1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон ва вақт риояси

18:30 / 07.04.2023 4335 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Башарнинг вақти, ҳақиқатда унинг умри ҳамда у доимий неъмат ёки аламли азобдаги абадий ҳаёти унсуридир. У булут сузгани каби ўтиб кетади. Кеча ва кундуз умрни камайтириш ва ажални яқинлаштиришда мудом илдамлайди. У иккиси биздан олдин Нуҳ, Од, Самуд ва буларнинг орасидаги кўплаб асрларга ҳамроҳ бўлиб, барча ўз Раббилари сари юриб, амаллари олдига келди ва умрлари поёнига етди. Кеча ва кундуз эса улардан кейинги умматлар ичида ширадор, янги ҳолда қолди. Аллоҳ таоло деди:

 «У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир.» (Фурқон: 62).

Демак, мусулмонга айниқса ана шу муборак ой, улуғ мавсум ва қимматли вақтда кеча ва кундузларнинг ўтишидан ибрат ва эслатма олиши лозим бўлади. Рамазондан қанчасида амал қилдик. Тезлик билан кирди ва ўтди. Кеча ва кундуз ҳар бир янгини эскиртиради, ҳар бир узоқни яқин қилади, умрларни йўқотади-(ўтказади), кичикларни катта қилади, катталарни ҳалок қилади. Бунинг бари дунё кетиши ва жўнаши ҳамда охиратнинг кириб келишини билдиради.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Дунё орқага чекинган ҳолда жўнади. Охират эса юзланган ҳолда келди. У иккисидан ҳар бирининг ўз ўғил-(талабгор)лари бор. Охират ўғил-(талабгор)ларидан бўлинглар ва дунё ўғилларидан бўлманглар. Чунки бугун амал бор, ҳисоб йўқ. Эртага эса ҳисоб бор, амал йўқ». (Бухорий)

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ дедилар: «Дунё қароргоҳларингиз эмас. Аллоҳ унга фонийликни, аҳлига эса ундан жўнаб кетишликни битган бир диёрдир. Қанчадан-қанча мустаҳкам гуллаб яшнаётган озгина ўтиб хароб бўлади. Қанчадан-қанча шод-хуррам давомийлик озгинадан кейин жўнаб қолади. Аллоҳ сизларни Ўз раҳматига олсин, ундан ҳузурингиздаги энг гўзал нақлиёт ила чиройли сафар қилинглар. Ва озиқланиб олинглар. Албатта, озуқанинг яхшиси тақводир». (Абу Нуъайм «Ҳилятул Авлиё»)

Инсон онасининг қорнидан чиққандан бошлаб ўз умрини вайрон қилишдадир. Балки у, Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бир тўп кунлардир. Ҳар сафар бир кун кетганда инсоннинг баъзиси ва ундан бир жузъ кетади. Унинг бир куни ойни вайрон қилади. Ой йилни бузади. Йил эса умрни вайрон қилади. Банда ўтказган ҳар бир соат унинг ажалини яқинлаштиради.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Қуёши ботиб, унда умрим қисқарган ва амалим зиёда бўлмаган кунга надомат чекканим каби бирор нарсага надомат чекмадим». Бу у киши розияллоҳу анҳунинг вақтга ниҳоятда ҳарис эканликларидандир.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Шундай бир қавмга етдимки, улар вақтларига сизлар дирҳам ва дийнорларингизга ташна бўлганингиздан кўра қаттиқроқ (ташна эдилар)».

Шунинг учун кимда-ким кунини бирор ҳақни ўтамай, бирор фарзни адо этмай, бирор олийжанобликни кўпайтирмай, ёки бирор мақтовни қўлга киритмай, ёҳуд бирор яхшиликка асос солмай, ёкида бирор илмни эгалламай ўтказса, дарҳақиқат, ўша кунини оқ қилибди, ҳамда ўзига ва шу кунига зулм қилибди.

Кеча ва кундузлар инсоннинг бу ҳаётдаги дастмояси. Унинг фойдаси жаннат, зиёни дўзах. Йил дарахт, ойлар новдалари, кунлар шохлари, соатлар барглари, нафаслар эса самараларидир. Кимнинг нафаслари Аллоҳнинг тоатида бўлса, унинг самараси яхши, муборак, тотлидир. Кимнинг нафаслари Аллоҳнинг маъсиятида бўлса, унинг меваси ёмон, бемаза, аччиқдир.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан вақтнинг аҳамияти, уни ғанимат билиш ва зое қилмасликка тарғиб, ҳамда банда қиёмат куни у ҳақида масъул эканини баён қилишлик ҳақида кўплаб ҳужжатлар ворид бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қариб-қартайишингдан олдин ўспиринлигингни, касалингдан олдин соғлигингни, камбағаллигингдан олдин бойлигингни, машғуллигингдан олдин бўшлигингни, ҳамда ўлимингдан олдин ҳаётингни». (Ҳоким «Мустадрок»)

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни банданинг икки қадами то умрини нимада ўтқазгани, нима амал қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, танасини нимада эскиртиргани ҳақида сўралмагунча силжимайди». (Термизий) 

«Саҳиҳ»да у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи улар борасида алданган-(мағлуб бўлган)дирлар: соғлиқ ва фориғлик-(бўш вақт)». (Бухорий)

