1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Валийма

05:00 / 15.02.2017 8864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валимага уламоларимиз, никоҳ муносабати билан одамларга зиёфат уюштириш деб таъриф беришган. Чунки Пайғамбаримиз алайҳи салом айтганларки:

“Келинга валима (зиёфат таоми) тайёрланиши керак”.
Лекин баъзи уламолар валима ва даъват бир хил нарса дейишган.
Олдингилари тушунтирмоқчи бўлиб, даъват сўзи умумий зиёфатни англатса, валима калимаси эса никоҳ зиёфатига хосдир, деб жавоб қилишди.
Шунга кўра валима никоҳ таомидир. Пайғамбаримиз алайҳи салом Абдираҳмон бин Авфдан (ансорийлардан) кимга уйланаётганларини, маҳрни берган ё бермаганлигини сўраганларидан кейин айтганларки:

“Битта қўй билан бўлса ҳам валима қилгин” деб.
Шу ҳадис зоҳирига қараганда камида битта қўй сўйилишлиги лозим. Лекин уламоларимиз бошқа ҳадислар қатори бу ҳадисни ўрганиб чиқиб: битта қўй рамзий манода тушунса ҳам бўлади, яъни қўйни сўймасдан имкониятга яраша таом тайёрланса ҳам бўлади, аммо валима қилинсин” дейишди.
Тўй, никоҳ маросими муносабатлари билан доира чалинади. Ва ҳатто бир ҳадисда шундай келган:

Ойша онамиздан ривоят қилинади. У киши бир аёлни ансорийлардан бир кишига узатгани бордилар. Пайғамбар алайҳи салом сўрадиларки: “Сизларда лаҳв (доира билан ғино ) ҳам бўлмаганми? Ансорийлар лаҳвни яхши кўрадилар-да” .
Бу ҳадисда турмушга чиқаётган аёлнинг исми Ал-Фариъату бинту Асъад бин Зирорадир. Уни оталари Пайғамбар алайҳи саломга омонат деб васият қилганлар. Қизчалигидан етим қолиб Ойша онамиз унга қараб турганлар. Вақти келди турмушга бердилар. Уни Набит ибн Жабир ал-Ансорий исмли киши олганлар.
Бошқа ривоятларда ҳам ийд кунларида, никоҳ пайтида мусиқа асбоби чалиниши рухсатлигига далолат қиладиган ривоятлар бор, улардан баъзиларини келтирамиз:
Имоми Насоий Омир бин Саъд, у киши Қурзата бин Каъб, у киши Абу Масъуддан (учовлари ансорийлардан эдилар) ривоят қиладиларки, унда шундай дейилган: “Пайғамбар алайҳи салом бизга никоҳларда ўйин-кулгуни рухсат қилганлар (яъни никоҳда доира чалиб байрам қилса бўлади дегани).”
Соиб бин Язиддан келган ривоятда эса: “Пайғамбар алайҳи саломдан “ўйин- кулгига рухсатми?” деб сўралганда, “Ҳа, бу никоҳ, бузғунчилик (зино) эмасдир” деб жавоб қилганлар”, дейилади.
Муҳаммад ибн Ҳатиб ривоятларида, Пайғамбаримиз алайҳи салом:

