1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Мукаммал саодат ақийдаси

14:36 / 09.10.2018 2841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳақиқати

Инсон учун бахтли ҳаёт манбаини излашдан олдин ўша инсон деган зотнинг асли, ҳақиқати, мақоми, масъулияти ва бошқа унга оид тушунчалар ҳақида бир тўхтамга келиб олиш керак бўлади.

Баъзи бир «илмий» назарияларда, инсон – меҳнат натижасида ривожланиб қолган маймун, дейилади.

Шунингдек, инсон гуноҳ қилиб қўйиб, Аллоҳнинг ғазабига учраган махлуқ. У бу дунёда фақат ўша гуноҳини ювиш учунгина юрибди, у ўзини қанча кўпроқ қийнаса, тарки дунё қилса, шунчалик ўзига яхши бўлади, деганлар ҳам бор.

Ислом ақийдасига кўра эса инсон Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, Ўз руҳидан жон пуфлаган, махлуқотларнинг афзали ва мукаррами этган, ер юзида Ўзининг ўринбосари қилиб қўйган олийжаноб бир зотдир.

Аллоҳ таоло инсонни Ўз қўли билан яратгани ҳақида хабар бериб, Қуръони каримнинг Сод сурасида қуйидагиларни айтади:


ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ

«Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди? Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди» (75-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло инсонни Ўз қўли билан яратгандир. Уни улуғлаб фаришталарни унга сажда қилишга амр қилгандир. Инсонга сажда қилмаган иблисни итоб қилиб, Ўз даргоҳидан қувгандир.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида инсоннинг яратилиши ҳақида хабар бериб айтади:

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади» (9-оят).

Яъни Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан жон пуфлади. Инсон учун бундан улуғ шараф бўлиши мумкин эмас.

Ҳа, инсоннинг яратилишини, шакли шамоилини Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғрилагандир ва унга жонни Ўз руҳидан пуфлагандир.

Аллоҳ таоло инсонни яратишидан кўзлаган мақсади ҳақида фаришталарга қилган хитобини Бақара сурасида қуйидагича баён қилади:

ﭑ ﭒﭓﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди» (30-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бўлади. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот унга муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Инсон Аллоҳ таоло томонидан яратилган мавжудотларнинг гултожидир. Дунёдаги қолган барча нарсаларни Аллоҳ таоло инсон фойдаси учун яратгандир.

Қуръони Карим бу ҳақда ҳам очиқ-ойдин баёнот беради. Аллоҳ таоло Жосия сурасида қуйидагиларни айтади:

ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят(белги)лар бордир» (13-оят).

Демак, осмонлардаги ва ердаги ҳамма нарса Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундириб қўйилган.

Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқалигина борлиқдаги барча нарсаларнинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва инсон улардан фойда олади. Ақл юритиш ўз навбатида борлиқдаги барча мавжудот ва ашёларни инсонга бўйсундириб берган Зотга иймон келтириб, ибодат қилишга олиб келади. Иймонсиз, қуруқ илм эса фойда эмас, зарар келтиради.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотлари ичида инсон энг азизи ва энг мукаррами эканини Исро сурасида очиқ-ойдин айтиб қўйган:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ


«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик...»

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши унинг азизу мукаррамлигидан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир.

Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ таоло берган ақл ила турли тадбирлар қилади, фаолият кўрсатади, ўзи учун керакли бўлган нарсаларни ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганлигининг намуналаридир.

Аллоҳ таолонинг одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги нозил қилган Китоби бўлмиш Қуръони каримда:

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибор, буюк шарафдир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида улов вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Инсон бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, ниҳоятда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Коинотдаги улкан сайёралардан тортиб, осмон малоикаларию ер юзидаги барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир.

Исломда инсон ҳақида сўз кетар экан, Аллоҳнинг қўли ила яратилган олиймақом зот назарда тутилади. Ҳайвонлар ичида энг бетамизи бўлган маймундан тарқалган қандайдир махлуқ тўғрисида ёки гуноҳ қилиб қўйиб, Аллоҳнинг ғазабига учраган ва бу дунёда фақат ўша гуноҳини ювиш учунгина юрган, ўзини қанча кўпроқ қийнаса, тарки дунё қилса, шунчалик ўзига яхши бўладиган жонзот ҳақида сўз кетмайди.

Исломда инсон ҳақида гап кетар экан, ичига Аллоҳнинг руҳидан жон пуфланган мўътабар зот назарда тутилади.

Исломда инсон ҳақида гап кетар экан, Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси – ўринбосари бўлган зот назарда тутилади.

Исломда инсон ҳақида сўз юритилар экан, дунёдаги барча нарсалар беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот назарда тутилади.

Исломда инсон ҳақида гап кетар экан, Аллоҳ таоло томонидан мукаррам қилиб қўйилган, Бану Одам назарда тутилади.

Инсонни Ислом дини азизу мукаррам қилганчалик улуғлаган тараф бўлса, айтсин. Бас, шундай экан, биз мусулмонлигимиз ила фахрланишимиз керак. Ўзимизнинг Улуғ Зот – Аллоҳ таоло томонидан яратилганимиз, Унинг Ўзи бизга Ўз руҳидан жон пуфлагани, ер юзидаги халифаси – ўринбосари қилгани, бутун борлиқни бизга беминнат хизмат қилиши учун яратгани ҳамда Ўзи яратган нарсалари ичида бизларни энг азиз ва мукаррам қилиб қўйганига ҳар қанча шукур қилса оз.

“Мукаммал саодат йўли” китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, давоми...

4865 21:28 / 17.06.2019
Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ndash ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ давоми...

7523 13:40 / 03.06.2019
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

6576 14:05 / 03.07.2019
Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг давоми...

7219 14:00 / 21.01.2019