1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Қарс икки қўлдан

05:00 / 15.02.2017 3707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН...

Ассалому алайкум, азиз устозлар! Менинг турмуш қурганимга  олти йил бўлади. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ўғил қиз фарзандли бўлдик. Лекин аёлимнинг менда кўнгли йўқ. Ҳар гал тушкунликка тушганида “ажрашайлик” дейди. Мен аёлимни ёқтираман, унинг эса менда кўнгли йўқ. Мен шу кунгача жавобини бермай келаяпман, бу ҳаракатим билан менда кўнгли йўқ инсонни зўрлаб ушлаб турган бўлиб колмаяпманми? Бу Яратган Эгамга хуш келармикан, бу гуноҳ бўлмайдими? Илтимос, менга тўғри йўлни кўрсатинглар...

“Ислом.уз” сайтига келган саволлардан

 

Савол берган мухлисимизнинг турмуш қурганларидан бери олти йил ўтсаям нега хотинининг ўзига кўнгли бўлмаётгани сабаблари ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрганмикан? Оила эр ва хотиннинг ўзаро муҳаббати, садоқати, матонати ва рағбати асосига қурилади. Эр хотиндан буларни талаб қилаверсаю, ўзи хотинига муҳаббат, шафқат кўрсатмаса, бундай оила асло мустаҳкам бўлмайди, мана шундай кўнгилсизликлар пайдо бўлаверади. Оилада тотувлик бўлиши учун икки ёш бир-бирининг муҳаббатини қадрлаши, ҳамиша бир-бирига садоқат ва бағрикенглик кўрсатиши, ўз қусурларини муҳаббат остонасида қурбон қила олиши керак.  

Хотинингизнинг ўн саккиз, йигирма йиллар ўзи яшаган хонадонини, меҳрибон ота-онасини, яқинларини ташлаб, сизнинг хонадонингизга келин бўлиб тушиши унинг мазлумалигидан ёки тили қисиқлигидан эмас, балки Аллоҳнинг амри, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига бўйсунганидан, оилага, эрига ишқи ва садоқатидандир. Эр бўлмаса, унинг учун бу хонадон ғамхонага, унинг ота-онасию яқинлари шунчаки ҳамхонага айланади. Эр бўлмаса, унга турмушнинг қизиғи қолмайди, ҳаётнинг маъноси кетади.

Аммо ана шундай эзгу ниятлар билан хонадонингизга кириб келган аёлга яхши муомала қилмасангиз, кўнглини олмасангиз, ғамга ботганида овутмасангиз, тушкунликка тушганида тасалли бермасангиз, ширин сўзингизни аясангиз, унинг кўнгли сизга илирмикин, уйингиз бахт ошёнига айланармикин, тотувлик ойнасига дарз кетмасмикин? Жуда кўп йигитлар бир кунда ўтиб кетадиган тўйларига катта тайёргарлик кўришадию, аммо бир умрга давом этадиган “турмуш” дея аталувчи катта синовга ҳозирлик кўришмайди. Аксарияти ёшлар динимизнинг никоҳ, оила, талоқ борасидаги ҳукмларидан мутлақо бехабардирлар. 

Ислом динига кўра, эр оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул киши ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, бу туфайли унга «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа аъзоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилган эмас. Аксинча, эр хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онасининг ўзи ва хотини томонидан ҳурмат-эҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл тарбиясиз, ахлоқсиз бўлса, уни панд-насиҳатлар, танбеҳлар билан йўлга солади.

Эрнинг яна бир вазифаси – агар хотини хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва уларни муросага келтиришдир. Арабларнинг «Уйланишдан олдин кўзларингни оч, уйланганингдан сўнг бирини юм» деган ҳикматида чуқур маъно бор.

