1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сеҳр аслида сабаби махфий нарса

11:00 / 30.08.2022 4260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сеҳрга алоқаси бор нарсалар:

1. Шаъваза.

Шаъваза бизда кўпроқ «бахшилик» деб юритилади. Бу аслида қўл енгиллигидан иборат бўлиб, чаққон ҳаракатлар билан бир оз ҳийла ишлатиб, бирор нарсани бошқача қилиб кўрсатишдир. Сеҳрнинг мазкур тури билан шуғулланувчи ўзининг бирор ерига беркитиб олган нарсани беморнинг ичидан олган қилиб кўрсатади.

2. Нашра.

Бу дам солишнинг бир тури бўлиб, унда жин теккан деб гумон қилинаётган одам муолажа қилинади. Бошқача қилиб айтганда, беморни ўраб олган дард­нашр қилинади, яъни ёзиб юборилади, деган даъво қилинади. Бу иш ҳам сеҳр ҳисобланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нашра ҳақида сўралди. Шунда у зот:

«(У) шайтоннинг амалидандир», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

3. Азайимхонлик.

Бу сўз «азиймат»дан олинган бўлиб, «қасам ичиш» маъносини билдиради. Бунда азайимхон маълум исмлар билан қасам ичиб, жин текканларга шифо сўрайди. Уларнинг даъвосича, мазкур исмлар Сулаймон алайҳиссалом жинларнинг қабилаларига муваккал қилиб қўйган фаришталарнинг исмлари эмиш. Агар ўшалардан бирининг исми билан қасам ичса, у ўзига тобе жинни ишга солар эмиш.

4. Тилсим.

Юлдузларга боғлиқ деб гумон қилинган исмлардир. Улар баъзи бир маъдан ёки бошқа нарсаларда бўлиб, ўшалар билан кишиларни даволаш даъво қилинади.

5. Авфоқ.

Бунда турли рақамлар ҳандасавий шаклларнинг ичига махсус услубда ёзиб чиқилади. Ким ўша шакллар солинган қоғозни ўзи билан олиб юрса, у туғишни осонлаштиради, бир лашкарнинг бошқаси устидан ғалабасини таъминлайди, маҳбусни қамоқдан чиқаради, деган даъволар қилинади.

6. Мунажжимлик.

Бу сўз луғатда юлдузга назар солишни англатади. Аммо истилоҳда фалакдаги шакллардан ердаги ҳодисаларни билиб олишни даъво қилишдан иборатдир.

Сеҳргар эса турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилувчилар ҳам сеҳргар экани айтилган. Сеҳргар Қуръони Каримда қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида бундай марҳамат қилади:

ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас» (69-оят).

Сеҳр ва сеҳргарлик ҳадиси шарифларда ҳам қораланган ва мўмин-мусулмон бандаларнинг бу ҳаром ишга мутлақо яқинлашмасликлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади», деб айтганлар». 

Имом Насаий ривоят қилган.

Қуръони Каримда сеҳргарларнинг иши куфр экани айтилган.

Бирор нарсанинг кўлами ёки хатари бошқа нарсага солиштириб кўрилганда яхшироқ ва теранроқ англанади. Сеҳрнинг нақадар катта гуноҳ эканини у билан бир қаторга қўйилган улкан гуноҳлардан (гуноҳи кабиралардан) ҳам тушуниб олиш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етти ҳалок қилувчидан четланинг», дедилар. Одамлар:

«Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва ғофила, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Маълумки, Аллоҳга ширк келтиришдан улканроқ гуноҳ йўқ. Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлувчи улкан гуноҳларнинг ичида биринчи бўлиб айнан мана шу ширк келтиришнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин, иккинчи ўринда сеҳр туриши эса сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканини яққол кўрсатиб турибди. Эътибор беринг-а, ҳатто одам ўлдириш ҳам ундан кейинга қўйилган. Чунки сеҳргарнинг жамиятга етказадиган зарари одам ўлдиришдан ҳам каттароқдир. Албатта, бундай улкан гуноҳ қилган шахс охиратда жазосини тортади. Бу нарса ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Сурункали хамр ичувчи ҳам, сеҳрга ишонувчи ҳам ва қариндошлик алоқасини узувчи ҳам жаннатга кирмайди».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва 

ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилганингиз динга ёрдам бўлди. Амирлигингиз фатҳларга давоми...

1412 07:10 / 20.05.2019
Маймун ибн Меҳрон ҳикоя қилади .Абдулмалик ибн Марвон Мадинага келди. Эрталаб уйғонгач, қоровулига .Масжидга кириб қара, кимдир бор бўлса, у билан суҳбатлашаман,, давоми...

2125 07:10 / 08.05.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш12қисм АХЛОҚ Давоми МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИМурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус давоми...

5620 02:37 / 17.03.2017
Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд давоми...

2454 18:44 / 15.09.2023