1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Эмизишлик ҳақида

05:00 / 14.02.2017 7794 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалол-ҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақида сўз юритганимизда кўриб ўтдик.
Ана ўшандоқ ўта нозик ва муҳим ишнинг собит бўлишига қандай эмизишлик қай вақтда сабаб бўлади?
Унинг миқдори қанча?
Қайси вақтда мазкур эмизишлик собит бўлади ва қандоқ собит бўлади?
Шу ва шунга ўхшаш саволларга ушбу фаслда жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Одатда эмизишлик масаласи асосан ҳадис ва фиқҳ китобларимизда доимо никоҳга қўшиб зикр қилинади.

Умму Фазл розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир эмиш ёки икки эмиш, бир сўриш ёки икки сўриш ҳаром қилмайди», дедилар
».
Шарҳ: Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ҳадисга амал қилиб, бир-икки эмиш билан никоҳни ҳаром қиладиган эмиш содир бўлмайди, деганлар.
Аммо Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари уламолари бу ҳадисни амал қилиш учун қабул қилмаганлар. Уларнинг фикрича, бу ҳадис насх қилинган–амалдан қолган ҳадис ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Ва сизларни эмизган оналарингиз ва эмикдош опа-сингилларингиз… (никоҳи ҳаром қилинди)», деган.
Сизларни икки мартадан кўп эмизган оналарингиз деган эмас. Шу оятга биноан, номи эмиш бўлса, никоҳни ҳаром қилувчи эмишлик собит бўлган бўлади.
Ривоятда келишича, одамлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга Ибн Зубайр бир эмиш ёки икки эмишнинг аҳамияти йўқ, демоқда, дейишганида:
«Аллоҳнинг ҳукми унинг ҳукмидан яхшидир, Аллоҳ таоло «Ва сизни эмизган оналарингиз, деган», деб айтганлар. Ояти каримада келган баён турганда ҳадисда унга хилоф нарса келса, ҳадис насх қилинган бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қуръонда нозил қилинган нарсалардан ўн маълум эмизиш ҳаром қилиши эди. Сўнгра улар беш маълум билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида улар Қуръондан ўқилаётган нарсалар ичида эди».
Икковини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қилиб, шаръий эмизиш собит бўлиши учун беш марта тўйиб эмиш керак, дейишган.
Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса, бу ривоят ўта мушкул ривоят, дейишган. Чунки Қур-ъонда ўн эмиш ҳақида ҳам, беш эмизиш ҳақида ҳам ҳеч қачон оят бўлмаган. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўқилиб турган бўлса, нима учун ҳозир ўқилмайди? Бунга ўхшаш саволлар жуда ҳам кўп. Уламолар ушбу ривоят ҳақида кўп баҳс юритишган. Охири ушбуга ўхшаш иборалар ўша вақтда саҳо-баларнинг ўзларига маълум нарсалар бўлган, лекин ҳозирда тушунилиши қийин масала, деган хулосага келганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирганларида бир киши ўтирган эди. Бас, бундоқ бўлиши у Зотга оғир ботди. У Зотнинг юзларида ғазабни кўрдим. Сўнгра:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу менинг эмикдош акам», дедим.
«Эмикдош акаларингизга назар солинглар. Эмизишлик очликдан бўлур», дедилар
».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Эркак киши ўз оиласида бўлаётган ишлардан хабардор бўлиб, сўраб-суриштириб туриши кераклиги.
2. Эмикдош ака-укалар аёл кишига маҳрам бўлиши.
3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг зийракликлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларини юзларидан билиб, узр айтишга киришишлари шуни кўрсатади.
4. Эмизиш очликдан, яъни, бола очлигини сут билан тўйғизадиган вақтда, эмизиш учун тайинланган муддатда собит бўлиши.
Бу муддатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни хоҳласа», (Бақара, 233) деган оят билан белгилаб қўйган.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган.
Демак, бола икки ёшидан кейин эмса, шаръий эмизиш собит бўлмайди. Ушбу маънони яхши тушуниб олмоқ керак. Оддий кишилар ичида бу борада тушунмовчилик бор. Сути йўқ кампир кўкрак солиб қўйса ҳам эмизиш собит бўлди, деб юришади. Каттароқ ёшдаги болалар кўкракни оғзига олиб қўйса ҳам эмизиш собит бўлиб қолди, деб айтиб юришади.
Баъзи саводли кишиларнинг хато қилишларига эса, Бухорий ва Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ривоят сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Унда айтилишича, Абу Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг хотинлари Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим уйимизда юриб, эр етди, эркаклар биладиган нарсани билди», деди. Шунда у Зот:
«Уни эмизгин, унга ҳаром бўлиб қоласан», дедилар.
Билмаган кишилар бу ривоятни шарҳсиз, устидан ўқиб қачон бўлса ҳам, ким бўлса ҳам, қандоқ қилиб бўлса ҳам бир аёлни эмса, унга маҳрам бўлиб қолар экан, деб тушунадилар.
Энг қизиғи, исломий ҳукм бундоқ эмаслигини қайта-қайта баён қилувчи оятлар ва кўплаб ҳадислар туриб, битта шу ривоятга эргашадилар.
Аввало, Саҳла розияллоҳу анҳонинг Солим билан бўлиб ўтган қиссалари шаръий эмизишликнинг муддати бола икки ёшга киргунча муддат ичида бўлиши ҳақидаги ҳукм жорий қилинишидан олдин бўлиб ўтган.
Иккинчидан, бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан, Саҳла ва Солим розияллоҳу анҳумога хос бўлган.
Учинчидан, Саҳла розияллоҳу анҳо сутларини соғиб берганлар, Солим ичган. Чунки балоғатга етган одам бегона аёлнинг кўкрагини оғзига олиши мутлақо мумкин эмас. Ушбу масаладаги тушунмовчилик беҳуда гап ва муаммолар келтириб чиқармаслиги керак.

