1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дуо, талаб ва тилак

22:09 / 04.06.2018 18316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ичида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматларинг заволидан, офиятинг (бошқа нарсага) ўзгариб қолишидан, тўсатдан келадиган уқубатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ сўрайман» бор эди».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:

1. Неъматларнинг заволидан.

Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.

Неъматнинг заволи кўп ҳолларда унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқолиши орқали бўлади.

Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам ўқиб турса, яхши бўлади.

2. Офиятинг (бошқа нарсага) ўзгариб қолишидан.

«Офият» сўзи «саломатлик», «эсон-омонлик», «бардамлик», «яхши кайфият» каби маъноларни ифода қилади.

Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг банда учун бошқа нарсага ўзгариб қолиши катта мусибат бўлиши турган гап.

Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг кетиб қолишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.

3. Тўсатдан келадиган уқубатдан.

Уқубат тўсатдан келса, банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.

4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.

Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган барча ишлардан паноҳ сўралган. Чунки қайсидир иши учун Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.

Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жуда кўп.

Ҳозирги кунимизда одамлар дуога жуда ўч бўлиб қолган. Бугунги кунда дуо китоблари чиқса, тезда тарқалиб кетмоқда.

Одамларнинг дуога ўч бўлиб қоладиган ҳолатлари бўлиб туради. Айниқса омадсизликка учраганда, Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсалари кўпайиб қолади.

Бозорда намоз китоби, рўза китоби туриб, бир ёқда дуо китоби турган бўлса, ҳамма дуо китобини олади. Чунки кўпчилик «Намоз, рўза тутиб, қийналиб юргандан кўра дуо қилиб, тезроқ ниятимга ета қолсам» деган тушунчага эга.

Бироқ ундай эмас. Тўғри, дуо, унинг лафзлари бор нарса. Айниқса Қуръони Каримда келган дуоларнинг хосияти кўп. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган, у зотнинг муборак лафзларидан қолган дуолар бор. Бироқ бу дуоларни ўқиш билан иш битиб қолмайди.

«Дуо» дегани қўлларни кўтариб туриб, Аллоҳдан маълум бир сўзни сўраб, айтишнинг ўзи эмас. Буни «талаб» ёки «тилак» дейилади.

Масалан, мен ёнимда ўтирган одамга: «Сув бериб юборинг», десам, у киши олиб беради. Мана шу талаб бўлади. Талабнинг дуодан фарқи бор. Талаб – кимдандир бирон нарсани сўрашдир.

Дуо эса инсоннинг ўзидаги нафсоний бир ҳолатдир. Дуо – бутун вужуд билан берилиб, ҳамма нарсани унутиб, Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик) ҳосил қилиб туриб, Роббул оламиннинг Ўзига ёлворишдир.

Қўлларни очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Эҳтимол, чин дуо қилаётган одам йиғлаб туриб, бир оғиз ҳам сўз айта олмас, лекин кўнглидан, қалбидан бир нималар ўтиб туради, юрагида Аллоҳдан қўрқув – хушуъ ва хузуъ бор, ёлвориш, тилак бор – ана шунинг ўзи кифоя қилади.

Шунинг учун чала-чулпа таржима қилинган дуоларни ўқиш, ёдлаш эмас, унинг моҳиятини тушуниш лозим.

Дуо қилишнинг одоблари, услублари, шартлари бор. Имкони бўлса, дуодан олдин бирор солиҳ амални тақдим қилиш керак.

Дуоларим қабул бўлсин, деган киши учун энг биринчи шарт тавбадир. Чунки тавба солиҳ амалдир. Қилинган гуноҳларга афсус-надоматлар билан, пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога йиғлаб, ёлвориб, астойдил тавба қилиш – дуодан олдин қилинадиган солиҳ амалдир.

Ундан кейин, дуолар қабул бўладиган соатлар, ҳолатлар бор, дуонинг қабул бўлиши учун қилинадиган амаллар бор. Ана шуларни топиш, излаш керак.

Дуо қабул бўладиган соатлар – тонг, саҳар чоғларидир. Ана шу пайтлардаги дуолар кўпроқ қабул бўлади.

Жума намозида иккинчи азон билан иқомат ўртасидаги вақт ҳам дуолар қабул бўладиган пайтдир.

Ҳадисларда келишича, банданинг Аллоҳ таолога энг яқин пайти – саждада турган вақтидир. Бу банда Аллоҳдан умидвор бўлган нарсасини сўраб оладиган пайтдир.

