1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръондаги баъзи сура ва оятларнинг фазилати (27-тавсия)

05:00 / 07.03.2017 27347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага «Эй Фалончи, уйландингми?» дедилар.

– Йўқ. Аллоҳга қасам, эй Аллоҳнинг Расули, уйланишга ҳеч нарсам йўқ, – деди у.

 «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ҳам йўқми? – дедилар.

 Бор, деди у.

 У Қуръоннинг учдан бири-ку, – дедилар.

 «Изаа жаа насруллоҳи вал-фатҳу» йўқми?  дедилар.

 Бор, – деди у.

 У Қуръоннинг тўртдан бири-ку? Сенда «Қул йаа айюҳал каафирун» ҳам йўқми? –дедилар.

 Бор, деди у.

 У ҳам Қуръоннинг тўртдан бири. Сенда «Изаа зулзилатил арзу» йўқми? –дедилар.

 Бор, – деди у.

 У ҳам Қуръоннинг тўртдан бири. Уйлангин, уйлангин», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

 

Ихлос сураси, Бақара сурасининг охири
ҳамда Оятул Курсийнинг фазилати

 

Муоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда қаср қуради», дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб: «Ундай бўлса, уни кўп ўқиймиз, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кўпайтурувчи, покловчи Зотдир», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Бақара сурасини менга Аршнинг остидаги хазинасидан берган икки оят билан тамомлади. Уларни ўрганинглар, аёлларингизга ва болаларингизга ўргатинглар, чунки бу иккисида намоз (тиловат), қироат ва дуо бор».

Имом Ҳоким ривоят қилган.

Изоҳ: Тиловат намознинг асосий рукнларидан бўлгани учун намоз деб ифодаланмоқда. Ушбу икки оят намозда ҳам, ундан ташқарида ҳам ўқилади. Уларда дуо маънолари мужассамдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини бир сарияга бош қилиб юбордилар. У доим ҳамроҳларига намоз ўқиб бериб, қироатини «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан тугатарди. Қайтишгач, буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. У зот: «Ундан сўранглар‑чи, нега бундай қилар экан?» дедилар. Ундан сўрашган эди, «Чунки у Раҳмоннинг сифатидир. Мен уни ўқишни яхши кўраман», деди. Буни эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга айтиб қўйинглар, Аллоҳ ҳам уни яхши кўради», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

Изоҳ: Сарийя – жанг қилиш ёки маълумот билиб келиш учун душман тарафга юбориладиган кичик қўшин (отряд). Одатда тунда юрилгани учун «сарийя» (тунда юрувчи) деб аталган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман», деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» дедим. У: «Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни* оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Улар нима экан?» дедилар. «У менга: «Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни* оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди», дедим. –  (Ровий айтади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Аллоҳдан келадиган манфаатли нарса сабабли уни қўйиб юборганлар, чунки саҳобалар) яхшиликка энг ҳарис одамлар эди – Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «У шайтон эди», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

* Бақара сураси, 255-оят.

 

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам шундай деди: «Хурмо қуритадиган жойимиз бўлар эди. Мен у ердан хабар олиб турардим. (Ҳар кеча хурмо) камая бошлади. Шунинг учун бир кеча уни қўриқлаб ётдим. Қарасам, навқирон йигит кўринишидаги бир жонзот экан. Салом берсам, алик олди.

 Жинмисан, инсонмисан?  дедим.

– Жинман, – деди.

– Қўлингни узат, – дедим. Қарасам итнинг қўли, итнинг юнги. «Жин мана шундай бўлади», деб ўйладим.

– Жинларнинг ичида мендан чопағоним йўқ, – деди. 

– Нима учун бу ишга қўл урдинг, – дедим.

– Менга сени садақа қилишни яхши кўради, дейишди. Шуниг учун егулигингдан олгим келди, – деди.

– Бизни сизлардан нима ҳимоя қилади? – дедим.

– Мана бу Оятул-Курсий, – деди.

Мен уни қўйиб юбордим. Кейин бориб, бор гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Шунда у зот: «Бу ифлос тўғри айтибди», дедилар.

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

 

Ихлос сураси ҳамда «муъаввизатайн»нинг фазилати

 

Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ёмғирли ва қоп-қоронғи тунда чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга намоз ўқиб берсинлар деб, у зотни топдик. У зот менга: «Ўқи», дедилар. Мен ҳеч нарса демадим. У зот яна: «Ўқи », дедилар. Мен яна ҳеч нарса демадим. У зот яна: «Ўқи», дедилар. «Нимани ўқийин, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Қул ҳуваллоҳу аҳад ва “муъаввизатайн”ни тонг отганда ва кеч кирганда уч марта ўқисанг, сенга ҳар қандай нарсадан кифоя қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Лафз Абу Довудники.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча менга нозил бўлган, мисли кўрилмаган оятларни билсанми? «Қул аъуузу бироббил-фалақ» ва «Қул аъуузу бироббин-наас», дедилар».

Муслим, Термизий Насоий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуд ва Насоийнинг лафзида: «Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. У зот менга: «Эй Уқба, сенга энг яхши икки сурани ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъуузу бироббил-фалақ» ва «Қул аъуузу бироббин-наас»ни ўргатдилар».

Яна Абу Довуднинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа билан Абво ўртасида борар эдим. Бирдан шамол ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қул аъуузу бироббил-фалақ» ва «Қул аъуузу бироббин-наас»ни ўқиб, паноҳ сўрай бошладилар ва «Эй Уқба, шу иккови билан паноҳ тилагин, ҳеч бир паноҳ тиловчи шу иккисидек нарса билан паноҳ тиламаган», дедилар. Кейин бизга имом бўлиб, намозда ҳам шу иккисини қироат қилганларини эшитдим».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўқи, эй Жобир», дедилар. «Ота-онам сизга фидо бўлсин, нимани ўқийин?» дедим. «Қул аъуузу бироббил-фалақ» ва «Қул аъуузу бироббин-наас»ни», дедилар. Мен уларни ўқидим. Шунда у зот: «Шу икковини (доим) ўқи. Буларга ўхшаганини асло ўқимагансан», дедилар».

Насоий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда айрим кишилар Қуръони Карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб давоми...

3602 13:00 / 08.12.2021
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

4034 05:00 / 23.01.2017
Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга ҳақиқий қайтиш ила қайтадир.Тавба қилиш гуноҳга афсуснадомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни давоми...

3641 20:55 / 18.03.2018
Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илмфан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгиданянги маълумотлар билан намоён давоми...

4461 14:30 / 13.08.2019
Аудиолар

131383 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51873 14:35 / 11.08.2021