Уқбату ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики:
«Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, икковингизни эмизганман, деди. Шунда мен бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бердим ва:
«Албатта, бу аёл ёлғончи бўлса керак», дедим.
У Зот юзларини ўгириб олдилар. Мен яна юз томонларига ўтиб:
«Албатта, у ёлғончи», дедим. У Зот:
«Қандоқ қилиб, ахир, у икковингизни эмизганини даъво қилмоқда-ку! Уни қўйиб юбор», дедилар
».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф шаръий эмизиш собит бўлиш йўлини баён қилмоқда. Унда гувоҳлик орқали собит бўлиш мисоли келмоқда. Хусусан, эмизган аёлнинг ўзи гувоҳлик бериши зикр қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам мазкур Уқбату ибн Ҳорис розияллоҳу анҳуни хотинидан ажрашишга амр қилдилар. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этиб, ҳамма нарсадан хабардор бўлиб туриб чиқарган ҳукмлари.
Уламоларимиз умумий ҳолларда бу масалада қандоқ тасарруф қилинади, деган саволга барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидаги жавобни берганлар:
–Агар бир адолатли аёл эру хотинга мен иккингизни ўз кўкрагимдан эмизганман, деса:
1. Эру хотин бу гапни тасдиқласалар дарҳол ажрашишлари керак бўлади. Бўлмаса, қози ажрашишга мажбур қилади.
2. Эру хотин у аёлни ёлғончи десалар, никоҳлари бузилмайди. Лекин ажрашганлари афзал бўлади. Чунки адолатли шахснинг гувоҳлиги, кучли нарса, шубҳага тушган никоҳ афзал никоҳ бўлмайди.
3. Мазкура гувоҳ аёлни эр тасдиқлайди, хотин ёлғончи, дейди. Бу ҳолатда никоҳ бузилади. Эр маҳр тўлайди.
4. Гувоҳликни хотин тасдиқлайди, эр ёлғонга чиқаради. Бу ҳолатда никоҳ бузилмайди. Аммо хотин эридан қасам ичишни талаб қилиши мумкин. Қасам ичса, яшаб кетишаверади. Қасам ичмаса, қози ораларини айириб қўяди.
Аслида эса, шаръий эмизишнинг собит бўлиши учун ёки эру хотин ўзлари иқрор бўлишлари керак, мен фалончини эмганман, деб айтиши шарт. Ёки адолатли икки эр киши ёхуд бир эр киши ва икки аёл киши биргаликда гувоҳлик бериши керак.
Битта адолатли эркакнинг, адолатли бир эркак ва бир аёлнинг ва адолатсиз кишиларнинг гувоҳлиги бу масалада қабул қилинмайди.
Шаръий эмизиш ҳақидаги гувоҳликнинг қабул бўлиши учун бир неча шартлар бор.
1. Гувоҳ эмиш вақтини, боланинг ва эмизувчининг ёшини аниқ айтиши керак. Бўлмаса, гувоҳлиги қабул қилинмайди.
2. Неча марта эмиш бўлганини ҳам айтиши керак.
3. Икковларининг ажрашганини ҳам айтиши керак.
4. Сути боланинг қорнига етганини аниқ билганини ҳам айтиши лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан:
«Бир кишининг иккита хотини бўлса, улардан бири бир қиз болани эмизса, бошқаси ўғил болани эмизса, қиз болага ҳалиги ўғил уйланса бўладими?» деб сўралди. У киши:
«Йўқ, чунки урчитиш битта», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аёл киши эридан ҳомиладор бўлиб туққанидан кейин сут келади. Ўша сутга эри сабаб бўлади. Буни урчитувчининг сути, дейилади. Шунинг учун бир эркакнинг икки хотини бўлса, ҳар икки хотиннинг сути ҳам бир урчитувчидан пайдо бўлади. Демак, икки кундош аёлни эмган болалар худди бир аёлни эмганнинг ҳукмида бўлади.
Урчитувчининг сути масаласи ҳам нозик масала бўлиб, фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган. Биргина мисол келтирайлик. Бир аёл эридан ҳомиладорлик пайтида талоқ қилинди. Боласини туғиб иддаси чиқди. Бошқа одамга эрга тегди. Янги туққани туфайли сути бор. Бир бегона болани эмизди. Ўша болага ким эмизикли ота бўлади. Талоқ қилган эркакми ёки аёл билан бирга яшаб турган иккинчи эрми? Албатта, талоқ қилган биринчи эр. Чунки аёлдаги ҳозир мавжуд сутнинг пайдо бўлишига ва келишига ўша одам сабаб бўлган.
Кўриниб турибдики, никоҳ масаласи нозик масала. Умр масаласи. Ҳалол-ҳаром масаласи. Кўпгина омилларга боғлиқ масала. Шунингдек, инсоннинг бутун умрига, дунёси ва охиратига, бўлажак зурриётларига ҳам ўз таъсирини ўтказадиган масала. Шунинг учун бу ишга катта эътибор билан қараш керак. Никоҳга қўл уришдан олдин уни яхшилаб ўрганиб, унга пухта тайёргарлик кўриш керак.
Ёшлар ёшлик қилиб баъзи ишларни англашлари, тушуниб етишлари қийин бўлса, уларга волийлари, ота-оналари, қариндошлари ёрдам беришлари, бу ишда бош бўлишлари керак.

