1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ғийбатчининг дуоси қабул бўлмайди!

19:02 / 10.11.2018 3352 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Эй биродарим, билиб қўйки, Аллоҳ, ўзининг Қуръонида ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида кескин айтиб, ғийбат қилганни ўликнинг этини еганга ўхшатгандир. Аллоҳ Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

 “Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир! Бир-бирингизнинг айбларингизни кавлаштирманг ва айримларингиз ҳам айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарларининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бунданда ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадиларки:

“Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли, иффати ва номуси бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Ғийбатдан сақланинг! Ғийбат зинодан ҳам ёмондир. Зеро, киши зино қилиб, охири тавба қилса, Аллоҳ афв этиши мумкин. Ҳолбуки, ғийбат қилганни тўғридан-тўғри кечириши қийин. Фақат ғийбат қилинган киши кечиргандан кейингина афв этиши мумкин”.

Дерларки:

– Ғийбат қилган киши майдонга бир тўп қўйиб, ўнгу сўлни замбарак ўқидан совурган кимсага ўхшайди. Ғийбат қилганда, унинг қилган гўзал амаллари ўнгга-сўлга совурилган бўлади. Ким мусулмон биродарининг номига доғ тушириш мақсадида уни ғийбат билан қийнаса, қиёмат куни Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида турғизади. Қилган ғийбати қайтиб олинмагунча у ўша жойдадир.

– Ғийбат биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир. Бу ҳадис кўп қамровлидир. Кишининг жисмоний камчилигини, зоти, хатти-ҳаракатлари, сўзи, диний ва дунёвий жиҳатлари, ҳатто либоси ва уловининг қусурини айтмоқ, уни кавлаштирмоқ демакдир. Дастлабки соф мусулмонларнинг баъзи бирлари биров тўғрисида «Кийими қисқа ё кийими узун!» тарзида айтилган сўзни ҳам ғийбат деб ҳисоблаганлар. Шундай бўлгач, нега энди кишини хафа қиладиган сўз айтилганда, бу ғийбат бўлмасин?!

Бир кун пакана бир хотин баъзи бир масалаларни сўрамоқчи бўлиб,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқлаб келади. Билолмай қийналиб юрган нарсаларини билиб олиб, чиқиб кетгандан кейин, Оиша розияллоҳу ано:

– Мунча ҳам пакана хотин экан! – дейди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ғийбат қилдинг, эй Оиша! – дейдилар. Ғийбатдан сақланинг! Чунки унда уч офат бор:

1. Ғийбатчининг дуоси қабул қилинмайди.

2. Қилган хайрли ишлари қабул этилмайди.

3. Ғийбатчининг устида гуноҳлар бирлашади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамима (гап ташувчилик)нинг ёмонлиги ҳақида шундай буюрганлар:

“Қиёмат куни инсонларнинг энг ярамаси иккиюзламачиларидир. Иккиюзламачилар бу ерга келиб бошқача сўзлайди, унга бориб бошқача гапиради. Ким дунёда шундай иккиюзлама бўлса, қиёмат куни унинг оловдан икки тили бўлади. – Унга бориб бир турли, бунга келиб бошқа турли гапириб, бузғунчилик қилганлар жаннатга кирмайди.

Ҳикоя қиладилар:

Абуллайс Бухорий ҳажга кетаётганда чўнтагига иккита пулни ғамлаб олади ва ўз-ўзига шундай шарт қўяди:

– Агар Маккага кетаётганимда ёки у ердан келаётганимда бировни ғийбат қилсам, шу икки пулни садақа қиламан.

– Маккага бориб келади, лекин икки пули чўнтагида қолади. Сўраганларга шу жавобни беради:

– Юз марта зино қилганимдан бир марта ғийбат қилганимнинг гуноҳи ёмонроқдир!

Абу Ҳафс Кабир ҳам бу мавзуда шундай деган эди:

“Бировни иғво қилишнинг гуноҳи бир рамазон рўзасини тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир”.

Ва илова қилади:

“Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида «Бу, Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!” деб ёзилган ҳолда келади.

Анас ибн Молик ривоят қилади:

Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:

“Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалардилар ва ифлос нарсалар еярдилар. Жаброилдан: «Булар ким?” – деб сўрадим.

Дедики: “Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ғийбат қилганлардир!”

Ривоят қиладиларки:

Салмон Форсий кўпинча Ҳазрати Абу Бакр ва Умар билан сафарда бўларди ва уларга егулик ҳозирлар эди. Бир пайт бир ерда қўнишди. Лекин ейдиган ҳеч вақолари йўқ эди. Ҳазрати Абу Бакр билан Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида егулик бир нарсаси бўлса олиб келиш учун Салмонни жўнатдилар. Лекин у ерда ҳам егулик бўлмагани учун Салмон бўш қўл билан қайтди. Шунда Ҳазрати Абу Бакр билан Усмон:

– Агар Салмон сув олишга қудуққа борса, қудуқнинг суви ҳам қурийди! – дедилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу мазмундаги оят инзол бўлган эди:

“Айримларингиз ҳам айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана, ёмон кўрдингизми?!”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирадилар:

“Ким мусулмон биродарини иғво қилса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг юзини орқасига ўгириб қўяди”.

Ғийбат қилган кишининг зиммасига тушган юк шундан иборатки, у ғийбат қилган даврасидан туриб кетмасдан бурун ва қилинган иғво, иғво қилинганнинг қулоғига етмасдан бурун тавба-истиғфор қилсин, чунки қилинган ғийбат, ғийбат қилинганнинг қулоғига бормасдан аввал тавбаси-истиғфор қилинса, афв этилади! Лекин, қилинган ғийбат, ғийбат қилинганнинг қулоғига етиб боргандан кейин афв этилмайди, фақат иғво қилинган киши билан розилашгандагина афв этилади. Айни тарзда, уйли-жойли хотин билан зино қилган киши хотиннинг эридан розилик сўраши лозим. Унинг розилигини олмасдан тавба қилган билан афв ололмайди.

Намоз, закот, рўза ва ҳаж сингари ибодатлар эса тавба қилиш билан кишининг устидан олиб ташланмайди. Вақтида адо этилмаган бу хилдаги ибодатлар қазосини адо этиш билан кишининг зиммасидаги қарзи узилган бўлади. Ҳар нарсанинг тўғрисини энг яхши шаклда ёлғиз Аллоҳ билади.


Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одам боласига шайтоннинг таъсири бўлиши шубҳасиз. Фақат Аллоҳ таоло сақласагина, бу нарса бўлмайди. Шайтон инсонга унинг заиф томонларидан таъсир қилиш учун давоми...

4783 13:00 / 26.09.2020
Ихлос амалларнинг мағзидир. Қилинган амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ундаги ихлоснинг бор ёки йўқлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам ихлос мавзуси давоми...

2986 05:00 / 01.03.2017
Баъзида киши таҳажжуд намози ўқийдиган одамлар билан бирга тунаб қолиши мумкин. Улар кечанинг кўп қисмини намоз ўқиш билан ўтказишар экан. У эса маълум соатдагина давоми...

2998 17:00 / 25.12.2021
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга саловоту саломлар давоми...

4358 05:00 / 01.03.2017