1446 йил 17 зулқаъда | 2025 йил 14 май, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Намозда қалб ҳозирлиги

17:45 / 22.04.2019 3920 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.

Қалб ҳозирлиги деганда, қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгалардан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса қалби ҳозир бўлган бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқ. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.

Намозда қалб ҳозир бўлиши омиллари

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари энг оз деганда умумий маънони билиб, талаффуз қилаётган нарсанинг нима эканини имкон борича билиб турсалар яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақшинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: 

«Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижониясини олиб келинглар», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир жойда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» дейилганда «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо имкон борича намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.

2. Аллоҳ таолонинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳ таолонинг таъзими У Зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби албатта ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатда Одам алайҳиссалом қизларининг бир хил ёшда бўлиши, аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай ndash кичик ёки катта давоми...

15907 08:45 / 17.01.2019
Ётирқоний айтади .Абу Абдуллоҳ ибн Манда вафот этган кечаси ёнида эдим. Жон беришидан олдин ўша ерда ўтирган бир киши унга .Лаа илааҳа иллаллоҳ,ни талқин қилиб давоми...

2650 08:00 / 27.05.2020
Ривоят қилишларича, бир куни Умар розияллоҳу анҳу елкаларида меш кўтариб чиқибдилар. Халифа бўлишларига қарамай, меш кўтариб олган ҳазрати Умарни кўрган кишилар давоми...

1850 13:26 / 17.06.2019
Тирик жонзотлар ичида отаонасидан энг кеч мустақил бўладигани инсондир. Айрим ҳашаротлар дунёга келиши биланоқ мустақил ҳаётни бошлаб юборса, айримлари тухумдан давоми...

4513 15:03 / 10.01.2018