1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Силаи раҳм вожибдир, уни кесмоқ ҳаромдир

05:00 / 15.02.2017 3771 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг исломий адабиётимизда ва халқ орасидаги диний сўзлашувимизда ҳам оз бўлса-да, «силаи раҳм» истилоҳи ишлатиб келинади. Аслида бу бобдаги «раҳм» сўзи биздаги бачадон сўзининг ўрнида ишлатилади. «Сила» сўзи эса, боғлаш-улаш маъносини англатади.


«Силаи раҳм» бирикмаси раҳм - бачадондошлик алоқасини боғлаш деган маънони билдиради. Бунинг ўрнига бизда қориндошлиқ, яъни қариндошлик алоқаси истилоҳи ишлатилади.

Қориндошлар кимлар эканлиги ҳаммага маълум. Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун фарзу вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса, ҳаромдир.

Аллоҳ таоло:

«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма», деган (Исро, 26).

Исро сурасидаги бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган.

Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.

Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганида, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан қуйидаги васфни ҳам айтган:

«яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса»

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга:

боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга;

мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга;

ватангадоларга, яъни, ватанидан узокда нафақасиз қолган одамларга;

тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга;

қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум микдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади.

Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида мерос тақсим қилинаётганда ҳозир бўлган қариндошларга уларнинг ҳақлари бўлмаса ҳам бир оз нарса бериб хурсанд қилиш ҳақида сўз юритган.

«Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у(мерос)дан ризқлантиринглар ҳамда уларга яхши гаплар айтинглар».

«Тақсимлаш» - меросни бўлиш учун ҳақдорлар йиғилган мажлисдир. Демак, мерос тақсимлаш мажлисида ҳакдорлардан бошқа қариндошлар ҳам, Шунингдек, етимлар, камбағалмискинлар ҳам ҳозир бўлишлари мумкин.

«Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у(мерос)дан ризқлантиринглар...»

Ҳакдорлар меросдан насибаларини олишса-ю, қолганларга ҳеч нарса тегмай қолса, ўксишлари, кўнгиллари синиши эҳтимоли бор. Шундай ноқулай ҳолатни ўртадан кўтариш учун, оятнинг ҳукмига кўра, меросхўрлар бирор нарсани ажратиб, ҳалиги кишиларга бериб, уларни ҳам севинтиришлари лозим. Айни чоғда уларга ширин муомалада бўлиб, яхши сўзлар айтиш буюрилмоқда.

«...ҳамда уларга яхши гаплар айтинглар».

Бу ҳам қариндошлик ва инсоний алоқалар риштасини мустаҳкамлашнинг бир йўлидир.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (90-оят).

«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши:

«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.

Ҳа, Аллоҳ таоло бошқа яхшиликлар қатори, «қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».

Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади. Чунки уларнинг ҳам қариндошлиқ ҳам инсонлик ҳақлари бор.

Аллоҳ таоло Нур сурасида:

«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир», деган (22-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол:

«Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра:

«Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».

Аллоҳ таоло Рум сурасида:

«Бас, қариндошга, мискинга ва йўлда қолганга ҳаққини бер. Ана шу Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир», деган (38-оят).

Ризқ бериш Аллоҳ таолонинг қўлида бўлгач, ризқнинг камайиб қолишидан қўрқмай, қариндош-уруғларга, мискинлар ва сафари туфайли муҳтожликка тушиб, йўлда қолганларга ҳақларини бер. Хайрсадақа қил. Сенинг қўлингдаги ризқ-рўзда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини унутма.

«Ана шу Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир».

Қўлидаги молдан қариндош-уруғларга, мискинларга ва йўлда қолганларга эҳсон қилиш Аллоҳнинг розилигини кўзлаган кишилар учун энг хайрли ишдир.

«Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир».

Қариндошларга яхшилик қилиш ҳақида нозил бўлган баъзи ояти карималарни ўрганиб бўлганимиздан кейин энди ушбу китобда бу борада келтирилган ҳадиси шарифларни ўрганишга киришсак.


Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга мени жаннатга киритадиган амалнинг хабарини беринг», деди.
Шунда у ердаги қавм:
«Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?» дейишди.
«Ҳожати борга ҳам, унга нима бўлдими! Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан. У (улов)ни қўйиб юбор!» дедилар.
У зот уловлари устида эди
».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уловларига миниб йўлда борар эдилар. Бир киши йўлни тўсиб чиқиб, у зотнинг уловлари жиловидан ушлаб тўхтатди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга мени жаннатга киритадиган амалнинг хабарини беринг», деди».

Бу ғалати иш эди. Одатда, кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бундоқ муомала қилмас эдилар. Агар саволлари бўлса, бошқача вазиятда берар эдилар. Аммо бу одам ғайриоддий тасарруф қилди.

«Шунда у ердаги қавм:

«Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?» дейишди».

