1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Никоҳланиш суннатдир

05:00 / 15.02.2017 4521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”.


Энг муҳими, ана шу барча жуфтликлар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудодларнинг энг олийси бўлмиш одамзот жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган, айни пайтда бир-бирисиз ҳаёт кечиролмайдиган қилиб яратган.

Никоҳ-оила мустаҳкамлигининг асоси, эр-хотин ўртасида тузилган аҳдномадир. Мазкур аҳднома туфайли икки ёш ҳаётларини туташтиришади.

Никоҳ билан "оила" деб аталмиш бир гўзал ошиён қуришади. Никоҳ билан тузилган оила ҳалол ва пок бўлади. Шу боис, никоҳнинг қиммати каттадир. Унга жиддий қаралиши ҳам шундан.

Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: "Уч нарса жиддийдир: никоҳ, талоқ ва ражъат (бир талоқ қилинган хотинга қайтиш)". Бу эса никоҳнинг муқаддаслиги ва унинг қадрини баланд тутиш жоизлиги ифодасидир.

Оилада фарзандларнинг комил, етук, диёнатли бўлиши учун уларга ҳалол луқма едириб ўстириш керак. Аммо ҳалол луқмаданда, олдинроқ ўйлаш керак бўлган жиддий муаммо ҳам борки, бу эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва муомаладаги эҳтиёткорликдир.

Табароний ривоят қилган бир Ҳадисда жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло аёллар ила яхши муомалада бўлишингизни тавсия этади. Чунки улар сизларнинг оналарингиз, сингилларингиз ва ҳолаларингиздир".

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, насл давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан гувоҳлар ҳузурида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида бандаларига қарата шундай хитоб қилади:

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Пайғамбар (а.с.) ҳам умматни никоҳ асосида турмуш қуришга чақирганлар. Бу мавзуда кўплаб ҳадис шарифлар ҳам ривоят қилинган. Бир ҳадисда: “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”, - дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Тўртта яхши иш борки, булар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланиш”, - деб марҳамат қилинади (Имом Термизий ривояти).

Шу ўринда, эрнинг аҳли аёлига нисбатан ҳурмати устувор турмоғи жоиздир. Бинобарин, ҳурматни сақлаган эр оилага енгил қарамайди. Ҳар бир сўзни ўйлаб, мулоҳаза қилиб сўзлайди. Аммо бемулоҳазалик оқибатида айрим эркаклар аёлига ношаърий сўзлар айтиб қўйишадида, покиза никоҳларини ўзлари поймол этишади. 

Масалан, эр-хотин уришиб қолсалар, эр тилига эрк бериб: "Уч талоқсан, кет уйимдан", деб юборади. Хотин эса кетишни хоҳламайди. Ахир, ўртада уч бола бор-да! Шу андиша билан хотин оилани сақлаб қолмоқчи бўлади. Катталар аралашиб, уларни яраштиришади. Бир йил ўтиб, тўртинчи фарзанд дунёга келади... 

Афсуски, бунақа можаролар кейинги пайтларда тез-тез учраб турибди. Шариатдан бехабар эркаклар аёлларини гўё бир қўрқитиб қўйиш мақсадида сал нарсага "талоқ" сўзини тилга олишади. Бу билан "никоҳ" деган муқаддас битим поймол бўлишини ҳатто, ўйлаб ҳам кўришмайди. 

Аслида "талоқ" Аллоҳ хуш кўрмайдиган ношаърий сўздир. Ўртага бу сўз тушиши оилани барбод қилади. Ваҳоланки, оилани никоҳ асрайди. Никоҳ харомдан сақланиш йўлидир. Унинг ҳурматини сақлаш солиҳ фарзандлар тарбияси учун ўта муҳимдир. Шундай экан, билиб-билмай орага талоқ тушиб қолса, қайси ҳолда оилавий ҳаётни давом эттириш мумкин-у, қайси ҳолда мумкин эмас, каби саволларнинг жавобини ҳар бир эр-хотин билиб қўйсалар, ёмон бўлмайди. 

Никоҳ - давомли бир суннатдир ва пайғамбарларнинг аҳлоқидан гўзал бир хулқдир.

Бир зот Иброҳим ибн Адҳамга шундай деди:

«Сенга қанчалар яхши! Уйланмай ўзингни ибодатга бердинг».

У зот шундай жавоб бердилар:

«Оила сабабидан сенда пайдо бўлган қўрқув менинг ичимдаги ҳолларимдан афзалроқдир!»

