1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Hilol» нашриётида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

05:39 / 08.09.2018 5981 pdf Ўқиш режими + -

8 сентябр куни «Hilol» нашриёт-матбаа мажмуасининг мажлислар залида диний-маърифий йўналишдаги икки асар тақдимоти бўлиб ўтди.

Даставвал Муҳаммад Айюб Ҳомидов, Обид Мирҳамидов, Абдулазиз Усмонов, Акмал Мирҳамидовлар қаламига мансуб (ғоя муаллифи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф) «Имоми Аъзам» китобига тўхталиб ўтилди.

Қуръони карим тиловатидан сўнг Абдулқайюм Исмоилов тақдимот маросимини очиб бериб, янги нашрни тақдим қилиш учун сўзни «Фирдавс» жоме масжидининг имом хатиби Бахтиёр Сатторовга берди.

«Ислом динини соф ҳолда, кўрсатмаларини мукаммал тарзда, барча замонлару маконларга мувофиқ келадиган, йўлни ёритувчи машъала сифатида сақлаб, қиёматга қадар ўзгартириш киритиш каби иллатлардан Ўз муҳофазасига олишни ваъда берган Аллоҳ бу динни олимлар ва мужтаҳид имомлар қўлига топшириб қўйди. Улар Аллоҳнинг Китобини тафсир қилдилар, ҳукмларини баён этдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамда саҳобалар ва тобеъинларнинг сўзларини жамлаб, ёд олдилар. Шунингдек, фаҳм-фаросатлари ва илмларини Китоб, суннат ҳамда энг хайрли замон одамлари, яъни саҳобаларнинг сўзлари ва фикрларини англашга сарфладилар. Шу тариқа ечилмаган масалаларни ҳал қилиб кетдилар.

Жамият ҳаётида қандай янги воқеа ёки мушкул бир масала юзага келмасин, улар қаерда, қачон ва қай ҳолатда содир бўлмасин, барчасининг ҳукми Ислом шариатида фақиҳлар томонидан Қуръони карим, суннат, саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳидлар ижтиҳодидан келиб чиқиб баён қилиб қўйилган. Зеро, Ислом дини қиёматгача боқий, барча замон ва маконга мос келадиган ягона диндир.

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинким, мустақиллик шарофати билан диний адабиётларимиз кўпайиб, халқимизнинг диний билимларга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, Ислом динини бузиш, фиқҳ илмини таҳқирлаш, буюк саҳобалар ва улар билан боғлиқ тарихий воқеаларни бузиб кўрсатиш мақсадида чет эл нашриётларида чоп этилган китобларни ўзбек тилига ўгириб, интернет саҳифаларига жойлаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ китобга ёзган сўзбошларида бежизга: «Сўнгги пайтларда ҳанафий мазҳабини қоралаб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга тош отувчи кимсалар пайдо бўлди. Минг афсуски, авом халқ уларнинг бу фитнасига учиб, Абу Ҳанифадек буюк тобеъинни «У ҳадисларни ташлаб, ҳукмларни ўз раъйи билан чиқарган», деб қоралаб юришибди», дея таъкидлаб ўтмаганлар.

Дарҳақиқат, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида баъзи кимсалар томонидан ёзилган турли китоблардан асоси йўқ маълумотларни ўзбек тилига ўгириб, интернет сайтлари орқали ёшларнинг онгини заҳарлаётган душманлар ҳам йўқ эмас. Улар орасида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидаги ёлғон маълумотларни ўқиб, ҳанафийлар адашган экан, дегувчиларнинг пайдо бўлгани ҳар қандай кишини ташвишга солади.

Зеро, ушбу китобни ёзишга ундаган асосий омиллардан бири ҳам мана шудир. Мазкур асарда ўқувчи Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг аслида қандай буюк зот бўлганлари, у кишига нисбатан айтилган уйдирма гаплар мутлақо асоссиз эканлиги ва улуғ олимнинг Ислом умматига қилган буюк хизматлари билан танишиш имконига эга бўлади.

Аллоҳ барчаларимизни улуғ зотлар ҳақида яхши сўзларни айтадиган солиҳ бандаларидан қилсин!», дея ўз сўзини якунлади Бахтиёр Сатторов.

Тадқимот давомида Салоҳиддин домла Абдуғаффор ўғлининг мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидаги маърузалари жамланган янги дисклари (mp3 va DVD форматда) ҳам меҳмонларга тақдим этилди.

Йиғилишнинг иккинчи қисми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов (Саййид Раҳматуллоҳ Термизий) қаламига мансуб «Мўмин киши – мукаррам зот» асари тақдимотига бағишланди. Ушбу китобда мўмин киши ўзида жамлаши керак бўлган гўзал ахлоқлар ҳақида сўз юритилади. Зеро, бу ахлоқларга эга бўлган киши мукаррам зот ҳисобланади. Муаллиф ушбу мақсад ҳосил бўлиши учун китобнинг тилини осон қилиб, зарурий такрорлар билан келтириб ўтган.

