1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

НИКОҲГА ТАРҒИБ ҲАҚИДА

05:00 / 14.02.2017 3979 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Никоҳ» луғатда, қўшиш, жамълаш, яқинлик маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли қасддан ҳузурланиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръий монеъ бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир. Ушбу таъриф баъзи Ҳанафий уламолар томонидан айтилган таъриф бўлиб, бошқа таърифлар ҳам кўп, ҳаммалари бир-бирларини тўлдириб келади.

Таърифдаги «аёл» сўзи ила аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғланиши мумкин эмаслиги, яъни, никоҳ боғланиши фақат бир эркак ва бир аёл орасида бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.
«Никоҳида шаръий монеъ бўлмаган» деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Бутпараст аёл, маҳрам – яқин қариндош аёл, шу жумлага киради.

Аллоҳ таоло: «Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким, адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқтирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир.

Аллоҳ таоло яна: «Ва ўзингиздан оиласизларни ва қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар, Аллоҳ Ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон зотдир», деган.
Шарҳ: Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилгандир. Уларга ўз қарамоғидаги ўғил-қизлари, қулу чўрилари ва ёрдамга муҳтож ёру биродарларини никоҳли бўлиб юришларини таъминлаш амр этилмоқда. Мусулмон шахс фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон шахсларни ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшишлари лозимлигини шундан олинган.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар доимо оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлишни тарғиб қиладилар.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар никоҳ ишида қийланиб қолган дин қардошларига доимо қўлидан келган ёрдамларини берадилар.
Ояти каримада қул ва чўриларини ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётгани алоҳида эътиборга сазовордир. Қул ва чўрилар одам ўринида кўрилмай турган бир даврларда Қуръони Карим уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дини қул ва чўриларнинг ҳар томонлама ёнларини олишга ҳаракат қилганини кўрсатади. Никоҳ масаласи, ўта нозик масала эканини кўрсатади.
Ушбу ояти каримада фақир-фуқаро бўлиш, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслиги кераклиги ҳақида ишора ҳам келмоқда. Бинобарин, баъзи кишиларнинг «қўли калталик»ни баҳона қилиб никоҳ ишини ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги келиб чиқади.
Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпчилик авваллари бепарво бўлиб юрган бўлса ҳам, оилалик бўлганидан кейин жиддийлашиб, ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволлари ҳам яхшиланиб кетганини кўрамиз.

Аллоҳ таоло яна: «Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз»-деган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён қилинмоқда.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандоқ олий мақом зотларнинг ҳаммаларининг оилали ва зуррриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлишлари, зурриёт қолдиришга урунишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй, ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий жиҳатиданми, маънавий жиҳатиданми қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошга зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак.
Шу йўл билан улар шаҳват қўзилишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб худди бичилган кишига ўхшаб бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.
Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари билан оила қуришга чорловчи ҳадиси шарифдир. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда, худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. Улардан бири: «Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четта бўламан, абадул обод уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Бундоқ, бундоқ, деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар
». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Ҳадис ва Ҳаёт» китобимизнинг аввалида ўтган, ўшанда батафсил шарҳ қилиб ўрганганмиз.
бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқишлик маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда.
Балки, уйланиш дунёдаги энг катта обид, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Уйланиш дунёдаги энг Аллоҳдан қўрқувчи банда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари, имкони бўлиб туриб никоҳда бўлмаслик мусулмон шахс учун мутлақо тўғри келмайдиган нарса эканлигини баён этади.
Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.
Баъзи бир динларда, никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат эканлиги, илоҳий таълимотларга зид нарса эканлиги шундан билинади.
Чунки, Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин жинсий рағбат билан яратган. Бу инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундоқ қилиб яратмас эди.
Ўша жинсий майлни, ҳалол-пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Бўлмаса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарли нарсадир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Шунингдек, жинсий майлини никоҳ йўли, ҳалол пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари, ҳам ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало офотлар олиб келишга сабаб бўладилар.
Шунинг учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Акс ҳолда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган бўлинади.

