1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Вирдларнинг тафсилоти ва ҳужжатлари

12:04 / 01.12.2018 2612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(давоми)

Баъзи кишиларда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор?» деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Бу саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб ола-дилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади.

Имом Шофеъий:

«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:

«Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга асрлар давомида чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.

– Юз марта Ихлос сурасини ўқийди.

Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби шуки, унда Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзигагина ибодат қилишга, Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундагандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлар.

Чунки Қуръони каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:

а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақийдани тузатиш.

б) Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар.

в) Шариат ҳукмлари.

Ихлос сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср қуради».

Имом Термизий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб борар эдим. Ул зот бир одамнинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус Сомад», деб қироат қилаётганини эшитиб,

«Вожиб бўлди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?» дедим.

«Жаннат», дедилар».

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, қарзи бўлса, мустасно...» дейилган.

Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», дейилган.

Имом Насаий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни ёмғир ва зулматда қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга намозга ўтишларига интизор бўлдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва:

«Айт», дедилар.

«Нимани айтаман?» дедим.

«Ҳар кеч ва ҳар тонгда уч марта «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқисанг, ҳар бир нарсага кифоя қилади», дедилар».

– Мурид имкони борича кўпроқ лафзи жалолани – «Аллоҳ» лафзини ихлос билан такрорлаб юради. 

Зотан, бу зикрни доимо қилиб юриш Нақшбандия тариқатининг ўзига хос тарафларидан биридир. Бунда банданинг тили доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан ҳўл бўлиб туради.

– Одатда мазкур зикрлар Бомдод намозидан кейин, қуёш чиққунча қилинади. 

Чунки бу вақт энг фазилатли вақтлардан биридир.

– Шунингдек, Бомдод намозидан кейин Ёсин сурасини қироат қилиш ҳам кундалик вирдлар ичида бор.

Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йаасиндир. Мен унинг умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар.

Имом Аҳмад, имом Абу Довуд, имом Насаий, имом Ибн Можа ва Имом Ҳокимлар Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», деганлар.

Мазкур ҳадиси шарифлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларга амал қилароқ, мусулмонлар ичида бу сураи каримани ёдлаш, уни доимо ўқиб юриш кенг одат тусига кирган. Агар бу амалга суранинг маъноларини англаб етиш ва тадаббур қилиш ҳам қўшилса, айни мурод ҳосил бўлар эди. Зеро, Ёсинни ўқишга бунчалар тарғиб қилувчи ҳадислар бежиз келмаган.

(давоми бор)

“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли давоми...

4598 14:24 / 12.12.2020
Ибн Қудома Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳам бу номаъқул йўлга давоми...

4361 13:30 / 28.09.2019
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири закотдир..Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради.Закот берган кишининг давоми...

3664 13:30 / 22.02.2020
Имом Абу Ҳанифанинг буюк шогирди Абу Юсуф Аббосий халифа Ҳорун арРашийд даврида қозиларнинг энг каттаси бўлган. У биринчи бўлиб quotқозийул қузотquot қозиларнинг давоми...

3165 05:00 / 01.03.2017