Унга нима бўлди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чикди?

Унга нима бўлди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари жиловидан тутади?

Унга нима бўлди? Бундоқ катта саволни сўрайди?

Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг қилмишидан ҳам, саволидан ҳам ажабланмадилар. Ўзларини камтарона тутдилар. Одамларнинг ажабланишига ҳам, сўровчининг саволига ҳам, бирдан жавоб бердилар.

«Ҳожати борга ҳам, унга нима бўлдими!»

Бировнинг ҳожати бор экан, йўлни тўсиб чиқиб, уловнинг жиловидан ушлаб туриб, савол берибди. Шунга ҳам ажабланасизларми?

Сен, эй сўровчи! Агар ўзингни жаннатга киритадиган амални қилмоқчи бўлсанг:

«Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан».

Билдингми?! Ана ўшаларни қил. Энди, «У(улов)ни қўйиб юбор!» дедилар».

Бу ҳадиси шарифни шарҳ қилган уламоларимиз ўша суҳбат чоғида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уловларини миниб турган эдилар, суҳбат тугагач у зот савол берувчига «Уни қўйиб юбор!» деганлар, дейишади.

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш-қариндошлик алоқаларини яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Исломнинг рукни бўлган нарсалар билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал кишининг жаннатга киритадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Шундан ҳам силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини тушуниб олсак бўлаверади.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», дедилар
».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу дунёда яшаб турган ҳар бир одам боласи ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилишини орзу қилиб яшайди. Бу икки нарсадан насибадор бўлиш учун елиб-югуради ва саъй-ҳаракат қилади. Бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларга ҳам дош беради.

Бу ҳадисга амал қилган одам эса, ўзига вожиб бўлган амални бажариб, зиммасидаги вазифани адо этади ва бир йўла ризқи ҳам кенгайтирилади, ажали ҳам ортга сурилади.

Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини кенгайтириб қўяр экан, бойлигини зиёда қилиб қўяр экан.

Четдан қараганда, силаи раҳм қилинса, қариндошига ёрдам берса, моли ёки пули қисқариб қолгандек кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг молини кўпайтириб берар экан ҳамда у банданинг яхшилик билан эсланиб юришини таъминлар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Силаи раҳм жуда ҳам зарур иш экани.

2.    Силаи раҳм ризқни кенг бўлишига сабаб бўлиши.

3.    Силаи раҳм эгасининг ажали ортга сурилишига сабаб бўлиши.

Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.


Бухорий, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:

«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир», дедилар».

Шарҳ: Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керақ деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан.

Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳакда ўзларининг бошқа бир ҳадиси шарифларида:

«Уч нарса Аллоҳнинг наздида карамли ахлоқдандир; сенга зулм қилганни авф қилмоғинг, сени маҳрум қилганга ато бермоғинг ва сен билан алоқани узган билан алоқа боғламоғинг», деганлар.

Бас, биз билан алоқани узган қариндошлар билан алоқани яхшилашга ҳаракат қилайлик.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ «сени ким узса, Мен ҳам уни узаман. Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман», деди», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Силаи раҳмдаги «раҳм» Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлмиш «Роҳман» исмидан олинган. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган киши ила алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган кишидан алоқани кесади.

Бу маънони тўлиқ тушуниб етмоғимиз ва унга муносиб муносабатда бўлишимиз лозим.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ махлуқотларни халқ қилди. Бас, ундан фориғ бўлганида раҳм (қариндошлик):
«Мана шу алоқани узадигандан паноҳ сўрагувчининг тутадиган жойими?» деди.
«Сени боғлайдиганни боғлаб, узадиганни узишимга рози бўласанми?» деди.
«Худди шундоқ! Эй Роббим!» деди.
«Ана шундоқ!» деди У Зот.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар истасангиз «Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди»ни қироат қилинглар», дедилар
».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Қориндошлик ҳаққи Аллоҳ таоло барча махлуқотларни халқ қилган пайтдаёқ белгилаб қўйилганини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам ифодали қилиб баён қилиб бермоқдалар.

Шу билан бирга, у зот ўзларининг гапларининг тасдиғи учун Қуръони Карим оятларидан далил ҳам келтирмоқдалар. Муҳаммад сурасидаги бу икки ояти кариманинг маъноси ила танишишимиз жуда ҳам фойдалидир.

«Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз?!»

Бу оятда иймондан юз ўгириб, жоҳилиятга қайтишдан келадиган бу дунёдаги зарарлар эслатилмоқда.

Аввало, ер юзида фасод қилиш бўлади. Чунки иймонсиз кишилардан доимо ушбу ёмонлик келиб чиққан.

Шу билан бирга, иймондан қайтганлар ўз қариндош-уруғлари, ёру дўстларидан қариндошлик ришталарини узадилар. Бу ҳам улкан зарар ҳисобланади.

