мулкдан, ўзи ва фарзандлари учун озиқ овқат ва кийим сотиб олишга пули етмаётган камбағалларга беришидир. Бу ҳар йили берилади.

Фотима: мен Исломга муҳаббат қиламан отажон! Бу буюк дийндир. Мискин ва камбағалларга ғамхўрлик қилади.

Ота: Бу муборак дарсимиз охирида “мажлис одоблари” ҳақида ўрганамиз.

1) Солиҳ ва яхшилик аҳллари билангина ўтирамиз;

2) Кирар чоғимиз мажлисларга “Ассаламу аълайкум” (сизларга тинчлик ва омонлик бўлсин) деб Исломий салом берамиз;

3) Хотиржамлик ва сокинлик ила ўтирамиз, баланд овозда гаплашмаймиз;

4) Сўзлаётган одамни гапини бўлмаймиз, эътибор билан унга қулоқ соламиз ва жим турамиз;


سُبْحَانَكَ اللهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ


Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик, Ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк

(АЛЛОҲим сен барча айбу нуқсонлардан покдирсан ва сенга ҳамд бўлсин, сендан ўзга илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман, гуноҳларимни кечиришингни сўрайман ва сенга тавба қиламан)

(Абу Довуд ривояти)


ОЛТИНЧИ ДАРС


Ота: бугунги дарсимизни, фарзандларим АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳга салавоту салом айтиш билан бошлайман.

Она, Холид ва Фотима: “У кишига салавоту саломлар бўлсин”.

Ота: Дарсни бошлайман ва дейманки, Улуғ Буюк АЛЛОҲ яратгувчимиздир, бизга ризқ берувчидир. Биз унга ибодат қиламиз, ҳар бир ишимизда Унга суянамиз, У Улуғ зотни якка илоҳлигини эътироф этамиз. Унга бошқани шерик қилмаймиз ва қаерда бўлсак ҳам У биз билан биргадир.

Фотима: “Биз билан биргадир”нинг маъноси нима отажон? У зот ҳозир биз билан ўтирибдими?

Ота: Йўқ, йўқ Фотима! Буюк ва Улуғ АЛЛОҲ эшитиши ва кўриши ила биз билан бирга, яъни бизни ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай жойда эшитади ва кўради.

Холид: отажон, бугун АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан қайсиларини ёдлаймиз?

Ота: Бугун АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан мана буларни ёдлаймиз: Ғоффар, (ўта кечиримли зот) Қоҳҳар, (барчани ўз қудрати ила ўзига бўйсиндирувчи зот) Ваҳҳаб, (кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи зот) Роззақ, (кўплаб ризқ берувчи зот, ундан бошқа ризқ берувчи йўқ) Фаттаҳ, (очувчи, раҳмат хазинасини бандаларига очувчи) Ъалийм (ҳар бир нарсани билувчи, билмайдиган нарсаси йўқ).

Фотима: Бугун ҳадиси шарифлардан қайси бирини ўрганамиз?

Ота: “Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Дўзахдан сақланинглар, бир парча хурмо билан бўлса ҳам, ким топа олмаса гўзал сўз билан”

(Имом Бухорий ривояти)


Бу ҳадийсда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни камбағал ва мискинларга садақа беришга буюрмоқдалар. Озгинадан ҳам озгина бўлса, яримта хурмо бўлса ҳам... ким дўзахги кимасликни хоҳласа ўз мулкидан камбағалларга садақа қилсин, мулки оз бшлса ҳам.

Мусулмон одам садақа қилишга ҳеч нарса топа олмаса, у ҳам камбағал бўлса, гўзал, чиройли сўзини садақа қилсин ва ўзини шу амал билан дўзахдан узоқлаштирсин.

Бугун дарсимизда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кираётганда ва чиқаётганда қандай дуо ўқиганларини ўрганишимиз қолди.

Холид: АЛЛОҲ сизни яхшилик ила мукофотласин отажон! Уйимиздан чиқаётганингизда бир нарсаларни ўқиётганингизни эшитардим. Шу ҳақда сиздан сўрамоқчи эдим.

Ота: Яхши Холид. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиққанимизда: Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (АЛЛОҲнинг исми ила, АЛЛОҲга таваккул қилдим. АЛЛОҲдан бошқа куч ҳам қувват ҳам йўқ) дейишни.

(Абу Довуд ривояти)

Ва уйга кирганимизда уйдагиларга “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” дейишни ўргатганлар.

Энди эса суюклиларим бугунги дарсимиз тугади. Фотима нима дейишимиз керак?

Фотима: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду алла илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк”.

Ота: Яхши Фотима! Икковингизга АЛЛОҲнинг баракаси бўлсин фарзандларим.


ЕТТИНЧИ ДАРС


Рамазон ойининг бошланишига бир неча кун қолган. Дарс аввалида Ота: АЛЛОҲга ҳамд, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин. Фарзандларим сўзимни сизлардан бир савол сўраш билан бошлайман. Ҳозир биз ҳижрий ойлардан қай биридамиз?

Холид: Ҳозир биз Шаъбон ойидамиз отажон!

Ота: Яхши Холид.

Фотима: Ҳижрий ойлар дегани нима отажон?

Ота: Арабий ойлар: Муҳаррам, Сафар, Робийъул аввал, Робийъул ахир, Жумадул аввал, Жумадул ахир, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зул Қаъда, Зул ҳижжа.

Холид: иншааллоҳ ҳижрий ойларни тартиб ила ёдлаб оламан.

Ота: Фарзандларим, бир неча кундан сўнг Муборак Рамазон ойи кириб келади. Рўза тутиш ва таровиҳ намози ўқиш ойи... Қуръон, яхшилик ва эҳсон ойи.

Эй фарзандларим! Бу ойда, АЛЛОҲ набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилган. Шунинг учун ҳам бу ойда Қуръон қироатини, таровиҳ намози, садақа, яхшилик ва эҳсонга ўхшаш ибодатларни кучайтирамиз. Рамазон ойида рўза тутиш Ислом асосларидан тўртинчисидир. Рамазон рўзасини ҳар йили тутамиз. Рўза бу ейиш ва ичишдан тонг вақтидан қуёш ботгунича четланишдир: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилур”.

(Имом Аҳмад ривояти)

Холид: “Шафоат қилурлар” деганнинг маъноси нима отажон?

Ота: Рўза, Қуръон... қиёмат куни келадилар. Улар икки тур инсонларни ҳимояга оладилар: Рўзадорлар ва Қуръонни кўп қироат қилувчиларни. Бу иш барча айбу нуқсонлардан пок ва Улуғ бўлган АЛЛОҲнинг хузурида бўлади. Улар у зотдан рўза тутганлари ва Қуръони Кариймни ўқиганлари учун мукофот сифатида уларни жаннатга киритилишини сўрайдилар.

Фотима: Мен бу йил рўза тутишга харакат қиламан отажон, лекин...

Ота: Лекин нима Фотима?

Фотима: Лекин очлик ва чанқоққа қуёш ботгунча сабрим чидамайдида отажон!

Ота: Эй Фотима! Рўза ҳар бир балоғатга етган оқил мусулмон учун фарз. Сен эса суюклигим ҳали кичкинасан, лекин сен ҳозирдан ўзингни рўза тутишга тайёрласанг бўлади кичкинтойим. Масалан пешин ёки аср вақтигача таом ва ичимликдан ўзингни тийиб туришинг мумкин. Шу йўсинда катта бўлганингда рўза тутишга тайёр бўласан.

Холид: отажон, Рамазон ойини биринчи марта кўринаётганда шоҳид бўлишга ҳаракат қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги ойни кўрганда нима дейишни ўргатганлар?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги ойни кўрганда (ойга қарата): “Аллоҳим уни бизга омонлик, иймон, саломатлик ва (ислом) тинчлик ойи қилгин. Роббим ва Роббинг АЛЛОҲдир” дейишни айтганлар.

(Термизий ривояти)

Холид: отажон, АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан қайсиларини бугун ёдлаймиз?

Ота: АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан: Аҳад, (яккаю ягона, Унга ўхшаш йўқдир) Тоййиб, (ўта яхши, яхшилигининг чегараси йўқ) Ваарис, (бутун борлиқ йўқ бўлса ҳам боқий қолувчи) Шаҳийд, (ҳар нарсага гувоҳ бўлиб турувчи) Жаввад (саҳийликда тенги йўқ, марҳаматли).

Шу ерда бугунги дарсимиз тугади фарзандларим.


САККИЗИНЧИ ДАРС


Муборак Рамазон ойининг кечаларидан бир кеча. Бомдод намозидан олдин Холиднинг онаси саҳарлик тайёрлашга турди. Холиднинг отаси эса фарзандларига қарата қуйидагича нидо қилди: 

“Холид, ўғлим сахарликка тур, Фотима қизим саҳарликка тур”.

Холид ва Фотима тетиклик билан туриб, уйқудан туриш дуосини айтдилар ва икковлари таҳорат қилдилар сўнгра ҳаммалари АЛЛОҲга икки ракат намоз ўқиб, саҳарлик қилишга ўтирдилар.

Ота: Албатта Рамазон ойи буюк кароматли ойдир, ва унда тутилган рўза учун Улуғ АЛЛОҲ хузурида катта ажр-савоб бордир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Кимки Рамазон рўзасини иймон келтириб ва савоб, яхшиликни умид қилиб тутса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади.