«У ҳолда сени никоҳдан ушлаб турган сабаб недир?» - деди у зот.

Иброҳим Адҳам шундай жавоб бердилар:

«Менинг бир аёл (хотин)га эҳтиёжим йўқ. Мен ўз нафсимни бир хотин билан машғул қилмоқни истамайман».

Яна дейилганки:

«Оилали кишининг бир ракат намози, бўйдоқнинг етмиш ракат намозидан фазилатлироқдир».

Яна шундай деганлар:

«Одамлар учун шундай бир замон келадики, одам ҳалокати хотини ва ота-онасининг қўли билан бўлади.

Улар унинг фақирлигини юзига соладилар ва унинг кучи, тоқати етмайдиган нарсани унга юклайдилар.

Шу тариқа у ҳам дини йўқ бўлиб кетадиган йўлларга киради ва ҳалок бўлади».

(Байҳақий «Зуҳд»да Абу )урайрадан (р.а.) ривоят этган).

Абу Сулаймон ад-Дароний ҳазратлари никоҳдан сўралдилар. У зот шундай дейдилар:

«Биродарларимиздан уйланганларнинг биринчи мартабада қолганларини ва маънавий даражаларга эришмаганликларини кўрдим».

Яна шундай дейдилар:

«Уч нарса борки, буларни талаб этган киши дунёга боғланиб қолган бўлади:

1. Дунё ҳаётини исташ (ва охиратдан афзал кўриш.)

2. Уйланиш.

3. Ҳадис (воқеа) ёзиш».

Ҳасан Басрий ҳазратлари шундай дейдилар: «Аллоҳ бир қулига яхшиликни ирода қилган замон уни бола-бақра ва дунё моли билан машғул этмас».

Ибн Абил Хаворий шундай дейдилар:

Бир гуруҳ одамлар бу сўз ҳақида мунозарага киришдилар. Натижада, иттифоқ этдиларки, бу сўз(лар)нинг маъноси никоҳдан қочмоқ эмас, балки уни (Ҳақ йўлдан) тўсмаслик, халал бермаслик, машғул этмасликдир.

Шу ўринда Абу Сулаймон ад-Дароний сўзларига ишорат бор. Чунки у зот шундай деганлар:

«Хотин, мол, фарзанд ва сени Аллоҳдан тўсиб, машғул этувчи ҳар нарса сен учун ёмондир».

Хулоса килиб, шундай деймизки, мутлоқ маънода никоҳни ташвиқ этувчи сўзлар шартларга боғлик ҳолда айтилгандир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар (а.с.) ахлоқлари, ислом одоби билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.

Бинобарин, Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек, никоҳ ва талоқда ҳазил йўқ. Жаҳл чиққанда талоқ бериб, ҳушёр тортган пайт яна яшаб кетадиган жўн иш эмас бу.

Демак, оила ва никоҳга соғлом ақл эгалари енгил муносабатда бўлишмайди. Улар оилага, айниқса, кўз қувончи бўлган фарзандлар келажагига илмсизлик ва омилик билан эмас, жиддий ёндошишади.

Никоҳда беш турли фойда бор:

1. Фарзандли бўлмоқ.

2. Шаҳватдан тийилиш.

3. Уй ишларининг бошқарилиши.

4. Сулола кўпайиши.

5. Нафс билан курашиш.

Энди бу ҳолларни навбати билан кўриб чиқайлик:

Никоҳдан асл мақсад фарзандли бўлишдир. Яна никоҳдан мақсад – наслнинг давомийлигини сақламоқ ва дунёнинг инсон туридан ҳоли қолмаслигини машру йўлда таъмин этмоқдир.

Тупроқ суриб, ҳайдалиб, уруғ қадалгандан сўнг, ўсимлик ер юзига униб чиққанидек, хотин ҳам экинзорга ўхшатилган...

Машру шаклда ва машру асосда уруғ экиш Аллоҳ таоло иродаси билан наслнинг давом этишини сақлайди.

Қуш бир донни чўқиб олмоқ истар экан, баногоҳ ўзи учун аввалдан тайёрлаб қўйилган тузоққа тушиб қолиши мумкин. Инсон ҳам шундай. Инсон атрофи шундай таҳликали тузоқлар билан қуршалгандир. Шаҳвати сабаб фалокатларга тушиши мумкин.

Аллоҳ таоло ҳар қандай шароитда хоҳлаганини яратмоқка кодир.

Уйланиш ва фарзандли бўлиш истаги тўрт жиҳатдан Аллоҳ таолога яқинликни таъмин этади.

