1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мўминлик мақоми

05:45 / 29.09.2018 3553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло барча махлуқот ва жонзотлар ичидан инсонни танлаб олди ва мукаррам қилди, эъзозлаб, юксак мақомга кўтарди. Шу боис инсон коинот гултожи, дея улуғланади. Буни инсон зотига ато этилган улуғ неъмат дейиш мумкин. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Мазкур ояти каримада инсон зотига берилган улуғ неъматлар ва афзалликлар таъкидланиб, унинг бошқа махлуқларга нисбатан азизу мукаррамлиги, афзал ва устунлиги маълум қилинмоқда.

Инсон зоти муносиб кўрилган бу мақом на фаришталарда, на жинларда ва на бошқа жонзотларда мавжуд. Аммо азиз ва мукаррам дея эъзозланган инсонлар ичида мўмин кишилар янада юксак мақомга кўтарилгандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг «Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан кўра мукаррам ва афзалдир», деган муборак ҳадислари бу сўзимизнинг тасдиғидир. Аллоҳ таоло яратган махлуқлар ичида энг улуғи фаришталар эканига шак-шубҳа йўқ. Мўмин киши эса ана шу фаришталардан ҳам азиз ва мукаррам экан. Инсон зотини бундай мартабага бутун оламларни, борлиқни яратган Зотнинг Ўзи лозим ва лойиқ кўрганини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Фақат иймонли бўлган ва иймон тақозосига кўра амал қилган тақдирдагина инсон зоти ана шундай юксак мақомга кўтарила олади. Пайғамбаримиз сўзларига кўра, фақат мўминлик инсонни мана шу мақомга кўтаради. Лекин ҳаётда бундай мақомни эгаллаш қўлидан кела туриб, ўз шаъни ва қадр-қимматига номуносиб ишларни қилиб, инсонлик шаънига доғ тушираётганлар, ўзини хор қилиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлаётганлар сон-саноқсиз. 

...Ислом дини келгунига қадар инсонлар орасида Масиҳ ибн Марямни илоҳ дея эътиқод қилганлар кўп бўлган. Аллоҳ таоло мана шу нотўғри ақийдадаги инсониятни тўғри йўлга буриш мақсадида мазкур оятни нозил қилди. Бу билан инсониятни Аллоҳга ширк келтириш катта гуноҳ эканини ва ширк келтирганлар жаннатга кирмаслигини баён этди. Шу тариқа инсонлар Аллоҳга ширк келтиришдан узоқлашиб, иймон неъматига сазовор бўлдилар, ундан баҳраманд бўлиш йўлидан юра бошладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳларни) Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо сураси, 48-оят).

Мазкур ояти каримада ширкнинг улкан гуноҳлиги ва Аллоҳ таоло уни асло кечирмаслиги маълум қилинмоқда. Иймон билан ширк бир-бирига зид нарсалардир. Ширкни тарк этган кишигина иймон неъматини тотади, Аллоҳ таоло наздида мўминлик мақомига кўтарилиб, азизу мукаррамликни қозонади.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан бир киши: «Сиз мўминмисиз?» деб сўраганида у зот: «Иймон икки хилдир. Агар Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, жаннат ва дўзахга, охират кунига, қайта тирилишга ва ҳисобга иймон келтириш ҳақида сўраётган бўлсанг, мен мўминман. Лекин Аллоҳ таолонинг «Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир» деган ояти каримаси ҳақида сўраётган бўлсанг, Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен уларданманми, улардан эмасманми, билмайман», деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу бу сўзлари орқали иймон келтириш билан ҳақиқий мўмин бўлиш орасида ҳам қанчалик фарқ борлигини тушунтириб бермоқда. Аллоҳ таоло хоҳлаганидек ҳақиқий мўмин бўлиш осон иш эмас. У Зотга иймон келтирган киши ҳақиқий мўмин бўлиши учун нафс, шайтон ва ҳаёт синовларидан ўтиши керак. Инсон охирги нафасига қадар иймон синовидан ўтади. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ий-мон келтириши ва гуноҳларидан тавба қилиши учун имкон беради. Ақлини ишлатган ҳолда бу имкониятдан фойдаланган киши охиратга ёруғ юз билан боради. Бу имкониятни бой берган киши эса охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида юзи шувут бўлади.

Охирги нафасгача имкон берилиши инсон зотининг Аллоҳ таоло ҳузурида юксак мақомга эга эканини англатади. Яъни бу инсон зотига кўрсатилган эҳтиром нишонасидир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики банда ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар» (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган).

