1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Хотинлар орасидаги тақсим ҳақида

05:00 / 14.02.2017 5343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:  «Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам хотинлар ўртасида адолатли бўла олмайсизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллақага ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир», деган (Нисо, 129).

Шарҳ: Нисо сурасида келган ушбу ояти каримада кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати ҳақида сўз кетмоқда. Кўп хотинли эр ҳеч қачон ҳамма хотинларига чин қалбдан бир хил муҳаббат қўя олмайди. Чунки аёл кишига бўладиган муҳаббат режа, ўлчов ёки бошқариш билан бўладиган нарса эмас. Қалб икки хотиндан биригагина кўпроқ мойил бўлиши турган гап. Аммо бу дегани қалб муҳаббатидан бошқа нарсаларда ҳам адолатсизлик қилиш жоиз дегани эмас. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида: 

«Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллақага ўхшатиб қўйманг», демоқда.

Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган хотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб бошқа хотинингизни муаллақага ўхшатиб қўйманг. 

«Муаллақа аёл» деб, хотин бўлиб, хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат ҳолда «осилиб» қолган аёлга айтилади. 

Эри уни хотин ўрнида кўрмайди, шу билан бирга, талоқ қилиб, бошини очиб ҳам қўймайди. Бундай муллақлик аёл кишига нисбатан зулмдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу масалада эрни адолатли бўлишга чорламоқда. 

Кўнгил масаласи тушунарли иш. Аммо бошқа маҳалда кўпхотинли киши хотинларининг ҳаммасига баробар, адолатли муомалада бўлиши шарт. Шариатнинг ҳукми шу. Бўлмаса, мусулмончиликка тўғри келмайди. Мазкур адолат қай тарзда бўлишини келгуси ҳадиси шарифларда ўрганамиз.

Ояти кариманинг давомида: 

«Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Ал-лоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир», дейилади.

Шунга биноан, эр-хотинлик ишларида доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуддир. Мусулмон киши ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, ислоҳ йўлини тутиб оиласини сақлаб қолиш, кўпхотинлик бўлса, улар орасида адолатли бўлишга ҳаракат қилиши керак.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг иккита хотини бўлсаю, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни бир томон мойил (фалаж) бўлган ҳолда келади», дедилар
».

Шарҳ: Икки хотинли бўлиш ҳам осон эмаслиги ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Икки хотинлик бўла туриб, улардан бирига яхши қараб, бошқасига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлса, қиёмат куни аҳволи оғир кечар экан. Қиёмат куни танасининг ярми шол-фалаж ҳолида тирилар экан. Хотинлардан бирига адолатсиз бўлишнинг жазоси ана шундоқдир.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хо-тинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар ва:
«Эй бор Худоё! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўл-аган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар
».

Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларига нафақани, кийимни, турар жойни, муомалани бир хил қилар эдилар. Шу билан баробар, кўнгил ишига келганида ўзларининг хоҳишларидан ташқари нарсада камчилик содир бўлса, Аллоҳ таолодан кечиришини сўраб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот шундоқ бўлганларидан кейин оддий кишилардан кўпхотинлик бўлганларнинг ҳолини билиб олса бўлаверади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида бизнинг баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида ётиб қолар эдилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари олдида навбат билан ётар эдилар. Лекин навбати келган онамизнинг ҳужраларига кириб ётишларидан олдин бошқа оналаримиз олдиларига бир-бир кириб хабар олиб, кўнгилларини олиб чиқар эдилар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларига чиқса ўшани ўзлари билан бирга сафарга олиб чиқар эдилар. Улардан ҳар бири учун хос кунни ва кечани тақсим қилар эдилар. Фақатгина Савда бинти Замъа ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди». 

Учовлари ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Маълумки, сафарнинг ўзига хос шарт-шароитлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма хотинларини бирга сафарга олиб чиқиб, навбат билан ётиб юришлари мумкин эмас эди. Шу билан бирга, ўзлари хоҳлаганларини олиб, қолганларини ташлаб кетмасдилар ҳам. Шунинг учун сафардан олдин барча оналаримизни тўплаб қуръа ташланар эди. Кимнинг қуръаси чиқса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга чиқар, қолганлар хафа бўлмасди.

