1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Уйқудан турганда истиғфор айтинг!

06:03 / 07.11.2018 5333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўз ҳаётига Қуръон ахлоқини тадбиқ этган ҳар бир одам янги куннинг бошланишини – Аллоҳ борлиги ва боқий қолувчи Зот эканлигининг далили, унинг бир инъоми эканини яхши билади. Уйқудан уйғониб, атрофга ибрат назари билан қарайди. Унга ором олиш учун тун уйқусини берган ва руҳини жасадига қайта жойлаган ким? Албатга, бу саволда тафаккур қилувчилар учун жуда катта ибрат бор. Айтайлик, биз чарчадик, аъзойи баданимиз ором олиши учун уйқуга кетамиз. Руҳимиз танамиздан айрилади. Узун уйқумизда кўрган тушларимиздан факат 3-4 дақиқаси эсда қолади, холос. Инсоннинг бу вақт орасида дунёвий ҳаёт билан алоқаси сусаяди. Жисм билан руҳнинг айрилиши – асли ўлимнинг кичик бир кўринишидир. Биз ўлган одам орамизга қайта тирилиб келса (бундай воқеалар жуда кам) ҳайратдан ёқа ушлаймиз, баъзилар, буни кўрса, ҳатто ҳушидан ҳам кетади. Лекин ҳар куни бизни ўлдириб, қайта тирилтирган Аллоҳнинг бу буюк қудратига орамизда қанча инсонлар эътиборсиз қарайди.

ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

“Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(ибрат)лар бордир” (Зумар, 42-оят).

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

“У кечаси сизни вафот эттирадиган ва кундузи нима касб қилганингизни биладиган Зотдир. Сўнгра белгиланган муддат тугал бўлиши учун унда (кундузи) сизни қайта тирилтирадир. Сўнгра қайтишингиз фақат Унгадир. Сўнгра нима амал қилиб юрганингизнинг хабарини берадир” (Анъом, 60-оят).

Ушбу оятларни тафаккур қилган одам уйқуга ётишдан аввал қайта уйғонмаслиги, уйғонган тақдирда ҳам соғ-саломат бўлмаслиги, уйқу вақтида бирор-бир фалокат юз бериб, бу фалокат уни четлаб ўтмаслиги ҳам мумкинлигини билади.

Бу ҳақиқатдан огоҳ бўлган мўмин янги кунни Аллоҳнинг бир неъмати, ўзи учун гуноҳлардан тавба қилиш, Аллоҳ ва бандалари олдидаги қарзларни адо этиш, Аллоҳга яқинлашиш, Унинг розилиги йўлида ибратли амаллар қилиш учун берилган яна бир имконият деб қарайди. Шу сабабли ахлоқи Қуръон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сингари уйқуга кетишдан аввал қуйидаги дуони ўқийди:

"Роббим, Сенинг исминг ила ёнимни қўйдим. Сен билан уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қолсанг, уни мағфират қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза этадиган нарса ила муҳофаза қилгин".

Уйқудан уйғонгач эса:

"Менга руҳимни қайтариб берган, жасадимни соғ-саломат қилган ва Ўзини зикр қилишим учун изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин", деб айтиши лозим. Бу, қунни Қуръон ахлоқига мослаб яшаш учун қилинган дастлабки амалдир. Кунни ибрат назари, тафаккур билан бошлаган ҳар бир мўмин, унинг қолган қисмини ҳам шу тарзда ўтказишга ҳаракат қилади. У кун давомида Аллоҳ розилигини топиш, унинг амрига бўйсуниш ниятида ғайрат кўрсатади. Бирор кўнгилсизликка дуч келса – талвасага тушмайди ёки севинчли неъматларга жуда хурсанд бўлиб, ўзидан кетмайди, бу Аллоҳнинг бир имтиҳони эканлигини билади.

