1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг каффорати (2-қисм)

12:33 / 12.06.2018 3641 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи гуруҳ олимлар: «Ғийбатнинг гуноҳи ўчирилиши учун тавба қилишдан ташқари ғийбат қилинган кишидан кечирим сўраш ҳам зарур. Ўша одамга уни ғийбат қилишгани ҳақидаги хабар етиб борган бўлса ҳам, етиб бормаган бўлса ҳам, ҳукм бир хил», дейдилар.

Тўртинчи гуруҳ олимлар: «Ғийбат қилинган кишига уни ғийбат қилишгани ҳақидаги хабар етиб борган бўлса, ундан кечирим сўраш зарур. Агар хабар етиб бормаган бўлса, истиғфор айтишнинг ўзи кифоя қилади», дейдилар.

Муаллиф таҳқиқи. Менинг наздимда ғийбат каффорати ҳақида гапни барча тафсилотлари билан айтиш лозим. Ғийбат қилинган киши тирик бўлиши, яқинда бўлиши ёки ўлиб кетган бўлиши; ўлмаган, бироқ узоқда бўлиши мумкин. Агар ғийбат қилинган киши тирик бўлса, ғийбат ҳақидаги хабар унга етиб борган бўлиши ҳам, етиб бормаган бўлиши ҳам мумкин. Агар етиб борган бўлса, у одам ғийбатнинг тафсилотидан, яъни қайси айблари гапирилганидан хабардор бўлиши ҳам мумкин, хабардор бўлмаслиги ҳам мумкин. Хуллас, зикр этилган ҳолатларнинг ҳар бирида ҳукм бошқа-бошқа бўлади.

Агар ғийбат қилувчига ғийбат қилингани ҳақидаги хабар тўлиқ тафсилотлари билан етиб борган, шу билан бирга, у билан учрашишга имкон бўлса, ундан кечирим сўраш зарур бўлади. Сидқидил билан унинг ёнига бориб: «Ўзингиз билганингиздек, фалон-фалон ишларингизни ғийбат қилган эдим. Қилган бу хатойим учун пушаймонман. Айбимни кечиришингиздан умидвор бўлиб келдим. Келажакда сизни асло ғийбат қилмайман, бирор кишига сизнинг устингиздан шикоят қилмайман», деб айтади. Лекин айтиб ўтганимиздек, бу иш сидқидилдан бўлиши шарт, чунки кўринишда ўзини кечиртириб, бироқ қалбида надомат бўлмаса, бу ишнинг фойдаси йўқ. Бундай қилган одам мунофиқлардан саналади.

Агар ғийбат қилинган киши умуман олганда ғийбатдан хабардор, лекин ишнинг тафсилотини билмаса, кечирим сўрашда киши унинг қайси айбларини гапириб, ғийбат қилганини айтмасин, токи унинг табиати ранжимасин. Балки унга: «Мен сизни ғийбат қилиб қўйдим, илтимос, кечиринг», дейишининг ўзи кифоя қилади.

Агар ғийбат қилинган кишига ғийбат ҳақидаги хабар етиб борган бўлса-ю, лекин у оламдан ўтиб кетган бўлса, ёки тирик бўлса-да, узоқда бўлгани боис у билан учрашиб, кечирим сўрашнинг имкони бўлмаса, ғийбат қилувчининг зиммасига ўша инсон учун истиғфор айтиш ҳамда одамлар олдида уни мақтаб гапириш лозим бўлади. Шоядки, Аллоҳ таоло мана шу мақтагани сабабидан уни азобга тутмаса, ғийбат қилинган киши қиёмат куни унга қарши даъво қилмаса. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг «Биродаринг гўштини еганингнинг каффорати уни мақташинг ҳамда ҳақига дуо қилишингдир» деган сўзларида ғийбатнинг мана шу кўриниши назарда тутилган.

Агар ғийбат қилинган кишига ғийбат ҳақидаги хабар етиб бормаган бўлса, Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, тавба қилишнинг ўзи кифоя қилади. Чунки ғийбат қилинганидан хабари йўқ кишига: «Сизни ғийбат қилдим, кечиринг», дейиш унинг адоватига, нафратига сабаб бўлиши мумкин. Ҳасан Басрий ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳумаллоҳдан келтирилган гапда мана шу кўриниш назарда тутилган. Шунинг учун Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ қора танли бир кишини ғийбат қилиб қўйгач, фақат тавбанинг ўзи билан кифояланганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ғийбатнинг гуноҳи номаи аъмолдан ўчирилиши учун киши иккита иш қилиши зарур экан. Биринчи иш Аллоҳ таолога тавба қилишдир. Чунончи, Сулаймон Жамал «Тафсири Жалолайн»га ёзган ҳошиясида: «Бу ишда Аллоҳ таолога тавба қилиш зарур эканида ҳеч қандай ихтилоф йўқ», деб ёзади. Иккинчи иш эса ғийбат қилинган киши ғийбатдан хабар топган бўлса, ғийбат қилинган кишидан имкони борича кечирим сўрашдир. Чунки ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчини шу дунёда кечирмаса, маҳшар куни унинг этагидан тутади. У даҳшатли кунда одамлар кичкинагина зулмлар учун ҳам бир-бирлари билан талашиб-тортишадилар. Ўз ҳақларини ундириб бериши учун Аллоҳ таолога фарёдлар қиладилар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «(Қиёмат куни) ҳар бир махлуқ учун иккинчи махлуқдан қасос олиб берилади. Ҳаттоки шохли (жонивор)дан шохсизи учун, қумурсқадан қумурсқа учун (ўч олиб берилади).[1]