(Имом Бухорий ривояти)

Фарзандларим ким бу ойни АЛЛОҲ ва Расулига иймон келтирган, АЛЛОҲнинг ваъдасини тасдиқлаган, ёлғиз АЛЛОҲдан рўзаси учун савоб умид қилган, ҳеч кимдан рўзаси учун уни мақташи ёки унга сусткашлик қилгани учун ёмонлашини кутмаган ҳолда рўзасини тутса...

Кимки бу ишни қилса суюклиларим АЛЛОҲ унинг олдинги гуноҳларини кечириб юборади.

Холид: Ҳақиқатдан ҳам отажон, бу буюк ойдир, бу ой раҳмат ва кечирилиш ойидир.

Фотима: Бугун АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан қайсиларини ўрганамиз?

Ота: АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан: Қобиз, (тутувчи, бутун мулкни қудрат қўлида тутиб турувчи)  Басит, (қўйиб юборувчи, ризқларни, неъматларни, кенг қилиб қўювчи) Холақ, (ўта мукаммал яратувчи) Ҳалийм (ғазаби дарров келмайдиган, азоблашга шошилмайдиган ЗОТ).

Шу вақтда ҳаммалари саҳарлик қилишдан тўхтадилар ва Бомдод намози азони муборак Рамазон ойининг янги куни кирганини эълон қилган ҳолда жаранглади:

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

(АЛЛОҲ улуғдир)

Ашҳаду аллаа илаҳа иллАЛЛОҲ

Ашҳаду аллаа илаҳа иллАЛЛОҲ

(АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқлигига гувохлик бераман)

Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ

Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ

(Муҳаммад АЛЛОҲнинг Расули эканлигига гувоҳлик бераман)

Ҳаййа ъалас солааҳ

Ҳаййа ъалас солааҳ

(Намозга шошилинглар)

Ҳаййа ъалаа фалааҳ

Ҳаййа ъалаа фалааҳ

(Нажотга шошилинглар)

Ассолату хойрум минан навм

Ассолату хойрум минан навм

(Намоз уйқудан яхшироқдир

Ушбу жумла Бамдод намози вақтида айтилади)

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар

Лаа илааҳа иллаллоҳ!

Ҳаммалари муаззин билан у айтган нарсаларни қайтариб турдилар. Азон тўхтагач ҳаммалари:

“Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммати вассолатил қоимати ати Муҳаммадан алвасийлата валфазийлата вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваадтаҳ”

(Аллоҳим ушбу комил даъват ва қоим дуо роббиси Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам васийла ва фазийла ато этгин ва уни ўзига ваъда қилганинг мақоми маҳмудда тирилтиргин)

(Имом Бухорий ривояти)

Ота: Қани юр Холид, (жамоат) намозни, жамоат билан ўқиш учун масжидга чиқамиз.

Масжидга кетаётганларида Холид сўради: Масжидга, намоз ўқиш учун борганимизда риоя қилишимиз керак бўлган одоблардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлари қайсилар?

Ота: Яхши Холид. АЛЛОҲ иштиёқингни янада кўпайтирсин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган одоблардан:

1)    Масжидга ўнг оёқ билан кириб:


باسم الله والصلاة والسلام على رسول الله، اللهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ فَضْلِكَ


Бисмиллаҳи вас солату вассаламу ъала Расулиллаҳ, Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматик

Маъноси: (АЛЛОҲнинг исми ила, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин, АЛЛОҲим менга раҳмат эшикларингни очгин)

(Имом Муслим ривояти)

2) Икки ракъат “Таҳиййатул масжид” намозини ўқимагунча ўтирмаслик.

3) Баланд овозда гапирмаслик, сукунат ва виқор билан ўтириш

4) Намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмаслик

5) Намоз ва зикрлар тугагач масжиддан чиқмоқчи бўлганимизда чап оёқ билан чиқа туриб:


باسم الله والصلاة والسلام على رسول الله اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ


Бисмиллаҳи вас солату вас саламу ъала Расулиллаҳ Аллоҳумма инний асъалука мин фазлик


(АЛЛОҲнинг исми ила, Расулуллоҳга салавоту саломлар, Аллоҳим мен сендан фазлингни сўрайман).

(Имом Муслим ривояти)

Холид: Аллоҳ хоҳласа шу ишларни албатта қиламан отажон.

Холид ва отаси масжидга кирдилар, шу вақт муаззин намозга иқома, яъни такбир айтди...


ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАРС


Холид отаси билан масжидга аср намозига борди. Улар уйга қайтганларида Холиднинг онаси ва Фотима уларни кутиб турардилар. Шунда яхшилик ва барака дарси бошланди.

Ота: Холид масжид имоми бизга айтган ҳадийси шариф эсингдами?

Холид: Ҳа отажон, уни яхши эслайман. АЛЛОҲга ҳамд бўлсинки, уни ёдлаб олганман.

Ота: Сенга АЛЛОҲнинг баракаси бўлсин ўғлим.

Она: Уни сендан эшитмоқчимиз Холид.

Холид: Хўп бўлади онажон: Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

Яхшиларингиз Қуръон ўрганиб, ўргатганларингиздир. 

(Имом Бухорий ривояти)

Ота: Ҳақийқатда... Улуғ Аллоҳнинг хузурида мусулмонларнинг яхшиси ва афзали Қуръони Кариймни ўрганиб, ёд олиб, тиловатини мукаммал қилиб, маъноларини тушунганларидир. Сўнгра Қуръонни ёдлатса, ўргатса ана у АЛЛОҲнинг ҳузурида инсонларнинг яхшиси ва афзалидир ҳамда жаннатдаги ўрни энг баланддадир.

Холид: Эй оламлар Роббиси бўлган Аллоҳим мени ўшалардан қилгин,.

Ота: Мусулмон биродарларингни дуоингда эсдан чиқармагин Холид.

Холид: Мени, ота-онамни, синглимни ва барча мусулмонларни ўшалардан қилгин эй оламлар Роббиси бўлган Аллоҳим!.

Ота: Суюклиларим, Қуръони Кариймга боғлиқ одоблар бордир. Роббимизнинг каломига нисбатан ўша одобларга риоя қилишимиз зарур. Улар;

1) Қуръон ўқиганимизда таҳоратли бўлишимиз ва одоб, виқор ила ўтиришимиз;

2) Қуръон эшитганимизда бутунлай жим қолиб, одоб ва ҳушуъ билан эшитишимиз;

3) Уни ўқиш ва эшитишимиз билан Улуғ Аллоҳнигина розилигини мақсад қилишимиз;

4) Қироатни бошлашдан аввал: Аъузу биллаҳи мишаш шайтонир рожийм (АЛЛОҲдан, қувилган шайтондан паноҳ (беришини) сўрайман). Мана бу гўзал шеърни тингланг;

Қуръон Аллоҳнинг каломи

Қанчалар гўзал қанча ёқимли

Қуръон бу Фурқон

Ботил ва иймон орасида

Қуръон бу дастур

Инсонларга нурлик йўл

Бор ҳаётим белгиловчи

Бор ҳаётим қувончи


Фотима: Бунчалик гўзал сўзлар отажон, бугун тонгги ва кечки зикрлардан қайсисини ёдлаймиз?

Ота: Бугун фарзандларим, муҳим бир зикрни ёдлаймиз. Инсон уни уйғоқ ҳолда қалб ила тонгда уч маротаба айтса, унга озор ёки ёқимсиз нарса етмайди, шайтон ҳам кечга қадар унга зарар етказа олмайди. Ва кечки пайт уч марта айтса унга ёмонлик тонггача етмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг кирганда:


بِاسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاء وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيمُ


“Бисмиллаҳиллазий лаа язурру маъсмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самаи ва ҳувас самийъул ъалийм”

Маъноси: (Исми ила осмону ерда ҳеч нарса зарар қилмайдиган АЛЛОҲ номи ила ва у зот эитувчи ва билгувчидир)

(Абу Довуд ривояти)

Холид: Ҳақийқатда бу улуғ зикр экан отажон...!

Улуғ Аллоҳнинг исми ила ҳеч нарса зарар қила олмайди. Бугун Аллоҳнинг гўзал исмларидан қайсиларини ёд оламиз отажон?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Самийъ, (ҳар бир нарсани эшитувчи) Басийр, (ҳар бир нарсани кўрувчи) Ҳакам, (ҳукм қилувчи) Мубийн (Очиқ ойдин, зоҳир, у зот ҳақ билан ноҳақ орасини ажратиб берувчи).

Шу вақт Шом намози азони эшитилди. Ҳаммалари хурмо солинган идиш атрофига ўша хурмолар билан оғиз очиш учун ўтирдилар.

Шунда ота: “Бисмиллаҳ” дейишни эсингиздан чиқарманг ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очишда айтганларидек айтинглар:


ذَهَبَ الظَّمَأُ وَابْتَلَّتِ العُرُوقُ وَثَبَتَ الأَجْرُ إنْ شَاءَ اللهُ


“Чанқоқ кетди, тана ҳўлланди, савоб собит бўлди иншаа Аллоҳу таъала”

 (Абу Довуд ривояти)


Бундан сўнг Холид ва отаси турдилар ва масжидга намозга чиқдилар. Кегин кечки овқат учун уйга қайтдилар.


ЎНИНЧИ ДАРС


Ота уйга катта, гўзал халталарни кўтарган ҳолда келди ва “Ассаламу аълайкум ва роҳматуллоҳ” 

Она: “Ва аълайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” келинг отаси, соғлигигиз учун Аллоҳга шукр, бу гўзал халтачалар нима?

Ота: Ҳайит байрами кийимларини сотиб олдим онаси...