Дуо кўп қабул бўладиган вақтлардан яна бири фарз намозларидан кейинги вақтдир.

Бизда «фарз намозларидан кейинги вақт» дейилганда, фарз намозидан кейин, суннат намозидан олдин дуо қилиш керак экан, деган тушунча пайдо бўлган. Бу ҳам нотўғри.

Бизнинг мазҳабимиз бўйича, равотиб суннатлар фарз намознинг бир қисми, яъни уни тўлдирувчи намозлар ҳисобланади.

Шунинг учун фарздан кейин суннати бор намозларда ўша суннатларни ўқигандан кейин дуо қилинади. Ва мана шу дуо фарз намозидан кейин қилинган дуога ўтади.

Қуёш ботаётган пайтдаги (айниқса жума кунларидаги) дуолар ҳам ниҳоятда яхши қабул бўлади.

Арафа куни, ҳайит куни, Қадр кечаларидаги дуоларнинг ижобат бўлишини ҳам ҳамма билади.

Дуо қабул бўладиган энг улуғ вақтлардан бири – Қуръони Каримни қироат қилгандан кейинги вақтдир. Шунингдек, хайр-садақа қилгандан кейин қилинган дуолар ҳам яхши қабул бўлади.

Дуо қабул бўлиши учун қўлларни кўтариш керак, қиблага юзланиш керак, таҳоратли бўлиш керак, ўзининг хорлигини изҳор қилиш керак, айни пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга салавот айтилмагунча, кишининг дуоси бошидан юқорига кўтарилмайди», деганлар.

Демак, мана шу одобларга эътибор бериб, нафсоний ҳолатларга риоя қилиб туриб, астойдил дуо қилиш керак экан.

Майда-чуйда нарсаларни қаторлаштириб, ҳар бир нарсани санаб, қофиясини келтириб қилинган дуо мутлақо қабул бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек, кишининг ҳалқуми пок бўлмаса ҳам, дуо қабул бўлмайди. Ҳатто бир луқма ҳаром еган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди. Бу жиҳатларни ҳам билиш лозим.

Хуллас, дуонинг матни муҳим эмас. Машҳур дуоларнинг матнларини билиш яхши, лекин бу нарса дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўладиган асосий омил эмас. Дуонинг қабул бўлиши учун юқорида айтилган ҳолатлар мавжуд бўлиши керак.

Энг муҳими – инсоннинг қалби Аллоҳ таолога боғлиқ бўлиши, Аллоҳ таолога илтижо қилиши, сўраётган нарсасини фақат Аллоҳ азза ва жалладан сўраб, бошқа бирор банда ёки нарсани бунга яқинлаштирмаслиги керак бўлади. Ана шунда, иншааллоҳ, дуолар қабул бўлади.

Бугунги кунда «Дуо қиляпмиз, лекин қабул бўлмаяпти», дейдиганлар ҳам кўп учрайди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Банда «Мен дуо қиляпман, лекин қабул бўлмаяпти» демаса, дуоси қабул бўлади. Акс ҳолда дуоси қабул бўлмайди.

Шунингдек, дуони ўзига қилиш билан бировга қилишнинг ҳам фарқи бор. Ҳозирги кунда кўпчиликнинг ҳаққига қилинган дуолар қабул бўлмаяпти. Чунки беш-ўнта киши йиғлаб, астойдил дуо қилиб ўтирса, ҳақларига дуо қилинаётган кишиларнинг эса Аллоҳ билан ишлари йўқ, намоз ўқимайди, ароқ ичади, зино қилади – парвойи фалак. Бу ёқда ўтирволиб, Аллоҳга осийлик қилаётган ўша кимсаларнинг ҳаққига қилинган дуо қандай қабул бўлсин?

Дуо – ибодатнинг мағизи, илиги, мўминнинг силоҳидир, жуда катта, улуғ бир фазилатдир. Бироқ унинг одоби, шартларини йўлга қўйиш лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуоларимизни қабул бўладиган қилсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

3512 22:53 / 28.03.2018
Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.Бисот ndash мажол, суянч, давоми...

4121 20:05 / 27.08.2017
Ҳар бир чиққан каломда у чиққан қалбнинг либоси бордир.Нурдан кейин чиқадиган каломнинг аломати қалбларга таъсир қилиш, руҳларни ҳаяжонга солиш, сирларни давоми...

3077 17:20 / 04.02.2018
Шайтоннинг қалбга кириш йўллари банданинг сифатлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилади. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақида сўз юритамиз.1. Ғазаб ва давоми...

4161 15:09 / 03.10.2020