Асар ҳақида сўз олган «Эшонгузар» жоме масжиди ноиб имоми Муҳаммад Шокир домла Турдибеков қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Мўмин киши «Аллоҳ таоло яккаю ягона ва Ундан бошқа илоҳ йўқ», дея иймон келтирган кишидир. Бироқ иймон мукаммал бўлиши учун шунинг ўзигина кифоя қилмайди. Мўмин кишида иймон сифатидан ташқари гўзал хулқ, яхши одоб, чиройли тарбия ва мукаммал илм ҳам бўлиши керак. Кўпчилик мўмин-мусулмон биродарларимиз ана шу жиҳатларни эътибордан четда  қолдирадилар. Шуни унутмаслигимиз керакки, агар чинакам мўмин бўла олсак, фаришталарнинг мақомидан ҳам юксак мақомга кўтариламиз. Аммо бу мақомга эришиш осон эмас. Сизу биз ожиз бандаларни яратган Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай мақомга, улуғ даражага лойиқ ва муносиб кўрган экан, унга эришиш учун ҳар биримиз имкон қадар амал ва ҳаракат қилмоғимиз лозим. Тўғри, бундай мақом соҳиби бўлиш учун кишидан риёзат, ибодат, машаққат, сабр-қаноат ва тақво талаб этилади. Кимда бундай хислатлар мавжуд бўлса ва чин дилдан, ихлос билан ҳаракат қилса, у шундай мақом соҳибига айланади.

Атрофимизда ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаб, шаҳодат калимасини бурро-бурро такрорлаб юрадиган, аммо бу калиманинг моҳиятини тушунмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Иймонни даъво қилувчи мана шу каби кишилар кўпчиликда мўмин-мусулмонларга нисбатан нохуш таассурот уйғонишига сабаб бўлишади. Баъзи кишилар борки, мўмин кишини кўрганда бурнини жийириб, иложи борича уни ёмонотлиқ қилиш пайида бўлишади. «Мўмин» киши билан олди-берди, савдо-сотиқ борасида муомалада бўлган, унга алданиб қолган баъзи кишилар эса рўй-рост танқидга ўтишади: «Ҳа, биламиз, мени яқинда чув тушириб кетди. Ўзи туппа-тузук одамга ўхшайди, намоз ўқийди, масжидга қатнайди. Бир-икки марта кўришиб юриб, яқин бўлиб қолдик. Мендан фалон нарсани сўраган эди, ишониб бериб ўтирибман. Ҳозиргача қорасини кўрсатмай юрибди», дея маломат қила бошлашади. Тўғри, ҳаётда шундайлар ҳам учраб туради. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, мўмин-мусулмонман, деб юрганларни ҳам бир хил деб бўлмайди. Бизнинг динимизда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади. Аммо қалбида нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Мазкур китобда айнан мўмин киши, унинг мартаба-мақоми нақадар улуғлиги тўғрисида сўз борган.

Афсуски, бу дунёда нафсига, шайтоннинг нағмаларига алданган инсон тўғри йўлдан адашиб, қинғир йўлни танлайди. Шайтон ўзининг етовига тушган инсонни йўлдан уради. Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учун тўғри йўлда юриб бораётган мусулмонни чалғитиб, адаштириб юборади. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон киши нафс ва шайтонни ўзининг энг катта душмани деб билиши, иккисининг талаб ва истакларини бажаравермаслиги лозим. Шундай қила олсагина, инсон мўминликнинг улуғ ва олий мартабасига кўтарила олади.

Ҳаёт бир зумлик шамолга ўхшайди. Қимматли ва бебаҳо умрни асл мақсад йўлида сарфламаслик афсус-надоматни келтириб чиқаради. Айниқса, бугунги кунда асл мақсаддан чалғитадиган сабаб ва ташвишлар талайгина. Шунинг учун бу дунёни роҳат билан ўтказиб, охиратда ҳам бахт-саодат қозонишни истаган киши, аввало мўмин-мусулмонлик улуғ ва юксак мартаба эканини ўйлаб кўриши керак».

Тақдимот давомида ушбу нашрлар устида кўп кишилик ижодий жамоа ишлагани, жумладан мусаввирлар, дизайнерлар, техник мутахассислар, саҳифаловчилар китобга ўзгача меҳр бергани ҳолда  нашрга тайёрлашгани, босмахона жамоаси ушбу китобларнинг юқори сифатда босилишида алоҳида жонбозлик кўрсатишгани алоҳида эътироф қилинди.

Азизлар! Ушбу китобларнинг янги нашри барчамизга муборак бўлсин!




Islom.uz портали таҳририяти  


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳроқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб давоми...

979 01:59 / 09 апрель
Жазоирдаги Қуръони Карим директори Ҳамди Исо пайшанба куни 24 соат давомида .Радио Қуръон, дастурлари расмий равишда эфирга узатилиши ва эшиттиришлар сифатини давоми...

1740 08:00 / 21.02.2021
Татаристон мусулмонлари диний идорасининг .Закот, хайрия фонди уйсиз ва муҳтожларга хайрия дастурхонларини ёзишда давом этмоқда. Бу ҳақда mynamaz.ru манбаси хабар давоми...

948 11:00 / 27.05.2021
Туркия Қизил ярим ой жамияти муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Сомалининг турли минтақаларидаги муҳтожларга 1420 гуманитар ёрдам пакетларини тарқатди. Бу давоми...

1240 19:40 / 04.05.2021
Видеолар
Аудиолар

133459 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53805 14:35 / 11.08.2021