1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг иззатини ҳеч нарса зиёда ҳам қилмас, унга нуқсон ҳам етказмас (1-қисм)

17:59 / 17.07.2017 3662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг баркамол сифатларидан бирининг бандаларга боғлиқлиги йўқлиги, бандаларга оид сифатлар билан уларни Яратувчининг сифатлари орасидаги фарқ катта экани масаласи кўтарилмоқда.

Кўпчилигимиз Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини англаб етишда бир хил хатога йўл қўямиз. У ҳам бўлса, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларини англашда инсоний ўлчов ва тасаввурни ишга соламиз. Бу эса бутунлай нотўғридир. Бу борадаги асосий қоида Қуръони Каримда баён қилинган. Ана ўша қоидани ҳар биримиз яхшилаб ўзлаштириб олишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади: 

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (11-оят).

Аллоҳ таоло Ўз зотида, сифатида, амалларида яккаю ягонадир. Зотида, сифатида, амалларида бирор нарсага ўхшаш бўлиш нуқсонидан покдир. Аллоҳнинг зотини, сифатини ёки амалларини махлуқотининг зотига, сифатига ёки амалларига ўхшатиш гуноҳи азимдир. Аллоҳнинг зотига ўхшаш зот йўқ. Аллоҳнинг сифатига ўхшаш сифат йўқ. Аллоҳнинг исмига ўхшаш исм йўқ. Аллоҳнинг амалига ўхшаш амал йўқ. Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди шудир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида сўз юритилаётган иззат сифатини олиб кўрайлик. Аввало, иззат сифати инсонда қандай бўлишини тасаввур қилайлик. Маълумки, инсоннинг иззати унинг ўзи аста-секин касб қиладиган маърифат, қувват, бойлик, чирой, ўзини тутиши ва яхши амалларига қараб шаклланиб боради. Шу билан бирга, бошқа одамлар билан олиб борган муомаласи, уларга нисбатан кўрсатган фаолияти орқали намоён бўлади. Одамлардан ажраб, ёлғиз яшаган одамда мазкур хислатлар намоён бўлмайди. 

Шундан билиб оламизки, инсоннинг иззати у билан бирга қўшилиб туғилмайди. Аста-секин унинг уриниши орқали касб қилинади. Инсоннинг иззати унинг вужудида ўз-ўзидан пайдо бўлиб ҳам қолмайди. Балки бошқа инсонларнинг сезиши, уни улуғлаши, унга муҳтож бўлиши ва унинг аҳамиятли эканига иқрор бўлиши ила юзага келади.

Иззат сифати ҳақида ушбу зикр қилинган тушунча одамларнинг зеҳнига ўрнашиб қолгани сабабли, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг иззати ҳақида сўз кетганда, Аллоҳ таолога нисбатан ҳам ўша юқорида зикр қилинган маънони хаёлга келтиришга одатланиб қолинган.

Худди ушбу нотўғри тасаввурни тўғрилаш учун Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматни келтирган.

«У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас».

Исломий ақийда асосларида қарор қилинган ва собит бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, Аллоҳ таолонинг баркамол сифатлари У Зотнинг Ўзи каби қадимдир. Ул сифатлардан бирортаси аввал йўқ бўлиб, кейин пайдо бўлган эмас. Шундан келиб чиқиб, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг иззат сифати ҳам У Зотнинг Ўзи каби қадимийдир, деймиз. Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло одамлар мавжуд бўлишларидан олдин ҳам азиз бўлган. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барча махлуқотлар мавжуд бўлишидан олдин ҳам азиз бўлган. Чунки У Зот таолонинг иззати Ўз Зотидан содир бўлган. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг азизлик сифати У Зотнинг азалий сифатларидандир. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло одамларга ўхшаб, азизлик сифатини аста-секин, замон ўтиши билан касб қилган эмас.

Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг азизлиги У Зотнинг сомадияти – ҳар бир нарсанинг вужудга келиши, борлиққа мослашиши ва унда бардавом бўлиши У Зотнинг ёлғиз Ўзига боғлиқ эканида ва Ундан ўзгага муҳтож бўлмаслигида намоён бўлади. Бор қилинган нарсаларнинг бор қилинишидан аввал Аллоҳ таолонинг иззати мазкур нарсалар У Зот уларни бор қилмаса, бор бўла олмасликларида ва У Зот уларни тутиб турмаса, борлиқда бардавом бўлмасликларида намоён бўлади.

Ҳа! Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз Зоти ила азиздир. Ўзининг азизлиги зиёда бўлишига У Зотнинг ҳожати йўқдир. У Зот баркамол сифатлар соҳиби бўлгани учун иззатига зинҳор нуқсон ҳам етмайди.

 Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қиладилар:

«Эй бандаларим! Албатта, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим. Ва сизнинг орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг.

Эй бандаларим! Сизлар кечасию кундузи хато қиласиз. Мен эса парво қилмай, гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қиламан.

Эй бандаларим! Мен таомлантиргандан бошқа барчангиз очсиз. Бас, Мендан таом сўранглар, сизларни таомлантираман. Мен кийинтиргандан бошқа барчангиз яланғочсиз. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизни кийинтираман.

Эй бандаларим! Агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ичингиздаги энг тақводор банданинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани зиёда қила олмайди. Ана ўшаларнинг ҳаммаси тўпланиб, дунёдаги энг фожир одамнинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди.

Агар бир жойга тўпланиб, Мендан сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, катта бир денгизга нинани бир марта суқиб олингандек бўлади, холос.

Эй бандаларим! Ҳамма нарса амалларингизга боғлиқ. Мен уларга қараб ҳисоб қиламан. Ким яхшилик топса, Аллоҳга шукр қилсин. Ким ундан бошқани топса, ўзидан бошқани маломат қилмасин».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ривоятнинг аввалида зулм ҳақида сўз кетмоқда.

«Эй бандаларим! Албатта, Мен зулмни Ўзим учун ҳаром қилдим. Ва сизнинг орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг». 

Аллоҳ таоло ҳеч ҳам зулм қилмайди, чунки У Зот зулмни Ўзи учун ҳаром қилган. Аллоҳнинг ҳеч бир ишида, тақсимларида заррача зулм йўқ. Ҳаммаси фақат адолатдан иборат.

Аллоҳ таоло Ўзига зулмни ҳаром қилганидек, бандалари орасида ҳам зулмни ҳаром қилган. Шунинг учун мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига зинҳор зулм қилмасликлари матлубдир.

«Эй бандаларим! Сизлар кечасию кундузи хато қиласиз. Мен эса парво қилмай, гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қиламан».

Аллоҳ таоло мағфират қилишга доим тайёр экан, гуноҳларимизни тўхтамай мағфират қилиб турар экан, ушбу илоҳий марҳаматдан тўлиқ фойдаланишимиз лозим.

Бунинг учун биз, бандалардан талаб қилинадиган бирдан-бир ҳаракат – истиғфор айтиш, Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрашдир. Шундай экан, Аллоҳ таолодан ҳар доим мағфиратини сўраб туришни одат қилиб олайлик.

«Эй бандаларим! Мен таомлантиргандан бошқа барчангиз очсиз. Бас, Мендан таом сўранглар, сизларни таомлантираман. Мен кийинтиргандан бошқа барчангиз яланғочсиз. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизни кийинтираман».

Демак, таом еб, қорни тўйган ҳар бир банда бу таом Аллоҳ таоло берган неъмат эканини унутмаслиги керак экан. Аллоҳ азза ва жалла бермаса, у оч қолар эди. Бу улкан ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан бизга ҳар бир таомдан кейин Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қилишни буюрганлар. Бу нарсаларни Аллоҳ таоло бермаса, бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

Демак, ҳамма нарса Аллоҳдан, дея эътиқод қилишимиз, кийимни ҳам, таомни ҳам фақат Аллоҳ таоло беришини билишимиз, бинобарин, кийимни ҳам, таомни ҳам фақат Аллоҳ таолодан сўрашимиз лозимлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

«Эй бандаларим! Агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ичингиздаги энг тақводор банданинг қалбига эга бўлса ҳам, Менинг мулкимдан бирор нарсани зиёда қила олмайди. Ана ўшаларнинг ҳаммаси тўпланиб, дунёдаги энг фожир одамнинг қалбига эга бўлса ҳам, Менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди».

