1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим (127-дарс) Тафсир илми ва муфассирлар (биринчи мақола)

14:00 / 09.03.2021 3441 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тафсир» сўзи луғатда «баён қилиш», «очиб бериш» ва «равшан қилиш» маъноларини англатади.

Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади:

«Тафсир – Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини инсон қудрати етганича ўрганадиган илм».

Иккинчи таъриф:

«Тафсир бир илм бўлиб, унда азиз Китобнинг нозил бўлиши, санади, адо этилиши, лафзлари, лафзларга ва ҳукмларга боғлиқ маънолари ўрганилади».

Тафсир илми Улуми Қуръон соҳасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тафсир ва тафсир уламолари ҳақида бир оз маълумот беришни лозим топдик.

Исломнинг дастури бўлган Қуръони Каримни чуқур ўрганишга боғлиқ бўлгани учун тафсир илми алоҳида аҳамиятга эгадир. Айнан тафсир илми Қуръони Каримнинг ҳидояти, таълимоти, сирлари ва кўрсатма ҳамда ҳукмларини ўрганишга хизмат қилади. Ушбу илмсиз мазкур нарсаларни билиш ва уларга амал қилиш мумкин эмас.

Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. Чунки у зоти бобаракот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари билан баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.

Тафсир илми саҳобаи киромларга Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолди. Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам улардан кимки ўзида баъзи оятларнинг маъносини англашда ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бош­қа саҳобалардан сўраб олар эди.

Саҳобалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин.

Тобеъинлар эса тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саъид ибн Жубайр, Ато ибн Абу Робоҳ ва бошқалар шулар жумласидандир.

Бу икки асрда, яъни саҳобалар ва тобеъинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, китоб қилиб ёзилмаган эди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ошур ўзларининг «Ат‑Тафсир ва рижалуҳу» номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган киши ҳижрий 149 йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждир.

Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб, тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таълиф қилиш давридир. Бу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Найсобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.

Исломда Қуръони Каримнинг лафзи, қироати ва расми-хати собит бўлиши қатъийлигига иттифоқ қилинганидек, унинг маъноси инсонларга нисбатан қатъий эмаслигига ҳам иттифоқ қилингандир. Яъни Қуръони Каримнинг тўлиқ маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Инсонлар эса илмига, қобилиятига қараб, насиб қилганича биладилар.

Бу, албатта, Қуръони Карим жумбоқ, тушунилиши қийин нарсадир, дегани эмас. Қуръони Карим очиқ услубдаги, батафсил баёнли, очиқ Китобдир. Лекин, шу билан бирга, Қуръони Каримнинг араб сўз усталарини ва бутун мавжудотни қиёмат қоим бўлгунча ўзига ўхшаган нарса келтиришдан ожиз қолдирувчи абадий, илоҳий мўъжиза экани бир он ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги лозим. Дунёга донғи кетган сўз усталари, олий даражадаги балоғат ва фасоҳат соҳиблари Қуръони Каримнинг баъзи оятларини эшитишлари билан: «Аллоҳга қасамки, бу башарнинг каломи эмас», дер эдилар.

Албатта, ана шундай даражадаги каломнинг ўзига яраша савияси бўлади. Мазкур савияга яроқли кишилар учун Қуръони Каримни англаб етиш жуда ҳам осон. Қолганлар эса савияларига қараб ўзлаштирадилар.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда айрим кишилар Қуръони Карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб давоми...

4582 13:00 / 08.12.2021
ЙАСИН ВА ДУХОН СУРАЛАРИ ФАЗЛИАнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йасиндир. Ким Йасинни қироат қилса, Аллоҳ унга давоми...

5782 05:00 / 23.01.2017
Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун .Бу Аллоҳнинг ҳузуридан,, дейдиганларга ҳалокат бўлсин Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан давоми...

4226 05:00 / 23.01.2017
1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен .Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, давоми...

7880 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

213254 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132476 14:35 / 11.08.2021