Холид ва Фотиманинг юзлари ёришиб кетди ва халталарни очаётган оталарини ўраб олишди. Хурсандчилик ва сурур тўла муҳитда ота ҳар бирларига ўз кийимларини олиб берди.

Холид: АЛЛОҲ сизни яхшилик билан мукофотласин отажон. Оёқ кийим ва либослар чиройли экан.

Фотима: Бу ажойиб ранглари бор либос ва чиройли оёқ кийим экан. АЛЛОҲ сизни яхшилик билан мукофотласин отажон.

Ота: Бир неча кундан сўнг суюклиларим, муборак “ийди фитр” кириб келади.

Фотима: Улуғ АЛЛОҲ хоҳласа ийд байрам куни бу гўзал либосларимни кияман. Бу кийимларни кийганимизда нима деб дуо қиламиз отажон?

Ота: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим кийганда:  


الْحَمْدُ للهِ الَّذِي كَسَانِي هَذَا وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلاَ قُوَّةٍ


“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва ла қувватин” 


Маъноси: (Мени куч қувват сарфламаган ҳолимда бу ила кийинтирган ва буни менга берган АЛЛОҲга ҳамд бўлсин) дейишни ўргатганлар.

(Абу Довуд ривояти)


Янги кийим кийган инсонга эса:


اِلْبَسْ جَدِيدًا وَعِشْ حَمِيدًا وَمُتْ شَهِيدًا


 Илбас жадийдан ва ъиш ҳамийдан ва мут шаҳийдан (Янгисин кийинг, шукр айтиб яшанг, шаҳид холда вафот этинг) дейишни таълим берганлар

(Имом Аҳмад ривояти)


Холид: Байрам ийд куни бўлиб, бу чиройли кийимларимни кияман ва гўзал кўриниш учун тозалигига эътибор бераман. Гўзалликни яхши кўраман, одамлар ҳам гўзалликни яхши кўрадилар.

Ота: Улуғ аллоҳ ҳам гўзалликни яхши кўради... Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

АЛЛОҲ гўзалдир (жамийлдир) гўзалликни яхши кўради

(Имом Муслим ривояти)

Фотима: “Жамийл” АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан бирими отажон?

Ота: Ҳа Фотима! АЛЛОҲнинг баракаси бўлсин сенга қизим. У АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан: Жамийл, (гўзалликда, жамолда тенги йўқ, ўхшаши йўқ) Карийм, (карамли, саҳоватли зот) Роқийб, (ҳеч нарсани қўймай кузатиб турувчи зот) Мужийб, (дуоларни ижобат қилувчи зот).

Холид: Тонгги ва кечки зикрлардан қай бирини бугун ёд оламиз отажон?

Ота: тонгги ва кечки зикрлардан:


أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ


 “Аъузу би калиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ”


Маъноси: (АЛЛОҲнинг мукаммал калималари ила у зот яратган нарсалар ёмонлигидан паноҳ сўрайман).

(Имом Муслим ривояти)

Кимки бу калималарни тонг оттирганида ва кеч киргизганида айтса, унга ҳеч нарса зарар бермайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хузурларига, бир киши чаён чақиб олганидан шикоят қилиб келди. Шунда у зот кеч киргизганингда: “Аъузу би калиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ” деганингда сенга зарар қилмасди, дедилар. Яъни (АЛЛОҲнинг қадари ила) сени чақмаган бўлар эди.

Шу ерда яхшилик ва барака бўлган дарсимиз тугади суюклиларим.


ЎН БИРИНЧИ ДАРС


Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавоту саломлар айтиш ила бошлади, сўнгра: Суюклиларим, Ислом, яъни бўйинсуниш маъносида келади. Зеро мусулмон Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эккан ва ҳукмларни ижро этган кимсадир. Ислом, разийлатларга қарши курашувчи, фазийлатларга ва ахлоқларнинг карамлисига чақирувчи, раҳмату-муҳаббат, тинчликка, мусулмонлар орасида биродарликка чақирувчи улуғ дийндир. Шу маънони қисман ўз ичига олган ҳадийслардан бири Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бирингиз иймон келтирмаган бўлади токи ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродарларига яхши кўрмагунча” деганлар.

(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Фотима: Ҳадийснинг маъноси мусулмон киши ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродари учун яхши кўрмаса кофир бўлиб дўзахга тушади, деганими?

Ота: Йўқ Фотима! Асло ундай эмас. Ушбу ҳадийсдаги сўз сен айтаётган мақсад учун эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “иймон келтирмайди”  деган сўзларидан мақсад, мусулмон кишининг қалбидаги иймони токи у ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродарларига ҳам яхши кўрмагунча мукаммал бўлмайди, деганидир.

Холид: Демак, менда бир чиройи ўйинчоқ бўлиб, уни бир ўзим ўйнасам, синглимга ёки дийндош биродарларимга биргаликда ўйнашга беришни ёқтирмасам, шунда қалбимдаги иймоним мукаммал бўлмас эканда?

Ота: Яхши тушунибсан Холид. Худди шундай. Ислом дўстлик ва муҳаббатга чақиради, худбинликдан огоҳлантиради. Ўзингда бир нарса бўлса дийндош биродарингга ҳам ундан бер, яхши нарса емоқчи бўлсанг дийндош биродарингга ҳам уни яхши кўр, жаннатга киришни яхши кўрганингдек дийндош биродарингга ҳам жаннатга киришга ёрдам бер, уни намоз ўқишга, Қуръон ўқиш, ёдлашга чақир.

Фотима: Ислом гўзал дийндир ва мен уни жуда яхши кўраман. Ва Аллоҳга мен муслима қилгани учун ҳамд айтаман.

Холид: отажон бугун зикрлардан қай бирини ёдлаймиз?

Ота: тонгги ва кечки зикрлардан кимки уни айтса жаннатга кириши вожиб бўладиган зикр: 


رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً


“Розийту биллаҳи роббан ва билислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама расула” 

Маъноси: (Аллоҳни робб деб, Исломни дийн деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлдим).

(Абу Довуд ривояти)

Фотима: отажон Аллоҳнинг гўзал исмларидан бугун қай бирларини ёдлаймиз?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Латийф, (ўта лутф кўрсатувчи, барча нарсаларни нозик жойлаштира олувчи) Хобийр, (ҳар бир нарсадан ўта хабардор) ЪАзийм, (ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ) Ғофур, (кўплаб гуноҳларни мағфират қилувчи) Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи). 

Бугунги дарсимизни бир набавий қисса ила якунлаймиз.

Холид: Набавий қиссалар дегани нима отажон?

Ота: Набавий қиссалар, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга айтиб берган воқеъалардир.

Бу қиссаларда маънолар ва одоблар бор бўлиб, Ислом шу одобларга чақиради.

Фотима: Қиссани эшитишга иштиёқим ошди отажон.

Ота: Қисса бундай болаларим... 

Бир омонатдор киши бошқа бир кишидан уй сотиб олади. Уйни қабул қилиб олгандан кейин ичи тўла тилло бўлган бир катта хум топиб олади.

У: Бу уйнинг олдинги эгасининг ҳаққидир, буни унга қайтаришим керак, дебди. Унинг олдига бориб: Бу хумни уйдан топиб олдим, бу сенинг ҳаққинг, тиллоингни ол, мен сендан тилло эмас, уй сотиб олганман, дебди. У эса: мен сенга уйни, ерни ва ичидагиларни сотганман, бу сенинг ҳаққинг, дебди.

Бу икки кишининг омонатли, тақводор эканига ҳамда ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсани олишга қўрқишларини қаранг!

Холид: Субҳаналлоҳ, икковлари ҳам тиллони олмаяптилар... хўш нима қилишди экан отажон?

Ота: Оқил, донишманд кишининг олдига боришибди, у икковларини эшитиб... Фарзандларингиз борми? дебди. Биринчиси: менда ўғил, дебди. Иккинчиси: менда қиз, дебди. Донишманд ундай бўлса икковларини никоҳлаб қўйинг ва тиллони уларга бўлиб беринг. Ўша тиллодан озгина садақа қилишни ҳам унутманг, дебди.

Фотима: Бу ибратли қисса экан отажон.

Ота: Ҳа Фотима. Бу мусулмонларнинг ахлоқи. Бу улуғ Исломдир. Бу икки омонатдор киши молларига шубҳали нарса аралашишдан қўрқдилар. Фарзандларини никоҳлаб қўйишни айтган донишмандни ҳам эсдан чиқармайлик. Ҳаммаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.


ЎН ИККИНЧИ ДАРС


Дарс Қуръони кариймдан, ҳадийси шарифдан, зикрлар ва дуолардан ёд олинганларини текшириб чиқиш ила бошланди. Сўнгра ота: Ҳозиргача Аллоҳнинг гўзал исмларидан қанча ёд олдинглар?

Фотима: отажон, ҳозиргача сиз билан қирқдан ошиқ исмларини ёд олганимизни текшириб чиқдим.

Ота: Яхши тўқсон тўққизта исмни ёд олишингизни ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришишингизни хоҳлайман.

Холид: сизга Аллоҳ яхшиликни башорат қилсин отажон, бу башорат қандай башорат?

Ота: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“АЛЛОҲнинг тўқсон тўққизта исмлари бор, ким уларни ёд олиб, ўзига сингдирса жаннатга киради”, дедилар.

(Имом Бухорий ва Муслимривоятлари

Кимки бу исмларни ёд олса, маъноларига эътиқод қилиб уларга амал қилса Аллоҳ уни жаннатга киритади.

Холид: Иншааллоҳ ушбу гўзал исмларни ёдлаб оламан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига эришаман. Барча айбу нуқсонлардан пок ва улуғ бўлган Зотнинг қайси исмларини бугун ёд оламиз?

