1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Номаҳрам аёлларга қарашнинг ҳукми (давоми)

17:10 / 13.05.2019 2772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаръий узрлар.

Авратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ўнтадир.

1. Биронтасининг зиёнига гувоҳлик қилмоқ ниятида. Масалан, зино қилувчиларни шахсини билиб олиш учун, шаръан уларнинг авратига қарамоқ мубоҳ.

2. Маҳкамада гувоҳлик бермоқ вақтида гувоҳга мубоҳдир.

3. Қозига ҳам ҳукм чиқариш вақтида, маҳкумлар авратига, зарурат юзасидан қараш мубоҳдир.

4. Фарзанд туғиш вақтида, доялар она бўлмишнинг авратига қараши мубоҳдир.

5. Келин бўлмишнинг бокиралигини аниқлаш зарурати туғилган вақтида, текширувчи аёл келиннинг авратига қараши мубоҳдир.

6. Айбини рад қилган вақтда. Масалан, келин бўлмиш қиз баданида айби бор эканини рад қилди. Уни айби бор ёки йўқ эканини аниқлаш ниятида унинг авратига назар қилмоқ мубоҳдир.

7. Хатна қилиш вақтида.

8. Беморни даволаш жараёнида. Шунингдек, иҳтиқон, яъни клизма қилиш учун авратга қарамоқ мубоҳдир

9. Уйланиш ниятида. Яъни киши ўзи уйланмоқчи бўлган аёлнинг авратига текшириб олиш учун назар қилиши мубоҳ. Текшириб бўлганидан сўнг, никоҳ қилингунга қадар «Биз унаштирилганмиз» деган баҳона билан шаҳвоний суҳбатлар қуриши ҳаромдир.

10. Сотиб олиш ниятида. Яъни бирор жорияни сотиб олмоқчи бўлган харидор уни авратларигача текшириб олиши мубоҳ саналади.

Ёш йигитчаларга шаҳвоний назар қилишнинг ҳукми

Аёлларга шаҳват билан қараш тақиқланганидек ёш йигитчаларга ҳам суқланиб қараш ҳаромдир. Шаҳватсиз бўлса зарари йўқ (Татархония). Шайх Ибн Обидин «Роддул мухтор»да шундай ёзади: «Мултақит»да айтилдики: ёш йигит агар чиройли бўлса унинг ҳукми аёллар ҳукми кабидир. Унинг бошидан то оёғига қадар авратдир. Саййид Абу Қосим айтадики: «Яъни, унга шаҳват билан назар қилмоқ ҳаром бўлади. Аммо у билан ёлғиз қолмоқ ва унга шаҳватсиз боқмоқнинг зарари йўқ. Шу учун ҳам у ниқоб тақишга буюрилмаган.

Мен айтаманки: (Ибн Обидин) бу ҳукм кўкраклари кўриниб қолган, (балоғатга етмаган) ёш қизларга ҳам шомилдир. Балки баъзи  фосиқлар ёш йигитчадан кўра ёш қизчаларни хуш кўришади (Роддул мухтор. Китобус солат, 80-б)».

Муҳаммад Ходимий роҳимаҳуллоҳ «Бариқа»да келтиришича, ҳар бир аёл билан икки шайтон бўлади. Ёш йигитчалар билан эса ўн саккизта шайтон бирга бўлади. Ҳатто ёш йигитча талаби илм қилишни истаса, унинг ота-онаси фитна хавфи туфайли фарзандини ман қилишига рухсат берилади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ўз талабаси Муҳммад ибн Ҳасанни таълим жараёнида орқа тарафига ўтқазиб қўяр эдилар. Чунки Муҳаммад ибн Ҳасан ёш, хушсуврат йигит бўлиб, Абу Ҳанифа унга назари кетиб қолишидан қўрқар эдилар.

Суфёни Саврий деди: «Бу уммат ичида уч тоифа Лутийлар бор (Лутий-баччабоз). Биринчи тоифа шаҳват билан назар қилувчилар. Иккинчи тоифа мусофаҳа жараёнида қўлларидан ушлаб ҳузур қилувчилар. Учинчи тоифа ливота қилувчилар».

