1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Табайюн

05:00 / 28.02.2017 3543 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Табайюн» сўзи луғатда «очиқ-ойдин билмоқ», «равшанлаштирмоқ» ва «аниқламоқ» маъноларини ифода этади.

Унинг «хабарнинг собит эканини текшириб кўриш», «қайта тасдиқлаб олиш» маънолари ҳам бор.
Уламолар бу сифатнинг таърифида «Табайюн илм етишининг даражаларидан бир даража бўлиб, унда ноаниқликдан кейин равшан илм ҳосил бўлади», деганлар.
Бу сифат таанний сифатига яқиндир. Ораларида бир оз ўхшашлик ҳам бор. Аммо илмий равишда ўрганилса, орадаги фарқ ҳам равшан бўлади.
Бир нарсани очиқ-ойдин билмай туриб тасарруф қилиш, сўз бўлсин, амал бўлсин, жуда ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар ҳаётида содир бўлган баъзи ҳодисаларни муолажа қилувчи, бу сифатнинг ҳар бир мўмин-мусулмонга лозим эканини англатувчи ояти карималар нозил бўлган.
Бу масалага оид оятлар сони ўн бештага етган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса, кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» («Нисо» сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди.
Саҳобалар: «Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди», дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқадиган бўлсангиз, аниқлаб олинглар...» оятини нозил қилди.
Демак, ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларнинг шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин ёки мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб иш кўришини қораламоқда.
Мусулмонлар ҳеч қачон бу дунё матоҳини ҳисобга олиб иш кўрмасликлари лозим.
Шу билан бирга, яхши аниқламай туриб ҳам иш қилмасликлари керак. Қўй ҳайдаб ўтган одам уларга салом бердими, демак, бу билан у: мен ҳам мусулмонман, деди. Уни, сен мусулмон эмассан, деб ўлдириб, қўйини олиш мусулмоннинг иши эмас.
Уларнинг бу ишлари бу дунёнинг ўткинчи ўлжаси учун одам ўлдиришдир.
«Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса, кўплаб ўлжалар бор.»
Ҳолбуки, жиҳодга чиққан одам, Аллоҳ учун чиқади. Аллоҳ таолонинг ҳузурида эса, ўлжалар жуда кўп. Аллоҳ таоло бу номаъқул ишни қилган мусулмонларга ўзларининг яқин ўтмишини эслатиб:
«Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди», демоқда.
Яъни, Аллоҳ сизга иймон ва Ислом неъматини бермасдан аввалги ҳолингизни эсланг? Қандай эдингиз?! Шошқалоқлик қилиб, аниқламай иш қилар ва бу дунёнинг ўткинчи матоҳи учун ҳеч нарсадан қайт¬мас эдингиз. Энди бу иш сизга тўғри келмайди.
Бу жумлага иккинчи бир маъно берса ҳам бўлади, яъни, Аллоҳ сизга тинчлик-омонлик неъматини бермасдан олдин сиз ҳам ўша ўлдирилган одамга ўхшаб иймонингизни яшириб юрар эдингиз. Ўша ҳолатингизни унутманг.
«Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.»
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» («Ҳужурот» сураси, 6-оят).
Келинглар, ояти каримани чуқурроқ тушуниш учун аввал унинг тушиши сабабини ўрганайлик.

