1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Никоҳнинг шаръий ҳукми

10:00 / 16 ноябрь 5268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Юқорида ўтган сатрларда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ўрганиб чиқдик. Албатта, булардан ўзга далиллар ҳам кўп, лекин уларнинг ҳаммасини зикр қилишга имкон йўқ. Баъзи намуналар билан танишиб чиққанимиз ҳам бу маънода етарли, деб ўйлаймиз.
Хулоса шуки, Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган амри ҳам шу: бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда яшасинлар, жинсий майлларини пок йўл билан қондирсинлар. Мусулмонлар мана шу илоҳий кўрсатмага ҳамиша қатъий амал қилганлар.
Баъзи бир гуруҳлар ва динларда уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўша тоифаларнинг иши авжига чиққан даврларда уларнинг ўлкаларида аҳоли сони қисқариб кетган. Одамлар ўша динни маҳкам тутишга ҳаракат қилишлари оқибатида оила қуриш, бола-чақа орттиришдан бош торта бошлаганлар. Лекин инсон табиатига зид бўлган бу иш узоққа бормаслиги аниқ.
Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Кишилар мазкур динга қарши бош кўтардилар. Дин фақат ибодатхонада бўлиши керак, бошқа нарсаларга аралашмасин, деган даъво билан чиқдилар ва бу талабларига эришдилар ҳам. Оқибатда ҳаётнинг ҳамма соҳаларида янгича йўналиш пайдо бўлди. Жумладан, эркак-аёлларнинг орасидаги муносабатларда ҳам.
Мазкур диндан ўч олиш учун ҳаракат қилаётган кишилар қасдма-қасдига ҳар бир ишда унинг тескарисини қилишга уринар эдилар. Улар жинсий ҳаётда кўплаб тазйиқларга учраганликлари учун, жинсий ҳурриятга даъват қила бошладилар. Зинони ҳамма фахр деб биладиган даражага етди. Оила қуриш, никоҳда бўлиш «қолоқлик, эскилик сарқитига берилиш» деб баҳоланадиган бўлди.
Охир-оқибат кишилар бошига кўплаб мусийбатлар ёғилди – турли касалликлар тарқалди, оила низоми бузилди. Бунинг натижасида ижтимоий алоқалар заифлашди, турли муаммолар келиб чиқа бошлади. Хуллас, инсоният катта зарар кўрди ва кўрмоқда.
Ана ўша муаммо ва мусийбатларни кўриб, биз, мусулмонлар бахтли кишилар эканимизни тушуниб етмоғимиз лозим. Бошқа халқлар оилавий ҳаётни қандай қуришни билмай сарсон бўлиб турган бир пайтда бизнинг динимиз бизларни энг саодатли оила низоми билан таъминлаб қўйган. Биз фақат бор, тайёр нарсани ўрганиб, амал қилсак бўлди.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантирган. Чунки бу робита Аллоҳ таолонинг амри ила, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин‑мусмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган муқаддас бир алоқадир.
Аллоҳ таоло аввало, инсон ҳаётининг маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Қолаверса, У Зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром‑харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун ҳам шундай қилган.
Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати қилиб, азиз-авлиёларнинг одатига айлантирган.
Аллоҳ таоло никоҳни инсон наслининг кўпайиши учун энг яхши восита этиб қўйган.
Эркак ва аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлаш билан бирга, зино каби ҳаром ишдан ҳам ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз насли-насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди.
Никоҳ туфайли «оила» деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан дунёга келган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этади. Шундай йўл билан «оила» номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Уларнинг бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта ва мустаҳкам жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Fиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади.
Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат деганлар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир», дейишган. «Никоҳ ибодатдир» деб ҳукм чиқарган мужтаҳидларнинг пешволари имом Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Албатта, бу гапни айтган азизларимизнинг далиллари бор.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالْأُجُورِ يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ، قَالَ: أَوَ لَيْسَ قَدْ جَعَلَ اللهُ لَكُمْ مَا تَصَّدَّقُونَ، إِنَّ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةً، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةً، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةً، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةً، وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٌ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ، وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ. قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيَأتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟! قَالَ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ أَكَانَ عَلَيْهِ فِيهَا وِزْرٌ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الْحَلَالِ كَانَ لَهُ أَجْرًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари:
«Ё Расулаллоҳ! Моли кўплар ажрни олиб қўймоқдалар. Биз намоз ўқиганимиз каби намоз ўқийдилар, биз рўза тутганимиз каби рўза тутадилар ва молларининг ортиқчасини садақа қиладилар», – дейишди.
«Аллоҳ сизлар учун садақа қиладиган нарса қилиб бермадими?! Албатта, ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир такбир садақадир, ҳар бир ҳамд садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир, амри маъруф садақадир, наҳйи мункар садақадир. Бирингизнинг жинсий яқинлиги ҳам садақадир», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Биримиз шаҳватини қондирса, унга бунда ажр бўладими?» – дейишди.
«Айтинглар-чи, агар у ўшани ҳаромга қўйса, унга гуноҳ бўлармиди? Шунингдек, агар уни ҳалолга қўйса, бу унинг учун ажр бўлади», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Зино хавфи аниқ бор бўлган вақтдаги никоҳ ҳатто Ҳаждан ҳам олдинги ўринга қўйилади. Аллоҳ насиб этиб, оила қурган кишилар катта бахтга эришган зотлар ҳисобланадилар.
(Давоми бор)


«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Никоҳ, деб аталган муқаддас алоқа фақат келин ва куёвнинг икковлари ўртасидаги робитадангина иборат эмас. Балки бу робита уларнинг ортида турган отаоналари, оила давоми...

2790 17:45 / 31.08.2019
Ақийқа қилиш ҳам отаонанинг бурчи ва болаларнинг ҳақларидандир.Фарзанд неъмати Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган сонсаноқсиз неъматлари ичидаги энг улуғ давоми...

3051 11:05 / 07.12.2019
Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак.Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2236 11:05 / 24.09.2019
Эр ҳайз, нифос ва истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб, аёлига ҳам ўргатиши керак.Аллоҳ таоло шундай марҳамат давоми...

4567 16:00 / 26.07.2019