1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тилнинг офатлари

09:06 / 30.11.2018 3190 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи офат – кераксиз сўз.

Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Саъийддан ривоят қилинади:

«Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз», дейдилар».

Термизий ривоят қилган.

Иккинчи офат – ботил сўзга киришиш.

Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари, фосиқларнинг қилмишлари каби нарсалар ҳақидаги гаплардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва шу туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади», дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Жанжал ва тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади.

Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

Учинчи офат – гапда чуқур кетиш.

Бу нарса оғизни тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб, гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказиши учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур.

Тўртинчи офат – фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш.

«Фаҳш» сўзи қабиҳ, уят, шармсизлик маъноларини англатади.

Уламолар фаҳшни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Фаҳш соғлом табиат нафрат қиладиган ва мустақийм ақл нуқсон санайдиган нарсадир», деган.

Роғиб: «Фаҳш – қабиҳлиги катта бўлган гаплар ва ишлардир», деган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Сен: «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга Ўзи ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», деб айт», деган (33-оят).

Аввал айтилганидек, фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган.

Уламоларимиз: «Фаҳш ишлар, деганда шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилади», дейдилар. Фаҳш ишлар ичида катта гуноҳлар қаторига кирадиган зинокорлик ва баччабозлик кабилари ҳам бор, катта гуноҳлар сирасига кирмайдиганлари ҳам бор.

Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келиб қолишдекдир», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Жарнинг ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, «Сўкса нима бўпти», дейиш мутлақо нотўғри ишдир.

Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатъи назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Бешинчи офат – мазах.

«Мазах» арабча сўз бўлиб, аслида ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул зотнинг бир кишига: «Эй икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлари ривоят қилинган.

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра Воқиъа сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, махсус яратдик. Бас, уларни бокиралар қилиб қўдик», оятларини ўқиганлар.

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазил-мутойибаларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлган.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлган.

3. Нодир (камдан-кам) бўлган.

Бу ҳолатлар доимий равишда ҳазил қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди. Мисол учун, бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, бунга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни томоша қилганлар», деб ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо.

«Масхара» сўзи луғатда «бировни ҳақир – паст санаш» ва «хор билиш» маъноларини англатади.

Масхара қилиш – хорлаш йўли ила бировни кулгига олиш, пастга уриш, кўпчилик орасида айбини ошкор қилишдир. Гоҳида гап ва амалга тақлид қилиш билан, имо-ишора ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида:

«Батаҳқиқ, сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо қилинганлар. Бас, уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди», деган (41-оят).

Пайғамбарларни истеҳзо қилган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб, тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.

Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.


 Дин насиҳатдир китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авзоийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз оила аъзоларига улушларни тақсимлаб бериб, уйуйларига тарқалишни буюрди. Анбаса ибн Саъид айтади .Эй мўминларнинг давоми...

1616 08:00 / 09.12.2019
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом Ҳарамдаги жой номлари ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва давоми...

4538 07:30 / 09.03.2019
Форс ва Рум империялари 700 йил давомида 1000 мартадан кўпроқ ўзаро жангу жадал қилиб бирибиридан ғолиб келмаган.Сўнгра эса Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу кийимлари давоми...

3300 12:00 / 24.05.2022
Савол Намоз китобларида .Аср намози тўрт ракат фарздан иборат,, деб ёзилган. Лекин Ҳанафий мазҳабида тўрт ракат суннат ҳам ўқилар экан, фақат Ўзбекистонда ўқилмас давоми...

6053 15:45 / 30.01.2020