Ота: Аллоҳниг гўзал исмларидан:

ЪАлий, (олий ва тенги йўқ) Кабийр, (ҳар бир нарсадан катта, ўта буюк) Ҳафийз, (ҳар нарсани, ҳар кимни комил суратда муҳофаза қилувчи) Ғоний (Беҳожат, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган зот).

Шу вақт Фотима акса урди, акса урган вақтда дастрўмолчаси ила оғзини ёпди, сўнгра: Алҳамдулиллаҳ (Аллоҳга мақтов) деди. Қолганлар: Ярҳамукаллоҳ (аёл кишига Ярҳамукиллаҳ) (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) дедилар.

Фотима уларга қаради ва ҳамма ундан жавоб кутаётганлигини кўрди ва отасига қараб: Нима деб жавоб қайтиришим керак отажон? деди.

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мусулмон акса урганда... Алҳамдулиллаҳ дейишини, буни эшитганлар унинг ҳаққига дуо қилиб Ярҳамукаллоҳ (аёл кишига Ярҳамукиллаҳ) дейишини, акса урган жавобига Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум (АЛЛОҲ сизларни ҳидоят қилсин ва аҳволларингизни яхшиласин) дейишни ўргатганлар.

Сўнгра ота: Суюклиларим, бугунги дарсимизни тонгги ва кечки зикрлардан бўлган бир зикр ила тугатамиз:


لاَ إِلَهَ إلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيْرٌ


 Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай ин қодийр.

Маъноси: (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Яккаю Ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Мулк уникидир, ҳамд унгадир ва У ҳар бир нарсага қодирдир)

(Абу Довуд ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, кимки буни тонг отганда айтса, худди қул озод қилгандек бўлади, унга ўнта яхшилик ёзилади ва ўнта ёмонлиги ўчирилади, жаннатда ўн даража юксалтирилади ва кеч киргунча шайтондан Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Агар буни кеч кирганда айтса, то тонг отгунча шундай бўлади.

Энди дарсимиз ҳам тугади фарзандларим.


ЎН УЧИНЧИ ДАРС


Дарс бошланишида ота бир журнал ўқиётган эди.

Фотима: Қўлингиздаги эътибор билан ўқиётганингиз нима отажон?

Ота: Бу, Фотима “Тавҳийд” журнали бўлиб, тавҳийдни ёйиш ва унга даъват қилиш билан шуғулланади, бидъату хурофотларга қарши, унда катта уламоларнинг фатволари ва мақолалари ўрин олган, тавҳийд ва ақийда масалалари чуқур эҳтимом ила ёритилади.

Холид: Тавҳийд... мен бу сўзни кўп эшитаман, бунинг маъноси нима отажон?

Ота: Тавҳийднинг маъноси: Ибодатни Улуғ Аллоҳгагина қилишдир. Муваҳҳид Аллоҳга ибодат қилади, У Зотга ҳеч нимани шерик қилмайди. Исломга аввало тавҳийд ила кирилади ва дунёдан охири тавҳийд ила чиқилади. 

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимнинг охирги сўзи “Лаа илааҳа иллаллоҳ” бўлса жаннатга киради”, деганлар.

(Абу Бовуд ривояти)

Ишнинг аввали ва охири тавҳийддир.

Тавҳийд уч турга бўлинади.

Фотима: бу уч тур қайсилар отажон?

Ота: 1. Улуҳият тавҳийди; 2. Рубубиёт тавҳийди; 3. Исм ва сифатлар тавҳийди.

Холид: Отажон мени бир дўстим бор, у билан бирга ўқиймиз. Куни кеча у ўқишга келмади, у ҳақда сўрасам, касал бўлиб қолибди. Буни устозимга айтган эдим. Устозим: “Албатта уни кўргани ҳаммамиз бирга борамиз”, дедилар. Бугун устозим ва дўстларим билан уни кўришга борсам бўладими?

Ота: Аллоҳнинг сенга баракаси бўлсин ўғлим. Дўстинг келмаганида у ҳақда сўраб ҳамда устозингни хабардор қилиб яхши иш қилибсан. Устозинг ва дўстларинг билан касал дўстингни кўришга боришингдан хурсандман. Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи касал бўлганда бориб кўриш ва:


لا بَأْسَ طَهُورٌ إِنْ شَاءَ اللهُ


 “Ҳечқиси йўқ, Аллоҳ хоҳласа покланишдир” дейиш.

(Имом Бухорий ривояти)


Сўнгра уни ҳаққига дуо қилиб, етти марта:


أسْألُ اللهَ العَظِمَ رَبِّ العَرْشِ العَظِيمِ أنْ يَشْفِيَكَ وَيُعَافِيَكَ


“Ас алуллоҳал ъазий Роббал ъаршил аъзийм аййашфийака ва юъаафийк 


Маъноси: (Буюк арш роббиси бўлган буюк Аллоҳдан сенга шифо беришини ва сенга офият беришини сўрайман).

(Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Холид: Аллоҳ хоҳласа шундай қиламан отажон!

Фотима: Бугун Аллоҳнинг гўзал исмларидан қайсиларини ёдлаймиз отажон?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан Қорийб, (яқин, ижобат этади, кўриб туради, билиб туради, маънавий яқиндир) Васиъ, (кенг – ҳамма нарсани кенг илми ила қамраб олади. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган) Ҳакийм, (ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи) Вадуд, (барчага яхшиликни раво кўрувчи) Мажийд (Шон – шарафи ва қадри баланд, чексиз).

Холид: дарҳақиқат Аллоҳнинг улуғлиги чексиз ва у зотга ҳеч ким, ҳеч нарса тенг келмас.

Ота: дарсни сизларга бир оддий савол бериб тугатмоқчиман. Қани айтингларчи, бутун борлиқ, осмонлару-ерлар, ҳамма одамлар, ҳамма махлуқотларни ким яратган? Ким уларнинг эгаси?

Холид: Аллоҳ уларни йўқдан бор қилган ва уларнинг эгасидир.

Фотима: Шунинг учун бутун борлиқ Аллоҳ буюрганидек туради, шунинг учун инсон Аллоҳга итоат қилиши шарт. Бору йўқ барча нарсалар у Зотникидир.

Ота: бу жавобингиз билан мени жуда хурсанд қилдингиз суюклиларим. Лекин кўпгина одамлар буни билсалар ҳам Аллоҳга бутунлай бўйинсинмайдилар.


ЎН ТЎРТИНЧИ ДАРС


Дарс бошланишида телевизор ҳаж ҳақида кўрсатув берилаётган эди ва ҳожиларнинг талбия айтаётганлари эшитилиб турарди.

Ота: Фарзандларим бу буюк талбиятни эшитяпсизларми. Булар байтуллоҳни ҳаж қилувчилардир.


Ҳаж


Ҳаж Ислом асосларидан бешинчисидир. Аллоҳ мусулмонлардан қайси бири йўлга қодир бўлса, ўшаларга фарз қилгандир. Умр бўйи бир марта уни адо этиш фарздир. Мусулмон Маккаи Мукаррамага, Каъбаи Шарийфга боради, эҳром кийимларини кияди. Ушбу кийим оқ бўлган чиройли матодир. Каъбани тавоф қилади, пок Замзам сувидан ичади, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилади, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар онамиз қилганларидек Арафотга, Муздалифага, Минога боради. Шундай қилиб бу фойдали сафарда ҳаж маросимларини охиригача тугатади. Бу сафарни ҳар бир мусулмон иштиёқ ва талпиниш билан кутади.

Холид: ота бизга “Каъба” ҳақида сўзлаб беринг.

Ота: Каъба ер юзидаги Аллоҳнинг биринчи уйи, яъни масжиди. Уни саййидимиз Иброҳийм ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломлар Маккаи Мукаррамада бино қилганлар. Мусулмонларнинг, яъни бизларнинг қибламиз бўлиб, унга мусулмонлар намоз ўқиганларида юзланадилар ва Иброҳим алайҳиссалом даврларидан то бугунги кунимизгача мусулмонлар ҳаж қилиб, у ерга борадилар.

Абраҳа деган одам уни бузмоқчи бўлган, лекин “Фийл” сурасида келганидек, АЛЛОҲ Каъбани ундан ҳимоя қилган ва уни қўшини билан бирга ҳалок қилган. Бошқа дарсимизда бу қиссани сизларга иншааллоҳ ҳикоя қилиб бераман.

Холид: отажон қўшнимиз Аҳмад амаким эртага АЛЛОҲнинг уйини ҳаж қилишга кетаётганини менга айтди.

Ота: Худо хоҳласа сафарга кетгунларича у кишини кўриб келамиз.

Холид: Аҳмад амаким фозил, солиҳ киши бўлиб, намозларни доим масжидда ўқийди, камбағалларга раҳмдиллик қилади, одамларга яхшиликни хоҳлайди, мен уларни жуда яхши кўраман. Ўғиллари Муҳаммадни ҳам яхши кўраман, у мусулмон, одобли, тарбияли бола.

Ота: Холид уларни яхши кўришингни ўзларига айтганмисан? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бирини яхши кўрганимизда уни хабардор қилиб қўйишимиз кераклигини айтганлар:

“Мен сизни АЛЛОҲ йўлида яхши кўраман” 

(Абу Довуд ривояти)

Хабардор қилинган киши сенга: “Мени ўз йўлида яхши кўргинингиздек сизни ҳам У Зот йўлида яхши кўрдим” дейди.

(Абу Довуд ривояти)

Фотима: бугун АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан қайсиларини ёдлаймиз отажон?

