1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яратганнинг ғазабини сўндирадиган амал нима?

11:00 / 05.07.2022 7529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 (Икки дунё саодатини ўзида мужассам этган таълим)

 Шайх Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

– Мен шайх Шамсиддин ибн Қамоҳани ўзининг Абул Аббосий Мустағфирийдан (ҳадис) жамланмаси устида топдим, шунда у (менга бир ҳадисни қандай ўрганганини) ҳикоя қилиб:

“Мен имом Абу Ҳомидил Мисрийдан илм излаш орзусида Мисрга боришга қарор қилдим.  У зот билан кўришганда Холид ибн Валиддан ривоят бўлган ҳадисни сўзлаб беришини сўрадим. У зот мени бир йил рўза тутишга буюрди. Бир йил рўза тутиб, сўнгра ўша мақсад илинжида яна у кишининг ҳузурларига қайтдим. Шунда у зот менга ўз шайхидан то Холид ибн Валидгача бўлган санад ила у ҳадисни айтиб берди”, деди.

(У ҳадис қуйидагича эди)

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу айтадилар:

– Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у кишига:

– Мен сиздан дунё ва охират ҳақидаги баъзи нарсаларни сўрамоқчиман,  – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сенга маълум бўлмаган нарсалар ҳақида сўра, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен одамларнинг олимроғи бўлишни хоҳлайман?!

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга тақво қил, одамларнинг олимроғи бўласан! – дедилар.

– У: Инсонларнинг бойроғи бўлишни яхши кўраман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қаноатли бўл, инсонларнинг бойроғи бўласан! – дедилар.

– У: Мен инсонларнинг афзалроғи бўлишни ёқтираман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Инсонларнинг яхшиси – уларга фойдаси тегадиган кишидир, инсонларга манфаат  етказувчи бўлгин! –дедилар.

– У: Инсонларнинг одилроғи бўлишни яхши кўраман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинг яхши кўрган нарсани, бошқа одамлар учун ҳам яхши кўр, инсонларнинг одилроғи бўласан! –дедилар.

– У: Мен Аллоҳга инсонларнинг хосроғи бўлишни хоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ зикрини кўпайтир, Аллоҳ таолога бандаларнинг хосроғи бўласан! – дедилар.

– У: Эҳсон қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга Уни кўриб тургандек, агар ундай қилолмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қил, – дедилар.

– У: Иймоним комил бўлишини ёқтираман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади! – дедилар.

– У: Тоат қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳнинг фарзларини адо қилгин, тоат қилувчилардан бўласан! – дедилар.

– У: Аллоҳга гуноҳлардан пок ҳолда йўлиқишни яхши кўраман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Жанобатдан яхшилаб ғусл қилсанг, қиёмат куни Аллоҳга гуноҳсиз ҳолда йўлиқасан! – дедилар.

– У: Қиёмат куни нурли ҳолда ҳашр қилинишимни яхши кўраман?! –деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга зулм қилма! Қиёматда нурли ҳолда ҳашр қилинасан! – дедилар.

– У: Роббим таборака ва таоло менга раҳм қилишини яхши кўраман?! –деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзингга ва Аллоҳнинг яратганларига раҳм қил, Аллоҳ сенга раҳм қилади! – дедилар.

– У: Гуноҳларим оз бўлишини хоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга истиғфор айт, гуноҳларинг камаяди! – дедилар.

– У: Одамларнинг карамлироғи бўлишни ҳоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ҳақида унинг халқига шикоят қилма, инсонларнинг карамлироғи ва улуғроғи бўласан! – дедилар.

– У: Ризқимнинг кенг бўлишини хоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Доимо таҳоратли бўл! Ризқинг кенгайтирилади! – дедилар.

– У: Аллоҳ ва Унинг расулига суюкли бўлишни хоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган нарсаларни яхши кўр, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ғазаб қилган нарсага сен ҳам ғазаб қил! – дедилар.

– У: Аллоҳнинг норозилигидан омонда бўлишни хоҳлайман?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга ғазаб қилма, Аллоҳнинг ғазаби ва норозилигидан омонда бўласан! – дедилар.

– У: Аллоҳ айбларимни яширишини истардим?! – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарларинг айбини яширсанг, Аллоҳ сени айбларингни яширади! – дедилар.

– У: Менинг хатоларимни ўчириб юборадиган нарса нима? – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши, хузуъ ва касалликлар! – дедилар.

– У: Аллоҳнинг наздида яхшиликнинг қайси бири афзалроқ? – деди.

– У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳусни хулқ, тавозеъ, балоларга сабр қилиш ва қадарга рози бўлиш! – дедилар.

– У: Аллоҳнинг наздида қайси гуноҳ улкан? – деди.

– У зот: Ёмон хулқ ва бахил бўлиш! – дедилар.

– У: Роҳманнинг ғазабини сўндирадиган амал нима? – деди.

– У зот: Махфий садақалар қилиш ва силаи раҳм! – дедилар.

– У: Жаҳаннам ўтини нима ўчиради? – деди.

– У зот: Рўза! – дедилар.

“Мунтахабу Канзул уммол” китобидан

Алишер Абдураззақов таржимаси

 

 

Манба
Ahlisunna.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уч киши баҳслашиб қолишди. Улардан бири .Замонамизнинг энг сахий кишиси Қайс ибн Саъд ибн Алқама,, деди. Бошқаси .Ҳозирги кунда энг сахий киши Абдуллоҳ ибн Жаъфар,, давоми...

3543 08:00 / 18.08.2020
карантин пайтидаги ўйларимУшбу мақолани бир мухлисамиз GRAND TA`LIM grandtalim томонидан ўтказилган .Кеча ва бугун неъматлар қадрини англамоқдамиз, танловига юборган давоми...

2654 15:30 / 24.07.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига тонгда ёки кечқурун бориб турадиган одатлари бор эди. Кунларнинг бирида давоми...

3957 09:00 / 27.05.2022
. ,.Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ким тонг оттирган чоғи давоми...

3796 11:00 / 11.04.2020
Аудиолар

213188 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132408 14:35 / 11.08.2021