1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

АҚШ масжидлари: ўтмиш ва бугун

21:03 / 06.11.2018 3631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёнинг турли қисмларидаги масжидлар ислом меъморчилигининг буюк намуналарини ўзида намоён қилади. Испаниянинг Кордова жоме масжиди, Истамбулдаги Султон Аҳмад жоме масжиди  ва Абу Дабидаги “Шайх Зайд” жоме масжиди – жаҳондаги энг ҳашаматли масжидлардан саналади, аммо Америка Қўшма Штатларида ҳам қизиқарли тарих ва унутилмас кўринишга эга бўлган масжидлар бор.

Ислом Қўшма Штатларда христианлик ва яҳудийликдан кейин учинчи дин ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Америкада тахминан 3,45 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди, 2106 та масжид фаолият юритади. Қўшма Штатлардаги аксарият америкаликлар мусулмон муҳожирлар ёки муҳожирларнинг авлодлари ҳисобланади.

XIX асрнинг охирида мусулмонлар Қўшма Штатларга кўчиб кела бошладилар. Илк мусулмон-муҳожирлар 1870 йилларда Сурия ва Ливандан келишди, кейинчалик европалик мусулмонлар кўчиб келишди; Ҳиндистон ярим ороли мусулмонлари Ғарбий қирғоққа 1900 йиллар бошларида келишди.

Мусулмонлар Фолл-Ривер, Массачусетс, Чикаго, Иллинойс, Толедо, Огайо ва Дирборн каби саноат ҳудудларида, Мичиган штатида ўрнаша бошлашди. 1920 йилларга келиб америкалик мусулмонлар унчалик катта бўлмаган жамоалар бўлиб, Қўшма Штатларнинг барча ҳудудларида яшай бошлашди. Ўша пайтларда  масжидлар қуриш учун уларга молиявий ва ишчи кучи етишмасди; улар намоз ўқиш учун уйларда йиғилишар, ибодат қилиш жойларини ижрага олишар, этник ва диний меросни сақлаб қолиш учун жамоатчилик ташкилотларига асос солишар эди.

Илк энг таниқли америкалик масжидлар қуйидаги шаҳарларда: 1915 йилда Мэн штатидаги Биддефорд шаҳри; 1920 йилда Шимолий Дакота штатидаги Росс шаҳри; 1923 йилда Мичиган штатидаги Хайленд-парк; 1925 йилда Индиана штатидаги Мичиган шаҳрида қурилган эди. 1934 йилда бугунги кунда «Америка Масжидлари Онаси» сифатида ном қозонган бино, Айова штати Сидар-Рапидс шаҳрида сурия-ливан жамоаси томонидан қурилган эди. Ушбу Америка марказида жойлашган иншоот энг қадимий масжид ҳисобланади ва ҳалигача ундан фойдаланилиб келинади. 

Америка Масжидлари Онаси (Айова штати)

622 йилда Мадина шаҳрида бунёд этилган ислом тарихидаги илк масжид мусулмонлар томонидан хом ғиштдан қурилган оддий тўғрибурчакли конструкцияни ўзида намоён қилган.  1934 йилда Айова штатининг Сидар-Рапидс шаҳрида битказилган Қўшма Штатлардаги биринчи масжид ҳам кираверишида қуббаси оқ қопламали оддий тўғрибурчакли бино бўлган. Ушбу биноларни ажратиб турган 13 аср орасида бутун дунё бўйича турли мамлакатларда масжидларнинг дизайни ўзгарди, аммо тарихий қимматга эга бўлган алоҳида намоз ўқиладиган жойлар ҳам бор. 

Ушбу оддий бино икки муҳим тарихий йўналишни ифодалайди. Улардан биринчиси – Қўшма штатларнинг муҳожирлик тарихи. Иккинчиси – АҚШда Ислом динининг тарқала бошланиши.

Тиллари, урф-одатлари, ирқларга мансубликларидаги фарққа қарамай Айованинг мусулмон-муҳожирлари  бир эътиқод – Ислом билан бирлашган эдилар. Уларда намоз ўқийдиган бир жойга эгалик қилиш зарурати  пайдо бўлди.

Сидар-Рапидс (Айова штати) шаҳрининг мусулмон аҳолиси 1914 йилда 45 кишидан иборат эди. Тез орада унчалик катта бўлмаган ислом жамоатчилиги пайдо бўлди, масжид қурилиши режаси ишлаб чиқилди.  1934 йилнинг 15 февралида ушбу мақсадларда танланган бино масжид ва ижтимоий марказ сифатида ўз эшикларни очди.

1970 йилда  Сидар-Рапидс шаҳрида янги масжид қурилди. 1990 йиллар бошида Айова штати Ислом Кенгаши  эски бинони сотиб олди ва уни қайта таъмирлади. Бугунги кунда Масжидлар Онаси намоз ўқиш ҳамда Ислом ва Америка мусулмонлари тарихи тўғрисида ахборот маркази сифатида намоён бўлмоқда. 