Ота: АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан: Муҳийт,  (ҳар бир нарсани ўз қудрати ила ўраб олувчи) Ҳаққ,  (ўзгармас собит зот) Вакийл, (барчанинг иши унга топширилган Зот) Қовийй, (тенги йўқ даражада қувватли Зот) Матийн (матонатда чексиз бўлган зот).

Фотима: Ушбу исмлар билан қасам ичса бўладими?

Ота: Ҳа Фотима, биз АЛЛОҲ ила қасам ичамиз ёки исмларидан ёки сифатларидан бири ила қасам ичамиз. АЛЛОҲ номи ила қасам ичишимиз билан биз У Зотни Улуғлаймиз. Шунинг учун улуғ бўлса ҳам бошқа нарсалар ила қасам ичиш мумкин эмас. Пайғамбар номи ила ёки Каъба номи ила ёки ота ва бобо номлари ила қасам ичмаймиз. 

Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким қасам ичмоқчи бўлса фақатгина АЛЛОҲ номи ила қасам ичсин ёки жим турсин”, деганлар.

(Имом Бухорий, Муслим ривояти)

Фақатгина Улуғ АЛЛОҲ номи ила қасам ичамиз, чунки кимнидир номи ила қасам ичиш номига қасам ичилаётганни улуғлашдир. Ҳақиқий улуғлик эса АЛЛОҲга хосдир, бошқага эмас. У Зот Ҳаққ илоҳдир, Буюк Холиқдир. Ҳар бир нарсани яратиб, ўлчовли қилиб қўйгандир. Башарни, қуёшу-ойни яратгандир. Ўт-ўланни ва дарахтни йўқ жойдан чиқаргувчидир, донни ёмғир ила ўстирувчидир.


ЎН БЕШИНЧИ ДАРС


Дарс Қуръони Кариймдан ёд олинганини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота таниш билишларни аҳволини сўради.

Шунда Фотима: Мактабдан қайтаётганимда йўлни кесиб ўтаётган кишини кўрдим. Бирдан тезликда келаётган машина ўша кишини туртиб юборди ва у киши ерга йиқилди, одамлар тўпланиб олди. Тез ёрдам машинаси келиб, ўша одамни шифохонага олиб кетди.

Ота: Буни кўрганингда нима дединг Фотима?

Фотима: АЛЛОҲдан ўша киши учун шифо сўрадим ва ўрнида бўлмаганим учун АЛЛОҲга ҳамд айтдим.

Ота: Яхши... лекин ўша кишига ўхшаш бирор бир инсонни кўрганимизда айтиладиган бир зикрни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бизга ўргантганлар:


الْحَمْدُ لله الَّذِي عَافَانِي مِمَّا ابْتَلاَكَ بِهِ وَفَضَّلَنَا عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقَ تَفْضِيلاً


“Алҳамду лиллаҳиллазий ъафааний миммабталака биҳ ва фаззоланий ъала касийрин мимман холақо тафзийлаа” 


(Сизга йўлиққан нарсадан менга офият берган АЛЛОҲга ва ўзи яратган кўп нарсалардан мени мутлақо афзал қилиб қўйган АЛЛОҲга ҳамд бўлсин)

(Имом Термизий ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бу зикрни айтса ўша бало унга етмаслигини хабарини берганлар. Лекин Фотима эътибор бер, бало етган инсоннинг қалби аламланмаслиги учун бу зикрни инсон эшитмайдиган қилиб ичимизда айтамиз.

Холид: АЛЛОҲга қасамки, Фотимадан бу воқеъани эшитиб, ўша кишига жуда ачиндим отажон.

Ота: Яхши ўғлим. Мана бу ўша Улуғ Исломдир. Худди шундай, ҳар бир мусулмон ўз биродари мусулмоннинг хурсандчилигига хурсанд, хафачилигига хафа бўлиши зарурдир.

Нўъмон ибн Башийрдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мўминлар ўзаро муҳаббатлашишда, ўзаро раҳмдилликда, ўзаро ҳамдардликда бутун бир жасадга ўхшайдилар. Жасаддан бирор аъзо оғриса бутун жасад бунга уйқусизлик ва иситма ила жавоб қайтаради”, деганлар.

   (Имом Бухорий ривояти)

Иймон сифатларини ўзида мужассам қилган ҳақиқий мўминлар бирлари бирларига раҳмдиллик қиладилар, алоқаларни боғлайдилар, бир бирларини зиёрат қиладилар. Бу нарсалар улар орасида худди бир бирларига ўзаро ёрдам берганлари шу нарсаларни пайдо қилганидек муҳаббат ва улфатчиликни пайдо қилади. Ана ўша мўминларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бутун жасадга ўхшатмоқдалар. Аъзоларидан бири аламланса, у сабабли жасаддаги барча аъзолар аламланади.

Фотима: отажон, Ислом Улуғ дийндир. Мен Исломни кундан кунга кўпроқ яхши кўряпман.

Ота: яхши Фотима, сенга АЛЛОҲнинг баракаси бўлсин. Энди АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ёд оламиз:

Валийй, (муҳаббат берувчи, нусрат берувчи, ва халқнинг ишини юритувчи Зот) Ҳамийд, (барча мақтовлар ила мақталган Зот) Қоҳир, (барчани ўз ҳукмига юргизувчи, қудрати ила бўйин сундирувчи Зот) Шакир, (оз амал учун кўп савоб берувчи олийжаноб Зот) Зоҳир, (борлиги очиқ ойдин, ҳамма нарсадан зоҳир устун бўлган зот) Батин (бу дунёда кўзга кўринмас, англанилмас. Махфий нарсаларни билувчи Зот).

Холид: Тонгги ва кечки зикрлардан қайси бирини ёдлаймиз отажон?

Ота: бугун “Саййидул истиғфор”ни ёдламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ким уни тонг отганда ва кеч кирганда айтса жаннатга киради деганлар. 

Саййидул истиғфор: 


اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ، وَأَنَا عَلَي عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ بِذَنْبِي، فَاغْفِرْ ِلي فَإِنَّهُ لاَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ أَنْتَ.


“Аллоҳумма анта Роббий лаа илааҳа иллаа анта холақтаний ва ана аъбдук ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту абуу лака биниъматика ъалаййа ва абуу бизанбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунубу илла анта”

Маъноси: (Аллоҳим сен роббимсан, сендан ўзга илоҳ йўқдир. Мени яратдинг ва мен сени бандангман, имконим борича аҳдингда ва ваъдангдаман қилган ишимнинг ёмонлигидан сендан паноҳ сўрайман, менга берган неъматинга иқрорман, гуноҳимга ҳам иқрорман, бас мени мағфират қил, албатта гуноҳларни сендан бошқа ҳеч ким мағфират қилмайди)

(Имом Бухорий ривояти)

Шу ерда дарсимиз ҳам тугади фарзандларим.


ЎН ОЛТИНЧИ ДАРС


Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамду сано, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам салавоту салом айтишдан бошлади. Сўнгра аҳли-оилага тинчлик тилаб, Қуръони Кариймдан, зикрлардан, дуолардан ва набавий ҳадийслардан ёд олинганларини текширди.

Фотима: отажон, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан сўзлаб беринг.

Ота: Яхши қизим, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик қандай келгани ҳақида сўзлаб бераман:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида АЛЛОҲ у кишига ҳилватни, ёлғиз қолишни яхши кўрсатиб қўйди. Егулик олиб, Макка ёнидаги тоғга кетардирлар. Ўша тоғда “Хиро” номли ғор бўлиб, ҳар йили Рамазон ойида у ерга ибодат учун борар эдилар. Бир куни Хиро ғорида тафаккур қилиб ўтирганларида ўзларига нидо қилаётган овозни эшитдилар. У “Жаброил” исмли фаришта бўлиб “Иқро” (Ўқи) деб нидо қилаётган эди. Шунда У киши: “Мен ўқувчи эмасман” дедилар. Яъни ўқишни билмайман деганлари. Фаришта у кишини ушлаб, сиқиб олди, қаттиқ сиқиб туриб яна “Ўқи” деди. Пайғамбаримиз мен ўқувчи эмасман, дедилар. Фаришта иккинчи марта ушлаб сиқди ва “Ўқи” деди. У киши “Мен ўқувчи эмасман” дедилар. Учинчи марта ушлаб, сиқиб олди ва: “Иқро бисми роббикаллазий холақ (Ўқи, яратган роббинг номи ила) 2) Холақол инсана мин ъалақ (у инсонни “ъалақ”дан яратди) 3) Иқроъ ва роббукал Акром (Ўқи, роббинг карамлиларнинг карамлисидир) 4) Аллазий ъаллама бил қолам (у қалам билан илм бергандир) 5) Ъалламал инсана ма лам йаъдам (у инсонга билмаган нарсасини ўргатди)”.

Фотима: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда нима қилганлар отажон?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволнинг улуғворлигидан чўчиган, шошган ҳолда: “Мени ўраб қўйинглар”, “Мени ўраб қўйинглар” деб меҳрибон аёллари Хадийча онамизнинг олдиларига қайтганлар.

Холид: Хадийча онамиз нима қилганлар отажон?

Ота: Хадийча онамиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тинчлантириб, ёқимли ва гўзал сўз билан хотиржам қилдилар. Бу у кишининг ақллари тўғрилигига, комиллигига далолат қилади. АЛЛОҲ онамиздан рози бўлсин.

Фотима: демак Хадийча онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари эканларда?

