1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот ҳақдорларга қандай тақсимланади?

12:30 / 11.06.2018 4534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закот тўплаш ишига кимлар ҳақдор эканини батафсил ўргандик. Закот тўпланди, ҳақдорлар аниқланди. Энди уни бўлиш, тақсимлаш масаласи қандай ҳал бўлади?

Бугунги кунимиз эътибори билан оладиган бўлсак, ҳозир қуллар йўқ. Аммо уларнинг ўрнига мусулмон асирлар қўйилиши мумкин. Кўпгина жойларда закот йиғувчилар ҳам йўқ. Закотни мол эгасининг ўзи ёки унинг вакили беради. У ҳолда закот йиғувчининг улуши ҳам тушиб қолади.

Уламоларимиз закотни тақсимлаш масаласида «Бир тоифага берса бўладими?» ёки «Ҳамма тоифаларга бериш шартми?» ёки тақсимланганда «Ҳаммасига тенг тақсимланадими?» каби саволларга турлича жавоб беришган. Бу табиий ҳол. Бу масала ҳар замоннинг ва маконнинг шароитига қараб ечилиши лозим бўлгани учун Қуръон ва Суннатда асосий йўналишлари кўрсатиб қўйилиб, тафсилотлари мусулмон уламоларнинг ижтиҳодига қолдирилган. Улар жузъий масалалар бўйича ўз замон ва маконлари шароитидан келиб чиқиб, асосий қоидаларга суянган ҳолда ҳукм чиқаришган.

Закот барча тоифаларга ёки уларнинг баъзиларига мулк қилиб берилади. «Мулк қилиб бериш» деганда ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунча закот бўлмайди, деган маъно тушунилади. Демак, закот тўғри бўлиши учун у закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туриш шарти билан ёки таомлантириш билан берилган нарса закот бўлмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича, ақли заифга ёки ёш болага закот бериб бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

 «...Ва закотни беринглар...» деган. Бу эса мулк қилиб бериш билан собит бўлади.

Яна Аллоҳ таоло: «Садақалар фақирларгадир», деган. «Садақа қилинди» дегани «бировга бир нарсани мулк қилиб берилди» деганидир. «Фақирларгадир» дегани ҳам араб тили қоидасига кўра мулк қилиб бериш маъносини билдиради.

Уламоларимиз ушбу масала юзасидан қуйидагиларни айтишган:

1. Агар закотга тушган мол кўп бўлса, барча тоифадаги ҳақдорларга бериш керак. Мавжуд ҳақдор тоифалардан бирортасини маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

2. Ҳамма тоифаларга тенг тақсимлаш ҳам вожиб эмас. Бунда ҳолатга қаралади. Мисол учун, бир юртда мингта фақир, юзта қарздор ва ўнта ибн сабил бўлиши мумкин. Тушган закотни тенг учга бўлиб, уч тоифага берилмайди, эҳтиёжга қараб тақсимланади.

3. Закотни баъзи тоифаларгагина бериш ҳам жоиз. Бу ҳам шароитга қараб бўлади. Шунингдек, бир тоифага оид ҳақдорларнинг ҳаммасига бир хил миқдорда мол бериш ҳам шарт эмас. Ҳолат ва эҳтиёжга қараб турлича бўлиши мумкин. Бу хилда тақсимлашда ҳавойи нафс амри эмас, шариат амри, адолат юзасидан қараш йўли устун туради.

4. Мискин ва фақирлар тоифаси ҳаммадан олдин туради, чунки улар закотнинг биринчи навбатдаги ҳақдорларидир. Фақир ва мискинларни қўйиб, закотдан тушган маблағни бошқа харажатларга ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

5. Агар жамиятда закот идораси ва закот йиғувчилар бўлса, улар учун саккиздан бир улушдан ортиқ молни олиб бўлмайди.

6. Закот оз миқдорда бўлса, уни бир тоифага, бир шахсга берган маъқул. Чунки оз нарсани кўпчиликка тарқатилганда закотдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Озчиликка тарқатилганда эса, қисман бўлса ҳам, мақсад ҳосил бўлади.

Агар бир кишини ҳақдор деб ўйлаб, унга закот берса, лекин кейин ўша одам ўзининг қули экани аён бўлса, закотни қайтадан беради, чунки ўз қулига берилган закот унга мулк бўлмайди. Бундан бошқа монеликлар пайдо бўлса, закот қайтадан берилмайди.

Айтайлик, бир киши закотни беришдан олдин яхшилаб суриштириб, закотини бераётган одамини закот олишга ҳақиқатан ҳақли деб билгандан сўнг берса-ю, лекин ўша одамнинг закотга ҳақли эмаслиги маълум бўлиб қолди. Бунда закот берган одам жавобгар бўлмайди, чунки у ўз имконидаги ишни қилди. Имконидан ташқари ишга эса масъул эмас. Шунинг учун закотни қайтадан бермайди. Аммо закот сўраб-суриштирмай бир кишига бериб юборилса, кейин у одамнинг закотга ҳақдор эмаслиги маълум бўлиб қолса, закотни бошқатдан бериш лозим бўлади.

