1446 йил 7 зулқаъда | 2025 йил 04 май, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган

11:00 / 19.05.2021 3465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. «Рибо» луғатда «зиёда» деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган қўшимча маблағдир.

Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни «Мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.

Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган. Қуръони каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзи-га ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (275-оят).

Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввалдан яхшилаб сингдириш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандай экани билиб олинади.

Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида судхўрлар, албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларни ҳеч ким танитмаса ҳам, қабрдан туришларини кўрганлар яхши таниб, «Анавилар судхўрлар», дер экан.

Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар».

Яъни, уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.

Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана шу ҳолат бўлар экан.

Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади:

«Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир».

Судхўрлар рибони ҳалол деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Улар тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», дейишларидан рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб ҳалол қилинган, деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки,

«Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган».

Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда ёки зарар кўришга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.

Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.

Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, инсон ҳаётида тижоратни қўллаш ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда кўпгина молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукм кучга киргач, бундан аввалги савдо ишлари ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.

«Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир».

Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилганидан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалар Аллоҳга ҳавола: хоҳласа, кечиб юборади, хоҳласа, иқобига олади.

«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Кимки рибонинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ томонидан оят келганига ҳам қарамай, яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахи бўлади, дўзахи бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, ўша ерда абадий қоладиган дўзахи бўлади.

“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан   

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар Қачон сирли суҳбат қилсангиз, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга маъсиятга сирли суҳбат қилмангиз. Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат давоми...

5370 17:40 / 17.03.2019
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, давоми...

3695 14:00 / 26.08.2022
Асарда муаллиф бир қатор ақидавий масалаларни муолажа қилади. Уларнинг асосийлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Имом Мотуридий жавҳарларнинг ҳодис давоми...

2089 11:30 / 27.04.2020
.Калом, лафзи араб тилида .сўз,, .гап,, .жумла, маъноларини англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур исмидир. Бу исм, ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган. Зеро, у давоми...

5312 13:55 / 15.10.2019