Ота: Ҳа Фотима, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийча онамиз ҳаёт бўлган вақтларида ҳеч уйланмаганлар, у киши вафот топганидан сўнг уйланганлар.

Фотима: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёлларини билишни хоҳлардим.

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг исмлари, уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари тартиби ила қуйидагичадир:

1. Хадийча бинти Ҳувайлид

(Қосим, Абдуллоҳ, Зайнаб, Руқиййа, Умму Кулсум, Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимани Расулуллоҳга туғиб берганлар).

2. Савда бинти Замъа

3. Оиша бинти Абу Бакр

4. Ҳафса бинти Умар

5. Зайнаб бинти Жаҳш

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу аёлларининг ва Хадийча онамиздан бўлган фарзандларининг исмларини ёдлаб олинглар. Сўнгра Аллоҳ хоҳласа бошқа дарсда Расулуллоҳнинг аёлларининг исмларини охиригача ўрганамиз.

Холид: бу исмларни яхшилаб ёдлаб оламан. Мен Расулуллоҳга муҳаббат қиламан, аёллари ва фарзандларига муҳаббат қиламан ва дўстларимга улар ҳақида сўзлаб бераман.

Ота: Энди эса мана бу ҳадийси шарифни эшитинг, у гўзал ва нозикдир. 

Зайд ибн Холид Розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Хўрозни жиркиманглар, албатта у намозга уйғотади”, деб айтдилар. Бу ҳадийси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўрозни сўкишдан қайтармоқдалар. Чунки хўроз улуғ ишни қилади ва яхшиликка ундайди. У асосан Бомдод намози вақтида қичқиради ва уйқудагиларни намозни жамоатда ўқишлари учун уйғотади.

Холид: Хўроз қичқирса биз нима деймиз, отажон?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўроз қичқирганда АЛЛОҲдан фазлини сўрашни ўргатганлар чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради: 


اللهُمَّ إنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ


Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика


Маъноси: (АЛЛОҲим сендан фазлингни сўрайман)

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)


Бугунги дарсимиздан АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўрганишимиз қолди. Муътий, (ато этувчи, ҳақиқий ато этувчи унинг ўзидир) Маннан, (берган неъматларини миннат қилувчи. Фақатгина АЛЛОҲ миннат қилишга лойиқ Зотдир) Ҳайй, (тирикдир, Унинг тириклигиниг боши ва охири йўқдир. Ҳаётлиги, тириклиги махлуқотларнинг тириклигига ўхшамас) Қоййуум, (ўз-ўзидан қоим бўлган Зот, бошқаларни қоим қилган Зот, ҳеч кимга суянмайди, ҳамма унга суянади) Саййид (хожа, ҳақиқий хўжайиндир У Зот).


ЎН ЕТТИНЧИ ДАРС


Дарс Улуғ АЛЛОҲга ҳамд-сано ва Набиййимиз Муҳаммадга салавоту саломлар айтиш ила бошланди.

Ота: бугун фарзандларим, аҳамияти катта ҳадийслардан бирини сўзлаб бераман. Унга қулоқ тутинг ва яхшилаб огоҳ бўлинг: 

Абу Ҳурайра Розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берганда вафо қилмайди, омонат топширилса хиёнат қилади”.

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Нифоқ бу инсон ўз қалбидаги нарсадан бошқа нарсани одамларга кўрсатиши. Худди қалбига Иймон кирмаган ҳолда, инсонларга Исломини кўрсатиб, кофирлигини беркитаётган бўлади. Нифоқнинг аломати, далиллари ва натижалари бўлиб, ёлғон, ҳиёнат, ваъдага вафо қилмаслик нифоқ келтириб чиқарган ёмонликлардир. Ушбу ёмон хислатларнинг соҳиби мунофиқларга ўхшаб, улардек бадхулқ бўлиб қолади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишини бу хислатларга ўрганиб қолишидан огоҳлантирмоқдалар ва бу хислатлар уни ҳақиқий нифоқга, яъни Исломдаги нифоқга етаклашидан, у қиёмат куни инсонлар орасидан энг қаттиқ азобга учраб жаҳаннамнинг энг тубидан жой олишидан хавотирланмоқдалар. Бундан АЛЛОҲдан паноҳ сўраймиз. Мусулмон мунофиққа ўхшаб қолмаслик учун ёлғон гапирмайди. Ёлғон улкан гуноҳ ва қабиҳ одатдир. Бир марта ёлғон гапирган иккинчи марта ҳам гапиради яна ёлғон гапиради. Ёлғон бир-бирига уланиб кетади ва АЛЛОҲнинг хузурида “ёлғончи” деб ёзилиб, ҳалокатга учраганлардан бўлади. Мусулмон омонатга ҳиёнат қилмайди, одамлар унга бирор нарсани омонат қўйсалар уни тўла тўкис адо этади. Яхши ваъда берса ваъдасига хилоф қилмайди.

Фотима: ота сиздан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беш аёлларини билиб олдик, бошқаларини ҳам хабарини беринг.

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари:

6) Зайнаб

7) Умму Салама (Ҳинд бинти Абу Умайя)

8) Умму Ҳабийба (Ромла бинти Абу Суфён)

9) Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолийя

10) Жувайра бинти Ҳорис

11) Сафийя бинти Ҳуяй ибн Ахтоб

12) Мория Қибтия, чўрилари ҳамда Иброҳим ўғилларининг онаси

Холид: Ота бугун тонгги зикрлардан қай бирини ўрганамиз?

Ота: тонгги зикрлардан мана бунисини:


أصْبَحْنَا عَلَى فِطْرَةِ الإِسْلاَمِ وَكَلِمَةِ الإِخْلاَصِ وَدِينِ نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمِلَّةِ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا مُسْلِمًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ


 Асбаҳнаа ъалаа фитротил Ислаам ва калиматил ихлаас ва дийни Набиййина Муҳаммад ва миллати абийна Иброҳийма ҳанийфам мулимав ва маа каана минал мушрикийн 


Маъноси: (Ислом фитратида, ихлос калимасида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дийнида, ҳақга мойил бўлган Иброҳийм алайҳиссалом миллатида, мусулмон бўлган ҳолда тонг оттирдик. Мен мушриклардан эмасман).

(Имом Аҳмад ривояти)

Фотима: Отажон! Олдинги дарсда хўроз қичқирганда айтиладиган гўзал зикрни ўрганган эдик. Эшак ханграганда нима деймиз?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитганимизда Аллоҳдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан панох сўрашни ўргатганлар. Чунки у шайтонни кўрган бўлади. 


أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيْمِ


Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм

Маъноси: (қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан панох сўрайман). деймиз

 (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)


Дарсимизни тугатишдан олдин Аллоҳнинг гўзал исмларидан ўрганамиз: Шафий, (шифо берувчи) Суббуҳ, (барча айбу нуқсонлардан пок бўлган Зот) Рофийқ, (ўта марҳаматли, раҳмдил дўст) Ваҳид, (шериги йўқ, яккаю ягона Зот) Сомад (Улуғ, суянилган, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, боқий бўлган Зот).


ЎН САККИЗИНЧИ ДАРС


Дарс Қуръондан, ҳадийсдан, зикру дуолардан ва Аллоҳнинг исмларини ёд олинганини текшириш ила бошланди.

Сўнгра ота: фарзандларим! Бугун бир ҳадийс ўрганамиз. Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор топмаган киши мусулмондир”, деб айтдилар

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ҳақиқий мусулмон набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирганларидек бошқа мусулмонларга сўзи ва амали билан озор бермаган инсондир. Мусулмон биродарларига сўкиш, масхаралаш, ёмон сўзлар сўзлаш ила озор бермайди. Ёмон сўз Аллоҳни ғазаблантиради. Одобли мусулмон Аллоҳга итоат этади ва фақатгина яхшиликни сўзлайди. Мусулмон биродарларига қўл билан озор бермайди. Ўз биродарларини уриш ёки унинг нарсасини синдириш мусулмоннинг сифати эмас.

Фотима: бу дийн улуғ дийндир, у яхшиликка чақириб ёмонликдан қайтаради.

Холид: Ота! Қуръон нозил бўлиш қиссасини сўзлаб берган эдингиз. Жаброил алайҳиссаломни карамли фаришталардан бир фаришта дегандингиз. Фаришталар ҳақида сўзлаб беринг.

Ота: Фаришталар Аллоҳнинг махлуқотлари ичида улуғ махлуқотлардандир. Аллоҳ уларни нурдан яратгандир. Улар У Зотга ҳар вақт ибодат қиладилар ва ҳар қандай ишни бажарадилар. Фаришталарнинг сони жуда кўпдир. Ҳар бир фаришта Аллоҳ унга буюрган вазифаларни бажаришга таъйинланган. Шунингдек фаришталар мусулмон кишини Аллоҳнинг изни ила шайтонлардан сақлайди. Ҳар бир инсоннинг ўнг тарафида яхшиликларни ва чап тарафида ёмонликларни ёзадиган фаришталар бўлади. Биз олдин зикр қилган Жаброил алайҳиссалом фаришталарнинг бошлиғи бўлиб, ваҳийни Набийларга етказишга таъйинланганлар. Фаришталардан Микойил алайҳиссалом ёмғир ёғишига таъйинланганлар. Исрофил алайҳиссалом қиёмат бўлганда “сур” га пуфлашга таъйинланганлар. Молик алайҳиссалом дўзах қўриқчисидирлар.