Абу Аййуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», дедилар». Аҳмад, Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ таолонинг Расуллари У зот таоло яратган бандаларнинг сарасидирлар. Улар турли замонларда, турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлардир. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб тургандир. У зотларнинг ҳаётлари бутунлайича ўз умматларига ўрнак бўлгандир.
Шунинг учун, уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларига амал қилиш ҳар бир шахс учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача, ҳаммаларининг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:
1. Ҳаё.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Пайғамбарларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган нарсадир.
Шунинг учун ҳам, ҳар-бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ўта муҳим сифат ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ахлоқ китобида алоҳида сўз юритилади.
2. Хушбўй сепмоқлик.
Хушбўйлик завқ, очиқ табиатлик, қувонч демакдир. Хушбўйлик инсон табиатига, балки бошқа жонзотлар табиатига ҳам мос, ҳам ижобий таъсир этадиган нарсалардир.
Исломда ҳар бир нарсани хушбўй бўлишига катта эътибор берилади. Сассиқ, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки, бу барча Пайғамбар алайҳисаломларнинг суннатларидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
3. Сивок.
Сивок ҳақида, таҳорат китобида кераклигича сўз юритилган. Ҳозир эса, сивок-оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини билмоғимиз керак.
4. Никоҳ.
Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан бири никоҳ экан. Бу энг муҳим суннатлардан экан. Бўлмаса Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга энг кучли тарғибдир.