“Никоҳда ҳалол ва ҳаром орасида доира ва овоздир”, дедилар.
Яъни ҳалол никоҳ овоза қилиниши ва унда мусиқа чалиниши жоиз.
Ойша онамизнинг бошқа бир ривоятларида: “никоҳда доира чалинглар” дейилди.
Ушбу ривоятларга қараганда никоҳда чолғу асбобларидан фойдаланса бўлади. Лекин унутмаслик зарурки, доирамиди бошқамиди ҳамма мусиқа асбобларидан мақсад эълон қилишликдир. Одамларни қўзғатадиган, ўйнатадиган мусиқалар мақсадда тутилмаган.
Валиманинг бошқа одобларидан эркаклар алоҳида, аёллар ўзлари, алоҳида ўтиришларидир. Эркак аёллар аралаш туй қилиш шариатимиз кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Агар эркаклар ўзаро, аёллар ўзаро бўлса, ҳаром егулик-ичгуликларни аралаштирмасдан, никоҳ баҳона дийдор ғанимат деб ўтирилса мумкин бўлади.
Бугунги кунимизда баъзи никоҳ базмлари эркак-аёллар аралаш бўлиб ўтяпти. Уни устига ҳаром ичимликлар қўйилиб, таъсиридан шайтон васвасасига учиб бировнинг аёли бегона эркак билан рақс тушиб сакрашади. Ахир ўша аёлнинг эрида ғайирлик борми, ё улар эркаклик ғурурларини буткул йўқотдиларми? Ўша эркак ўз онасини бегона киши билан рақс тушишига рози бўладими, ахир унинг ҳам аёли фарзандларининг онаси-ку? Бундай эрлар эр эмас, ҳотинларига дугона! Ота-оналарчи, қизларини, ўғил фарзандларини қаерга кетаётганлиги тўғрисида савол қилишадими ёки йўқми? Қизлари ярим яланғоч ҳолатда шайтон базмларидан қайтаётиб, кўчада биров тажоввуз қилса, уни тажоввузкор деб айблайдилар. Ваҳоланки, жиноятчини ўз кўриниши билан бундай разил иш қилишга жалб қилган қиз нима учун абдор эмас? Бундай қизлар ота-онасининг диққат, эътиборидан четда қолгандир. Биринчи навбатда ота-онасининг эътиборидан ташқарида қолган қиз айбдор бўлиши керак эмасми? Юқорида саволларга тутилган ота-оналар ўзида йўқ нарсани фарзандларига бера олармидилар? Бундай ота-оналарнинг фарзандлари порлоқ келажак авлодлари бўлармиди? Эркак аёллар аралаш базмларда қизлар бузилиб кетишлари, оилаларнинг ажраб кетишлари ҳавфи сезилмаётганмикин? Шулар каби саволни ҳар киши, ота-она ўзига берса бўларди, ҳеч бўлмаганда Аллоҳ таолонинг олдида, ўз виждони олдида айбли бўлмасди. Албатта бу насиҳатлардан имонсиз кишилар мустаснодирлар. Чунки дир ва гавҳар тўнғизнинг бўйнига осиладиган тақинчоқ эмасдир .
Ҳар бир киши шундай фитна, бузуқлик жой ва ишлардан ўзини четга олишлиги зарурдир!
Аллоҳ таоло ҳаммамизни шундай ҳолатлар, давра ва базмлардан Ўзи узоқ қилсин! Омин!

…Иккита, учта, тўрттасини…
Аллоҳ таоло ўзининг азиз китобида марҳамат қилдики:

