1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломда илк хайрия "девони"га қачон асос солинган?

17:04 / 27.11.2018 2870 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Табарийнинг айтишича, ҳижрий ўн бешинчи йили тинч ҳаёт жабҳасида ҳам кўплаб фатҳлар бўлган эди. Улардан бири ҳазрати Умар томонларидан девоннинг ташкил қилиниши бўлди.

Ибн Саъд ва Байҳақийлар қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг олдидан саккиз юз минг дирҳам (кумуш танга) олиб келдим.

У: «Нима олиб келдинг?» деди.

Мен: «Саккиз юз минг дирҳам олиб келдим», дедим.

У: «Ҳалолми, шўринг қурғур?» деди.

Мен: «Ҳа», дедим.

Умар кечаси билан ухламай чиқди. Бомдод намозига азон айтилганида, хотини унга: «Бу кеча ухламадингиз?!» деди.

«Умар ибн Хаттоб қандай қилиб ухласин! Мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келган бўлса! Агар Умар ўша молни ўз жойига ҳақ ила қўймасдан ўлиб қолса, мўмин бўлмас!» деди Умар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари бомдоддан сўнг унинг ҳузурида тўпландилар. Умар уларга: «Бу кеча мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келди. Менда бир фикр туғилди. Мен уни одамларга ўлчов ила бўлиб бермоқчиман. Қани, сизлар нима дейсизлар?» деди.

Улар: «Эй мўминлар амири, ундай қилманг! Одамлар Исломга кириб турибди. Бойлик ҳам кўпаяди. Уларга ёзиб (рўйхат ила) беринг. Одамлар қанча кўпайса, бойлик ҳам кўпаяди ва унга (рўйхатга) қараб бераверасиз», дейишди.

«Менга маслаҳат беринглар, кимдан бошлаб берай?» деди Умар.

Уларнинг баъзилари: «Ўзингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», дейишди.

Бошқалари: «Мўминлар амирининг ўзи билади», дедилар.

«Йўқ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлайман! Кейин уларга яқини. Кейин уларга яқини», деди у.

Умар Бану Ҳошимга, Бану Мутталибга – ҳаммага берди. Кейин Бану Абдушшамс ибн Абдуманофга, кейин Бану Навфал ибн Абдуманофга берди. У Ҳошимнинг она бир укаси бўлгани учун Бану Абдушшамсдан бошлади».

Ўша вақтда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Баҳрайнда амир эдилар. У киши мазкур бойликни Байтулмолдан марказий ҳукуматга ўз ёрдамчилари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали юборган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бойликни мусулмонларга тезроқ ва адолатлироқ қилиб тарқатиш ташвишига тушдилар. Кечаси билан тўлғаниб, ухламай чиқишлари ҳам шундан эди.

У киши халқчиллик сиёсатига содиқ қолиб, бу ишни ҳам шўро мажлисига қўйдилар. Шўро мол тақсимлаш услуби бўйича раҳбарнинг таклифига қарши чиқиб, мол тақсимлашнинг ўша пайт учун такоммиллашган услубини ишлаб чиқди.

Мол тақсимлашни кимдан бошлаш масаласида эса раҳбарнинг таклифи маъқул деб топилди.

Ибн Саъд ва Табарийлар Асламдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«(Ҳазрати Умарнинг уруғи) Бану Адий Умарнинг олдига келиб: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси!» деб гап бошлаган эдилар, у: «Абу Бакрнинг халифаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари Абу Бакр», деди. Улар: «Хўп, майли. Лекин ундай бўлса, шу иккиси қилган ишни қилсанг бўлмайдими?» дейишди. Шунда Умар: «Ҳай-ҳай, эй Бану Адий! Менинг орқамдан (мол) емоқчи бўлдингизми?! Яхшиликни сизларга қилишимни хоҳладингизми?! Йўқ! Аллоҳга қасамки, чақирилмагунингизча (ундан ҳеч нарса) олмайсизлар. Агар дафтарнинг охирида қолсангиз ҳам! Менинг икки соҳибим бор. Улар бир йўлдан юрдилар. Агар мен уларга хилоф қилсам, менга ҳам хилоф қилинади. Аллоҳга қасам, биз бу дунёда нимаики фазл орттирган бўлсак, охиратда амалимиз учун Аллоҳнинг савобидан умидвор бўлсак, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайлидир. У зот бизнинг шарафимиздир. У зотнинг уруғлари арабларнинг энг шарафлисидир, кейин уларга яқини, кейин уларга яқини. Араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шарафландилар. Уларнинг баъзилари насабда у зотнинг катта аждодлари билан бирлашиши ҳам мумкин. Биз эса насабда у зотнинг яқин аждодлари билан бирлашамиз. У ёғига эса Одам алайҳиссаломгача у зотдан ажрамаймиз. Аммо Аллоҳга қасамки, агар қиёмат куни ажамлар амаллар билан, биз эса амалсиз келсак, улар Муҳаммадга биздан кўра ҳақлироқ бўлишади. Ҳеч ким у зотга қариндошлигига қарамасин, Аллоҳ учун амал қилсин, чунки амали ортга сурган одамни насаби илгарилата олмайди», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уруғи – Бану Адий аъзоларига шўро мажлисидаги баъзи одамларнинг ҳазрати Умарга «Мол тақсимини ўзингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», деган гаплари ёқиб тушган эди. Улар Умар розияллоҳу анҳуга ўша гапга амал қилишни таклиф қилишди. Лекин ҳазрати Умар бу таклифнинг ортида нима мақсад турганини яхши билар эдилар. Шунинг учун Бану адийликлар у кишидан эшитадиганларини эшитдилар.

Бу ерда ҳазрати Умарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли байтларига нисбатан улкан муҳаббатлари, Исломда инсон насабга эмас, амалга қараб тақдирланиши ва ниҳоят у кишининг мислсиз адолатлари намоён бўлмоқда.

Юқоридаги девон «Ато», яъни «ато қилиш (хайрия) девони» деб номланади. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан турли девонлар, мисол учун, лашкар девони ва бошқалар ташкил этилди. Уларда ўз соҳасига оид ҳар бир нарса тартиб ила қайд қилиб бориладиган бўлди.


“Ислом тарихи” китобининг 1-жилди асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини бошқа дин ва мафкуралар сингари аёл кишининг шаънини, қадрқимматини ерга урмади, аксинча, уни комил инсон деб эълон қилди. Қуръон каримга асосан эркак давоми...

4105 12:30 / 08.03.2019
Бир шифокор аёл шундай ҳикоя қилади Хонамга ташхис учун олтмиш ёшлардаги кампир билан ўттиз ёшлардаги эркак кириб келишди. Эркакнинг кампирга бўлган ўта илиқ давоми...

5293 13:59 / 04.12.2018
Бир солиҳ зотдан унинг тавбаси ҳақида сўрашди. У шундай жавоб берди .Бир куни гуноҳларим, камчиликларим ва Аллоҳга қайтадиган куним ҳақида фикр юритдим. Қарасам, давоми...

1639 07:10 / 06.08.2019
Олма ейиш учун олма кўчатини олгани бозорга бориб, уни сотиб олиш керак. Кўчатни кўтариб, уйга келиш керак. Ҳовлининг бирор жойига ўша кўчатни экиш керак. Кейин давоми...

4718 16:00 / 03.09.2021