АҚШ масжидлари услубларининг хилма-хиллиги 

АҚШ ҳудудидаги масжидлар дизайни ранг-баранглиликка бой. Ислом меъморчилиги тадқиқотчилари уч асосий турни ажратиб кўрсатишади: анъанавий дизайн, америка меъморчилиги элементлари билан уйғунликдаги анъанавий услуб ва модерн услубидаги масжидлар.

Америка масжидлари меъморчилигининг яна бир ўзига хослиги – бу ерда, аёлларнинг намоз ўқишлари учун алоҳида жой кўзда тутилган. Америкада муслималар жамоатчилик ҳаётида муҳим роль ўйнашади.

Анъанавий дизайн

Колумбия округи Вашингтон шаҳридаги Ислом маданият маркази  (1957 йилда қурилган); Аризона штати Темпе шаҳридаги Ислом маданият маркази (1984 йилда қурилган); Виржиния штати Ричмонд шаҳридаги Виржиния Ислом маркази (1990 йилда қурилган) ушбу услубнинг намуналари ҳисобланади.

Вашингтон шаҳридаги Ислом маданият маркази анъанавий услубда лойиҳалаштирилган энг йирик қурилишлардан бири бўлган. Меъморий жиҳатдан у ҳамон Қўшма Штатларда мусулмонлар бунёд этган энг аҳамиятли бинолардан бири ҳисобланади. У давлат томонидан муҳофаза қилинадиган тарихий обидалар рўйхатига киритилган. Вашингтон шаҳридаги  Ислом маданият маркази лойиҳаси Қоҳирада амалиёт ўтаган италиялик меъмор Марио Росси томонидан ишлаб чиқилган эди. 

Америка пойтахтининг элчихоналар мавзесида жойлашган Марказ ўз бағрига 6 минг нафар инсонни сиғдира олади. Миноранинг баландлиги 50 метрни ташкил этади.

Марказ бошқарувида турли хил мамлакатларнинг элчиларидан иборат Бошқарувчилар кенгаши туради. Марказ масжид билан биргаликда ўз кутубхонаси, Ислом таълимоти ва араб тилини ўрганиш бўйича машғулотлар учун хоналарга эгалик қилади.

Америка меъморчилиги элементлари билан уйғунлик касб этган анъанавий услубдаги масжидлар 

Бунга Нью-Йорк шаҳридаги  Ислом маданият маркази (1991 йил) ва Нью-Мексико штати  Абикиу шаҳридаги Дар-ул-Ислом (1981 йил) мисол бўла олади.

Дар-ул-Ислом – ўзига хос йирик масжид мисрлик меъмор Хасан Фатти томонидан ишлаб чиқилган. У 1981 йилда қурилган бўлиб, асосан туб америкалик мусулмонлар учун хизмат қилади. Масжиднинг ноодатий шаклини атрофидаги ландшафт, византия ва сосонийлар қуббалари, гумбазлари, катта ўткир учли аркалар ташкил қилган. Дар-ул-Ислом хом ғишт ишлатилган анъанавий услубни ўзида акс эттирган. 

Модерн услубидаги масжидлар 

Унга Индиана штати Плейнфилд шаҳридаги Шимолий Америка ислом жамияти штаб-квартираси (1979 йил); Нью-Мексико штати Альбукерке Ислом маркази (1981 йил); Оклахома штати Эдмонд Ислом маркази  (1992 йил) ва Индиана штати Эвансвилль Ислом маркази (1992 йил) мисолдир.

Келиб чиқиши покистонлик бўлган канадалик Гулзор Ҳайдар ва америкалик Барт Принцнинг  меъморчилик лойиҳалари – инновация ва ижод масжидда уйғунлик касб этган. Ҳайдар «экологик», «морфологик» ва «семиотик» дизайнни илгари суради. Индиана штати Плейнфилд шаҳридаги Шимолий Америка ислом жамияти штаб-квартираси (ISNA) даги масжид ўта диққатга сазовор.

Америка масжидлари меъмор ва меъморчилик лойиҳасининг ўзига хослигини яққол намоён қилиб туради. Ислом марказлари ва масжидлар кўпинча геометрия, бўшлиқ, тузилма ва материалнинг имкониятларини англаган ҳолда америка шаҳар-кўчаларидаги бошқа жамоатчилик биноларининг яхлит меъморчилигига уйғунлашиб кетади.


«islam.ru» портали материаллари асосида тайёрланди

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islam.ru
Мавзуга оид мақолалар
Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган давоми...

11801 09:20 / 16.10.2019
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.Мадҳ қилувчидаги давоми...

3543 21:40 / 14.01.2019
Муҳаммад ибн Холид Доббий айтади .Хайсама ибн Абдурраҳмон ибн Абу Самура касал бўлмагунича унинг Қуръонни қандай ўқишини билмас эдик. Бир куни унинг аҳволи давоми...

1565 07:20 / 15.07.2019
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

2390 16:10 / 31.12.2018