Фотима: Бугун Аллоҳнинг гўзал исмларидан ва тонгги ва кечки зикрлардан қайсиларини ёдлаймиз отажон?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Қодийр, Қоодир, Муқтадир, (ҳар бир нарсага қодир бўлган Зот) Муқоддим, (истаган нарсасини муқаддам қилувчи Зот) Муаххир, (истаган нарсасини орқага сурувчи Зот) Аввал, (У Аввалдир, бошланиши йўқ) Ахир (У Охирдир охири, тугаши йўқ).

Тонгги ва кечки дуолардан:


اللهُمَّ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ عَالِمَ الغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ رَبَّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكَهُ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ 


Аллоҳумма фатирос самаваати вал арз ъалимал ғойби вашшаҳадаҳ Робба кулли шайин ва малийкаҳ, ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта аъуузубика мин шарри нафсий ва шарриш шайтони ва ширкиҳ.


Маъноси: (Аллоҳим, осмонлару ерларни яратувчиси, ғайб ва очиқ ойдинни билувчи, ҳар бир нарсанинг Роббиси ва эгаси, Сендан ўзга илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман. Сендан нафсимнинг ёмонлигидан ва шайтоннинг ёмонлигию ширкидан паноҳ сўрайман).

Шу пайт осмондан ёмғир ёға бошлади ва ёмғир томчилари деразага тега бошлади.

Холид: Отажон! Очиқ айвонга чиқиб, ёмғир ёғишини томоша қилишимизга рухсат берасизми?

Ота: Ҳаммамиз очиқ айвонга чиқиб, бу яхшиликни кўрамиз ва ёмғир ёғиш дуосини ўқиймиз.

Фотима: Бу қандай дуо отажон?

Ота: Ёмғир ёғаётганда: 


اللهمَّ صَيْبًا نَافِعًا


“Аллоҳумма соййибан наажиъан” 


Маъноси: (Аллоҳим фойдали ёғдириш ила ёғдир).

(Имом Бухорий ва Ибн Можа ривояти)


ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАРС


Дарс Аллоҳга ҳамд сано ва Саййидимиз Расулуллоҳга салавоту саломлар айтишдан бошланди.

Сўнгра ота: Сизларга бугун қиладиган насийҳатим суюклиларим, қачонки дийндан, яхшиликдан нимани ўргансангиз бошқа мусулмонларга билдириб, далолат қилинг. Шу ишингиз ила катта савоб қозонасиз. Мисол учун: мен бир мусулмонни Қуръон ёдлашга тарғиб қилсам ва у бу ишни қилса катта ажр олади. Шунда мен ҳам савоб оламан. Шундай қилиб ҳар бир яхши ишда шу ҳолат юзага чиқади. 

Абу Масъуд Ансорийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ким яхшиликка далолат қилса унга яхшиликнинг қилувчисидек ажр бўлади”.

(Имом Муслим ривояти)

Фотима: Тезда дугоналаримга сиз ўргатганларингизни ўргатиб қўяман ва ажрини икки баробар қозонаман.

Холид: Мен ҳам шундай қиламан отажон, бугун Аллоҳнинг гўзал исмларидан қайсиларини ўрганамиз?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Мавлаа, (эга, бандаларига меҳрибон рахнамо) Мутаъалий, (олий мартабали Зот) Барр, (яхшилик қилувчи Зот, ундан кўра яхшилик қилувчи умуман йўқ) Тавваб, (тавбаларни кўплаб қабул қилувчи) Афув (бандаларни авф қилувчи Зот).

Фотима: Отажон! Сиздан уйқумда бўлган бир нарса ҳақида сўрамоқчи эдим.

Ота: Уйқингда нима содир бўлди Фотима?

Фотима: Уйқумдан қўрққан, чўчиган ҳолимда турдим.

Ота: Ҳечқиси йўқ, бошқа маротаба яна шундай бўлса: 


أعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ غََضَبِهِ وَشَرِّ عِبَادِهِ وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ وَأنْ يَحْضُرُونِ



Аъуузу бикалиматиллаҳи таммати мин ғозобиҳи ва мин шарри ъибадиҳи ва мин хамазатиш шаятийни ва ай йахзурун.

Маъноси: (Аллоҳнинг мукаммал калималари ила ғазабидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтонларнинг васвасаси ва менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман).

(Имом Бухорий ривояти)

Холид: Отажон! Бугун тонгги ва кечки зикрлардан уч марта айтадиганимиз: 


سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ عَدَدَ خَلْقِهِ وَرِضَا نَفْسِهِ وَزِنَةَ عَرْشِهِ وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ


Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, ъадада холқиҳи ва ризоо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва миндаада калиматиҳи.


Маъноси: (Аллоҳга махлуқотлари ададича, Ўзи рози бўлгунича, аршининг вазнича ва калималарининг кўплигича тасбеҳ ва ҳамд бўлсин).

(Имом Муслим ривояти)

Шу пайт Холид оғзини очган ҳолда эснади...

Ота: оғзингни ёп, қўлингни унинг устига қўй эй Холид! аллоҳ эснаганни яхши кўрмайди. Чунки бу шайтондандир. Мусулмон эснасаю, оғзини ёпмаса ёки қўли билан тўсмаса шайтон унинг устидан кулади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эснаганимизда қилинадиган гўзал одобни ўргатганлар:

“Бирортангиз эснаганда қўли ила оғзини ёпсин, шайтон оғизга киради”.

(Имом Муслим ривояти)

Шу вақт бир идишда олма кўтарган ҳолда она кириб қолди.

Ота улардан бирини ола туриб: 

“Субҳаналлоҳ! Қандай яратган, қандай гўзал қилган... буни қизартирган, катта қилган ва ширин қилган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир”, деди.


ЙИГИРМАНЧИ ДАРС


Дарс Аллоҳнинг китобидан, ҳадийси шарифдан, зикру дуолардан ва АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ёдланганларини текшириш ила бошланди. 

Сўнгра ота: Сизлардан муҳим бир савол сўрамоқчиман?

Холид ва Фотима: Сўранг отажон!

Ота: нима учун ҳар бир бола онасини яхши кўради?

Холид: Чунки она муҳаббатга ҳақлидир. У бизни ўз қорнида тўққиз ой кўтариб юрган, бизни дунёга келтирган, бизни деб кўп қийинчиликлар кўрган, бизни эмизган, касал бўлганимизда кечалари билан қараб чиққан. У бизга таълим берган, одоб берган, таомимизни, кийимимизни тайёрлаб берган инсондир. Уларнинг ҳаммаси учун онамизни яхши кўрмайликми?! Мен онамни жуда қаттиқ яхши кўраман.

Фотима: Мен ҳам уларни жуда яхши кўраман. Онамлар хурсанд бўлсам хурсанд бўлдилар, хафа бўлсам хафа бўлдилар, ўзларидан кўра кўпроқ мен учун қўрқадилар.

Ота: Тўғри фарзандларим, онангиз яхши кўришингиз, хурмат қилишингиз, итоат қилишингизга лойиқдир. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдларига келиб: Эй Расулуллоҳ! Инсонлардан ким менинг яхшилик қилишимга ҳақлироқ? Дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Онанг, дебдилар. У: кейин ким? дебди. У киши: Онанг, дебдилар. У яна: кейин ким? дебди. У киши: онанг, дебдилар. Шунда у: кейин ким? Деганида, Пайғамбаримиз: кейин отанг, дебдилар. Мусулмон киши онаси ва отасига яхшилик қилаверади, шунда улар ундан рози бўладилар. Мусулмон онаси ва отасига итоат қилса, уларга ишларида ёрдамлашса, уларни ранжитадиган иш қилмаса, уларга овозини кўтармаса, нарсаларини бузмаса ва уйдаги тартибни бузмаса ота ҳам она ҳам ундан рози бўладилар. Агар ота-она рози бўлса Аллоҳ ҳам рози бўлади. 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ота-она розилиги Роббнинг розилигидир”.

(Имом Термизий ривояти)

Сўнгра ота: Устоз ҳам ота-она ўрнида бўлиб, уларни ҳурмат қилиш, эҳтиром кўрсатиш, қулоқ солиб, итоат этиш лозимдир. Шунда фарзанд, одобли мусулмон бўлади.

Бугун тонгги ва кечки зикрлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳога васият қилган зикрларини ўрганамиз.


يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ بِكَ أَسْتَغِيثُ فَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ وَلاَ تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ


Я Ҳайю, Я Қоййуум, бика астағийс, фаъаслиҳ лий шаний куллаҳу ва лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн

Маъноси: (Эй тирик бўлган Зот, Эй Қоййум бўлган Зот, сендан ёрдам сўрайман. Ишини ҳаммасини ислоҳ эт ва мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма).

(Имом Ҳоким ривояти)

Холид: Бугунги дарснинг қиссасини айтиб беринг отажон.

Ота: Яхши ўғлим, бугун сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига сўзлаб берган воқеъани сўзлаб бераман. Бир киши саҳрога юриб борар эди. Кун жуда иссиқ бўлгани учун у қаттиқ чанқади. Олдида эса суви йўқ эди. Ҳамма жойдан сув қидира бошлади, лекин ҳеч қаердан сув топа олмади. Ва охири узоқдан қудуқни кўрди. Қудуққа тушиб сувдан ичди ва у ердан чиқаётганида бир итни чанқоқдан нам қумни ялаётганини кўрди ва “бу итга ҳам менга етган чанқоқ етибди” деди. Сўнгра маҳсисини ечиб, унга сув тўлдириб итга берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг шу иши сабабли Аллоҳ ундан рози бўлиб, олдин қилиб ўтган барча гуноҳларини кечирганини хабар берганлар.

Фотима: Бу қисса, буюк гўзал қисса экан отажон.

