1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ИШҚ – севгининг олий даражаси

14:22 / 27.10.2018 3685 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қиладиларки: 

Бир одам чўлда кезиб юраркан, бир бадбашарани кўради ва ундан: «Сен кимсан?» – деб сўрайди. Бадбашара: «Мен сенинг ёмон амалларингман!» – дейди. У одам: 

– Сендай бадбашарадан қутулишнинг иложи борми? – деб сўраганда:

– Бор, бунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқига эга бўлишинг ва унга салоту салом йўллашинг керак!.. – деган жавобни олади.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: 

– Менинг ахлоқимга мослашмоқ, бу – қиёмат куни Сирот кўпригида бир нурдир. Ким менинг ахлоқимга эргашса ва жума куни менга саксон марта салоту салом йўлласа, Аллоҳ саксон йиллик гуноҳини афв этади. 

Ҳикоя қиладиларки:

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи билан ахлоқланмаган бир одам бир кун тушида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни кўради, лекин Аллоҳ Расули унга ҳеч эътибор бермайди. Одам дейди:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Мендан хафамисиз?

Пайғамбар:

– Йўқ.

Одам:

– У ҳолда нега менга қарамаяпсиз?

Пайғамбар: 

– Чунки сени танимайман!

Одам:

– Нега танимайсиз? Мен сизнинг бир умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини танигандан ҳам яхшироқ танир экансиз.

Пайғамбар:

– Тўғри айтишган. Лекин мен сенда менинг гўзал «ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман ва сенинг менга ҳеч салоту саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим ахлоқимнинг унда қай даражада борлигига ҳам боғлиқ.

Одам уйғонганда буларни ўйлади ва шу онданоқ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал феъл-атворларини ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир муддат ўтгач, такроран Аллоҳ Расули соллоллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам дарҳол:

– Энди сени танидим, сен учун шафоат қиламан! – деб буюрдилар.

Чунки энди у Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни севар, Унинг гўзал ахлоқига мослашган эди. Раббимиз ҳам буюради:

“Айтинг (Эй, Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсанглар, менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгвчи, меҳрибондир» (Ол-и Имрон сураси, 31-оят). 

Пайғамбарга эргашмоқ Аллоҳ унга ўргатган ва у эса инсониятга тақдим этган илоҳий ахлоқ асосларига риоя қилмоқ демакдир.

Мўминларнинг Аллоҳни севиши унинг амрига итоат этишлари ва фақатгина унинг ризосини ўйлаб иш кўришлари демакдир.

Аллоҳнинг мўминларни севиши эса уларни афв этиши, мукофотлаши, раҳмати ва тавфиқи билан уларга икром кўрсатиши демақдир.

Ким тўрт нарсани даъво қилсаю, тўрт нарсага амал қилмаса, у ёлғончидир.

1. Жаннатни севаман, десаю, Аллоҳга итоат этмаса.

2. Ҳазрат Пайғамбарни севаман десаю, унинг гўзал ахлоқига эргашмаса, эзилганларни ва фақиру бенаволарни севмаса.

3. Жаҳаннамдан қўрқаман десаю, гуноҳ қилишдан чекинмаса.

4. Аллоҳни севаман десаю, мусибатларга дучор бўлганда инграб зорланишдан тийилмаса...

Бир кун улуғларимиздан бири Шиблийнинг ҳузурига – Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин устига! – бир жамоат келади. Шиблий:

– Сизлар кимсизлар? – деб сўрайди.  Улар:

– Сизнинг дўстларингиз бўламиз, – деб жавоб беришди. Бу жавобни эшитган Шиблий ўгирилиб, уларга тош отди. Қочаётганларида шу гапларни айтади:

– Нега қочяпсиз? Агар сизлар ҳақиқий дўстларим бўлсайдингиз, мендан келган балодан қочмасдингиз!

Сўнгра дейди: 

– Муҳаббат аҳли севги косасидан ичади, ер юзи ва шаҳарлар уларга торлик қилади. Аллоҳни чинакамига танийдилар, унинг Буюклигидан қўрқадилар. Қудратидан ҳайратланадилар. Аллоҳ севгиси косасидан ичадилар. Унинг дўстли денгизида чўкадилар ва яна унга муножот қилиш билан лаззатларга ғарқ бўладилар.

Иброҳим Ҳоввосдан сўрадилар:

– Севги-муҳаббат нима?  Жавоб берди:

– Худбин истакларни йўқ қилмоқ, манманликни ёқмоқ ва ишоратлар денгизида нафсни бўғмоқдир.