Термизий, Насаий ва ал-Ҳоким ривоятларида: «Уч кишига ёрдам бермоқлик Аллоҳ учун ҳақдир; адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилган никоҳга уринганга ва Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга», дейилган.
Шарҳ: Инсонлар ўз ҳаётлари давомида бир-бирларининг ёрдамларига эҳтиёжлари тушиб туради. Кўпчилик, турли ишларда ёрдам сўраши мумкин. Лекин, ёрдам берувчи қайси хилдаги ишларга ёрдам бериш кўпроқ матлуб, қайси хил кишиларга ёрдам берса кўпроқ савоб олади?
Ушбу ҳадисда мазкур саволга жавоб берилмоқда:
1. «адо этишни ирода қилган мукотабга».
Қул озод қилиш бобида, мукотаб – хожаси билан маълум бир вақтда, маълум миқдор пулни бериб озод бўлишга аҳднома тузган қул эканини ўрганган эдик. Бу иш қанчалар улуғ ва савобли иш эканини ҳам билиб олган эдик.
Бировга ёрдам бермоқчи бўлган одам ана шундоқ, озод бўлишни чин қалбдан хоҳлаётган, шунинг учун жони-дили билан уринаётган қулга ёрдам бериши яхши эканлигини баён қилган эканлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида.
2. «иффатни ирода қилган никоҳга уринганга».
Ўз иффатимни сақлайин, жинсий майлимни ҳалол-пок йўл – никоҳ йўли билан қондирайин, деб уринаётган шахсга ёрдам бериш ҳам, худди қулликдан озод бўлишга ҳаракат қилаётган одамга ёки кейин баёни келадиган, жиҳодга чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ёрдам беришдек керакли ва савобли ишдир.
Уйланиб, никоҳли бўлиб иффатини сақлашга ҳаракат қилиб етиша олмай турган кишига қўлидан келган ёрдамни бериш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарур бир ишдир. Кимдир сўзи билан, кимдир хизмати билан, кимдир моли-дунёси билан ёрдам бермоғи керак. Бу жуда ҳам улуғ савобга молик ишдир.
Мусулмонлар қадимдан бу ишда фаол бўлишиб бошқа халқлардан ажраб туришган. Оила қуришга уринмаганларни оила қуришга ундашган, оила қуришга уринганларга эса қўлларидан келган ёрдамларни беришган.
Бу ишни, худди ушбу ҳадисга амал этароқ қилишган. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишда ўз ихлослари ва ғайратларини кўрсатмоқлари керак.
Баъзи юртларда бу иш баъзи мусулмонларнинг шахсий ишлари тариқасида амалга ошираётган бўлса, бошқаларида оила қурувчиларга ёрдам бериш жамиятлари ҳам тузилган. Нима қилиб бўлса ҳам бу ишни қилган маъқул ва қилмоқ зарур. Ана ўшанда ажру савобга эга бўлинади.
3. «Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга».
Бир киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга тайёр. Аммо, қуроли йўқ, кийими йўқ, таоми ёки улови йўқ. Бошқа мўмин мусулмонлар мужоҳидга ўша етишмай турган нарсаларни таъминлашда ёрдамда бўлишлари лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга дунёда аёллар, хушбўй нарсалар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қорачиғи намозда қилинди», дедилар». Насаий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Бошқа бир ривоятда «дунёнгиздан» дейилган.
«Маҳбуб қилинди» дейилгани, Аллоҳ маҳбуб қилди, дейилганидир. Аллоҳ таоло беҳудага Ўзининг охирги ва энг маҳбуб Пайғамбари, шариати қиёматгача боқий қоладиган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу уч нарсани маҳбуб қилмаган:
1. Аёллар.
Эркак зотининг ҳаётини аёлсиз тасаввур қилиш мумкинми?
Эркакнинг сокинлик манбаси аёл эмсми?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эркакларга хитоб қилиб:
«Ва Унинг оят-белгиларидан, сизлар учун ўзингиздан жуфти ҳалоллар яратиб, сизларни улар ила сокинлик топадиган қилиб қўйганидир» деган эмасми?!
Уламоларимиз аёлларимизни, уйларнинг чироқлари, ободлиги, унсу улфати, болаларнинг ўстирувчилар каби кўплаб олий жаноб сифатлар ила васф қиладилар.
Исломий оилада, жамиятда аёлларнинг қадр-қиймати юқорилиги ҳам шундан.
2. Хушбўй нарсалар.
Бу нарсалар ҳақида сал юқорида ҳам гапириб ўтдик. Хушбўй нарсалар хушвақтлик, демакдир. Хушбўй нарсалар кишининг баҳри дилини очади, кўнглини хуш қилади ва руҳни, жисмини тетиклаштиради. Ҳатто, фаришталарни ҳам хурсанд қилади. Ёмон ҳидлардан фаришталар ҳам қочади.
3. Намоз.
Намоз ҳақида кўп гапирилди. Ҳар қанча гапирилса ҳам оз. Намоз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қорачиғлари бўлганининг ўзи кифоя. Бу ибодат Исломнинг устинидир. Мўмин-мусулмон банданинг қалб қувончидир, Роббиси билан бўладиган муножотидир.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмон ибн Мазъун бутунлай тарки дунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари бўлганлигини аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганмиз.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган.
Ушбу фаслнинг аввалида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин тарки дунёчиликни уч хил турини танлашган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар.
Ушбу ҳадисдаги «бутунлай тарки дунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам, ровий, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик», демоқдалар.
Исломда бу иш жоиз бўлмагани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон шахс учун яхши эмас. Бу ишни, роҳиблик, дейилади.
Масийҳий динида ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундоқ ишни қилувчиларни роҳиблар, қилаётган ишларини роҳиблик, дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ. Исломда уйланиш ҳам ибодат ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ёш одамман. Ўзимга зинодан қўрқаман. Аёлларга уйланишга нарсам йўқ», дедим. У зот менга индамадилар. Сўнг, мен яна ўша гапни айтдим. У зот менга индамадилар. Сўнг мен яна ўша гапни айтдим. У зот менга индамадилар. Сўнг мен яна ўша гапни айтдим. Бас, у зот:
«Эй, Абу Ҳурайра, қалам сен дучор бўладиган нарсани (битиб, битиги) қуриб бўлган. Ўша учун хоҳласанг, ўзингни бичиб ол ёки қўй», дедилар
». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оғир ҳолга тушиб сабр қила олмай қолган эдилар. Ёш одам. Шаҳват кучидан зино қилиб қўйишдан хавф бор. Уйланай деса, моддий имкониятлари йўқ.
Шунда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ҳолларидан шикоят қилиб ўзларини бичиб олишга ижозат сўрадилар. Ана шунда гуноҳга бориш эҳтимоли пасаяди, деб гумон қилдилар.
Биринчи бор сўраганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар. Бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволдан норози эканликларининг аломати эди. Лекин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саволни такрор-такрор беравердилар.
Ва ниҳоят савол тўртинчи бор такрорланганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таҳдид қилиб, нима бўладиган бўлса тақдирингда белгилаб қўйилган! Ҳадеб бу гапни айлантираверасанми?! Қилсанг, қилавер! Қабилида гап қилдилар. Бу сабрсизликка қарши гап эди.
Шунинг учун уйланишга вақтинчалик илож топа олмай турган кишилар, дарров тарки дунёчилик йўлини танламай, ўзини бичиб олишнинг йўлини ахтармай сабр қилиб туришлари керак. Уйланиш учун қулай йўлларни ахтариш лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом, бу кеча юзта хотинни айланиб чиқаман. Ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади, деди. Шунда фаришта унга, иншааллоҳ, дегин, деди. У айтмади, эсидан чиқиб қолди. Бас у(аёл)ларни айланиб чиқди. Улар бирортаси ҳам туғмади. Фақат биргина аёл ярим инсон туғди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар иншааллоҳ, деганида қасамхўр бўлмас эди ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлар эди», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятни бу ерда келтиришидан мақсад олдинги Пайғамбар алайҳиссаломлар ичларида Сулаймон алайҳиссаломга ўхшаб юзта хотин олганлари ҳам борлигини билдиришдир.