Ҳорис ибн Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда, у киши мени Исломга даъват қилдилар, мен Исломга кирдим ва иқрор бўлдим. Сўнгра мени закотга чақирдилар, унга ҳам иқрор бўлдим. Сўнгра:
«Ё Расулуллоҳ, рухсат берсангиз, бориб қавмимни Исломга ва закот беришга чақирсам, ким кўнса, закотларини жамлаб қўйсам, фалон вақтда бир вакил юборсангиз, мен жамлаган закотларни олиб келса», – дедим».
Сўнгра Ҳорис ўзига эргашганларнинг закотини жамлаб қўйиб кутди. Набий алайҳиссалом вакил юбориши лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади.
Ҳорис, мендан Аллоҳ азза ва жалланинг ва Расулининг аччиғи чиқди, шекилли, деб гумон қилди ва ўз қавмининг аъёнларини жамлаб:
«Расулуллоҳ менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар. Вакил келиб мендаги закотни олиши керак эди. Расулуллоҳ ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолиши аччиқлари чиққанлигидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳнинг ҳузурларига борайлик», – деди.
Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом Валид ибн Уқба исмли кишини Ҳориснинг олдига, закотни олиб келиш учун, вакил қилиб юборган эдилар. Аммо Валид бир жойга етиб, негадир қўрқиб орқага қайтди ва Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулуллоҳ, Ҳорис закотни бермасдан мени ўлдирмоқчи бўлди», – деди.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ғазаблари чиқди ва Ҳорисга гуруҳ юбордилар. Юборилган кишилар энди Мадийнаи Мунавварадан чиққан эдилар, олдиларидан Ҳорис одамлари билан чиқиб қолдилар. Юборилганлар:
«Ана, Ҳориснинг ўзи келяпти», – дедилар.
Ҳорис яқинлашиб келиб:
«Кимга юборилдингиз?» – дея сўради. Улар:
«Сенга», – дейишди.
«Нима учун», – деди.
«Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар. Унинг айтишича, сен унга закотни бермай, уни ўлдирмоқчи бўлибсан», – дейишди.
Шунда Ҳорис:
«Йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ дийн билан юборган Зотга қасамки, уни ҳеч кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ»,– деди.
Ҳорис Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига кирган эди:
«Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми?» – дедилар.
«Йўқ, сизни ҳаққ билан юборган Зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ. Менинг олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун, Аллоҳ азза ва жалланинг ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикин, деб бу ерга келдим, холос», – деди.
Шу пайт: «Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар», ояти нозил бўлди».
Аҳмад ривоят қилган.
Шу ерда имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоятлари тугайди. Мазкур ривоятда кишини ажаблантирадиган ҳолатлардан бири–Расулуллоҳнинг вакиллари Валид ибн Уқбанинг айтилган ерга бормасдан, қўрқиб орқага қайтиб келиб, ёлғон сўзлашидир. Одатда, саҳобийлардан бундай иш содир бўлиши амри маҳол. Бу ҳақда аввалги уламолар ҳам кўп фикр юритишган, турли мулоҳазаларни билдиришган. Лекин қиссани яхшилаб ўрганиб чиқсак, ажабланишимизга ўрин қолмайди, деб ўйлайман. Нега Расулуллоҳнинг вакиллари келмаяпти, деб ташвишланиб, қавми билан ўзи боришга аҳд қилган Ҳорис ибн Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳу от-уловни ҳозирлаб, кийиниб, қуролланиб йўлга чиқмоқчи бўлиб турганларида Валид розияллоҳу анҳу бу ҳолни узоқдан кўриб ёки бировдан эшитиб, булар дийндан қайтишган экан, билмабмиз-да, мана қуролланиб чиқишаяпти-ку, деб қўрққан бўлиши турган гап.
У орқасига қайтган, Ҳорис розияллоҳу анҳу ҳам ўз йўлларида давом этганлар. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган иккинчи гуруҳ Мадийнаи Мунавварадан чиқар-чиқмас улар етиб келишган.
Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар.
Энди, одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи дийн¬да, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади.
Хабарчи фосиқ бўлса, яъни, умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди.
Бошқа ишончли манбаълардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина қабул қилинади. Яъни, хабар берувчининг ҳоли номаълум–ишончли ёки ишончсизлиги аниқ бўлмаса, мисол учун, хабарчи нотаниш ёки ҳозиргача хабари синаб кўрилмаган одам бўлса ва ҳоказо ҳолатларда:

«Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» («Ҳужурот» сураси, 6-оят).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб:
«Эй, иймон келтирганлар!» демоқда.
Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.
«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...»
Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб...» дея хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусийбатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, бу иш ҳақийқатан афсус-надоматга сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло:
«Бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.
Надомат афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир. Мисол учун, сабаби нузулдаги ҳодисани олсак. Агар Валиднинг гапига ишониб, суриштирмасдан, кофир бўлибди, деб Ҳорисни ўлдирилганида, ҳақийқатни билгандан сўнг ҳамма надоматда қолган бўлар эди.
Бир нарсани очиқ-ойдин билмай туриб ҳукм қилиш яхши эмаслиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам ўз ифодасини топган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Жуҳайнанинг ерларидан Ҳурақага юбордилар. Биз уларни тонг чоғида босдик. Уларнинг ичида бир одам бор эди. Улар биз томон бостириб келсалар, ўша одам ичларида бизга қарши энг ашаддийси бўлар эди. Агар қочсалар, у орқаларини ҳимоя қилиб борар эди. Мен ансорийлардан бири билан унинг устига бостириб бориб қолдим. Биз унга етай деб қолганимизда у:
«Лаа илааҳа Иллаллоҳ!» – деди.
Ансорий тўхтади. Мен уни қатл қилдим.
Бас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Бас, у зот:
«Эй Усома! Лаа илааҳа Иллаллоҳу, деганидан кейин ҳам уни қатл қилдингми?!» – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», – дедим.
Ул зот ўз гапларини қайта-қайта такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳатто, ўша кунгача мусулмон бўлмай турсам бўлар экан, деб орзу қилдим».
Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу ривоятни имом Бухорий ва имом Муслим ҳам ўз китобларида келтиришган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда унинг хабарини бердик. Шунда у зот:
«Эй Усома! «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», – дедим.
«Эй Усома! «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» – дедилар.
У кишини ҳаққ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан Исломимдан олдин ўтгани бўлмаса эди, бугун Исломга кирган бўлсам-у, уни қатл қилмасам эди, деб орзу қилдим ва:
«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «Лаа илааҳа Иллаллоҳ»ни айтган одамни қатл қилмайман!» – дедим.
«Мендан кейин ҳам-а?» – дедилар у зот.
«Сиздан кейин ҳам», – дедим».
Ибн Асокир ривоят қилган.
Бу ҳодисада мазкур одамнинг шаҳодат калимасини чин дилдан айтаётганми ёки йўқми эканини яхшилаб текшириб кўрмай, гумон билан қарор чиқариб, қатл этилиши қораланган.
Бу маънода келган бошқа ҳадислардан ҳам ўрганайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бани Фазоралик бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Хотиним қора бола туғди?!» – деди.
«Сенинг туяларинг борми?» – дедилар у зот.
«Ҳа», – деди.
«Уларнинг ранги қандоқ?» – дедилар.
«Қизил», – деди.
«Ичида оқишлари борми?» – дедилар.
«Албатта, уларнинг ичида оқишлари бор», – деди.
«Ўша нарса уларга қаердан келган?» – дедилар.
«Шоядки, ирқи тортгандир», – деди.
«Буни ҳам, шоядки ирқи тортгандир?!» – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Эр хотинни зинода гумон қилди. Чунки, у қора бола туғди. Отаси ҳам, онаси ҳам оқ бўла туриб қора рангда туғилган бола ҳақида нима дейиш мумкин?
Бу одам хотинини қора одам билан зинода бўлиб, ундан бола орттирган бўлиши мумкин, деган гумонга борди. Лекин гумонини очиқ айтмади. Хотинга туҳмат қилмади, ёмон қарамади, айблашни бошлаб ҳам юбормади. Бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Сўраганда ҳам, хабар берган маънода сўради. Жуда эҳтиёткорлик билан иш тутди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг нима демоқчи эканлигини дарҳол тушундилар ва у одам учун энг тушунарли нарсани мисол қилиб олиб, унга қарши савол бердилар. Саҳро араблари туяни жуда яхши биладилар. Жумладан, туянинг болалаши, кўпайиши ва унга оид барча икир-чикирларни ҳам яхши биладилар.
Албатта, ҳамма туя ҳам бир хил рангда бўлавермайди. Битта ота, битта она туядан туғилган бўталоқларнинг ранги ҳам турлича бўлиши мумкин. Бу ҳақийқатни туя боққан ҳар бир киши яхши билади. Ана ўша бошқа рангли бўталоқнинг туғилиши ирқ тортишидан, ўтган ота-бобо ёки момоларидан бирортасининг ирқидан бўлишини ҳам яхши биладилар. Ирқ тортиш бир неча авлоддан кейин бўлиши ҳам маълум нарса. Барча жонзотларда бўладиган бу нарса инсонда ҳам бўлиши турган гап. Бу ҳақий-қатни тажриба ва илм тасдиқлагандир.
Шунинг учун, боланинг ранги унинг онасини зинода айблашга далил бўла олмайди. Умуман, аёл кишини зинода айблашда эҳтиёт бўлиш керак ва бу борада яхши гумонда бўлган маъқул.
Бу ерда табайюн – маълумотни аниқлаш жуда усталик билан йўлга қўйилган. Агар бундай қилинмаса, аёл зинода айбланиши ҳеч гап эмас эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир яҳудий жория қизнинг бошини икки тош орасига олиб чақди. «Сени ким бундоқ қилди? Фалончими? Фистончими?» – деб қиздан сўралди. Токи, яҳудийнинг номи зикр қилинганда, қиз боши билан, ҳа, деб ишора қилди. Бас, яҳудийни олиб келинди. У эътироф қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, унинг боши ҳам икки тошнинг орасига олиб чақилди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Балоғат ёшига етмаган чўри қизга «жория» дейилади.
Мадийнаи Мунавварадаги пастқам жойлардан бирида яҳудий киши кумуш тақинчоқларни тақиб ўтиб кетаётган ансория жорияни кўриб қолди. Ўша тақинчоқларни олиш мақсадида, у жорияни эски қудуқ ичига йиқитиб, бошини икки тош орасига олиб чақди. Кишилар қонга беланиб ётган жорияни кўриб, қудуқдан чиқариб олсалар, ҳали жони бор экан. Ундан ким бу ваҳшиёна ишни қилганини сўраб-суриштиришди. Ўлим ҳолатида ётган жория гапира олмас эди. Ундан, «Бу ишни фалончи қилдими? Фистончи қилдими?» деб сўраб-сўраб, мазкур яҳудийнинг номи ҳам айтилганда, жория, ҳа, деб бошини қимирлатди.
Қотилни ушлаб келинди. У жориянинг бошини икки тош орасига олиб чаққанини эътироф этди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қотилни ҳам худди шундоқ шаклда–бошини икки тош орасига олиб чақиш йўли билан қатл этишга амр қилдилар. Амр ижро этилди.
Бошқа ривоятда қизга саволларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари берганлари айтилган. Шу тарийқа хақийқатни аниқлашга ҳаракат қилинган ва қотил топилган.

Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар қачон унга Ямандан мадад кучлари келса:
«Ичингизда Увайс ибн Омир борми?» – деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди ва:
«Сен Увайс ибн Омирмисан?» – деди.
«Ҳа», – деди.
«Муроддан, кейин Қаранданмисан?» – деди.
«Ҳа», – деди.
«Сенда песлик бўлиб, ундан тузалгансан-у, фақат бир дирҳамча жой қолганми?» – деди.
«Ҳа», – деди.
«Волиданг бор-а?» – деди.
«Ҳа», – деди.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, сизларга Яман аҳли мадад кучлари ичида Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, кейин Қарандандир. Унда песлик бор эди. Ундан тузалган-у, фақат бир дирҳамча жой қолган. Унинг волидаси бор. Унга яхшилик қилади. У агар Аллоҳга қасам ичса, У зот унинг қасамини бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай билсанг, ундан истиғфор айтишини сўра, деганларини эшитган эдим. Менга истиғфор айт», – деди.
Бас, у истиғфор айтди. Умар унга:
«Қаерга боришни истайсан?» – деди.
«Кўфага», – деди.
«У ернинг омилига мактуб ёзиб берайми?» – деди.
«Заифҳол одамлар ичида бўлмоғим мен учун маҳбубдир», – деди.
Келаси йили уларнинг ашрофларидан бир киши ҳажга келди. Умар ундан Увайс ҳақида сўради.
«Уни уйи сочилган, матоҳи оз ҳолда тарк қилиб келдим», – деди.
Умар унга мазкур ҳадисни эшиттирди. Ҳалиги одам қайтгандан сўнг Увайснинг олдига борди ва:
«Менга истиғфор айт», – деди.
«Сен эндигина солиҳ сафардан келдинг. Сен менга истиғфор айт», – деди.
Сўнгра бир оз туриб:
«Умар ибн Хаттобга учрадингми?» – деди.
«Ҳа», – деди.
Шунда Увайс унга истиғфор айтди. Одамлар унинг кимлигини билиб қолдилар. Шунда у бошини олиб чиқиб кетди».
Муслим ривоят қилган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Увайс Қараний ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир сўзнинг тагига етганларидан кейингина унга ишонганлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши бошқаси ҳақида у кишига чақимчилик қилди. Бас, Али унга:
«Ҳой одам! Биз сен айтган нарса ҳақида сўраб-суриштирамиз. Агар ростгўй бўлсанг, сени ёмон кўрамиз. Агар ёлғончи бўлсанг, жазолаймиз. Агар кечиришимизни истасанг, кечирамиз»,–деди.
«Мўминларнинг амири, мени кечиринг»,–деди».
Умар ибн Абдулазизнинг олдига бир одам кириб, бошқаси ҳақида гап айтди. Шунда Умар:
«Агар истасанг, ишингни кўриб чиқамиз. Агар ёлғончи бўлсанг, «Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», деган оят аҳлидан бўласан. Агар ростгўй бўлсанг, «Чақимчилик қилиб юрувчи» ояти аҳлидан бўлсан. Агар истасанг, сени афв қиламиз»,–деди.
«Афв, эй мўминларнинг амири! Иккинчи бундай қилмайман»,–деди».

Табайюннинг фойдаларидан:

1. Жонларни муҳофаза қилиш ва қонларни сақлаш.
2. Ақлнинг ўткирлиги ва фикрнинг саломатлиги далили.
3. Чуқур ўйламай чиқариладиган қарорларнинг ёмонлигидан жамиятни сақлаш.
4. Ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш.
5. Шакдан ва шайтоннинг васвасасидан узоқ бўлиш.
6. Якка шахслар ва жамоатларни гумондан сақлаш.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсингни тадбир қилишдан халос қил. Сен учун сендан бошқаяъни Аллоҳ таоло бажарган ишни сен ўзинг учун бажармоқчи бўлма.Баъзи инсонлар Бу ҳикматда Ибни Атоуллоҳ давоми...

3530 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Баъзиларни амал қилиш учун ўрганиб чиқамиз.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

4315 05:00 / 28.02.2017
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

4306 13:45 / 01.02.2020
1. Ризо ўз эгасини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига мушарраф қилади. 2. Ризо Аллоҳ таолонинг норозилигидан сақлайди. 3. Ризо иймоннинг баркамоллиги ва давоми...

583 19:00 / 03 август