Бутун дунёдаги аввалу охир ҳамма одам, инсу жин, каттасию кичиги бирлашиб, дунёдаги энг тақводор инсоннинг қалбига эга бўлиб, ибодатини қилса, Аллоҳ таолонинг мулкига заррача нарса қўшилиб қолмайди. Шунингдек, ана шу мавжудотларнинг ҳаммаси тўпланиб, гуноҳ қилса ҳам, Аллоҳ таолонинг мулкига заррача зарар етмайди.

Бандалар тақво қилишса, ўзларига яхши, гуноҳ қилишса, ўзларига ёмон бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг мулки бундан на зиёда ва на кам бўлади. Аллоҳ таоло бандаларининг ибодатларига ҳам муҳтож эмас, исёнларидан ҳам қўрқадиган Зот эмас.

«Агар бир жойга тўпланиб, Мендан сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, катта бир денгизга нинани бир марта суқиб олингандек бўлади, холос».

Аллоҳ таоло дунёдаги барча мавжудот, барча махлуқотларни бир жойга тўплаб, уларнинг ҳар бирига истаган нарсасини бериб чиқса ҳам, худди нина уммонга суқиб олинганда уни ҳўл қилган сув бу уммонни мутлақо камайтирмагандек, У Зотнинг мулки заррача камайиб қолмайди.

«Эй бандаларим! Ҳамма нарса амалларингизга боғлиқ. Мен уларга қараб ҳисоб қиламан. Ким яхшилик топса, Аллоҳга шукр қилсин. Ким ундан бошқани топса, ўзидан бошқани маломат қилмасин».

Бас, динимиз таълимотларини ўрганиб, уларга оғишмай амал қилишга ўтайлик. Ибодат ва солиҳ амал асосий фаолиятимиз бўлсин. Яхши амалларимизни иложи борича кўпайтириш пайидан бўлиб, яхши амалдан бошқасидан йироқда бўлайлик. Яна ўзимизни ўзимиз маломат қилиб қолмайлик.

Бу улкан қудсий ҳадисдир. У биз, бандаларга улкан ҳақиқатларни баён қилиб, очиб бергандир.

Бу ҳадиси қудсий Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандаликни бажо келтириб, Унинг йўлида юриш, тақводор бўлиш, истиғфор айтиш ва шу каби бошқа улуғ ишларни ўзида мужассам қилган.  

Бу ҳадиси қудсий Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг азалдан ва бардавом азизлигини намоён қилган ҳадисдир. Бандаларнинг барчалари У Зотга муҳтожлигини таъкидлаган ҳадисдир. 

Ҳа! Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг азизлик сифати азалдан собитдир. Махлуқотлардан бирортаси мавжуд бўлмаган вақтда ҳам собит бўлгандир. Уларнинг барчаси йўқ бўлиб кетганда ҳам собит қолади. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким бандаларнинг сирларидан хабардор бўлсаю, илоҳий раҳматлар ила хулқланмаган бўлса, унинг хабардорлиги ўзига қарши фитнага ва ҳалокатнинг у томон тортилишига давоми...

3380 14:21 / 04.03.2018
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4138 10:35 / 26.12.2018
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

4001 19:01 / 18.02.2018
Тоатинг мукофотига У Зот сени унга аҳл дея рози бўлишининг ўзи кифоядир.Подшоҳ фақатгина Ўзи икром кўрсатишни истаган шахснигина қабулига чақиради ва улуғлашни давоми...

3813 10:14 / 04.12.2017