Ҳикоя. Оиша розияллоҳу анҳо бир аёл ҳақида «Бунинг тили узун» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Сен уни ғийбат қилдинг. Энди у аёлдан кечирим сўрашинг лозим бўлади», дедилар.[2]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат зинодан оғирроқ», дедилар. Саҳобийлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон зино қилгач, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчи эса то ғийбат қилинган киши кечирмагунича кечирилмайди», дедилар.[3]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бировнинг шаънига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, уни бугун динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолишидан олдин  р??? ?????ози қилиб олсин. Агар солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорида олинади; солиҳ амаллари бўлмаса, ҳақ эгасининг ёмонликларидан олиниб, бунга юклатилади».[4]

Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Ба узроварий хоҳиш имрўз кун,

Ки, фардо намонад мажоли сахун.

Назмий маъноси:

Неки узринг бўлса, бу кун айтиб қол,

Эрта сўз айтишга қолмагай мажол!

Насрий баёни: Узр сўраш воситасида бугун хоҳишингни битир, зеро, эртага гапириш учун қувват қолмайди.

Насиҳат. Абу Осим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ғийбатнинг ҳаромлигини эшитганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмаганман».[5]

Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Камоласт дар нафси инсон сахун,

Ту худро ба гуфтор ноқис макун.

Назмий маъноси:

Бил, инсон нафсининг камолидур сўз,

Ўзни ноқис қилма сўзлашда, эй дўст!

Насрий баёни: Инсон нафсидаги камолот унинг сўзлаши билан бўлади. Сен гапириш билан ўзингни ноқис қилмагин.

Насиҳат. Замонамиз кишилари бошқаларни ғийбат қиладилар, аммо кечирим ҳам сўрамайдилар, ҳатто кечирим сўрашни ўзларига ор деб биладилар. Ўлимни ҳам, қиёмат даҳшатларини ҳам ўйламайдилар, унга тайёргарлик кўрмайдилар. Ўзларига ўзлари зулм қиладилар. Ваҳоланки, ўтган зоҳидларининг қиёмат қўрқинчи ҳамда ўлим даҳшатидан бутун вужудлари титрар эди.

Ҳикоя. Сулаймон алайҳиссалом кўксларида ўрмалаб кетаётган бир чумолини олиб, ерга отиб юбордилар. Чумоли: «Эй Сулаймон! Нима учун бу қадар зўрлик қиласиз? Сиз қиёмат куни Забардаст Молик ҳузурида турмайсизми?» деди. Бу гапни эшитган Сулаймон алайҳиссалом ҳушларидан кетдилар. Ўзларига келгач, чумолига: «Эй чумоли, мени кечир!» дедилар. Чумоли: «Учта шарт билан мен сизни кечираман. Биринчи шарт – тиланчини қуруқ қайтарманг. Иккинчиси – фахр билан кулманг. Учинчиси – ёрдам сўраб келган инсонга ўз мартабангизга лойиқ ҳолда ёрдам беринг», деди. Учта шартни қабул қилганларидан кейин чумоли у кишини кечирди.

Одамлар барча ёмон ишларидан, жумладан, инсонларни ғийбат қилишдан тўхташлари лозим. Агар бировни ғийбат қилиб, дилига озор берган бўлсалар, ундан кечирим сўрасинлар, шундагина қиёмат кунида азобга дучор бўлмайдилар.


«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


__________________________________________

[1] «Муснади Аҳмад».

[2] «Кимёи саодат».

[3] «Ад-Дуррул мансур».

[4] «Саҳиҳи Бухорий», 2449-ҳадис.

[5] «Ҳаётул ҳайвон».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ бандаларига латийфдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир.Бандалар такаббурлик ила куфр келтириб, қиёмат кунини инкор этиб, давоми...

4953 20:36 / 03.10.2017
Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади1. Вожиб.Ўзиникими ёки ўзганикими, аниқ бўлмаган молни олмаслик.2. Мустаҳаб.Молининг кўпи ҳаром давоми...

3259 22:23 / 09.03.2018
Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади.Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли давоми...

4398 16:32 / 04.10.2017
Шундай гуноҳлар борки, уларни қилган одамнинг аввал қилган барча яхшиликлари ҳабата бўлиб кетади. Улардан бири муртад диндан қайтган ҳолда ўлишдир. Аллоҳ таоло давоми...

4259 18:05 / 16.03.2018