Айниқса, эр-хотин ўз табиатидаги қусурлар жиловини қўйиб юборса, керилиш, ўжарлик, худбинлик, манманлик каби иллатларни йўқотмаса, луғатидан «бўлганим шу», «сендан қаерим кам», «ҳали сенга кўрсатиб қўяман» каби сўзларни чиқариб ташламаса, бу оилага ҳеч қачон тотувлик, бахт, муҳаббат қадам ранжида қилмайди.

Севган аёлингизга гоҳида бироз ён бериш, жаҳли чиқиб турганида ёки нимадандир изтиробга, ғамга тушганида бир оғиз сўздан қолиш, оғир дамларда ширин гапириб, тасалли ва таскин бериш билан осмон узилиб тушмайди, мавқеингиз-обрўйингиз пасайиб қолмайди. Араб ёзувчиси Жуброн Халил Жуброннинг таърифига кўра, «Севган аёл ҳамма нарсани кечиради, аммо ҳеч нарсани унутмайди».

Тасаввур қилинг: зерикарли қиш оқшомларида болаларини ухлатиб, эр-хотин танҳо қолишди. Эр телефон кавлашдан зерикди, хотин ҳозиргина севимли сериалини якунлаб, қаҳрамонларнинг қисматини унутиб улгургани йўқ. Мана шундай бир пайтда иккала томон ҳам ширин суҳбат қуришни, бир-бирларига меҳр, муҳаббат изҳор қилишни, фарзандлар келажаги ҳақида ширин орзулар суришни қўмсаб қолади. Ёки иккови ишхонасидаги янгиликлар билан ўртоқлашишни, дам олиш кунлари учун режалар тузишни истайди. Лекин амалда иш бошқача тус олади: «Мен итдай чарчабман, жойимни солиб бер», дейди эр. «Мен ҳали идишларимни ювганим йўқ, ўзингизнинг ҳам қўлингиз бор-ку», деб жавоб қилади хотин. «Сан ўзи қачон бир иш буюрилганда хўп, дейдиган бўласан» деб зуғумга ўтади эр. «Ҳозир ҳамманинг ҳуқуқи тенг, ман сизга хизматкор эмасман» деб гап қайтаради хотин. Ўзаро таъна-маломатлар, «ҳуқуқ талашиш»лар бора-бора икковининг ҳаётларини заҳарга айлантиради.

Кўпларимиз диний илмлардан бехабарлигимиз ёки буларни ўрганишга эринчоқлигимиз туфайли Исломнинг бу борадаги тавсияларини яхши билмаймиз. Агар билган бўлганимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз оила аъзоларига қилган муомалалари, покиза хотинларига нисбатан муносабатлари исломий турмушнинг энг гўзал намунаси эканига гувоҳ бўлардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом давлатининг бошлиғи сифатида юмушлари бошдан ошиб ётган бўлса ҳам хотинларига эътибор ва муҳаббатни бир кун ҳам канда қилмаганлар. Уларга ёрдам тариқасида кўпинча кийимларини ўзлари ямаганлар, қўйларни соққанлар, бошқа рўзғор ишларини қилишдан орланмаганлар. Буни биргина севимли хотинлари Оиша розияллоҳу анҳо билан бўлган оилавий муносабатларида яққол кўриш мумкин: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Ҳайз кўрган  пайтимда сув ичар, сўнг идишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эдим. У зот оғзим теккан жойга оғизларини қўйиб ичар эдилар. Ҳоизалик пайтимда суякнинг гўштидан бир тишлаб, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эдим. У зот оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар" (Муслим ривояти).

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан югуришда мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг жуссам оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир», дедилар» (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Араб тилида эркалаш маъносида исмни қисқартириб айтиш кенг тарқалган. “Саҳиҳи Бухорий”га кирган ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳони «Оиш» деб чақирганлари ривоят қилинади.  