Икки ҳолда ҳам закот олувчи ўзи инсоф қилиб, олган закотини қайтариб бериши керак. Агар қайтариб бермаса, мискин ва фақирнинг ҳақини еган бўлади, қорнига дўзахнинг оловини еган бўлади.

Ҳақдорни бир кун давомида тиланчилик қилишдан беҳожат қиладиган миқдорда закот бериш мандубдир.

Қарздор бўлмаган фақирга нисоб миқдорида закотдан бериш, шунингдек, закотни бошқа юртга олиб бориб бериш макруҳдир. Яқин кишисига ёки ўз юртининг аҳлидан кўра муҳтожроқ қавмга олиб бориб берса, макруҳ эмас. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бойларидан олиб, камбағалларига қайтарилади» деган сўзларидан уламоларимиз «Ҳар бир юртнинг бойларидан олинган закот ўша юртнинг камбағалларига тарқатилади», деган ҳукмни олишган.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ Хуросондан тўплаб, Шомга олиб келинган закотни яна Хуросонга қайтариб юборган, чунки ўз юртида эҳтиёж бўла туриб, у ернинг закотини бошқа томонга олиб кетиш турли гап-сўзларга, норозиликларга, ҳатто юрт раҳбарларига қарши фитна гаплар, ҳаракатлар уюштирилишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Зотан, бу иш адолат юзасидан ҳам тўғри келмайди. Закот тўпланган юртда унга ҳожат бўлмасагина, бошқа юртга олиб бориб тарқатилади.

Абу Убайд ривоят қилади:

«...Умар кундуз куни бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробия келиб, одамларга аланглаб қаради-да, (Умарнинг) олдига келди ва: «Мен бир мискинман. Болаларим кўп. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закот йиғувчи қилиб юборган эди, у бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди. «Ярфоъ! – деди ҳазрати Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!» Аёл: «Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди. Ҳазрати Умар: «Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди. Ярфоъ Муҳаммадни чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминларнинг амири», деди. Аёл уялиб кетди. Ҳазрати Умар: «Аллоҳга қасамки, мен яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди. Муҳаммаднинг икки кўзидан ёш оқди. Сўнгра ҳазрати Умар шундай деди: «Аллоҳ таоло бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ таоло нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. То Аллоҳ таоло у зотни қабз қилгунича садақани мискинларга бериб турдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло Абу Бакрни халифа қилди. Аллоҳ таоло уни қабз қилгунича у ҳам у зотнинг суннатларига амал қилди. Сўнгра мени халифа қилди. Мен яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймадим. Агар яна сени юборадиган бўлсам, бу аёлга бу йилнинг ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман». Кейин аёлни чақириб, битта туя, ун ва ёғ берди ва: «Буни олгин-да, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга иккита туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунча сенга етиб туради. Мен унга бу йилги ва ўтган йилги ҳақингни беришни буюрдим», деди».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир увқия қийматида моли бўла туриб тиланса, хиралик қилган бўлади» (бошқа бир ривоятда: «хиралик билан сўрабди»). Мен: «Ёқута (номли) туям увқиядан яхшироқ», дедим».

Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган.

Бир увқия қирқ дирҳамга тенг. Бундан ўзига етарли пули ва моли бор одамнинг закот олиши дуруст эмаслиги келиб чиқади. Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари ушбу ҳадисни ва шу маънодаги бошқа ҳадисларни ҳужжат қилиб, «Нисобдан оз бўлса ҳам, ўзига яраша молга эга бўлган одам закот олиши мумкин эмас», дейишган.

Саҳл ибн Ҳанзолийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзининг ҳожатига етарли нарсаси бўла туриб, тиланган одам дўзахдан кўпроқ сўраган бўлади» (бошқа ривоятда «жаҳаннамнинг чўғидан») дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳожатига етарли нарса нима?» дейишди. «Тушлик ва кечки таомига етарлиси», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Бир кеча-кундуз тўйишига етарли нарсаси борлиги» дейилган. 

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган, Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сотиб олинган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди, чунки уларнинг орасида шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақатгина сотиш, фойда олиш давоми...

3825 16:22 / 06.06.2018
Закотrdquo сўзи луғатда покликrdquo ва ўсишrdquo маъноларини билдиради.Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга давоми...

11010 05:00 / 16.01.2017
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир увқийя қийматида моли бўла туриб, сўраса, хиралик қилган бўлади, бошқа давоми...

3042 17:00 / 03 апрель
Орасида туғиш ва эри хотинлик алоқаси борларга. Ўзининг қулига. Баъзисини озод қилган қулга. Бойга. Унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига. Бани Ҳошимга. Уларнинг давоми...

10981 05:00 / 16.01.2017
Аудиолар

131171 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51684 14:35 / 11.08.2021