Шубҳасиз, ором олиш учун уйқу, уйғонгандан сўнг унга ўз неъматларидан ато этган қудрат соҳиби Аллоҳдир. Бу ҳақиқатни билганлар куннинг дастлабки дақиқалариданоқ Аллоҳга, бу чексиз неъматларни берган Зотга нисбатан қалбларидан яқинлик ва севинч ҳис қиладилар. Иймон неъматидан бебаҳра инсонлар ҳеч қачон мўминлардаги бу севинч, бу розиликни ҳис этолмайдилар. Ҳаётимизда оддий ҳолга айланиб қолган ҳодисаларга мўминлар ибрат назари билан қараса, улар учун бу бош қотиришга ҳам арзимайдиган кундалик иш бўлиб туюлади. Иймон келтирмагани ҳолда ҳали ҳануз ғафлат уйқусидан уйғонмаганлар яшаб турган кунини Аллоҳнинг берган охирги имконияти бўлиши мумкинлигини билмайдилар. Улар бугун кечаги кундан кўпроқ пул топиш, инсонлар эътиборини тортиш, улар томонидан севиш-севилиш, ўйин-кулги, хурсандчилик ниятида кунни бошлайдилар. Аллоҳнинг ибодатини қилиш, Унинг розилигини топиш, охират ҳаёти учун захира тайёрлаш уларнинг наздида хаёлпарастларнинг гапи, ҳақиқатдан йироқ тушунча. Ҳар нарсада исботталаб қиладилар, ожиз ақллари етмаган ҳамма нарсаларни инкор этадилар. Муқаддас кўрсатма – Қуръон ҳукмлари ва ҳадис сабоқларини татбиқ қилиш табиатларига мутлоқ ёт тушунча. Улардан фарқли ўлароқ мўминлар ғайбга иймон келтирадилар.

Аллоҳнинг каломи – Қуръонда баён қилинган ҳақиқатларни билганлари ҳолда, улардан юз ўгирувчи ёки уларга эътиборсиз қаровчиларни бирлаштириб турган умумий бир иллат – калтабинлик бор. Бу Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўла туриб, Унинг олдидаги мажбуриятларини бажармаслик, бандалик масъулиятининг йўқлигидир. Аллоҳ таоло улардаги бу ҳолатни "Анбиё" сурасининг биринчи оятида билдириб бундай марҳамат қилган:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ

“Одамларга ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, юз ўгирувчи бўлган ҳолдалар” (Анбиё, 1-оят).

Унутмаслик керакки, Аллоҳ изни билан руҳимиз жасадимизга қайтиб, уйғонган кунимиз биз учун Роббимиз томонидан берилган сўнгги имконият, нонушта қилаётиб ичган чойимиз, еган нонимиз Аллоҳнинг биз учун бу дунёда берган сўнгги ризқи бўлиши мумкин. Ишга ёки ўқишга кетаётганимизда машина уриб кетиши, соғлом ураётган юрагимиз бирдан тўхтаб қолиши ёки бошқа бир арзимас сабаб билан ажал етиб, ҳаётдан кўз юмишимиз мумкин. Шу боис, кунни бугун Аллоҳ розилиги учун нималар қила олишимизни ўйлаб, яхши ният билан бошлашимиз лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида "Аллоҳ бандасининг тавбасини жони халқумига келгунча қабул қилади" деб, бизлар учун хушхабар берганлар. Шу сабабли уйғонганимизда бажаришимиз шарт бўлган амалларнинг дастлабкиси бу – Аллоҳга истиғфор айтиш, бандаси билан боғлиқ гуноҳларимиз бўлса, орамизни ислоҳ қилишдир.


“Қуръон ахлоқига кўра мўминнинг 24 соати” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Инсон камолот ёшига етганида кучқувватга тўлади. Аммо ёши ўтиб, астасекин кексайиб борар экан, кўзидан нур, белидан қувват кета бошлайди, барча аъзоларида қарилик давоми...

2734 15:05 / 21.10.2018
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У зот алайҳиссалом .Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан давоми...

1521 08:11 / 13.11.2020
Бугун кўплаб Ғарб аёллари исломий урфодатлар уларнинг номусини ҳимоя қилишини, қадриятларини юксалтиришини англаганларидан сўнг ислом динига мурожаат давоми...

6071 16:00 / 17.12.2018
СаволКинна солиш ҳақида бу нарса мумкинми ёки аксинчаЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймКинна солиш бошни уқалаш маъносида бўлса, тиббий ҳаракат ҳисобланиши давоми...

15073 11:01 / 04.03.2020