Ушбу муборак ой ва улуғ мавсумда ғанимат билишимиз мумкин бўлган тоат-ибодатларнинг барини ғанимат билайлик. Уни Аллоҳга юзланиш йўлида бўйинсундирайлик. Ўлим қўққисдан келиб қолишидан олдин ҳаётимизнинг барини ғанимат билайлик. Аллоҳ таоло касаллик ва дардлардан офият берган соғлом одамлар, Аллоҳ уларни, уларга тўсқинлик қилиб, тетик-(фаол)ликларини сусайтирадиган касаллар билан синашидан олдин офият ва соғлиқларини ғанимат билсинлар. Аллоҳ уларга (бўш) вақт ва фориғ-(банд бўлмас)ликни тортиқ қилганлар, иш, ғам-ташвиш ва (қўлни) банд қилувчи нарсалар тўсатдан келиб қолишидан олдин вақт ва бўшликларини ғанимат билсинлар. Ёшлар заифлик, мадорсизлик, беморлик ва касал бўлиш тахмин қилинадиган катталик ва қариб-қартайиш дарди етишидан олдин ўспиринлик ва куч-қувватларини ғанимат билсинлар. Аллоҳ таоло уларга ризқларида кенглик берган ва ушбу фоний дунёнинг ўткинчи ноз-неъматлари бўлмиш ушбу мол-дунё насибасига ноил бўлган бойлар, уларга фақирлик тушиши ва ҳожатлар уларга бостириб келишидан олдин молларини ғанимат билсинлар. Шуларнинг бари Аллоҳга янада яқин бўлиш, ҳамда чинакам тавба, хайр ишларни кўп-кўп қилиш, қабиҳ ва қайтарилган ишларга қўл уришдан воз кечишлик билан унинг ҳадяси, баракаси ва раҳматига шўнғишлари учун ушбу буюк мавсумни ғанимат билсинлар.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ушбу фазилатли мавсумлардан бирор мавсум йўқки, албатта унда Аллоҳ таолонинг, Унга қурбат ҳосил қилинадиган тоат вазифаларидан бир вазифа бор. Аллоҳнинг ҳадяларидан иборат бир ҳадяси бўлиб, Ўзининг фазли ва марҳамати билан уни хоҳлаганига етказади. Бахтли киши мавсум ойлари, кунлари ва соатларини ғанимат билган, унда тоат вазифалари билан Ҳожасига қурбат ҳосил қилган кишидир. Шояд унга ўша тортиқлардан бирортаси етса. Натижада у сабабли шундай бир бахт билан саодатли бўладики, ундан кейин дўзах ва ундаги куйиб қолишлардан омон қолади».

Кимда-ким ушбу буюк мавсумга ўхшашида бўш вақтини зое қилса ва соғлиғидан ушбу мукаррам ойга ўхшашида фойдаланмаса, унда қачон фойдаланиб, тўғри бўлади?!

Машойихлар шундай дейишган: «Кимки бўш вақти ва соғлиғидан Аллоҳнинг тоатида фойдаланса, бас, у ҳавас қилса арзигуликдир. Кимда-ким у иккисини Аллоҳнинг маъсиятида фойдаланса, бас, у мағлуб-(муваффақиятсизликка учраган)дир. Чунки бўшлик кетидан машғуллик, соғлиқ кетидан касаллик келади».

Баъзи салафлардан ушбу қавллари ворид бўлган: «Вақтни зое қилишлик ғазабга учраганлик аломатидир».

Машойихлар шундай дейишган: «Вақтни зое қилишлик ўлимдан қаттиқроқдир. Чунки вақтни зое қилишлик сени Аллоҳ ва охират диёридан узиб қўяди. Ўлим эса сени дунё ва унинг аҳлидан узади».

Мусулмонга дунё билан фитналанмаслиги вожибдир. Чунки ундаги соғлом касал бўлади, янгиси эскиради, неъмати фоний бўлади, ёшлиги қарийди. Ва у унда (дунёда) охират диёри сари сайрдадир. Муҳлатлар озайган, амаллар сақлаб қўйилган, ўлим эса қўққисдан келади. Ким яхшиликни экса, унинг ажру савобини йиғиб олиш арафасида. Ва кимки ёмонликни экса, надомат ва ҳасратни ўриб олиш арафасидадир. Ҳар бир экувчига эккани бўлади.

Эй Аллоҳ! Бизга вақт, умр ва амалларимизда барака ато эт. Бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнгла. Абадий қолгувчи солиҳ амалларда вақтларни ғанимат билишимизга муваффақ айла. Бизга яхшиликларни қилиш ва мункар ишларни ёмон кўришни севикли қил. Бизни ушбу ойнинг рўзасини Сенинг розилигинга эришиш ва жаннатинг билан бахтли бўлиш учун сабаб бўладиган рўзадорлардан қил!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони давоми...

3622 05:00 / 11.01.2017
Рамазон ndash тавба ва мағфират ойи. Яқинлик ва тақво ойи. Қурбат ва раҳмат ойи. Аллоҳ рўзани инсоннинг Раббисига бўлган тоатида иродасини мустаҳкамлаш, қалбида давоми...

3466 05:00 / 11.01.2017
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

3213 05:00 / 14.01.2017
Амалларни чиройли суратда адо этмасдан, рўзангизни бузиб қўйманг.ndash Намозингизни зое қилиш орқали рўзангизни бузманг.ndash Садақа улашмасдан, рўзангизни давоми...

1607 16:00 / 12.04.2023