1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Изн сўраш ва никоҳнинг арконлари

05:00 / 14.02.2017 4777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, изни қандоқ бўлур?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда:
«Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралур. Унинг изни сукутидир», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт эканлиги, эркаклар, яъни, оталар, акалар ва бошқалар совчи келганида ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай туриб нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.
Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолат ўзи шуни тақозо қилади. Ўзининг илмисиз, розилигисиз бировни эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундоқ гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром дои-расида тарбия топганлари туфайли ўз отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида уялиб индамаган бўлади. Шунинг учун қиз боланинг уялиб индамагани розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик, деб бўлмайди.
Бундоқ ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қи-линглар», деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изни бўлади. Агар бош тортса, уни мажбур қилинмайди», дедилар
».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Етим қизлар деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундоқ қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятлардан кўриб турибмиз. Бундоқ қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар қизларга Аллоҳ томонидан берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб эрга берганлар. Бу эса, доимо Ислом душманлари томонидан динимизга айб сифатида қўйиб келинган. Мусулмонман деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.

Ханса бинти Хизом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У кишини жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, у Зот унинг никоҳини рад этдилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб, бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳуқуқини беради. Арз қилинган чоғида эса қози ундоқ никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У розиман, деса никоҳ никоҳ бўлади, бўлмаса, бузилади.