“…никоҳи ҳалол бўлган аёлларни иккита, учта ёки тўрттасини никоҳингизга олинг, агар адолат қилолмайман деб қўрқсаларинг, унда битта(аёл)га (уйланинглар)…”.
Маълумки, жамиятни инқирозга, бузилиб кетишига, ачинарли ҳолатларга тушиб қолишига бир қанча сабаблар бор. Улар кўпчилик одамларнинг бир бўлиб ҳалол-ҳаромга эътиборсизликлари, бадавлат кишиларнинг закот бермасликлари, етимларнинг риояси қилинмаслиги, нафсу-ҳавога учишлик, қилолмас ишларга ҳаракат қилишлик ва ҳоказолар. Ана ўшалар қаторида ўзининг билинар жойини фоҳишабозлик эгаллайди. Қадимги Юнон (ҳозирги Греция) қадим тарихидан маълумки, фоҳишалар жуда катта ҳурматга сазовор эдилар. Бироқ Юнонистон эътиқоди мушрик эътиқодларидан эди, яъни улар қуёш, ой, осмон ва бошқа нарсаларнинг худолари бор, деб эътиқод қилишган, Аллоҳ таоло эса ягона зотдир. Уларнинг жамиятида фоҳишалар олдига аёли бор эркаклар яширинмасдан боришарди. Ушбу эътиқод агар бундай разолатга норозилик билдирмаган бўлса, унинг устига бу маданият чўққиларидан аломат деб билган бўлса ва тарғиб қилган бўлса, Ислом очиқ ва яширин фоҳишабозликни мутлақ ҳаром деди ва дарра ёки ражм жазоларини татбиқ қилган . Демак, зино катта гуноҳлардандир.
Шу ўринда Қуръони Карим жуда улуғ ҳикмат китоби эканлиги намоён бўлади. Яъни, юқоридаги оятнинг моҳияти устида бироз фикр юритилса тушунарли бўлади.
Кишининг манавияти паст бўлса ёки умуман бўлмаса унда моддий нарсаларнинг ҳам қадр-қиймати бўлмайди. Масалан, пораҳўрлик катта гуноҳ, жиноятдир, Аллоҳ таолонинг олдида ҳам, жамият олдида ҳам. Қандай гуноҳ бўлсин одамларнинг иши битяптику, деб ўйламай берилган саволга келинг жавоб тариқасида қисқача унинг энг аввало Аллоҳ таоло олдида катта жиноят экани томонидан кўриб чиқайлик. Биринчидан, поранинг ҳаромлигига далолат қиладиган оят ва ҳадислар бор . Қолаверса мусулмонлар, қўлларидан келган хизматларини динлари Исломга қилишлари фарздир. У хизмат биринчидан ўзларининг миллатдош мусулмонларига қилишлари билан бўлади, у ҳам бирор нарсанинг эвазига эмас, бирор ғараз билан эмас, балки холис Аллоҳ таолонинг розилиги учун. Пора нима? бирор ишни, аслида қила олади, қудрати ҳам етади, бирор нарсаси кам бўлиб қолмайди, керак бўлса мажбурияти ҳам, шуларга қарамай эвазига бирор насрани таъма қилиш. Шу билан Аллоҳ таолонинг айтганини, буюрганини қилмаслик Аллоҳ таолонинг олдида жиноятчи бўлиш, жавобгар бўлишдир.
Одамлар олдида қандай айбдор бўлади, дейилса, бирор ишни битириш унинг масъулияти, шунинг учун қилиш керак, у хизмати учун белгиланган ҳақ олаяпти. Агар ўша ишни қилолмаса, кучим етмайди деб жавоб берсин эди.
Қиёсан зино ҳам шундай жиноят. Нимаси жиноят, бир беванинг ҳол-аҳволидан хабар олиб, кўнглини кўтарганимизми, дейилса, Аллоҳ таоло ҳаром қилганлиги учун ишингиз жиноят деб жавоб қилинади. Жавоб қониқарли бўлмаса унда фикр қилайлик, агар бир кўнгилҳушлик туфайли аёл киши ҳафа бўлиб, оила бузилса нима бўлади? Боз устига ўртада фарзандлар бўлсачи? Ёки эрига ноиблик қилинса-ю, у аёлнинг турмуши бузилса, эр-хотин орасида биров туфайли талоқ воқеъ бўлса ва унга уйланиш нияти бўлмаса, ундай одам ким бўлади? Нима қилади? Баъзан сафарларга чиқиб турган пайтида унга ҳам биров ўринбосарлик қилиб турса, бўладими? Бу саволларга жавоб топилмаса керак. Бўлмаса, нима учун бир бегона аёллар билан муомала қилиняпти? Бу мазмундаги саволлар жуда кўп, лекин жавоблар йўқ.