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида Оиша розияллоҳу анҳодан бўса олиб шундай деганлар: “Бўса таҳоратни синдирмайди, рўзани ҳам очмайди, эй Ҳумайро, динимиз жуда кенг” дейилади ривоятлардан бирида. Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан баъзиларидан бўса олдилар, сўнг таҳорат қилмай намозга чиқдилар” дедилар. Шунда мен “Ўша аёл сизсиз-а?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо кулиб қўйдилар". 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётган вақтларида ҳам бемалол сажда қилган ҳолатларида вафот топишлари мумкин эди. Лекин у зот умматга муҳаббат ва вафонинг таълимини бериб Оиша онамизнинг қучоқларида вафот топганлар.

Аёлларга муомаланинг ана шундай гўзал намунасини ўргатиб кетган Пайғамбар алайҳиссаломга уммат бўлган бизларнинг аёлларимизга бўлган муносабатимиз, уларнинг ҳақларини адо этишдаги камчиликларимиз туфайли оила борасидаги исломий талабларга эътибор сусайиб кетди. Ваҳоланки, аёлларга муносабатларнинг энг тўғри, энг гўзал кўриниши фақат Исломдадир. Мана шу ҳақиқатни эсдан чиқарганлар оилада турли муаммоларга, тузатиб бўлмас хатоларга дучор бўлаверадилар.

Савол берган мухлисимизга маслаҳат тариқасида давримизнинг улуғ Ислом олимларидан шайх Аҳмад Зулфиқор Нақшбандий ҳазратларининг оилани мустаҳкамлаш борасидаги мана бу тавсияларини келтириб ўтиш ўринлидир: “Эр аёлига бир кунда беш бор маънавий-руҳий “хабар” жўнатиб турсин. Бу бўса ҳам бўлиши мумкин, аёлнинг бирор ишини тақдирлаш бўлиши мумкин, эркалатиб бошини ёки қўлини силаш бўлиши мумкин, эркалаш маъносидаги аёл учун ёқимли “хоним” ёки “маликам” каби чиройли  сўзлар бўлиши мумкин, ишхонада бўладиган бўлса оддийгина SMS бўлиши мумкин” деганлар. Аслида бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Бахтли оила қуришни истаган эр ва хотин аҳил, тотув, бахтли ва фароғатли ҳаёт кечириш учун бир-бирларидаги ҳақларини яхши билиб олишлари ва бунга қатъий амал қилишлари зарур бўлади. Хотиннинг эрдаги ҳақлари кўп бўлиб, шулардан ўзаро муомалага доир айримларинигина келтириб ўтамиз:

Эр хотинига хушфеълли бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, унга озор етказмаслиги керак. Чунки ҳадисда: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхши муомала қилганингиздир», дейилган.

Эр хотинининг озорларини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойимлик кўрсатиши, унинг хатоларини кечириши керак.

Эр хотини билан ўз қадрини туширмайдиган даражада ҳазил-ҳузул қилиши, чақчақлашиши, ўйнамоғи керак. Бу ишлар аёл қалбига сурур бағишлайди, уни масъуд қилади.

 Эр хотинининг иффатини сақлаши, уни ҳаромдан ҳимоя қилиши керак. Айниқса қўшилиш чоғида хотинининг хоҳишини инобатга олиши лозим.

Эр хотинини на сўз билан, на феъли билан сўкиб, айблаб, ҳақоратлаб, ёмонлаб пастга урмаслиги, унинг жисмию хулқини, оиласию яқинларини камситмаслиги зарур. Зеро, бу мусулмон одобига мутлақо тўғри келмайди.

Эр хотинини яхши кўрса, уни ҳурматлаши, қадрлаши, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги лозим. Истаса чидаб яшасин, ёки яхшиликча ажрашсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пастлар хорлайди.

Булардан ташқари, эрнинг одобига кирувчи жуда кўп вазифалар ҳам борки, қуйида улардан айримларинигина келтириб ўтамиз:

Эр аҳли-аёлининг ҳузурига кўчадан салом бериб киради ва уларнинг аҳволини ва кайфиятини сўрайди.

