1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (15)

05:00 / 15.02.2017 3023 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЎН БЕШИНЧИ САБОҚ

ХУШ ХУЛҚҚА НЕ ЕТСИН

Ассалому алайкум, жажжи набираларим, қанду асалларим!
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қандай одам эдилар? Жудаям яхши хулқли, уятчан, камтар, ширинсўз, одобли, ёқимтой, юмшоқ кўнгил, меҳрибон киши бўлганлар. Биз ҳам у кишининг йўлларидан юрмоқчи бўлсак, хулқимиз ана шундай ҳамма ҳавас қиладиган бўтиши керак.
«Хулқ» ўзи нима? Хулқ кишининг феъл-атвори, юриш-туриши, сўзлаши, муомаласи, маданиятини ўз ичига олган хислатларидир. Пайғамбаримиз «Жаннатга тушишга сабаб бўладиган нарса нима?» деб сўраганлар ва ўзлари «Аллоҳдан қўрқиш ва яхши хулқли бўлиш», деб жавоб берганлар.
Яхши хулқли бўлиш қийинми? Йўқ, фақат сиз бунга астойдил ҳаракат қилсангизбўлди! Бунинг учун нималар қилиш керак? Энг аввало ота-онангизни, устозларингизни, ўзингиздан катталарни ҳурмат қилинг. Кичикларни авайланг. Ҳаммага яхши гапиринг. Каттаю кичикка салом беринг. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссалом буюрган ибодатларни қолдирмай бажаринг. Ҳар ишда камтар бўлинг, чунки Аллоҳ кибрли, керилган одамларни жуда ёмон кўради. Нима айб, гуноҳ қилсангиз, даров кечирим сўрашга одатланинг! Кўча-кўйда, кўпчилик ичида, оилада ўзингизни одобли, яхши муомалали, ширин сўзли тутинг.
Катталар юввош, мулойим, кўп гапирмайдиган, табассумли болаларни яхши кўришади.
Айниқса, саломлашиш одобларини яхши билиб олинг. Биров билан кўришганда, бирор жойга кирганда “Ассалому алайкум” деб салом берасиз. Бунинг маъноси «Сизга тинчлик-хотиржамлик тилайман» дегани. Агар бошқа одам салом берса, албатта, «Ваалайкум ассалом» деб тўлиқ жавоб қайтаринг, алик олиш жуда зарур иш. Пайғамбаримиз ҳаммадан олдин, ҳатто сиздек ёш болаларга ҳам салом берганлар. Машина, велосипед, отдаги одам пийодага, пийода киши ўтирган кишига, озчилик кўпчликка, кичиклар катталарга салом беради. Аммо намоз ўқиётган, Қуръон тиловат қилаётган кишига, масжидда гапираётган имомга салом берилмайди.
Кийиниш, овқатланиш, кўчада юриш, ухлаш одобларини билиш ҳам яхши хулққа киради. Кийимни одамнинг уят жойларини, баданини бекитиб туриш учун кийилади. Кир кийимларни албатта, ювдириб кийиш керак, йиртиқларини тиктириб олинг. Ўғил болалар ипакли кийимлар, қизил, сариқ рангли ёки қизларникига ўхшаш кийимларни, одам, ҳайвон сурати солинган кийимларни киймаслик керак. Қизчаларимиз улғайганда баданлари кўринадиган, калта, ёқаси катта кўйлаклар киймаганлари маъқул.
Овқатланишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон болалар овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювадилар. Дастурхонга келиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиб тановулга киришадилар. Овқатни ўнг қўлда, ўз олдиларидан ейдилар. Овқатни пуфламай, хўриллатмай, устида нафас олмай ейиш лозим. Иссиқ овқат совигунича сабр қилинг. Чунки иссиқ таомда барака бўлмайди. Овқатланиб бўлгач, «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки шундоқ ширин овқатларни бизга Аллоҳ таоло берган-да!