1. Инсоният давомийлигини сақламоқ учун фарзандли бўлиш Аллоҳнинг муҳаббатига уйғун келади.

2. Қиёмат куни бошқа пайғамбарлар каршисида умматининг кўплиги билан фахрланадиган Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муҳаббатини истаган бўлади.

3. Ўлгандан сўнг солиҳ фарзанднинг дуоси барокати билан амал дафтарига савоб ёзилишини талаб этган бўлади.

4. Агар ўзидан аввал фарзанди вафот этса, унинг шафоатини истаган бўлади.

Тайёргарлик кўрмай, жон қийнамай фарзандли бўлишни истаган кишининг ҳоли ерни ҳайдамасдан, уруғ экмасдан ҳосил кутган кимсанинг ҳолига ўхшайди.

Экинзорни ҳайдамасдан аввал бир неча иш қуроллари лозим бўлганидек, уйланиш ва фарзандли бўлиш учун шаҳват зарур.

Аллоҳ буюкдир. У эркакни яратди. Аёлни ҳам яратди.

Яна у нутфани яратди. Нутфа юрадиган томирларни яратди.

Ўша нутфа жойлашадиган раҳмни яратди, аёл ва эркакка шаҳватни мусаллат этди.

Барча бу ишлар ақл эгаларини ўзлари учун ҳозирланган неъматларни ўйламоққа йўллайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) уйланиш ва кўпайишни амр этдилар:

«Уйланингиз, кўпайингиз!» (Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) Байҳақий ривояти)

Никоҳдан тўсувчи ҳар нарса экинзорни ҳайдамоққа халал берувчи сабабга ўхшайди. Уруғга зиён етказади; Ҳақ таоло яратган фитратни ва бундан англашилган маънони бузишга ҳаракат қилади.

Ваҳоланки, бу аъзолар устида рақам, ҳарф ва овоз билан эмас, бевосита Илоҳий бир хат билан ёзилган ёзувлар бор.

Идрок ва басират соҳиби бўлган ҳар ким буни қабул қилади.

Уруғни зое қилган киши ҳали она бачадонида етилиб дунёга келмасдан аввал унинг келишига тўсқинлик қилган бўлади.

Бу боис дейилганки, азл (манийни раҳм ташқарисига тўкмоқ, оқизмоқ) ҳам шу ҳоллардан биридир.

Умумий истисно ҳоллардан ташқари Аллоҳ насл сувини исроф қилиб, беҳуда сарф этилишини ёмон кўргандир.

Аллоҳнинг муҳаббати кишилик ҳақларининг ҳимоя этилиши ва наслнинг давомийлигидадир.

Аллоҳ таоло марҳамат этади:

«Аллоҳга "чиройли қарз" берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча бор баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига қайтарилажаксиз». (Бақара-245)

Насл давомийлиги Аллоҳ таоло ҳузурида севилган, наслнинг йўқ килиниши эса, Унинг ҳузурида севилмаган хусусдир.

Аллоҳ таоло ўлим билан ҳаёт орасини ўз иродасига боғлаб бир-биридан айирмишдир.

Ҳар нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлади.

Аллоҳ оламлардан беҳожатдир. Ҳеч кимсага муҳтож эмас.

У ҳолда уларнинг ҳаёти ва ўлимларининг, насл давом эттиришларининг ёки йўқ қилишларининг, бир-биридан айрилишдаги - фарқланишдаги ҳикмат нима?

Бизнинг фикримизча; бутун коинотнинг, яхши ва ёмон, фойдали ва зарарли ҳар нарса Жаноби Ҳақнинг иродасига боғлиқ бўлишига бир монелик ва зиддият йўқ. 

Демак никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар (а.с.)нинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, “қўли калталиги”ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшиш”, “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳдан асосий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланиш, асосий шартлардан бири келинга куёв томонидан маълум бир ҳадя – маҳр берилишидир. Никоҳсиз қўшилиш зино ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда ҳар иккаласидан алоҳида розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар ҳам эшитишлари никоҳнинг шартларидандир.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.

Мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири бўлган “Дуррул-Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзотга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Никоҳнинг учта асосий шарти бор: 

1. “Ийжоб ва қабул”, яъни бирининг оғзаки таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. 

2. Никоҳ чоғида камида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 

3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши керак.

Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу нарса айримлар ўйлаганидай “кераксиз машмаша” ҳам эмас ёки пул бериб маълумотнома олувчилар фикрлаганидек уддабуролик ечими ҳам эмас. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта ҳаражатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг давосиз, бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилиш ва икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримиз кўрсатмаларидандир.

