1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳ ва Унинг расулига муҳаббат

16:41 / 28.10.2018 3398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ буюради:

«Айтинг (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир!» 

Айтинг: «Аллоҳга ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ ҳам (бундай) динсизларни севмас (Оли Имрон сураси, 31-32-оятлар).

Кишининг Аллоҳни ва унинг Пайғамбарини севиши уларга итоат этиши, амрларига эргашиши демакдир. Аллоҳнинг бандасини севиши эса, унга ноз-неъматлар ато этиши, сийлаши, уни афв этиши демакдир.

Айтадиларки:

– Банда, ҳақиқий комиллик ёлғиз Аллоҳга оид эканлигини, ўз нафсида ёки бошқаларда кўринадиган комиллик эса ёлғиз Аллоҳдан келишини идрок этаётганда Аллоҳни севган бўлади. Бандасининг бу идроки уни Аллоҳга яқинлаштирувчи ишлар қилишга етаклайди.

Бишр Ҳофий ҳикоя қилади:

Бир кун тушимда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Менга: «Аллоҳ сени қайси хислатларинг туфайли дўстларинг орасида баландроққа қўяди, биласанми?» – деб сўради. Мен «йўқ» деб жавоб берганимда, у шуларни айтди:

– Солиҳ кишиларга хизмат қилишинг, мусулмон биродарларингга ўгит беришинг, мўминларни ва менинг суннатимга эргашганларни севганинг ва менинг гўзал ахлоқимга эга бўлганинг туфайли!..

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:

– Ким менинг ахлоқимни иҳё этса (такрорласа, тикласа), мени севганидир. Ким мени севса, қиёмат куни жаннатда мен билан биргадир.

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача етиб келган хабарларда шундай буюрилган: 

– Инсонларнинг ахлоқи бузилганда ва мазҳаб ихтилофлари авжига чиққанда, Аллоҳ Расулининг гўзал ахлоқини намоён қилган одамга юз шаҳиднинг савоби берилади. 

Бир кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай билдирадилар:

– Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат қочоқлар кирмайди! 

Сўрадилар:

– Кимдир қочоқлар?

Айтдилар:

– Менга итоат этганлар жаннатга киради, исён қилганлар эса қочоқдир. Менинг суннатимга, менинг ахлоқимга мос тушмайдиган ҳар бир ҳаракат гуноҳдир.

Дедиларки:

– Сиз бир одамни кўрсангиз, у одам кўкда учса, ё сув устида юрса ёхуд олов еса ва ё шунга ўхшаш баъзи нарсалар қилса, лекин Аллоҳнинг фарз қилган низомларини адо этмаса ва Пайғамбарнинг гўзал ахлоқига эргашмаса, билингизки, у кимса ёлғончи ва найрангбоздир.

Баъзи улуғларимизнинг гўзал сўзлари. Жунайд Бағдодий:

– Аллоҳнинг лутфи бўлмасдан бир кимса унга етишолмас. Аллоҳга етишишнинг йўли унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тобе бўлишдир.

Аҳмад Ҳаворий: 

– Пайғамбарнинг суннатига номувофиқ ҳар бир ҳаракат ботилдир. 

Шунинг учун Расулуллоҳнинг бир ҳадиси ҳам шундайдир:

– Ким менинг гўзал ахлоқимга тобе бўлмаса, унга шафоатим ҳаромдир.

Фузайл ибн Иъёзнинг тавба қилиш тарихи эса мана бундай: Фузайл бир хотинга ошиқ бўлиб, уларнинг деворига тирмашаётганда, ичкаридан қулоғига «Мўминларнинг қалблари Аллоҳнинг зикрига ва Қуръонга мойил бўлиш пайти келмадими?» (Ҳадид сураси, 16-оят) деган сас эшитилади. «Кедди у пайт, ё Раб!», дея ортига қайтади. Тунни бир харобада ўтказади. Шу чоғ ён тарафдан бир гуруҳ одамнинг шундай деб гаплашганларини эшитади: – Туринглар, кетамиз ! – Йўқ, йўқ, бундай соатда Фузайл йўл тўсади. Шунда Фузайл такроран тавба қилади ва аҳволини одамларга айтади. Фузайл тавба қилганлар орасида энг илғори, карам ва эҳсон офтоби, жўмардлик ва ирфон дарёси, шайхларнинг улуғларидан эди).