Сулаймон алайҳиссаломнинг шариатларида хоҳлаганича аёлга уйланиш жоиз бўлган экан.
Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзларининг юзта хотинлари бор экан. У кишида зурриётни, Аллоҳнинг йўлида кураш олиб борадиган мужоҳидларни кўпайтириш нияти бор экан. Зотан никоҳдан кўзда тутилган бош мақсадлардан бири ҳам шу ўзи.
Бир куни, Сулаймон алайҳиссалом, бу тунда юзта хотиним билан бир-бир ётиб чиқсам, биттадан ўғил туғсалар, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган юзта ўғил туғилади, дебдилар. Фаришта, бу гапни иншааллоҳ – Аллоҳ хоҳласа, деб айтгин, дебди. Аммо, Сулаймон алайҳиссаломнинг ёдларидан чиқиб қолиб, айтмабдилар. Ўша кечаси хотинларини айланиб чиқибдилар. Лекин, иншааллоҳ, демаганлари учун улардан бирортаси ҳам бола туғмабди. Фақат биргина аёл чала бола туғибди. Чунки, иншааллоҳ, Аллоҳнинг зикри, У зотга таваккал қилиш, табаррукдир, шунинг учун ҳам бир ишни қилмоқчи бўлган ҳар бир инсон, иншааллоҳ, демоғи керак.
Мана, Исломда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ўрганиб чиқдик. Албатта, булардан ўзга далиллар ҳам кўп.
Хўш, хулоса нима бўлади? Исломда кишилар никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал кўрилиши очиқ-ойдин.
Аллоҳнинг амри шу.
Бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда бўлиб яшасинлар. Жинсий майлларини ҳалол-пок йўл билан қондирсинлар. Ушбу илоҳий кўрсатмага мусулмонлар амал қиладилар.
Баъзи бир гуруҳларда эса, хусусан, масийҳий динида, уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, масийҳийлик авжига чиққан даврларда, масийҳий ўлкаларда одамлар сони қисқариб кетган. Ҳамма динини маҳкам тутишга ҳаракат қилиши оқибатида оила қуриш, бола-чақа қилишдан бош торта бошлаган. Лекин, инсон табиатига зид бу иш узоққа бормаслиги аниқ.
Дарҳақиқат, шундоқ ҳам бўлди. Кишилар масийҳий динига қарши бош кўтардилар. Дин фақат канийсада бўлиши керак, бошқа нарсаларга аралашмасин, деган даъво билан чиқдилар. Бу талабларига эришдилар ҳам. Оқибатида ҳаётнинг ҳамма соҳаларида янгича йўналиш пайдо бўлди. Жумладан эркак-аёлларнинг орасидаги муносабатларда ҳам.
Канийсадан ўч олиш учун ҳаракат қилаётган кишилар ҳар-бир нарсани қасддан тескарисини қилишга уринишар эди. Жинсий ҳаётда канийса томонидан кўплаб тазйиқларга учраганлари учун, жинсий ҳурриятга даъват бошланди. Ҳамма зинони фахр, деб биладиган даражага етди. Оила қуриш, никоҳда бўлиш қолоқлик, эскилик сарқитига берилиш, деб баҳоланадиган бўлди.
Кишилар бошига кўплаб мусийбатлар ёғилди. Турли касалликлар тарқалди. Оила низоми бузилди. Бунинг оқибатида ижтимоий алоқалар заифлашди, турли муаммолар келиб чиқа бошлади. Хуллас, инсоният катта зарар тортди.
Ана ўша нарсаларни кўриб, биз мусулмонлар бахтли кишилар эканлигимизни тушуниб етмоғимиз керак. Бошқа халқлар оилавий ҳаётини қандоқ қуришни билмай сарсон бўлсалар, бизнинг динимиз бизларни энг саодатли оила тузуми билан таъминлаб қўйгандир. Биз, фақат бор, тайёр нарсани ўрганиб амал қилсак бўлди.
Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантиргандир. Чунки, бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.
Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлсин учун никоҳга амр этгандир. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром харишдан, ифлослииклардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офотлардан сақлаш учун никоҳга амр этган.
Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган. Азиз, авлиёларнинг одати қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло никоҳни инсон навъининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.
Эркак аёлнинг ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалари ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон навъи сақланиб қолиши билан бирга унинг насли насабининг поклиги ҳам сақланиб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолади.
Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган.
Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни, ибодат, деганлар. Улар, Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади. Никоҳ айни шундоқ ишлардандир, дейишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Ва бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар, шаҳватини қондирса ҳам ажр бўладими? дейишганда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди? Ҳалол йўл билан қондирганда савоб, бўлади, деган маънода сўз айтганлар.
Зино хавфи бор вақтида никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади.
Имом Табороний ва ал-Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг яримига ёрдам берибди. Энди, иккинчи яримида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.
Ҳаттоки, Зоҳирий мазҳабдагилар ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтида никоҳ фарз бўлади, дейишган.
Лекин, ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳури уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъи орқали киргандир:
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча оятларда мўмин-мусулмонларни никоҳда, бўлишига, уйланишига, оила қуришга амр этгандир.
Ўша оятлардан баъзиларини юқорида ўрганиб ҳам ўтдик.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.
Улардан баъзиларини ўргандик, қолганларини иншааллоҳ, яна ўрганамиз.
3. Ислом уммати, жумҳури уламолар, доимо никоҳ зарур нарса эканига иттифоқ қилиб келишган.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишликлари ҳукми ҳам турлича бўлади.
1. Вожиб – Фарз.
Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига очиқ-ойдин ишониб етса, никоҳга кетадиган сарф харажатга эга бўлса, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳаққини адо этишига ишонса, ундоқ одамга никоҳ фарз - вожиб бўлади.
Чунки, мусулмон киши ўз иффатини сақлаш, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир.
Ислом шариатида, вожиб нарсани қилиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир, деган қоида бор. Ўша қоидага шу ерда амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаш, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига очиқ-ойдин ишониб етса, ундоқ одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг, ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир, деган қоидаси ишга тушади.
Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса ўзидан никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, ундоқ одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Ушбу ҳолат кишилар орасидаги оммавий ҳолатдир. Ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўплари баён этган ҳолатдир.
Никоҳнинг, оилали бўлишининг суннати муаккада эканлигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг бу ишда бардавом бўлганлари далилдир. Ҳанафийлар, бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса тарки суннат қилган бўлади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган, ибодат эканлигини билиб олдик.
Эркакдир, аёлдир ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи кераклигини билиб олгани яхши бўлади.

Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:

1. Оилани Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, Исломий одоблар билан ўзини музаяян қилиш учун қурилади. Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Мисол учун меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик.
Ушбу олий мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми?
Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек сувратда эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.

2. Оилавий ҳаёт, эри хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик ҳайъати деб қараш керак.
Эру-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтириш учун ҳаракат қилишлари керак. Бу эса ўз навбатида келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишлари лозим бўлади.

3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.

Оилавий – никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳим-шафқат асосида бўлиши керак.
Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаш керак.
Иш бўлажак ҳаёт йўлдошини танлашдан бошланади. Бу ҳақда келгуси фаслда сўз юритилади. Аммо, ҳозир ушбу фаслимизнинг охирида никоҳ масаласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукмини баён қилувчи уч дона ҳадисни ва уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Бу жуда муҳим масаладир.
Чунки, Ислом душманлари ҳар доим айни шу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари ва бу олий мақом шахс орқасидан, Ислом динига таъна тошларини отиб келишади. Шунинг учун ҳам бу масалани яхшилаб ўрганмоғимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Наслнасаб масаласи нозик масала. Фақат пок никоҳ алоқаси орқалигина инсон насли соғсаломат ушлаб турилади. Насабларнинг, наслларнинг аралашиб, бетайин бўлиб давоми...

4244 05:00 / 14.02.2017
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб давоми...

3377 05:00 / 14.02.2017
Жинсий ожизлик араб тилида .анийн, дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, жинсий олати давоми...

13940 05:00 / 15.02.2017
.Никоҳ, луғатда қўшилиш, жамланиш, яқинлашиш маъноларини англатади.Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир биридан шаръий асосда давоми...

14327 05:00 / 14.02.2017