Исломий одобга кўра овқатни тез-тез ейилмайди. Кетма-кет оғизга луқма ташланмайди. Катта-катта қилиб чайнамай ютилмайди. Овқатланаётган кишига қаралмайди. Таом ва нонлар исроф қилинмайди. Овқатланиб бўлгач, қўлни ва ёғли идишларни ялаб, сўнг қўл артилади. Тўкилган увоқлар териб ейилади. Кейин Аллоҳга шукр айтиб, дастурхонга дуо ўқиб турилади.
Сув, чой ичишинг тартиблари мана бундай: Пайғамбаримиз сувни уч бора нафас олиб, бўлиб-бўлиб, ўтирган ҳолда ичишни тавсия қилганлар. Фақат зам-зам суви тик турган ҳолда ичилади. Сув ҳам «Бисмиллоҳ»ни айтиб ичилади, ичиб бўлингач, «Алҳамдулиллаҳ» дейилади.
Кўча-кўйда юришнинг ҳам маълум тартиблари бор. Кўчада шошлиб юрилмайди. Икки киши, хусусан икки аёл ўртасидан кесиб ўтилмайди. Кўчада уёқ-буёққа анқайиб юриш, туфлаш, писта чақиб, таом ёки музқаймоқ еб юриш исломий таълимга тўғри келмайди. Йўлда одамларга халал берадиган тош, шох-шабба, сим, тикан, пўчоқ каби нарсалар ётган бўлса, бир четга олиб ташланади. Танишми-нотанишми кўринган кишиларга салом берилади. Кўча-кўйларда беҳуда ўтириш ёки бекор анграйиб туриш, шовқин солиш одобимизга тўғри келмайди.
Болажонларим, энди ухлашнинг қоидаларини ўргатиб қўяй. Уйқуга ётиш олдидан таҳорат олиб, тишларни мисвок (тиш чўтаси) билан яхшилаб тозаланг. Ўринга ётганда қибла тарафга ёки муқаддас китоблар турган тарафга оёқ узатилмайди. Юзтубан, чалқанча ётманг, кечаси ёмон тушлар кўриб чиқасиз. Энг яхшиси, ўнг томонга ёнбошлаб, қўл кафтини юз остига қўйиб ухлашдир. Жаноби Пайғамбаримиз «Қўлларида овқат ёғи билан ётиб ухлаган одамга бирор касаллик ёпишса, ўзидан кўрсин» деганлар.
Уйқу олдидан икки бор «Қул аъузу» сурасини ўқиб, калимангизни айтиб ётсангиз, жуда яхши бўлади. Кўп ухламанг, сизнинг ёшингизда, узоғи билан тўққиз соат ухланса кифоя, кўп ухлаш одамни ланж, касал қилади. Асло қуёш чиққунча ухламанг, чунки бу динимизда қораланган.
Мана асал-қандларим, яхши бола бўлишнинг, хуш хулқли бўлишнинг қоидаларини билиб олдингиз. Энди нима қилишимиз керак? Ҳа, баракалло, уларни эслаб қолиб, доимо амал қилиб юришимиз зарур. Ана шундай қилсак, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёқадиган болалар бўламиз. Агар Аллоҳ ва Пайғамбарга ёқсак, албатта, жаннатга кирамиз. Жаннатга кирсак, ҳеч қийналмаймиз, доимо мазза қиламиз. Шундайми, ширинтойларим?!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёшлик одобларидан бири ёши улуғларни эҳтиром қилиш ва уларнинг тажрибасидан фойдаланишдир. Ёшлар ўзидан катта ёшдаги ҳар бир кишини, хусусан, қари ёшдаги отахон давоми...

3282 05:00 / 06.03.2017
Қадимги замонда бир ёмон табиатли савдогар бозорда айланиб юриб ичига саккиз юз тилла танга солинган ҳамёнини йўқотиб қўйди. Ўнгга, чапга зир югуриб ҳамёнини давоми...

2945 05:00 / 16.02.2017
Муаллимлар йўл қўядиган ва бундан четланишлари керак бўлган баъзи хатоларни келтириб ўтамиз1. Талабага ёмон муомалада бўлиш. Бундай муомала талабада муаллимга давоми...

4087 10:27 / 21.02.2018
Нурий амаки қишлоқлик, камтар киши. Баъзилар уни одамлар билан муомала қилишни билмайди деб ўйлашади. Чунки у камгап. Бемаъни нарсалар ҳақида сўзлашмайди, давоми...

3209 05:00 / 16.02.2017