Фузайл ибн Иъёз:

– Агар сенга: «Аллоҳни севасанми?» – десалар сукут қил. Чунки «Севмайман!» – десанг, иймондан чиқасан. «Севаман!» – десанг, балки керагича севганлар каби севолмассан! Керагича севолмаганинг ҳолда «Севаман!» – деб Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан сақлан!

Саҳл:

– Аллоҳ севгисининг аломати Қуръон севгисидир. Қуръон севгисининг аломати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севгисидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севгисининг аломати унинг суннатига ва гўзал ахлоқига тобе бўлмоқдир. Суннатга тобе бўлишликнинг аломати охират ҳаётини унутмасликдир. Охират ҳаётини унутмасликнинг аломати дунёга ҳирс қўйишдан, ҳаром ва ғайримашруъ даромад йиғишдан қочишлиқдир. Абулҳасан Занжоний:

– Ибодатнинг асоси уч устунга эгадир: 

1.Кўз.

2. Қалб.

3. Тил.

Кўз коинотдан ибрат олиш учундир.

Қалб тафаккур учундир.

Тил тўғри сўз айтиш ва Аллоҳни зикр этиш учундир.

Шунинг учун Аллоҳ буюради:

“Эй, мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!”

“Эртаю кеч у Зотни поклаб, тасбеҳ ва танзиҳ қилинглар!”

Мўмин доимо пок ва таҳоратли бўлиши керак, ҳар таҳорат бузилганда янгидан таҳорат олиши ва икки ракаат намоз ўқиши керак. Ҳар мажлисда имкон даражасида қиблага қараб ўтиришга ҳаракат қилиши керак. Ҳар он Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридаман деб ўйлаши керакки, ҳаракатларида унинг суннатига зид ҳолат чиқиб қолмасин. Мусибатларга дучор бўлганда, чидаши ва сабр қилиши лозим. Гуноҳкорларга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан чиққанларга мағфират тилаб, дуолар қилиши даркор, ўзи ғурурланмаслиги ва ҳеч қачон кибрланмаслиги лозим. Чунки кибр шайтоний феълдир. Камтарин бўлиши ва нафсини ҳар вақт паст қўйиши керак. Аллоҳ йўлида бўлганларга таъзим ва эҳтиром кўзи ила боқмоғи лозим. Ким Аллоҳ йўлидагиларга эҳтиром кўзи билан боқмаса, Аллоҳ уларнинг суҳбатини у кишига ҳаром қилади. Кимки ибодатнинг муҳтарамлигини билмаса, Аллоҳ унинг қалбидан ибодат завқини олади.

Фузайл ибн Иъёзга: «Киши қачон солиҳ бўлади?» – деб савол беришганда, у шундай жавоб қайтарганди: – Қалбида қўрқув, тилида тўғрилик, аъзосида яхши амал ва ниятида насиҳат бўлганда.

Солиҳлардан бири бир жамоага учрайди. Қараса, замоннинг машҳур табибларидан бири хасталиклардан ва дорилардан баҳс юритаётган экан. Табибдан сўрайди:  

– Эй танларга шифо берувчи табиб, қалбларга ҳам шифо бера оласизми?  Табиб: Ҳа, дардингни айт, давосини айтиб берай! Одам: 

– Гуноҳлардан қалбим қорайди, қалбни қайғу босди. Табиб:

– Унинг дориси Аллоҳга ибодат ва итоатдир, кеча-кундуз Аллоҳ йўлида бўлиш ва гуноҳлардан тавба қилишдир. Шифо Аллоҳдандир.

Табибнинг бу сўзларини эшитган солиҳ одам бир «оҳ» тортди ва йиғлаб чиқиб кетаркан, шундай деди:

– Тўғри айтдингиз, эй табиб, сиз қалбимнинг дорисини топдингиз...

Абу Ҳомид Ғаззолий,   

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

4724 05:00 / 01.03.2017
126. Илгари мен ва соғлик молдунёни қидирган эдик. Бугун эса, мен ва молдунё соғликни қидиряпмиз.127. Ҳар сафар бемор кишини кўрсанг, Аллоҳдан унга шифо тилаб дуо қил давоми...

4469 15:10 / 09.04.2017
ТАВАККУЛ БОБИАллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида таваккулни зикр қилган. Аллоҳ айтади Аллоҳга ким ҳақиқий таваккул қилса, бас, У кифоя қилувчидирrdquo давоми...

3265 05:00 / 01.03.2017
Эрталаб боласини мактабга олиб борган ота ўйчан эди. Хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб чиқаркан, иш сўраб мурожаат қилган жойларидан қандай натижа чиқишини давоми...

4445 12:25 / 25.07.2018