Сафардан бошқа вақтда эса, оналаримиздан ҳар бирларига навбат билан кун ва кечани тақсим қилар эдилар. Фақатгина Савда онамиз ўта қариб қолганлари учун ўз ихтиёрлари билан навбатларини Оиша онамизга совға қилган эдилар. Келгувси ривоятда бу ҳақда алоҳида сўз юритилади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган, унга ўхшаш аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиздаги ҳақим бор кунимни Оишага бердим», деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага икки кун: ўз кунини ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар
».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Оналаримиз розияллоҳу анҳоларнинг баъзиларининг ёшлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларидан катта эди. Жумладан, Савда бинти Замъа онамизнинг ҳам. Бунинг устига Савда онамиз катта жуссали ва семиз аёл бўлиб, қийинчилик билан ҳаракатланар эдилар. Ёшлари ўтиб қолганда мазкур ҳолатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам қийинчилик туғдириб, мени ёқтирмай қолмасинлар, деб ўз кунларини у Зотнинг энг ёш ва маҳбуба аёллари Оиша онамизга ҳадя этганлар. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз Савда онамизни яхши кўрар ва тутимда, сийратда ўша кишига ўхшашни хоҳлар эдилар.

Ушбу ҳадисдан хотинлардан бири ўз навбатини кундошига ҳадя қилса ва эр бунга рози бўлса жоиз эканлиги тушунилади.


Асма розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Бир аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кундошим бор. Агар мен эрим бермаган нарсани берди, деб гап тарқатсам гуноҳ бўладими?» деди.
«Ўзига берилмаган нарсани берилди, деб гап тарқатган, худди иккита ёлғон кийим киювчига ўхшайди», дедилар у Зот
». 

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан тақсимнинг адолатли бўлиши учун кўрилган барча чоралар кундош аёлларнинг озор топмаслиги, бир-бирига куймаслиги, ҳар бири ўзини яхши ҳис қилиши учун эканлиги, бинобарин, эри қилмаган нарсани, эрим мен билан ундоқ муомала қилди, менга уни олиб берди, буни олиб берди, дейиш ҳам ҳаром эканлиги тушунилади. 

Бундай ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай-ҳи васаллам бировнинг кийимини кийиб олиб, ўзимники, деб мақтаниб юрган кишига ўхшатмоқдалар. Кийимнинг эгаси келиб, бу кийим меники, деса, шарманда бўлади. Шунга ўхшаш эрим менга уни олиб берди, буни олиб берди, деб ёлғон гапириб, кундошини куйдирган аёл ҳам тезда шарманда бўлади. Эри тўғрисини айтиб беради. Аммо орада ўша аёлнинг гуноҳкор бўлгани қолади, холос. Чунки аввало, у ёлғон гапирди, қолаверса, эрига ва кундошига озор берди.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Аллоҳнинг Пайғамбари бир кечада хотинларининг ҳаммасини айланиб чиқар эдилар. Ўша кунларда у Зотнинг тўққиз хотинлари бор эди». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бундан қудрати етган, имкони бор кўпхотинлик одам бир кечада хотинларининг ҳаммасига яқинлик қилса ҳам жоизлиги чиқади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар давоми...

3788 05:00 / 14.02.2017
Дунёда ҳамма нарса жуфтжуфт яратилган ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана давоми...

5226 05:00 / 14.02.2017
Отаонага хизмат қилган мужоҳид ва ҳожидир . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4147 17:04 / 08.01.2017
Ато ибн Абу Робаҳдан ривоят қилинади.Абу Ҳурайранинг Байтни тавоф қилиб юриб, .Фақат аҳли аёлдан ортганини садақа қилиш бор, деб нидо қилаётганини кўрдим,.Шарҳ Ато давоми...

3187 05:00 / 14.02.2017