Севги бу – инсон табиатининг завқлантирувчи ҳузур-бахш лаззатга майл этишидир. Севгининг олий даражаси Ишқ дейилади. Ошиқлар ўз маъшуқаларининг висолига етишмоқ учун ҳеч нималарини, ҳаттоки жонларини ҳам аямагайлар. Ҳазрати Юсуфни севиб, тилларда достон бўлган Зулайҳо бунинг ёрқин мисолидир. Чиндан ҳам, Зулайҳо ишқ йўлида молини-мулкини, ҳатто гўзаллигини ҳам йўқотади. У етмиш туяга юк бўладиган инжу жавоҳирларга соҳиба эди. Бебаҳо зебигардонларини Ҳазрати Юсуфга бўлган ишқи йўлида сарф этади. Кимда-ким, «Мен бугун Юсуфни кўрдим!» – деса, унга қимматли маржонларидан бирини берарди. Шу тариқа, совға эта-эта ҳеч бир нарсаси қолмайди. Ҳар нарсани «Юсуф!» деб чақирарди. Унга бўлган чексиз ишқи туфайли «Юсуф» калимасидан бошқа ҳамма сўзларни унутганди. Бош кўтариб кўкка қараса, юлдузлар маржондай тизилиб, «Юсуф» исмини ёзгандай бўлиб кўринардилар.

Айтадиларки, ҳақиқий севги-муҳаббат уч нарсада билинади:

1. Севган суйганининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди.

2. Севган суйганининг суҳбатини бошқаларнинг суҳбатидан устун қўяди.

3. Севган суйганини мамнун этишни бошқаларни мамнун этишдан устун қўяди.

Бир олимдан сўрадилар:

– Ошиқ деб кимга айтилади ва унинг ҳоли қандай бўлади? Олим жавоб берди:

– Инсонлар билан оз алоқада бўлади. Кўпроқ Рабби билан юзма-юз қолади. Кўриниши сассиз-садосиз, лекин узлуксиз тафаккур ҳолида бўлади. Қараганда кўрмайди, чақирганда эшитмайди, суҳбат чоғи ҳеч нарсани англамайди. Бошига бир фалокат тушса, эзилмайди. Оч қолса, очлигини ҳис этмайди. Кўриниши пажмурдадир. Аллоҳдан бошқасидан қўрқмайди. Узлатда Аллоҳга муножот этади. Дунёлик юзасидан аҳли дунё билан олишмайди.

Ким уч нарсани даъво қилсаю, уч нарсадан ўзини покламаса, у алданган бўлади:

1) Аллоҳнинг ўртага қўйган ахлоқ асосларига риоя қилиш завқли эканидан лоф урсаю, лекин дунё севгисидан воз кечмаса;

2) Амалларни ёлғиз Аллоҳ учун қилишни севишини айтсаю, лекин инсонларнинг унга таъзим қилишидан мамнун бўлса;

3) Аллоҳни севаман десаю, лекин нафсини тарбия қилмаса, у кимса алданган бўлади.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:

– Умматимга шундай бир замон келадики, беш нарсани севадилар, беш нарсани унутадилар:

1. Дунёни севадилар, охиратни унутадилар.

2. Мол-мулкни севадилар, охирида ҳисоб беражакларини унутадилар.

3. Халқни севадилар, Ҳақни (Аллоҳни) унутадилар.

4. Гуноҳ қилишга бериладилар, ёмон феълларини яхши феълга айлантиришни ва тавба қилишни унутадилар.

5. Саройларда, кўшкларда яшашни севадилар, қабрни унутадилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фарж шаҳвати ҳақида бирикки оғиз сўз юритсак. Аллоҳ таоло одам зотини жинсий шаҳватли қилиб яратган. Албатта, бу беҳикмат эмас. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, давоми...

5009 13:00 / 05.12.2020
Ҳикоя қилинишича, бундан бир неча юз йиллар олдин чироқ ўрнида оловдан фойдаланиладиган даврда бир бадавлат киши яшар эди. Уни барча хос хизматларини бажарадиган давоми...

2976 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай деб марҳамат қилади ... .Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам давоми...

1992 19:00 / 17.07.2023
Куфр тўрт хил бўлади 1. Инкор куфри. Бу хилдаги куфр эгаси ҳам қалби, ҳам тили билан куфр келтирган бўлади ва тавҳиддан ҳеч нарсани билмайди. Бундай кишилар ҳақида давоми...

5164 17:00 / 12.06.2021