ЭМИЗИШ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАР

Эмизиш арабчада «разоъ» дейилади. У луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришга айтилади.
Шаръий истилоҳда эса:
«Икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир».
Ушбу қоидага хилоф бўлган нарса шаръий эмизиш ҳисобланмайди ва у туфайли ҳеч қандай шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди.
Никоҳни ҳаром қилувчи даражада эмизиш собит бўлиши учун бир неча шартлар бўлиши керак.
У шартларнинг баъзилари эмизувчига, баъзилари эмувчига ва яна баъзилари сутга боғлиқдир:
1. Эмизувчига боғлиқ шартлар иккитадир:
Биринчиси–эмизувчи аёл киши бўлиши шарт.
Бошқани ким ва нима эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи шаръий эмизиш собит бўлмайди. Мисол учун, бир гўдак ўғил бола ва бир гўдак қиз бола битта қўйни ёки эчкини эмсалар, сутини ичсалар эмикдош ака-сингил бўлиб қолмайдилар.
Иккинчиси–эмизувчи аёл тўққиз ёшдан катта ёшда бўлиши керак.
2. Эмувчига боғлиқ битта шарт бор:
У ҳам бўлса эмувчи икки ёшдан кичик бўлиши керак.
Имом Абу Ҳанифа икки ярим ёш, деганлар. Лекин бошқа ҳамма имомлар, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар ҳам икки ёш, деганлар. Ҳанафий мазҳабида ҳам амал икки ёш, деган қавлга мувофиқдир.
3. Сутга боғлиқ шартлар бештадир:
Биринчиси–сут суюқ ҳолатда бўлиши шарт.
Чунки бола эмди, дейишга лойиқ бўлиши керак. Шунинг учун, фаразан, аёлнинг сутидан қу-йилтириб бир нарса тайёрланса, уни гўдак болага едирилса, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди. Чунки ундоқ нарсани еди, дейилади, эмди, дейилмайди.
Иккинчиси–сут боланинг қорнига кўкракни сўриш орқали ёки томоғидан ва бурнидан қуйиш орқали етиб бориши керак. Бошқа томондан ва бошқа йўл билан қоринга сут етиб борса ҳам эмизиш собит бўлмайди.
Учинчиси–мазкур сут боланинг қорнига бола икки ёшдан кичик бўлган муддатда етиб бориши шарт.
Бу муддатдан кейин бўлса, ҳар қанча эмса ҳам никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди.
Аммо икки ёшдан кичиклик муддатида бўлса, бир қатра сут қорнига етса ҳам шаръий эмизишлик собит бўлади.
Тўртинчиси–сут боланинг қорнига аниқ етиб бориши керак.
Бу ҳолатга қараб аниқланади. Сўраб-суриштирилади. Агар аёл киши бир боланинг оғзига кўкрагини солсаю кўкрагимда сут бор эди, деса, бу гапни қабул қилинади.
Бешинчиси–сут таом билан аралашган бўлмаслиги шарт.
Мисол учун, аёл кишининг сути пиширилаётган таомга қўшилиб кетса-ю, уни ёш бола еса, эмиш собит бўлмайди. Шунингдек, суюқмас нарсаларга қўшилса ҳам.
Аммо аёлнинг сути суюқ нарсага қўшилса, текшириб кўрилади. Агар аёл кишининг сути ғолиб бўлса, эмизиш собит бўлади, бўлмаса йўқ.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб давоми...

4717 05:00 / 14.02.2017
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз давоми...

12592 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Бундан бир неча давоми...

3109 05:00 / 06.03.2017
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир аёл .Эй, Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, давоми...

3449 17:04 / 08.01.2017
Аудиолар

135358 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55605 14:35 / 11.08.2021