Анас (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келтирилади:

“Набий (с.а.в.) Абдураҳмон ибн Авф (рз.)да сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?”, - дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллони маҳр қилиб бериб, бир аёлга уйландим”, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер”, - дедилар.

Ушбу ҳадисга биноан уйланган киши бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бериши мустаҳабдир.

Никоҳда ҳозир бўлганлар, зиёфатга келганлар келин-куёвга Аллоҳ таолодан хайру барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) қолдирган суннат амаллардандир.

Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигулик бўлиши лозим. Бу эса, ўртамизда сақланиб қолган ислом одоб-ахлоқи ва меҳр-оқибатининг давом этишига сабаб бўлади.

Урф-одатларимизга кўра катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кирган. Машҳур саҳобий Анас ибн Молик (рз.)дан нақл қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобалари эрининг ҳурматини ва хизматини қилишни янги келинларга буюрар эдилар, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор эрингни терговчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган масалаларни мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади. 

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзликда камчиликларини айтиш, буни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада биз билмаган, ақлимизга келмаган Аллоҳ таолонинг ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас бир неча яхшилик борлиги маълум. Аёлларнинг оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни дунёга келтириши шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақда ҳадис шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Мўмин одам мўминага ғазабланмасин! Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бежизга ҳадисда: “Агар бирон нохушлик қилса, унинг замирида кўп яхшиликлар бўлиши мумкин”, - деб айтилмаган.

Неча исталган нарсалар борки, улар ёмон.

Неча орзу этилган нарсалар борки, улар севимлидир.

Гуноҳлар нохушдир. Шу билан бирга орзу этилади.

Тоат-ибодатлар севилган ва исталган нарсалардир.

Куфр ва ширк ёмон. Лекин барибир баъзилар тарафидан орзу этилади.

Аллоҳ марҳамат қилади:

«У (Аллоҳ) бандаларинииг кофир бўлишига рози бўлмас». (Зумар-7).

У ҳолда насл давомийлигини таъмин этмоқ билан, уни йўқ қилмоқни Аллоҳ наздида ҳеч айни (бир, тенг) бўлурми? Бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ марҳамат этади: «Мусулмон қулимнинг руҳини қабз этмоқ хусусида оғир муомала қилганимчалик, ҳеч бир нарсада тараддудланмадим. Мен унинг ёмонлигидан рози бўлмайман. Муҳаққақки, унинг учун ўлим бор». (Абу )урайрадан (р.а.) Бухорий ривоят этган).

«Муҳаққақки, унинг учун ўлим бор» ифодаси у ҳақда аввалроқ келган бир иродага ишорат этмоқда.

Аллоҳ марҳамат этади:

«Сизларнинг ўртангиздаги ўлимни (ажални) ҳам Биз ўлчаб қўйгандирмиз». (Воқеа-60).

Яна марҳамат этилади:

«У (Аллоҳ) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун улим ва ҳаётни яратган зотдир». (Мулк-2).

Бу оятлар билан ҳадиси қудсийда келган «Мен унинг ёмонлигидан рози бўлмайман» ифодаси орасида ҳеч бир зиддият йўқ.

Аллоҳнинг зоти билан маҳлуқотнинг сифатлари орасида кўп фарқлар бор.

Маҳлуқотнинг борлиғи модда ва шаклдан иборат, нуқсонга тўла.

Ҳолбуки, Аллоҳнинг зоти ва сифатлари ҳар турли нуқсондан покдир.

Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин-ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга кучингиз етдими? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вазифаси эканини унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбарининг суннатига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин! 


  Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

 жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ТАЛОҚ ИХТИЁРИНИ ТОПШИРИШДА ҚЎЛДАН БОШҚА АЪЗОНИ ИШЛАТИШТафвизут талоқ учун фақат quotишинг қўлингдаquot ибораси ишлатилмайди. Балки, ундан бошқа уни ўрнини боса давоми...

6258 05:00 / 15.02.2017
.Лиъон, сўзи лаънатдан олинган бўлиб лаънатлашиш маъносини англатади. Шариатда эса, хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинонинг рад этган давоми...

4274 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Тенги чиқса, текинга давоми...

4513 05:00 / 07.03.2017
ИЙЛОНИНГ БАЁНИИйлонинг луғавий ва шаръий маъноси Ийло луғатда аҳд қилмоқ, қасам ичмоқ деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда тўрт ой ёки ундан ортиқроқ давоми...

3588 05:00 / 15.02.2017