1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАР ОДОБЛАРИ

16:51 / 08.04.2016 5640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАР ОДОБЛАРИ


...Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу бахтдан ҳам маҳрумдирлар. Улар ҳали ҳаётда нима қилишни, қайси йўлдан юришни билмай ҳайронлар. Ёки ўзларига ўхшаган ҳайронлардан бирининг амалига, ҳаракатига тақлид қилишга мажбурлар...

1. Толиби илм аввало ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларини, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги керак.
2. Ўз юртидаги иқтидорли аҳли илмлардан устоз топиши керак.
3. Ўз устозини ҳурмат қилиши зарур, чунки бу ҳадисни ҳурмат қилиш доирасига киради.
4. Ҳар бир калимани қунт билан ўрганиш лозим. Чунки, Аллоҳ Расулининг ҳадисларини ўрганилади.
5. Ҳадисга тегишли китоб ва маълумотларни тўплаб, ўқиб-ўрганиб юришга аҳамият бериши керак.
6. Шошилмасдан, аста-секин илм даражаларидан кўтарилиш керак.
7. Ҳадис ўрганиш, ўргатиш ва музокора қилиш учун ғусл қилиб, пок кийим ҳамда хушбўй нарсаларни сепиб олиш мустаҳабдир. Имом Молик шундоқ қилар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари улуғлашни яхши кўраман, яхшилаб таҳорат қилмагунимча ҳадис айтмайман”-дер эдилар.

Азиз ўқувчи! Аввало ўзимга, сўнгра сизларга эслатмоқчиманки, биз бу китоб таснифи ва мутоаласига киришар эканмиз, улуғ бир ишга киришаётганимизни унутмайлик.
Аллоҳнинг каломидан кейинги, энг мўътабар каломни, Роббил оламийннинг Расулининг каломини ўрганишга киришмоқдамиз. Бу бошқа китобларни ёзиш ёки ўқишга ўхшаган шунчаки машғулот эмас. Ҳадис ўқиш ибодатдир, ҳадис ўрганиш савобдир. Қолаверса, ҳадиси шарифларда икки дунёмиз бахтининг калити мавжуддир. Уларда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида нималар қилишимиз лозимлиги кўрсатилган. Бу эса бизнинг катта бахтимиз! Дунёга бир назар солайлик: Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу бахтдан ҳам маҳрумдирлар. Улар ҳали ҳаётда нима қилишни, қайси йўлдан юришни билмай ҳайронлар. Ёки ўзларига ўхшаган ҳайронлардан бирининг амалига, ҳаракатига тақлид қилишга мажбурлар. Дунё муаммолари қаршисида йўл тополмай сарсонлар. Чунки уларнинг тайинли йўл кўрсатувчи юлдузлари йўқ. Улар ҳар бир нарсада қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида бош қотиришга маҳкумлар. Минг машаққат билан топган йўлларининг эса кўзланган мақсадга элтиши гумон. Бордию шундай бўлган чоғда ҳам беш кунлик дунёнинг бирор вақтинчалик матоҳига элтиши мумкин халос.
Ҳа, атрофга эътибор билан бир назар солинг, энг оддий ва арзимас бўлиб кўринган нарсадан тортиб, энг мураккаб ва аҳамиятли нарсаларгача қаранг, ҳодисаларнинг ҳамма-ҳаммасида сиз билан биз мусулмонлар учун очиқ-ойдин, икки дунё бахтига эриштирувчи кўрсатмалар бор. Биздан бошқалар юзини қандоқ қилиб ювишни, ўзини қандай поклашни ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳаммалари ҳар хил йўл тутадилар. Биз эса ҳаммамиз бир хил мустаҳаб, таҳорат, ғусл қиламиз. Бу ишни шариатимиз кўрсатмаси бўйича амалга оширамиз. Шунинг учун бизнинг юз ювишимиз ҳам, покланишимиз ҳам ибодатга айланади. Шунга ўхшаш ҳар бир ишни ҳам динимиз кўрсатмаси бўйича қилишимиз керак. Бу–бизнинг бурчимиз, бахтимиз, бу–биз учун тайёр ечимдан фойдаланиш имкони. Бу–ҳайронликдан, “нима қилсам бўлар экан” дейишдан, қутилиш йўли! Натижаси эса аниқ: Бу дунёда–яхшилик, охиратда–жаннатга эришиш! Шунинг учун ушбу китобда ўрганадиган ҳадисларимизнинг ҳар бирига амал қилишга киришайлик! Ана ўшанда кундалик ҳаётимизда қиладиган ҳар бир ишимиз ҳам ибодатга айланади. Аллоҳнинг кўрсатмаси билан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш билан яшаётган бўламиз.
Азиз ўқувчи! Ушбу ҳаётнинг ҳамма соҳаси бўйича келган ҳадиси шарифлар тўпламини ўқишдан олдин ниятни соф қилинг. Аллоҳдан мадад сўранг. Ўқиганингизни тушунишни, унга амал қилишни насиб этишини сўранг.
Азиз ўқувчи! Ушбу китобда ўқиладиган ҳадисларнинг энг ишончли ровийлардан иборат силсиласининг сўнг томонида ўзингиз турар экансиз, шу силсиланинг бош томонида ҳабиб Пайғамбаримиз, шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларини зинҳор унутманг. Ул зот бобарокотнинг суҳбатларини топиб, ҳадисларини ўқир экансиз, ундаги кўрсатмаларга хилоф иш қилишга журъат эта кўрманг.
Эй бор Худоё! Ўзинг осон қилгин, дилимиз қулфини очгин! Ишимизга ривож бергин! Ўзингнинг сўнги пайғамбаринг суннатларини ўрганиб, унга амал қилишни ният қилмоқдамиз, шу ниятимизга етказгин! Йўлимиздаги тўсиқларни йўқ қилгин! Ўзинг тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хотиржамлик, кушойиш бергин! Ишимизни тезда муваффақият билан, сернатижа бўлишини насиб этгин! Ўзинг доимо мададкоримиз бўлгин! Ўз динингга қувват, мусулмон бандаларингга омад бергин! Юртимизда ҳам Расулинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтиришни насиб этгин! Халқимизга дининг байроғи остида Расулинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суннати асосида яшашни насиб этгин! Омин!

“Ҳадис ва Ҳаёт” биринчи жузидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

3576 00:00 / 10.11.2022
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен давоми...

8124 18:05 / 13.11.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир давоми...

1980 19:00 / 07 февраль
. . Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши мусулмон бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр давоми...

2816 19:00 / 21.06.2023