Албатта, зино ҳам ўзидан ўзи пайдо бўлмайди унинг келиб чиқишига сабаблар бор. Улардан бири, аёлларнинг миқдори эркакларга қараганда кўплигидадир. Эркак киши хоҳласа битта аёлга уйланишлиги мумкин ва у (аёл) тинч, осойишта эр кишини билиб яшайди. Бошқа аёлларчи. Ҳамма эркакларни тақсимлаганингизда энг яхши аёлга, энг ёмон эркак ҳам топилмаслиги мумкин. Ундай аёллар ҳам тирик жон, Аллоҳ таоло берган шаҳват ғаризасини тияман деб ғолиб келолмаслиги эхтимоли бор, маълум ҳолатларга тушиб туради. Унда нима қилсин? Уларнинг баъзилари тақво қилиб, ҳаромдан сақланадилар. Қолганлари, одамларнинг ва хоссатан ўзларининг саломатликларини хавф остига қўядиган, минглаб оилаларнинг бузилишига, жамиятларнинг манавиятини сусайтириб, охири йўқ бўлиш хатарига соладиган, миқёси катта-катта балою-офатларга, даҳшатлик оқибатларга ва улкан гуноҳ бўлмиш зинога борадилар.
Бу оятнинг ҳақиқатан ҳикматли оят эканлигини, олдинги фикрга улаб яна бошқа томондан кўрса бўлади. Бирор киши уйлансаю аёли фарзанд кўролмаса, фарзанд кўролмаслик айб эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси. Шунда нима қилади? Биринчи аёлига жавоб бериб бева қолдиради ёки жавоб берганлиги сабабли, мабодо бошқа эрга теголмаса, зино қилишига сабабчи бўлади. Иккинчи аёл олса маълум муаммолар ечиларди.
Мана шундай ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун Қуръони Каримнинг юқоридаги ояти нима қилиш кераклигини айтгандир. Биз эса ўзимизга керакли фикр-мулоҳазаларни чиқариб, нотўғри ишларга қўл урмаган бўлайлик.
Бидъатдан сақланайлик!
Никоҳ ва унинг муносабати билан қилинадиган ишлар ҳақида гап кетар экан, шу ўринда никоҳ маросимларида, ҳақиқий урф-одатларимизда асли йўқ бўлган нарсалар ҳақида тўхталмоқчи бўламиз.
Уларнинг энг биринчиси, маҳр бобида айтилганидек қалин, сут ҳаққи пулларидир. Уларнинг баёни ўз жойида келган эди.
Иккинчидан, келин ва куёвни уйларига киришидан олдин, иккаласига бир арқон ушлатиб, олов ёқиб унинг атрофида айлантиришлик. Ахир олов ва унга тааллуқли булган сиғиниш урфлари зардўштийлик-оташпарастликдан бизгача етиб келаётган бир бидъатдир. Аллоҳ таолодан бошқасига сиғиниш ширкдир. Каъбагина тавоф қилинади, бирор бошқа нарсанинг атрофида айланиш харом, у олов бўлсин, қабр ё мақбара бўлсин, ҳатто онани ҳам айланилмайди, гарчи уни тавоф қилгин деган гаплар айтилган бўлса ҳам, чунки у гап рамзий манода айтилгандир.
Келин ва куёв хилватгоҳларига олиб кирилгандан кейин, уларни ётқизиб устиларидан кўрпалар ёпиб устидан эса кўп болали аёллар ҳам ётмасинлар, ували жували бўлишларини тилаб. Шунчалик яхши тилак, дуоларни қилиш ниятида эканлар, икки ракаат нафл намозни адо қилиб, жамоат билан дуо қилишиб кетаверсинлар.
Янгаларнинг кутиб ўтириши ҳам аслий урф ва одатга тўғри келмайди. Бу сўзимизга юқорида келтирилган ҳадисдан маълум бўлади, яъни Ойша онамиз ўзлари қараб турган қизни эрга берганларидан кейин уни қолдириб келганлар. Агар янгаларнинг кутиб ўтиришликлари шунчалик шарт бўлганида эди, у нарса ҳадисларда ё очиқ матн билан, ё бирор ишора билан айтилган бўларди, ёки саҳобаларнинг ҳаётларидан кузатилган бўларди. Агар одамлар узатаётган қизлари бокира бўлмаса, қайтараман деган куёв қайтариб бераверади, оқибати нима, қиз томон ўзларининг қариндошлари олдида шарманда бўлгани қолади. Агар йигит ўшани қайтармайман десачи, унда ҳам қизлари қиз чиқмаганлиги учун шармандалари чиқади. Иккала ҳолатда ҳам зарар. Аслида эса ўша янгаларни қизиқтираётган нарса, куёвни кўпроқ қизиқтирса керак.