Инсон зотига бундан ортиқ эҳтиром борми? Аллоҳ таоло унга охирги нафаси, охирги ғарғарасига қадар иймон келтириши ва тавба қилишига имкон бериб турса! Бутун оламни яратган Зот гуноҳкор инсонларнинг охирги нафасига қадар мўминлик мақомига кўтарилишини кутиб, илҳақ бўлиб туришини тасаввур қила оласизми? Инсон зоти фақат иймон туфайли азизлик ва мукаррамликни қўлга киритади. Агар иймони бўлмаса, инсон ҳақиқий инсонлик шарафига муносиб бўла олмайди. Аллоҳ таоло инсонни ана шу иймон сабабли ҳурмат-эҳтиром қилиб, шарафлайди.

Инсон дунёга келмасидан олдинги босқич – ҳомила даврига бир назар соладиган бўлсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло туғилажак болага онасининг қорнидалигидаёқ бир фариштани вакил қилиб юборади. Бу ишга масъул фаришта дунёга келажак гўдакнинг ризқини, умрини, бахтлилиги ёки бахтсизлигини битади. Буларнинг барчаси ҳали дунё юзини кўрмаган инсонга юксак эҳтиром эмасми? Фарзанднинг дунёга келиши бир оз кечикиб қолса, ота-она ўзини қўярга жой тополмай, елиб-югуради, шифо чорасини истаб, табиб ҳузурига боради ёки табаррук зотлардан дуо сўрайди. Ҳали ота-она туғилажак фарзандининг на шаклу шамойилидан, на хилқатидан хабардор эмас. Шунинг ўзи ҳам инсон зотига юксак ҳурмат-эҳтиром эмасми? Ота-онанинг энди туғилган фарзанди учун куйиб-пишиши, бошида парвона бўлишининг ўзи бир парча этдан иборат гўдакка илоҳий марҳамат эмасми? Фарзанд дунёга келганида ота-она беҳад қувонади. Исломий урф-одат, кўрсатмаларга биноан биринчи галда унинг қулоғига азон айттиради, чиройли исм танлайди ва сочини олиб, садақа улашади. Агар бирон жойи оғриб қолса, бошида парвона бўлиб, айланиб-ўргилади, ақли кира бошлаши билан таълим-тарбия, одоб беради, қўлидан келганича барча шароитларни муҳайё қилади. Буларнинг ҳаммаси фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақлари деб қаралса ҳам, аслида ота-она қалбига солиб қўйилган илоҳий эҳтиромдир.

Инсон ҳаётининг ҳар бир палласида ўзига хос ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлади. Ёш болани катталар эркалатиб, ҳурматини жойига қўйишади, унча-мунча эркалигини, хархашасини кўтаришади. Инсон улғайиб борган сари кўпроқ ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб бораверади. Ҳатто кексайиб, ишга яроқсиз бўлиб қолган тақдирда ҳам ҳурмат-эҳтиромдан маҳрум бўлиб қолмайди.

Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Оқ сочни юлманглар, чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг Исломда битта сочи оқарган бўлса, унинг сабабидан Аллоҳ унга битта савоб битади, ундан битта гуноҳни ўчиради ва унинг даражасини бир поғона кўтаради» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бир мўминнинг умри узайтирилиши унга кўпроқ имконият ва имтиёзлар берилганини билдиради. Кексайиб, ўзига тегишли ишларини уддалай олмай қолган кишига шариат буюрган баъзи амалларда имтиёз ва енгилликлар берилган: намозини тик туриб ўқий олмаса, ўтириб ўқишга, агар рўзани тута олмаса, унинг ўрнига фидя беришга рухсат берилган. Бу ҳам инсон зотига бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг бир намунаси десак, хато бўлмайди.

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

“Мўмин киши – мукаррам зот” китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Яқинда масжид имомининг .Фатавои Оламгирия, китоби ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан бири, деганини эшитиб қолдим. Бу китобнинг муаллифи ким Бир давоми...

3360 11:05 / 09.09.2020
Кемага қараАбдул Аъло ибн Зиёд Асламийдан ривоят қилинади .Бир куни қарасам, Довуд Тоий Фурот дарёсининг бўйида хаёл суриб турган экан. .Эй Абу Сулаймон, бу ерда давоми...

1603 08:21 / 26.04.2020
Аллоҳ таоло Қаҳф сурасининг 25оятида золим ҳоким истибдодидан иймонларини сақлаб қолиш учун бир қаҳфгағорга паноҳ тортиб кирган етти киши ҳақида шундай марҳамат давоми...

4174 15:10 / 28.12.2018
Аллоҳга қасам, Аллоҳдан мен учун ёрдам сўрашингиз учун аввало ўзимда эҳтиёж бор. Ўзим мана бу аҳволда бўлиб, аслида бу мактубни йўллашга Аллоҳдан ҳаё қилмоқдаман. давоми...

3894 11:00 / 04.12.2020