1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ИСТИҒФОР

05:00 / 28.02.2017 21523 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ГУНОҲНИ КЕЧИШНИ СЎРАШ ВА УНИНГ ТАЪСИРИ

Ҳеч шубҳа йўқки, ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди, деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам бўлади. Лекин гоҳда адашиб, баъзи бир нолойиқ ишларни қилиб қўйса, дарҳол Аллоҳни эслайди, хатосини тан олади, надомат чекади, истиғфор айтиб, иккинчи бу ишни такрорламасликка аҳд қилади. Исломда гуноҳни ювиш учун дин арбоблари ҳузурида эътироф этиш (тан олиш)нинг ҳожати йўқ. Шунингдек, қилган гуноҳи кишига доимо ёпишиб юради, ундан қочиб қутилиб бўлмайди, деган эътиқод ҳам йўқ. Ҳар бир мусулмон бевосита Аллоҳга дуо қилиб, ўз надоматини изҳор қилиб, гуноҳидан ўтишини сўраш имконига эга. Қуръони Каримда шундай дейлган: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади» («Нисо» сураси, 110-оят). Аллоҳ таоло ўзининг мағфиратига сазовор бўладиган мўминларни сифатлаб шундай дейди: «Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфират» («Оли Имрон» сураси, 135-136-оятлар).
Аллоҳ таоло тавба қилиб, ўзига ёлворганларнинг гуноҳларини албатта кечади. Бу ҳақда «Зумар» сурасида шундай дейилган: «Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт» (53-оят).
Уламолар мўмин кишининг умидини кучлантирувчи оятларнинг энг зўри, мана шу оятдир деганлар. Ислом гуноҳлардан халос бўлиш, ўзи-ўзини поклаш фурсатини эзгулик йўлидаги ишларга аралаштириб юборган, эзгу ишлар гуноҳни ювади, деб айтган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган («Худ» сураси, 114-оят). Бошқ бир жойда Аллоҳ эзгу амаллар мағфиратга олиб боришини айтади: «Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир» («Тавба» сураси, 102-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: «Ёмон ишнинг ортидан яхши иш қилсанг, ёмонликни ювган бўлади».
Зеро инсон, Аллоҳ барча гуноҳларни кечади, мен ҳақиқий тавба қилсам, қабул қилади, деб ишонмоғи лозим. Ҳозирги кунда тиббиёт илми муҳтож бўлиб турган асаб касалликларни даволаш воситаларидан энг кучлиси ҳам ана шу. Психология олимлари, хусусан машҳур Фрейднинг фикрича, асаб касалликларнинг асосий сабаби руҳий тушкунлик бўлиб, унинг давоси фақат асаб касалликлар бўйича мутахассис кишининг олдида ўз хатоларини тан олиш билан бўлади.
Бу нарса мутахасисларнинг айтишича, руҳий, мантиқий бир иш бўлиб, касалнинг хатоларини очиб ташлайди, у ўз хатоларини кўриб, ҳис қилади. Шунда унинг руҳи билан виждони орасида ўзаро келишув пайдо бўлади. Виждон кечиради, инсон эса ўзини руҳи олдида мусаффо ҳис қилади, шу билан асабий тугун йўқолади.
Асабий тугунлар хаёлий нарса бўлмай, балки кўпгина касалликларнинг сабабчиси ҳамдир. Масалан: бош оғриғи, юрак нотинчлиги, қон босими ва ҳозирги кунда тарқалган кўпгина касалликлар. . .
Бунинг давоси табиб ҳузуридаги эътироф бўлса, табиб ҳузурида эътироф қилди нимаю, Аллоҳнинг ҳузурида эътироф қилди нима? Аллоҳнинг кечириши виждоннинг соф бўлиши орасида қандай фарқ бор?
Хатони тан олиш назарияси Қуръон назарияси бўлиб, унинг инсон учун фойдаси жуда ҳам каттадир. Мисол учун Қуръон Зуннун исмли пайғамбарнинг ўз хатосини тан олиши оқибатида ғам-ғуссадан қутилиб, нажот топганлигини айтиб ўтади: «Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» («Анбиё» сураси, 87-88-оятлар). Бу оятдаги «мўминларни шу тариқа қутқарамиз» жумласи барча мўминларни юқоридаги йўлдан боришгач, қачон оғир, ноқулай ҳолатга тушиб қолганда ўз гуноҳларини тан олиб, Аллоҳдан ёрдам сўрашга даъват этади. Қуръон яна бошқа бирмисол келтириб, Одам Ато ва Момо Ҳаво Аллоҳнинг буйруғига бўйсунмай, гуноҳ қилганларида, бу гуноҳни тан олиб, дуо қилганларини эслатади: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз» («Аъроф» сураси, 23-оят).
Қуръон гуноҳларни кечишни сўрашни ва уни қайта такрорламасликни, Аллоҳнинг раҳматига етишиш воситаси, дейди. Шунингдек, бу дунёда ҳам яхшиликларга эриштиради, дейди. «Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур» («Ҳуд» сураси, 3-оятлар).
Ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бир киши келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати Умар унга истиғфор айтинглар, деб жавоб берибдилар. Иккинчи бир киши келиб камбағалликдан шикоят қилибди. Унга ҳам истиғфор айтинг-лар, деб жавоб берибдилар. Учинчи бир киши бефарзандлкдан шикоят қилибди! Унга ҳам истиғфор айт, дебдилар. Яна бир киши камҳосилликдан, бошқаси эса сув танқислигидан шикоят қилибди. Уларга ҳам истиғфор айтишни буюрибдилар. Шунда ҳазрати Умар билан ўтирганлардан бири:
«Эй мўминларнинг амири, турли кишилар келиб, турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса барчасига истиғфор айт, дедингиз, бу қандай бўлди?» деганида, ҳазрати Умар юқоридаги оятларни ўқиган эканлар.
Аллоҳ таоло пайғамбармиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата: «Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас», деган («Анфол» сураси, 33-оят).
Пайғамбармиз вафот этганларида баъзи сахобалар: «Бизни Аллоҳнинг азобдан сақлаб турувчи икки нарса бор эди, бири пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар, энди иккинчиси истиғфор қолди, у ҳам кетса, ҳалокатга учраймиз», дейишган экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . , . , . . ,. . Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнингча давоми...

1736 19:00 / 28.10.2023
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадиларndash Завқ ва ўйинкулги орзуларини совутиб қўювчи нарса ўлимни кўп хотирлангҲадиснинг шарҳи бундайЎлимни кўп давоми...

3901 10:02 / 26.11.2018
Қуёш чиққандан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.Муъоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бомдод давоми...

2456 15:00 / 04.12.2018
1. Аллоҳ таолога қалбни ислоҳ қилишини сўраб дуо қилиш. 2. Аллоҳнинг Каломини ҳар куни бир саҳифадан бўлса ҳам тадаббур билан ўқиш. 3. Солиҳлар билан бирга давоми...

3344 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

133573 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53922 14:35 / 11.08.2021