Яна бир урф борки, албатта, у Ислом динида шарт қилингани йўқ. Аслида у яхши бўлган одатлардан бўлса ҳам, кўпчилик одамлар нафсга берилганлари, кибрлари тутаёганлиги учун у кўзга бошқача кўриниб қолган. У урф никоҳларга ва бошқа ҳурсандчилик муносабати билан, бирор кишиникига борилса ҳадя бериш. Бу нима дегани, ахир ҳадяни Пайғамбаримиз алайҳи салом беришни тавсия қилганларку, нимага бошқача кўриниб қолди? дейилиши мумкин. Ҳа, Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадя беришни айтганлар, аммо уни қарз эмас, ҳадя деб сифатлаганлар. Бугунги кунимизда сир эмас никоҳ қиладиган оилаларга тўяна берилади, яхши, лекин берилаётганида бермоқчи бўлган одамингиз ўз вақтида нимани берган бўлса ўшанга яраша ва яна бироз қўшмасам бўлмайди деб, худди узилаётган қарзга ўхшаб қоляптику. Улфатчилик, дўстлик қани, биродарчиликчи? Мана шундай ҳолатлар иккита бир-бирига яқин бўлган одамларни узоқ қилишлиги ҳеч нарса эмас. Боз устига ўзи рози бўлиб берса, берди, бўлмаса ҳамманинг иқтисодий ҳолатлари бир хил эмаску. Айтиш уят, лекин зарурки баъзи ҳолатларга ажабланасиз, яъни олиб келинган совғани ким ва нима кўтариб келганини ёзадиган ҳолатларга хайрон қоласиз. Бу қарзми ё ҳадями? Пайғамбаримиз алайҳи салом: “Бир-бирингизга ҳадя беринглар, оқибат кучаяди” деганлар. Баъзи ҳолатларда эса ҳадя бироз ёқмаса ёки сифати бошқача бўладиган бўлса менсилмай ҳам қўйилади. Ваҳоланки Пайғамбаримиз алайҳи салом худди ўша ҳадиснинг давомида айтганларки: “…гарчи қўйнинг туёғи бўлса ҳам”. Яъни ҳадя қилмоқчи бўлган одам бераётган нарсасини “шу туёқни ҳам бераманми”, олаётган одам эса “қўй туёғику, олиб чиққан нарсасига қаранглар” демасинлар экан. Ҳадянинг кам-кўплиги, яхши-ёмонлиги йўқдир. Ҳамма имконият даражасига яраша хизмат қилгиси келади. У ҳаракатни эса арзимас фикр-хаёллар амалдан қолдирмасин. Ҳадисга асосан бир фикр пайдо бўладики у ҳам бўлса “совғангиз эмас, эътиборингиз қимматлидир”.
Шунинг учун ўзимизга ҳеч қайси жиҳатдан тўғри келмайдиган, асли йўқ бидъат урф-одатлардан сақланайлик. Аллоҳ таоло сақласин! Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бирбирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. давоми...

5821 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.Устоз қори давоми...

3639 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ таолонинг номи билан ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ ришталари орқали ҳаётларини бирбирига боғлаган эрхотин ўзаро ҳурматэҳтиром давоми...

12083 09:00 / 16.09.2021
Шу ерга келганда, талоқ тизими тўғрисида ҳам икки оғиз шарҳга эҳтиёж тушади..Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, деган маънони англатади.Шаръий давоми...

14310 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

135102 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55378 14:35 / 11.08.2021