Ота: Бугунги дарсимизни Аллоҳнинг гўзал исмлари ила тугатамиз. Витр, (яккаю-ягона, шериги йўқ, тоқ бўлган Зот) Муқийт, (барчага ризқ рўзини берувчи, ундан бошқа ризқ берувчи йўқ) Роуф,  (раҳмдил, шафқатли бўлган Зот) Малийк (Эга, хожа, барча нарсаларнинг, борлиқнинг Эгаси).


ЙИГИРМА БИРИНЧИ ДАРС


Дарс Аллоҳга ҳамду сано, Набий салавоту саломлар айтишдан бошланди.

Ота: Бир нарса демоқчисан шекилли эй Холид… гапиравер.

Холид: Ҳа отажон! Сиз олдинги дарсда сўзлаб берган қиссадан жуда таъсирландим. Ҳайвонларга раҳм қилиш кераклиги ва ҳалиги киши ҳақида кўп ўйладим. У сув топа олмаганида Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмади ва ҳаракату- дуода бўлди.

Ота: Мўмин инсон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасликни билмасмидинг эй Холид? Дуо эса ҳар бир яхшиликнинг калити ва ҳар бир фойдани жалб қилувчи эканлигини билмасмидинг? Дуо бу биз Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган ибодатларнинг энг улуғларидандир. 

Нўъмон ибн Башийрдан ривоят қилинади:

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Дуо Ибодатдир”.

(Абу Довуд ривояти)

Фотима: дуонинг қандай одоблари бор отажон?

Ота: дуонинг одобларидан:

1) Дуо ижобат бўлдиган вақтларга риоя қилиш. Кечанинг охирги учдан бир қисми, жума куни аъзон ва иқоманинг ораси, намоздан сўнг, Лайлатул қадр кечаси, арафа кунига ўхшаш вақтлар;

2) Дуода холислик ва тазарруъ ила туриш ва дуони қайта-қайта айтиш. Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслик;

3) Қиблага юзланиб қўлларингизни кўтариб дуо қилиш ва “дуо қилсам ҳам ижобат бўлмаяпти” демаслик;

4) Ўзимизга дуо қилганимизда биродарларимиз ҳаққига ҳам дуо қилиш. Ўзимиз ва яқинларимиз зарарига дуо қилмаслик;

Холид: Отажон! Биз ҳар куни ўқиб юришимиз керак бўлган бирор дуо ўргатиб қўйинг.

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни тонгда ва кеч кирганда бундай дейишлари ривоят қилинади:


Аллоҳумма инний асъалукал ъаафията фиддуня вал аахироҳ, Аллоҳумма инний асъалука ъафва вал ъаафията фий дийний ва дуняая ва аҳлий ва малий. Аллоҳуммастур ъавротий ва аамин ровъаати. Аллоҳуммаҳфазний мин байни йадайя ва мин холфий ва ъан шимаали ва мин фавқий ва аъуузу биъазоматика ан уғтаала мин таҳтий 

Маъноси: (Аллоҳим! Сендан дунё ва охиратда офият сўрайман. Аллоҳим мен сендан дийнимда, дунёимда, аҳлимда ва молимда афв ва офият сўрайман. Аллоҳим айбларимни беркит, хавфу хатарларимни омонлик қил, Аллоҳим! Мени олдиму орқамдан, ўнгу сўлимдан, тепамдан асра ва азаматинг ила остимдан ер ютишидан паноҳ сўрайман).

Холид киссасидан рангли, безалган қоғоз чиқарди ва: бу масжиддаги мусобақанинг сўровномаси, ундаги савол-жавобларни билмоқчи эдим.

Ота: Яхши ўғлим… сўнгра ота сўровномани олиб, ўқиб, унга жавоб бера бошлади:

Биринчи савол: Аллоҳ Одам алайҳиссаломни нимадан яратган?

Жавоб: Аллоҳ Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратган.

Иккинчи савол: Аллоҳ фаришталарни нимадан яратган? Буни олдин ўрганган эдик Холид ёдингдами?

Холид: Ҳа ёдимда. Аллоҳ фаришталарни нурдан яратган.

Учинчи савол: Аллоҳ шайтонни нимадан яратган?

Жавоб: Аллоҳ шайтонни оловдан яратган.

Тўртинчи савол: Осмонларнинг адади қанча?

Жавоб: Осмонларнинг адади еттита.

Бешинчи савол: Жаннатнинг эшиклари нечта?

Жавоб: Жаннатнинг эшиклари саккизта.

Сўнгра ота: Қолган савол-жавобларни Аллоҳ хоҳласа келаси дарсга қолдирамиз. Ҳозир эса, Аллоҳнинг гўзал исмларидан баъзиларини ёдлаймиз: Насийр, (нусрат берувчи қўлловчи зот) Ҳасийб (ҳисоб китобга тез, ҳисоби аниқ бўлган Зот). 

Мана бугунги дарсимиз ҳам тугади.


ЙИГИРМА ИККИНЧИ ДАРС


Дарс Қуръони Карийм ва ҳадийслардан ўтилганларни текшириш ила бошланди.

Сўнгра ота: Бугун суюкли фарзандларим масжид сўровномасини охирига етказиб қўямиз.

Олтинчи савол: Жаннат башорати берилган ўн киши кимлар?

Жавоб: Жаннат башорати берилганлар:

Абу Бакр Сиддийқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саийд ибн Зайд, Абу Убайда Жарроҳ.

Еттинчи савол: Ер юзида биринчи бўлиб қурилган масжид қайси?

Жавоб: Масжидул Ҳаромдир.

Саккизинчи савол: Қуръонда зикр қилинган қушлар қайсилар?

Жавоб: Ҳудҳуд, Қарға, Абобил қушлари.

Тўққизинчи савол: Қуръонда зикр қилинган ҳашаротлар қайсилар?

Жавоб: чивин, асалари, ўргимчак, чумоли, пашша.

Мана савол-жавоблар ҳам тугади.

Фотима: Бу ажойиб гўзал мусобақа экан, унда қимматли маълумотлар бор экан.

Ота: Бугун сизлар билан “Изн сўраш одоблари”ни ўрганамиз.

1) Ҳеч кимни олдига изн сўрамасдан кирмаслик;

2) Эшикни оҳисталик ила тақиллатиш. Учта тақиллатишдан оширмаслик;

3) “Ким келди?” деб сўралганда “Мен” демаслик, балки исмини айтишлик;

4) Киришга рухсат берилганда кириш ва салом бериш ва кўзни қуйи тутиш;

5) Ота-онанинг хоналарига қуйидаги уч вақтда изнсиз кирмаслик: 1-Бомдод намозидан олдин, 2- Айни пешин вақтида, 3- Хуфтон намозидан сўнг.

Бу изн сўрашнинг баъзи одоблари.

Холид: Отажон! Дўстим Усмон бугун ўйнаётганимизда менга тегажонлик қилди, кейин бирдан қаттиқ уриб, мени йиқитди. Жуда ғазабландим ва мен ҳам уни урдим.

Ота: Дўстингни уриб хато иш қилибсан.

Холид: Қаттиқ ғазабланган эдим, нима қилсам бўларди?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши нимадандир ғазабланди ҳатто юзлари қизариб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен бир калимани биламан, агар уни бу одам айтса ўзидаги нарсаси (ғазаби) кетади. Бу калима: 

أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيْمِ

Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”, дедилар.

(Имом Бухорий ривояти)

Ғазабланганда шу калимани айтсанг Аллоҳ хоҳласа ғазабинг кетади.

Холид: Аллоҳ сизни яхшилик ила мукофотласин отажон, шундай қиламан.

Ота: Энди эса Аллоҳнинг тўқсон тўққизта гўзал исмларининг охиргиларини ўрганамиз. Ҳайй, (тирик, ҳаёт бўлган Зот, Унинг тириклиги ҳаёти махлуқотларники каби эмас) Дайян, (ато қилувчи, неъматларни бериб турувчи) Мааликул мулки зул Жалаали вал Икром (Мутлоқ мулк эгаси улуғлик ва Икром Соҳиби).

Дарсимизнинг охирида Имом Бухорий муборак “Саҳиҳи Бухорий” номли китобларининг энг сўнггида келган ғоятда гўзал ва улуғ бўлган ҳадийси шарифни эшитинглар: 

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Раҳмонга суюкли икки калима тилга енгилдир, мезонда оғирдир. У “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил ъазийм”.

Мана бу дарсимиз ҳам тугади. Охирида нима деймиз эй Холид?

Холид: 


سُبْحَانَكَ اللهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ


“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”.

(Абу Довуд ривояти).


Биринчи китоб шу ерда ниҳоясига етди.

Араб тилидан Абу Муҳаммад таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи давоми...

5903 12:17 / 15.01.2018
Ота .Бугунги дарсимизни, фарзандларим, АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳга саловоту салом айтиш билан бошлайман,, деди.Она, Маҳмуд ва Фотима У кишига саловоту саломлар давоми...

3618 17:35 / 30.11.2017
Алийя ўзига бино қўйган мағрур қиз. Отасидан ажрагандан кейин бошқа қизлар билан қайта алоқа боғламади. Саройларининг боғида ўзи юриб, ўзи билан ўзи ўйнарди. Ён давоми...

3339 05:00 / 16.02.2017
Жамол эчкиларни жудаям яхши кўрар эди, айниқса кичкинагина болачаларини. Жамолнинг отаси бир куни унга эчкининг боласини совға қилди. Жамол ёзги таътилда эчкини давоми...

3199 05:00 / 16.02.2017