1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Иброҳим сураси, 12-15 оятлар

05:00 / 23.01.2017 4601 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

12. Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, у бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», дедилар.


Пайғамбар алайҳиссаломларнинг бу сўзларида Аллоҳга таваккал қилишнинг, ҳар бир нарсада Унга суяниш, Ундан изн олиш, Унга ёлбориш, Ундан мадад кутишнинг асосий боиси ифодасини топгандир. Айни чоқда, бу маъно ажойиб бир услуб, инкорий савол услуби ила баён этилмоқда.

«Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?!»

Эй кофирлар, айтинглар-чи, нима учун биз ўз Роббимизга таваккал қилмас эканмиз?! Бу дунёда яшашдан мақсад икки дунё саодатига эришишмиди? Ўша саодатга эришиш учун унинг йўлини топиш керакмиди? Аллоҳ таоло бизни ўша йўлга бошлади.

«Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди».

Биз Унинг инояти ила саодат йўлимизни топдик. Энди бизга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Шу йўлдан собитқадам бораверамиз. Бу саодатга эришиш йўлида,

«Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз».

Бу борада биз иккиланмаймиз ҳам, бўшашмаймиз ҳам.

«Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар».

Тортишув шу ерга етганида ўзларининг фикрий ва ақлий жабҳада енгилганликларини сезган, масалани тинч йўл билан ҳал қилишда ютқазишларини билган кофирлар куч ишлатишларини айтиб таҳдид қилдилар:


13. Куфр келтирганлар ўз Пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан чиқариб юборурмиз ёки, албатта, миллатимизга қайтурсизлар», дедилар. Бас, Роббилари уларга: «Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз. 

14. Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, мақомимдан хавф қилганлар ва таҳдидимдан қўрққанлар учундир», деб ваҳий қилди.

Кофирлар жамияти, жоҳилий жамият ўз ичидаги ҳақиқий мусулмоннинг ҳақиқий Ислом учун ҳаракат қилишига ҳеч қачон рози бўлмайди. Ғайриисломий жамият-тузум ичида биргина ҳақиқий мусулмон туришидан ҳам қаттиқ хавфсирайди. Чунки ўша мусулмон уларнинг ботилини, ҳийла-найрангини фош қилиши ва ҳақиқий тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши мумкин. Шу сабабдан ғайриисломий тузум ҳақиқий мусулмон олдига масалани кўндаланг қўяди: бизнинг миллатимизга қўшиласан, биз қандай юрсак, шундай юрасан ёки бизнинг еримиздан чиқасан, ўлдириласан, қамаласан ёки сургун қилинасан, дейди.

Бу ҳақиқатни ушбу оятда кофирларнинг ўзларига келган Пайғамбарларга айтган гапларидан билиб оламиз.

«Куфр келтирганлар ўз Пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан чиқариб юборурмиз ёки, албатта, миллатимизга қайтурсизлар», дедилар».

Тасаввур қилинг: Пайғамбар янги келган, ҳозирча бир ўзи, ёнида унга иймон келтирган мўминлар ҳам йўқ. У Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келганини айтди, холос. Аввал-бошда кофирлар у билан баҳсга киришдилар. Турли айбларни қўйиб кўрдилар, ҳужжат-далил талаб қилдилар. Аммо баҳсда ютқаздилар. Ақлий тортишувда енгилдилар. Зотан, кофирларда ақлга тегишли ҳеч нарса бўлмайди. Кейин куч ишлатиш, дўқ-пўписага ўтмоқдалар. Чунки улар ақлий баҳсда ютган шахснинг жамият аъзоларини ўзига қаратиб олишидан қўрқадилар. Шу ўринда кофирларнинг «сизларни еримиздан чиқариб юборамиз» дейишларига эътибор беринг. «Еримиздан» ер уларники эмиш. Аллоҳнинг ерини ўзиники қилиб олишибди. Ҳолбуки, улар ерга қанчалик ҳақли бўлсалар, ўша ерда туғилиб ўсган Пайғамбар ҳам шунчалик ҳақлидир. Балки ўша ерни халқ этган Холиққа иймони туфайли улардан кўра ерда унинг кўп ҳаққи бор. Лекин туғёнга кетган кофирлар доимо ҳаддан ошдилар.

Икки томон шундай тортишиб турганда ҳал қилувчи сўз Аллоҳ таоло томонидан келди:

«Бас, Роббилари уларга: «Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз. Бу эса, мақомимдан хавф қилганлар ва таҳдидимдан қўрқанлар учундир», деб ваҳий қилди».

Аллоҳ таоло сўзини Пайғамбарларга қаратди. Кофирларни, худди улар йўқдай, эътиборга ҳам олмади. Пайғамбарларнинг кўнгилларини тинчлантириб, башорат берди. Биз золимларни ҳалок қиламиз, деди. Бизга урғу бериб айтди. Золимлар албатта ҳалок бўлишини таъкидлади. «Золимлар» деганда кофирлар кўзда тутилади. Чунки куфр энг катта зулмдир. Ўша кофир золимларни ҳалок этгандан сўнг у ерга сизларни, яъни, Пайғамбарларни ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларни жойлаштирамиз, деди. У ерга кимки Менинг мақомимдан қўрқса, такаббурлик қилмаса, ўзидан кетиб ҳаддидан ошмаса, ўша жойлашади, деди. У жойга кимки Менинг золимларни ҳалок қилиш ҳақидаги таҳдидларимдан қўрқса, шуни эслаб ўзини зулмдан сақласа, бировга зулм этмаса, ер юзида фасод қилмаса, ўша ўрнашади, деди. Сўнгра:


15. Фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабрчи, саркаш кимса ноумидликка учради.

Тафсирчи уламоларимиз Аллоҳдан фатҳу нусрат сўровчилар ким эканлиги ҳақида турлича фикрлар айтганлар. Баъзилари фатҳу нусрат сўровчилар Пайғамбарлар десалар, бошқалари умматлар дерлар. Учинчилари эса, тортишаётган икки тараф бир бўлиб, орамизда ким ҳақ бўлса унга фатҳу нусрат бўлсин, ким ноҳақ бўлса, ҳасратга учрасин, деб айтишган, дерлар.

Бу сўров эса, ҳар бир жабрчи, саркаш кимса ноумидликка учраши билан натижаланади.

Яъни, мўминлар фатҳу нусратга эришдилар, кофир-мушриклар эса ҳалокатга учрадилар. Уларнинг бу дунёда ҳалокатга йўлиқишлари ила иш тамом бўлмайди...


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
46. Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оятмўъжизаларимиз ила Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Бас, у .Албатта, мен оламлар Роббининг Пайғамбаридирман,, деди.Яъни, Биз давоми...

5129 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.Биринчи далилҲудайбия сулҳидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом давоми...

3341 17:00 / 27.07.2021
бешинчи мақолаИбн Ашта .АлМасоҳиф, китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради.Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр .Унга исм давоми...

3925 14:05 / 22.10.2019
биринчи мақолаЮқорида 91 дарсимизда .муҳкам, ва .муташобиҳ, сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани давоми...

4377 13:00 / 30.06.2020
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021