Бир бокира қиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни эрга берганини, у эса ёқтирмаётганини зикр қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни ўша қизга бердилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса йўқ.
Бу иш Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳу-қуқлари қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ–умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда, эркаклар аввал ўзлари рози, талабгар бўлиб совчи қўйганларидан уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида асосан аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаётнинг тақозосидир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз турмушга чиқса, бас, унинг никоҳи ботилдир» деб уч марта айтдилар. Ва:
«Агар эр у билан қовушса, у(аёл)дан ҳузурлангани учун унга маҳр берилади. Агар тортишиб қолсалар, султон валийси йўқнинг валийсидир», дедилар
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Жумҳури уламолар ушбу ҳадисни дастак қилиб, валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас, дейдилар. Бунга қўшимча равишда яна бир неча оят ва ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, никоҳнинг тўғри бўлишига валий иштироки шарт эмас, дейдилар. Улар ҳам учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Ушбу ҳадисни эса, комил никоҳ ҳақида, дейдилар. Яъни, валий иштирок этмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир, дейишади.
Ҳанафий уламолар ўз фикр–ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари ақлий далил ҳам келтирадилар. Шариат, дейишади улар, балоғатга етган қиз болага ўз молу мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳақини берган, нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқ. Қандоқ қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?!
Лекин бу тортишув кўпроқ уламолар орасидаги назарий тортишувлар доирасидан нари чиқмайди. Амалда эса, валий ҳамма жойда бор. Ҳанафийлар ҳам валий ким, уни ихтиёр қилиш қандоқ бўлади ва ҳоказо масалаларни батафсил баён қиладилар.
Валий кўпинча ота бўлишини, ота йўқлигида унинг ўрнини босувчи киши бўлишини эътиборга олсак, бу масала яна ҳам ойдинлашади.
Оила қураётган ёш йигит-қизлар ота-онасини, яқин қариндошларини норози қилиб никоҳдан ўтишларини ҳеч ким маъқулламайди. Чунки ота-она, яқин қариндошлар ўз боласига, яқинига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайдилар. Улар никоҳ, оила, эру хотинлик масаласида катта билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлганларидан ўз фарзандлари ва яқин кишиларига маслаҳат бериш, яхши йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар.
Ёш йигит-қизлар эса бошқа турли ишлар каби никоҳ масаласида ҳам билим ва тажрибалари кам бўлганидан ота-оналари, яқин қариндошлари насиҳатларига амал қилишлари лозим саналади. Ҳамма уламоларимизнинг насиҳатлари шу.
Валийсиз никоҳ бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинганда, мабодо шу хилда никоҳ бўлиб эр аёл билан қовушмай туриб никоҳлари бузилса, ҳеч гап йўқ. Аммо қовушиб қолган бўлсалар, никоҳи бузилган тақдирда ҳам аёлга эр қовушгани сабабли маҳр беради.
Никоҳ валийсиз бўлмайди, деган ҳукмга амал қилинган чоғда насабий валийлар топилмаса, султон–ҳоким валий бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Валийсиз никоҳ йўқдир», дедилар
».
Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.
Аҳмад ва Байҳақий лафзида:
«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқ-дир», дейилган.
Шарҳ: Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деганлар. Шунга биноан, никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ.
Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган киши валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.
Фосиқ–шариатга хилоф иш қиладиган одам никоҳда валий бўла олмайди. Чунки шариатники оёқости қилганидан кейин, ўзига тақдири ишониб топшириб қўйилган қизларнинг ҳуқуқларини ҳам поймол қилиши ҳеч гап эмас.
Ҳанафий мазҳабида одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган.
Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиз.
Ушбу ҳадисда яна бир нарса–икки адолатли шоҳидсиз никоҳ йўқлиги зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат,ана ўша гувоҳлар икки ёшнинг ҳалол-пок йўл–никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Кейинчалик эру хотин ўртасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан гувоҳсиз никоҳ бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлиши мумкин. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл.
Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик.
Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур.
Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик.
Мусулмон эмаслар гувоҳ бўлолмайди.
5. Иккала гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг сўзларини эшитиши керак.
6. Гувоҳ адолатли–диний жиҳатдан тўлиқ ишончли одам бўлса яхши. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
Бу масала жуда кенг масалалардан бўлиб, фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қайси бир аёлни икки валий бировнинг никоҳига берса, ҳақ биринчи валийники бўлади. Қайси бир киши икки одамга нарса сотса, ҳақ улардан биринчисиники бўлади», деди.
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳу-нинг бу гапларини қуйидагича тушунишимиз керак. Мисол учун, бир аёлнинг икки акаси валий ҳисобланади. Уларнинг иккисига ҳам синглисини турмушга бериш ҳаққи берилган. Бири ўзича синглисини бир кишига, иккинчиси бошқа кишига берди. Бу пайтда икки акадан қайси бири аввал берган бўлса, ўша никоҳ жоиз бўлади, кейингиси ботил ҳисобланади.
Агар иккиси бир вақтда бўлса ёки вақтлари маълум бўлмаса, иккала никоҳ ҳам ботил саналади.
Шунга ўхшаб бир киши бир нарсани икки кишига сотиб қўйди. Иккиси талашиб қолди. Қайси бири билан олдин савдо қилинган бўлса ҳақ ўшаники бўлади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, вафо қилиниши энг ҳақли шарт, фаржларни ҳалол қилиб олганингиздаги (никоҳдаги) шартдир», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Исломда ҳамма шартларга амал қилиш ва берган аҳдга вафо қилиш алоҳида эътиборга сазовор саналади. Аммо никоҳдаги шарт ҳамма шартлардан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Никоҳдаги шартга вафо қилиш бошқа шартларга вафо қилишдан ҳам зарурроқдир.
Чунки Аллоҳ таоло икки бегона кимса–эркак ва аёлнинг шаръий алоқалари никоҳ орқали ҳалол бўлишини буюрган. Эр киши ўша никоҳ шартларига хўп, деб кўниши билан ўзига ҳаром бўлган аёлни Аллоҳнинг гувоҳлигида ва Унинг розилиги билан ҳалол қилиб олган бўлади. Зеро никоҳ алоқаси, аввал айтиб ўтганимиздек, Аллоҳнинг исми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мусулмонларнинг гувоҳлиги билан қуриладиган алоқадир. Шунинг учун ҳам ундаги шартларга вафо қилиш жуда ҳам зарур.
Аммо жумҳури уламоларимиз шарҳ қилиб берганларидек, никоҳ пайтида қўйиладиган шартлар шариат ҳукмига мос бўлсагина вафо қилиш лозим бўлади. Аллоҳнинг ҳукмига зид шартлар никоҳда ҳам, бошқа нарсаларда ҳам қабул қилинмайди.
Юқорида ўрганган бир неча ҳадисларимизда никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида сўз кетди. Албатта, бу бобдаги шаръий далиллар фақат шу мазкур ривоятлардангина иборат эмас. Бир қанча оят, ҳадис ва бошқа далиллар ҳам бор. Уламоларимиз уларни батафсил ва атрофлича ўрганиб чиқиб, никоҳнинг рукн ва шартларини тартиб билан зикр қилиб, тушунтирганлар.
Мазҳаблар ўз қоидалари ва ижтиҳодларига би-ноан баъзи турличаликларга ҳам йўл қўйганлар. Бу ижтиҳод эркинлиги асосан, хилоф ёки қарама-қаршилик йўқ ҳукмларда намоён бўлган.
Баъзи ҳукмларни бир мазҳаб рукн деса, бош-қаси шарт, деб, ёки аксинча ҳисобланган. Лекин улар барибир амал қилиниши лозим бўлган нарсалардир. Шулардан никоҳ масаласидаги энг муҳим, ҳамма билиб олиши лозим бўлганларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.

