1447 йил 2 Рамазон | 2026 йил 20 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Лаҳн учун уриш

20:43 / 14.07.2017 5156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

880. Нофеъдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар боласини лаҳнга йўл қўйгани учун урар эди».

Шарҳ: Бу ердаги «лаҳн» ҳарф ва сўзларни бузиб талаффуз қилиш, тил қоидаларини бузиб гапиришни англатади.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари, саҳобалар ичида энг илмли, энг фақиҳ, энг муттақий зотлардан бири, буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фарзандлари сўзларни бузиб талаффуз қилса, хато гапирса, урар эканлар. 

Саҳобаларнинг қилган ишлари, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олинган таълим-тарбиядан келиб чиқиб қилинган иш бўлади. 

Демак, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу амаллари нутққа катта эътибор бериш кераклигини кўрсатади. 

Фарзандларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиб қўйиш билан иш битмас экан. Ҳатто нутқи, талаффузини ҳам назорат қилиш, чиройли, хатосиз сўзлашларини талаб қилиш лозим экан. Агар болалар ўрганиб қолиб, бу камчиликни тузатавермаса, ҳатто уришгача рухсат бор экан. 

Нутқ ва сўзлашув маданиятига улуғларимиз қанчалар эътибор қаратганлари ҳаммамизга гўзал намуна бўлиши лозим. Аввало ўзимиз сўзлаганимизда ҳар бир сўзимизни тўғри талаффуз қилишга алоҳида эътибор беришимиз керак. Гапирганимизда гапимиз чиройли ва эшитган одам ҳавас қиладиган даражада мукаммал бўлиши учун уринишимиз зарур.

Фарзандларимизнинг илмли, маърифатли, маданиятли бўлиши ҳақида қайғурганимизда эса уларнинг нутқ ва сўзлашув маданиятига ҳам алоҳида эътибор беришимиз керак. 

881. Абдурраҳмон ибн Ажалондан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўқ отаётган икки кишининг олдидан ўтди. Улардан бири бошқасига:

«Асабта!» деди.

Шунда Умар:

«Лаҳннинг бузуғи ўқни хато отишдан ҳам ёмонроқдир», деди».

Шарҳ: Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йўлда кетаётсалар, икки киши камон отиб, машқ қилаётган экан. Қарасалар, улардан бири «асобта» деган сўзни «асабта» деб, бузиб айтибди («сод» эмас, «син» ҳарфи билан айтибди). Араб тилида «Асобта» «мўлжалга урдинг» деган маънони билдиради.

Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Сўзнинг бузуғи ўқ отишнинг бузуғидан ҳам баттар», дебдилар. 

Бу гап «Тилнинг жароҳати тиғнинг жароҳатидан ёмон» деган маънодаги нақлга ўхшайди. Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу гапни «Камондан отилган ўқ сал хато кетса, ҳеч гап эмас, лекин тилдан чиққан сўз бузиб айтилса, бунинг оқибати ёмонроқ», деган маънода айтибдилар.

Шунинг учун мўмин-мусулмонлар айтаётган гап-сўзларига қаттиқ эътибор беришлари, бир товуш ёки ҳарф ўзгариши билан маъно кескин ўзгариб, бузилиб кетишидан эҳтиёт бўлишлари лозим. Айниқса ибодатда, дуода, намозда бунга қаттиқ эътибор бериш керак. 

Бу ҳадисдан эса оддий сўзлашувда, ўзаро гапда ҳам ҳар бир сўзга эътиборсиз бўлмаслик кераклиги маълум бўляпти. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таолога ҳамду санолар ва Муҳаммад с.а.в.га саловатлар бўлсин.Ёш болаларни тарбия қилиш ва уларга эътибор қаратиш ҳар бир давоми...

5110 05:00 / 15.02.2017
Одатда одамларда қиз бола бировнинг ҳасми, эртаиндин эрга тегиб кетиб қолади. Ундан нима фойда бўлиши мумкин деган салбий фикр бўлади. Ўғил бола эса доимо хизматда давоми...

4331 05:00 / 15.02.2017
Чўпон Аҳмад тоғанинг ғам ташвишлари кўп эди. У даҳшатли уруш йилларида ўзининг кўп қимматли нарсаларини йўқотган эди. Турмуш ўртоғи вафот этган, ўғли дараксиз давоми...

4262 05:00 / 16.02.2017
БОЛА БОШИДАН...Отаона болага ҳамма вақт дўқпўписа қилинавермайди, чунки койиш эшитиш, хунук ишларни қилиш унга енгил туюлиб қолади, қалбидан гапнинг таъсири тушиб давоми...

19370 05:00 / 16.02.2017
Аудиолар

231978 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150462 14:35 / 11.08.2021