1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (14)

05:00 / 15.02.2017 2706 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЎН ТЎРТИНЧИ САБОҚ

ҲАЛОЛ, ПОК БЎЛИНГ

Ассалому алайкум, кўзимнинг нури, қалбимнинг сурури азиз болакайларим! Бугунги дарсимиз ҳалол, пок бўлиш ҳақида. «Ҳалол» дегани ўзи нима? Мусулмонларга ейишга ижозат берилган озиқ-овқатларни «Ҳалол» деб атаймиз. Масалан, одам ишлаб, меҳнат қилиб пул топса, шунга овқат, кийим, китоб сотиб олса, шу ҳалол бўлади. Бировни алдаб, қўрқитиб пулини тортиб олиб ишлатса, бу ҳаром, яъни фойдаланишга ярамайдиган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло биз— мусулмонларга ҳалол ризқ берган. Шунинг учун доим ҳалол нарсаларни истеъмол қилишимиз керак. Ҳазрати Пайғамбаримиз ҳам ҳалол меҳнат қилиб, шунинг орқасидан оила боқишга буюрганлар. Хўш, мусулмон кишилар учун нима нарсалар ҳаром (яроқсиз) ҳисобланади? Ислом дини шариати йиртқич ёввойи ҳайвонлар ва паррандалар гўштини, ҳалол ҳайвонларнинг қонини, баъзи бир яроқсиз аъзоларини ўлиб, қолган ҳайвонлар гўштини, чўчқа-тўнғиз гўштини, Аллоҳнинг номини айтмай сўйилган ҳайвон гўштини, динсиз одамлар сўйган ҳайвон гўштини ейишни таъқиқлаган.
Яна динимиз ароқ-вино каби маст қиладиган ичимликларни ичиш, гиёҳвандлик (наша), қиморбозлик, бузуқлик каби ишларни ҳам ҳаром деб ҳисоблайди. Бу ишларни қилганлар қаттиқ гуноҳкор бўлишади. Мусулмон болалар, айниқса, ичкилик ва нашавандлик балосидан эҳтиёт бўлишлари керак. Булар соғлиққа, оилага, жамиятга жуда катта зарар етказади. Ҳаттоки, бошқалар шундай ишлар билан шуғулланаётган жойга яқин ҳам борманглар, хўпми дўмбоқчаларим?!
Юқорида ҳалол ва ҳаром нима эканлигини тушуниб олдик. Энди поклик нима эканлигини айтиб берайин. Динимиз талабига кўра мусулмон болалари ҳамиша тоза ювилган, тоза кийинган, покиза бўлишлари керак. Чунки пок одамдан ёмонлик чиқмайди. Покиза юрсангиз табиатингиз ҳам равшан бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Поклик — иймон белгиси» деган гаплари бор. Поклик яна намоз учун ҳам керак. Намоз ўқишдан олдин ўзингиз таҳорат олиб покланган бўлишингиз, кийим-бошларингиз, жойнамозингиз тоза бўлиши керак.
Покиза бўлиш учун нима қилиш керак? Аввало ҳожатхона одобларини билиб олинг. У ерга кирганда қиблага қараб ёки орқа қилиб ўтирилмайди. У жойда гапирилмайди, бирор нарса ўқилмайди. Бош яланг, оёқ яланг кирилмайди. Дуч келган жойларга, яъни ариқ атрофига, ахлатхона, қабристонларга ҳожат ушатиб бўлмайди. Ҳожатхонадан чиқаётганда булғанч жойларни чап қўл билан ювиб тозалайсиз.
Мусулмон болалар мисвок (тиш чўткаси) билан ҳар куни эрталаб ва кечқурун тишларини ювадилар. Таҳорат қилганда қўл ва оёқ бармоқлари орасини, бурунни, айниқса, яхшилаб; тозалайдилар. Ҳар жума куни баданининг ҳамма ерига сув етказиб покланадилар. Буни «Ғусл” дейилади. Қулоғингизга яна бир гапни айтиб қўяй: яқинда улғайиб, йигитча бўлиб қолганингизда уйқудан турганда ёки кўча-кўйларда булғаниб қолишингиз мумкин. Буни катталар «Эҳтилом» дейишади. Шунақа пайтда ҳам дарров ғусл қилиб олинг, хўпми?! Ўша катта бўлган пайтингизда қўлтиқда ва киндик остида мўйлар пайдо бўлади. Уларни ҳам худди катталар соқол олгандай олиб, тозалаб турасиз. Яна сал ўсиши билан оёқ-қўл тирноқларини олиб турасиз. Қизчаларга қандай покланишни оналари тушунтириб беришади. Юқоридаги вазифаларнинг ҳаммаси пок бўлишнинг белгиси. Уларни доимо бажаришни Пайғамбаримиз ҳаммамизга буюрганлар. Шунинг учун у кишини хурсанд қилмоқчи бўлсак, айтганларини сўзсиз бажариб юришимиз керак. Ҳалол, пок бўлиб, у кишини мамнун қилишга интилинг, хўпми, ширинтойларим?!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Болага меҳрибонлик кўрсатиш отаонанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир.Инсон зоти доимо меҳрмуҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам давоми...

2876 05:00 / 15.02.2017
Дарс Қуръони каримдан ёд олинганини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота танишбилишларнинг аҳволини сўради.Шунда Фотима .Мактабдан қайтаётганимда йўлни кесиб давоми...

3670 15:59 / 21.12.2017
ОЛТИНЧИ САБОҚПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМАссалому алайкум, менинг ширинданшакар болажонларим Иккинчи машғулотимизда сизларга .Ла илаҳа иллоллоҳу давоми...

3065 05:00 / 15.02.2017
Башариятга фарзанд деб аталган илоҳий неъматни ато қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки, отаонанинг дунёю охиратини гўзал, дўзахдан давоми...

3408 14:22 / 15.12.2017