НИКОҲНИНГ РУКН ВА ШАРТЛАРИ

Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар.
«Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўлса, «қабул» иккинчи ўринда содир бўладигандир.
Мисол учун, бир эркак аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан, деса, «ийжоб» бўлади.
Аёл унга розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади.
Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Бошқа мазҳабларда эса, ийжоб ва қабулга қу-йидаги нарсалар ҳам қўшилади:
1. Хотин.
2. Эр.
3. Валий.
Шу билан Ҳанафий мазҳабидан бошқа маз-ҳабларда никоҳ рукни тўртта бўлади.
Никоҳнинг тўғри бўлиши учун бир нечта шарт юзага чиқиши шарт:
1. Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак.
Бошқача айтганда, никоҳда иштирок этиши кўзланган аёл эркакка абадий равишда ҳам, вақтинчалик ҳам ҳаром бўлмаслиги керак. Маҳрамларга ва баъзи аёлларга вақтинчалик уйланиб бўлмаслиги ҳақида олдин батафсил гаплашганмиз.
2. Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса, бўлмайди. Вақтини тайин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром саналади.
3. Гувоҳлик.
Гувоҳлик ҳақида юқоридаги ҳадиси шариф шарҳида гапириб ўтдик. Ҳамма мазҳаб уламолари гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ қилганлар.
Моликийлар ҳатто гувоҳлардан никоҳни сир тутишни сўралса, никоҳ ботил бўлади, деганлар.
4. Икки томоннинг розилиги.
Эр ҳам, аёл ҳам ўз ихтиёри билан никоҳга ҳаракат қилишлари шарт. Бўлмаса, никоҳ тўғри ҳисобланмайди.
Имом Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб, отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи, мен буни хуш кўрмайман, деди. У киши, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердим. У Зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар.
Шунда у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини ўргатишни ирода қилган эдим», деди.
(Қизнинг исми Ханса бинти Ҳизом ал-Ансория эди).
5. Валий.
Бу ҳақда батафсил гапирилди.
Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру хотин тайинли бўлиши, ҳаж ва умра эҳромида бўлмасликлари, никоҳ маҳр ила бўлиши, эр гувоҳлар билан никоҳни сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ёки хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги каби шартлар ана шулар жумласига киради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги пайтда аёлнинг иззатини ва инсонийлигини тириклайин кўмишган. Эрмак учун ўйналадиган қўғирчоқ бўлиб, жоҳиллар у билан вақтларини чоғ қилиш. Бу ҳол худди давоми...

4758 05:00 / 14.02.2017
ОТАОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ БАЪЗИ КЎРИНИШЛАРИ ЁҲУД МУШТИПАР ОНАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИБу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. давоми...

4587 05:00 / 15.02.2017
Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб ўтказиладиган маросимни, валийма, дейилади. Ақийқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила давоми...

3625 05:00 / 15.02.2017
Ушбу турдаги ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд давоми...

10714 19:36 / 16.04.2018