Аммо ўша ишларнинг зарарлари бу билан тугаб қолмайди, балки асосий зарари ҳали олдинда:

«Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди».

Аллоҳнинг лаънатлаши Ўз раҳматидан ва ҳидоятидан узоқ қилиши билан бўлади. Кўр ва кар қилиши ҳам ҳиссий эмас, балки маънавий бўлади. Кўзи соғсаломат ишлаб туради, лекин кўрган нарсаларидан ўзига ибрат олмайди. қулоғи ҳам соғсаломат бўлади, лекин ўзи эшитган нарсаларидан ибрат олмайди.

Бундай ҳолга тушиб қолмаслигимиз учун силаи раҳмга алоҳида эътибор ила қарашимиз, бу алоқа доимо мустаҳкам бўлиб туриши учун қўлмиздан келган барча ишларни қилишимиз керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар», деди.
«Агар сен ўзинг айтганингдек бўлсанг, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексан. Модомики, шу ҳолда бардавом бўлар экансан, Аллоҳ томонидан сен билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўладир», дедилар
».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қариндошлар ёмонлик қилсалар ҳам уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга қаттиқ тарғиб бор. Одатда, қариндошларга яхшилик қилишни ўз бурчи деб билган кишилар ҳам улардан бирор ёмонлик кўрганида яхшилик қилишни тўхтатиб қўяди. Улар менга яхшилик қилмасалар ҳам яхшилигимга ёмонлик қайтармасликлари керак эди, деган фикрга боради.

Аслида эса бу ҳам туғри эмас экан. Агар қариндошлар доимий равишда турли ёмонликларни қилаверсалар ҳам уларга яхшилик қилишда давом этавериш керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1.    Алоқани кесган қариндошларга силаи раҳм қилишда бардавом бўлиш кераклиги.

2.    Ёмонлик қилган қариндошларга яхшилик қилишда бардавом бўлиш кераклиги.

3.    Жоҳиллик қилган қариндошларга ҳалимлик қилишда бардавом бўлиш кераклиги.

4.    Алоқани кесган қариндошларга силаи раҳм қилиш, ёмонлик қилган қариндошларга яхшилик қилиш, жоҳиллик қилган қариндошларга ҳалимлик қилиш худди уларга иссиқ кулни едираётгандек бўлиши.

5.    Шу ҳолда бардавом бўлган одам билан Аллоҳ томонидан уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўлиши.


Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм Аршга осилиб олиб:
«Ким мени силамни қилса, Аллоҳ ҳам унга сила қилади. Ким менинг силамни узса, Аллоҳ ҳам ундан силасини узади», дейди», дедилар
».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан силаи раҳм ҳаққи қанчалар улуғ эканини англаб оламиз. Ким қариндошларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳм қилар экан. Ким қариндошларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўяр экан.


Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди», дедилар
».

Шарҳ: Қариндошлик алоқасини узишни ҳалол санаган киши жаннатга кирмас экан. Ёки бу ишни қилган одам жаннатга кечикиб кирар экан. Бу ҳадиси шарифда қариндошлик алоқасини узишга нисбатан зажр бордир. Бас, шундоқ экан, қариндошлик алоқаларини мустаҳкам ва бардавом қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан бири киши ўз ота-онасини лаънатламоғидир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Қандоқ қилиб киши ўз ота-онасини лаънатлайди?» дейилди.
«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам буни отасини ва онасини сўкади», дедилар
».

Иккисини тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Шунинг учун ҳар бир инсон ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бирор нарсага сабаб бўлиб қолмаслиги лозим.


Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Роҳманман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир! Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, Мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», дедилар
».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Силаи раҳмдаги «раҳм», Аллоҳ таолонинг «Роҳман» исмидан олинган. Бу ҳақиқатга алоҳида эътибор бермоқ лозим. Ким қариндошлик алоқаларига бепарво бўлса, катта нарсага бепарволик қилган бўлади.

Натижада ўзига қийин қилиб олади. Аксинча, қариндошлик алоқаларини ўрнига қўйган одам Аллоҳ таолонинг марҳаматига сазовор бўлади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», дедилар
».

Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳокимлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Силаи раҳм - қариндогалик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни беради. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:

1. Аҳлнинг муҳаббати.

Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

2. Молу мулкнинг кўплиги.

Ким кўп молу мулкка сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

3. Умрнинг зиёдалиги.

Ким умрининг зиёдалигига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа асСаҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, давоми...

3193 05:00 / 14.02.2017
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб давоми...

3377 05:00 / 14.02.2017
Аёл ndash аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опасинглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. давоми...

4603 05:00 / 04.03.2017
Аллоҳ таолонинг номи билан ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ ришталари орқали ҳаётларини бирбирига боғлаган эрхотин ўзаро ҳурматэҳтиром давоми...

12192 09:00 / 16.09.2021