1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари

17:07 / 28.11.2018 3219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энг яхши асрда дунёга келганлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен асрма-аср, токи ўзим бўлган асрга етиб келгунимча, Бану Одамнинг энг яхши асрларидан юборилганман», дедилар».

(Бухорий ривоят қилган.)

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг сулбларидан бирма-бир ўтиб, ўзлари туғилган асрга етиб келгунларича доимо дунёдаги энг яхши ҳисобланган одамлар сулбида бўлганларининг хабари сифатида тушунмоқ керак. Дунё яралгандан буён то ўзлари пайғамбар қилиб юборилган вақт келгунча Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхши табақасидан бўлган оталарнинг сулбида бўлганлар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни Аллоҳ таоло аслида фазилатли қилиб қўйганининг аломатидир.

Албатта, Аллоҳ таоло ўзи яратган халқ ичидаги энг афзал зот учун ана шундай силсилани танлаши бежиз эмас. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазлларига фазл қўшади. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азалдан Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлганларини кўрсатади.

Одам фарзандининг саййидилар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсман. Биринчи шафоат сўровчиман. Биринчи шафоат қилинувчиман», дедилар».  (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.)

Термизийнинг лафзида:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман» дейилган. 

Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло бу дунёни яратишидан бошлаб, энг афзал табақадан бўлиб келганлари баён қилинган эди. Бу ҳадиси шарифда эса у зот алайҳиссаломнинг дунёнинг авва­лидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».

Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади», деган маънодадир.

Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.

«Мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман».

қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб, то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана шу шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.

«Биринчи шафоат сўровчиман».

Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканликларининг яна бир далилидир.

«Биринчи шафоат қилинувчиман».

Аллоҳ таолонинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир. Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг ўзидир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:

«Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман», демоқдалар.


“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
491. Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ушбу масжидга ndash Қубо масжидига келиб, унда намоз ўқиса, худди давоми...

2247 14:00 / 19.03.2021
327. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз бошласалар .Субҳанакаллаҳумма ва биҳамдика ва таборакасмука ва таъоло давоми...

5740 13:38 / 14.02.2020
783. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар уч киши бўлса, иккитаси учинчини қўйиб пичирлашмайди,, давоми...

2716 23:03 / 11.11.2022
789. Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинади.Бизга Бану Омирдан бир киши қуйидагиларни айтиб берди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйдаликларида киришга изн давоми...

2168 00:00 / 19.11.2022