Аёли ёлғиз, кайфияти яхши бўлса, унинг сочларини силаб, суйиб, турли илтифотлар кўрсатади.

Хотинини қайғули, хафа ҳолда кўрса, унга раҳм-шафқат кўрсатади, ҳолини сўрайди, яхши сўзлар билан тасалли беради.

Эр турли ширин сўзлар, дил изҳорлари, тасалли ва ваъдалар билан хотинининг кўнглини кўтариб, дилини хушнуд қилади. Чунки аёл эрининг хонадонида бошқалардан умидсиз, яхши сўзга муҳтож бўлади. Яна «Аёл киши қулоғидан семиради», деган гап ҳам бор.

Эр аёлининг ёмон қилиқларига сабр қилади, уни тарбиялаш чораларини ахтаради. Аёли ғазабга кирганида сукут қилади. Аёл киши заифа бўлгани учун ана шу сукутга таслим бўлади, ғазабига пушаймон чекиб, эридан узр сўрайди.

Хотини яхши хулқли, ораста бўлиб, хизматларини комил адо этса, унинг ҳаққига дуолар қилади, шундай хотин ато этгани учун Яратганга ҳамдлар айтади.

Тирикчилик ва рўзғор ташвишлари хусусидагина эр аёли билан маслаҳатлашади, бундан бошқа катта иш, масъулиятларни аёлига юкламайди. У аёлига ўзининг қайғу-мусибатлар ва ташвишларини, ишидаги кўнгилсизликларни, зиммасидаги бурчларини айтиб, душманлари ҳақида гапириб, унинг оромини бузмайди.

Аёлининг кечаю кундуз эр хизматини қилгани, рўзғорининг барча юмушларини бажаргани, фарзандини боқиб-тарбиялагани, оиланинг посбони, хазинабони, мунис ёри бўлгани учун унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам фақат яхши дуолар қилади, қарғамайди, миннатдорчилик билдириб туради.

Атоқли мутафаккир олима Олиматул-Банот: «Оилавий масалада эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади», дейди. Аёлнинг кўнглини топиш аслида жуда осон иш. Юқорида айтганимиздай, бирор ширин сўз билан унинг хизматларини тақдирлаш, бирор баҳона билан гул тақдим қилиш, сайрга олиб чиқиш, дўкондан бирор совғани айнан унга татаб харид қилиш, ҳеч бўлмаганда ҳар куни эрталаб ва кечқурун унинг юзига табассум билан боқиш ҳар бир эркакнинг кундалик вазифасига айланиши лозим. Оила бахтини ўйлаган эркак фақат ўзини ўйламай, жуфти ҳалолининг кўнгли билан ҳисоблашиши зарур вазифалардандир. Аммо айрим оилаларда ана шу бахтни асраб қолишда эр ҳам, хотин ҳам нўноқлик қилиб қолишяпти. Оқибатда не-не ширин орзулар, яхши ниятлар, улуғ режалар билан боғланган никоҳлар тезда заволга учрамоқда. Оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккала томоннинг манфаатларини тарозига солган ҳолда ёндашиш керак. Ана шундагина оила чинакам бахт-иқбол ошёнига айланади, унда эр-хотиннинг бир-бирларидан ўпкалашларига ёки кўнгиллари қолишига ўрин бўлмайди.

Аҳмад МУҲАММАД.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани олинг ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан кифояланинг. Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир. Нисо, 3Ушбу давоми...

25523 17:41 / 15.07.2017
Ўз бандаларига ибодатнинг турини кўпайтириб берган Аллоҳ таолога беадад, беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Каттаю кичикларга аввал салом берган севимли давоми...

4122 05:00 / 06.03.2017
164. 121. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам.Албатта, Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Уларни яратишдан фориғ бўлганида давоми...

4053 05:00 / 07.03.2017
Аёл ndash аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опасинглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. давоми...

4603 05:00 / 04.03.2017