«Нисобул иҳтисоб»да келтирилади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳовлиси олдида ўтирган эдилар. Кўча бошидан келаётган, ёш хушсуврат йигитчага кўзи тушиб қолди. Уни кўрди-ю дарҳол ҳовлисига кириб кетди. Унинг кетганини айтганларидан кейин ҳовлисидан чиқиб келдилар. У кишидан сўралди: «Эй Абдуллоҳ, бу ишни ўз фикрингиз билан қилдингизми ёки бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бир нима эшитганмисиз? Абдуллоҳ ибн Умар жавоб бердилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандим. Ул зот айтардилар: «Уларга (шаҳвоний) қарамоқ ҳаромдир. Улар билан (шаҳвоний) гаплашмоқ ҳаромдир. Улар билан (шаҳвоний) бирга ўтирмоқ ҳаромдир».

Исмоил ибн Касир роҳимаҳуллоҳ «Нур» сурасининг 30-ояти тафсирида шундай ёзади: «Салаф уламоларидан аксари ёш йигитчаларга суқланиб қарашдан қайтаришларини айтардилар. Айниқса, сўфий имомлардан кўпчилиги қаттиқ турганлар. Аҳли илмлардан бир тоифа уни ҳаром, деганлар. Чунки унда фитна бор».

Эр-хотин орасидаги назар одоблари

 

Эр-хотинлар бир-бирларининг авратларига қарашлари мумкин. Шундай бўлса-да, одоб шуки, аврати ғализаларига қарамасин. Фуқаҳолар айтишича, жинсий муносабат вақтида қип-яланғоч бўлиб олмоқ танзиҳан макруҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бирортангиз аҳлига (жимо ниятида) келса (авратини) беркитсин. Агар беркитмаса, фаришталар ҳаё қилиб чиқиб кетадилар-да, у Шайтон билан қолади. Агар ораларида фарзанд вужудга келса, унда Шайтоннинг ҳам насибаси бўлади». (Тобароний, Баззор, Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган). Бошқа бир ривоятда: «Эшшакка ўхшаб қип-яланғоч бўлмасинлар» дейилган. Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом, қип-яланғоч бўлиб олишни эшшакка ўхшатишларида, бу ҳолатни яхши эмаслиги маълум бўлади.

Оиша онамиз айтган эдилар: «Расулуллоҳнинг авратини мен ҳам кўрган эмасман, менинг авратимни ул зот ҳам кўрган эмас».

«Татархония»да айтилишича, эр ўз аёли ва жориясининг бошидан то қадамигача бўлган азоларига қараши жоиз. Лекин энг афзали бир-бирларининг авратларига қарамасликдир.

Хулоса

Назар ҳукмларида, ёш болаларга суқланиш, аёлнинг аёлга қараши, эркакнинг эркак авратларига тикилишининг шаръан ман этилгани, албатта беҳикмат эмасдир.

Бугунги кунда бутун инсониятни ташвишга солаётган, баъзи ғарбликларнинг таъбири билан айтганда, «демократия»дан ҳисобланмиш, баччавозлик, бесоқолбозлик, гомосексуализм, гейлик, лесбийлик, сафизм, трибадия, онанизм, вазионизм, зоофилия, педофелия ва шулар каби бошқа зино турларидан иборат бузуқликлардан, инсониятни фақат Исломгина қутқариб қолиши мумкин. Айни мавзудаги ҳукмларни билган чин мусулмон, юқорида санаб ўтилган ахлоқсизликлардан қаттиқ ҳазар қилади.

 Ботирали Алишер ўғли


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким фажрдан олдин рўзани қасд давоми...

1840 17:00 / 10.05.2020
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дейдиларТабассум ndash ишонч калити, ҳадянинг чироғи.Инсоннинг сўзи ақлининг баёни, фазилатининг таржимонидир.Инсоннинг фазилати унинг давоми...

2939 07:00 / 09.01.2019
Назр ибн Исмоил айтади .Бир жанозада Умар ибн Заррни кўриб қолдим. Атрофини одамлар ўраб олишган эди. Маййит қабрга қўйилганда Умарнинг кўзи ёшланди. Сўнгра давоми...

1893 07:10 / 23.05.2019
Басралик бир киши дарвешона ҳаёт кечирарди. Кейинчалик у молдунёга мойил бўлиб қолди. Чиройли уй қурдирди, гиламлар тўшаб, турли жиҳозлар билан безади. Сўнгра давоми...

7020 17:00 / 06.05.2022