1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Доимо сабр керак (2-қисм)

21:07 / 07.05.2018 3818 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.

Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир.

Ана ўшаларга Роббларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади.

Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир синовидир.

Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло.

Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».

Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».

«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Бир куни Абу Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан келди-да: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир гап эшитиб, хурсанд бўлдим. Ул зот: «Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ айтса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф лий хойром-минҳа» – «Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин», деса, айтгани беради», дедилар», деб айтди. 

Мен буларни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф лий хойром-минҳа» дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча: «Энди менга Абу Саламадан яхшироғи қайда?», дедим. 

Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У зотга ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлдирилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. 

Ул зот гапларини тугатгач, мен: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, мендан сизга ёқмайдиган нарса содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Кейин ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим. 

Расулуллоҳ алайҳиссалом: 

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар... 

Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».

Аҳмад ривоят қилган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Қачон банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ фаришталарига: «Бандамнинг фарзандини олдингизми?» дейди. «Ҳа», дейишади. У зот: «Қалбининг самарасини олдингизми?» дейди. «Ҳа», дейишади. 

У зот: «Бандам нима деди?» дейди. «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейди. 

Шунда Аллоҳ: «Жаннатда бандамга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржоъ айтсин. Чунки у ҳам мусибатлардан», дедилар».

Баззор ривоят қилган. 

Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак: кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш керак. Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак.

Учинчи қисм.

Ўзига озор берган кишидан интиқом олиш каби келиши ўзига боғлиқ бўлмаган, аммо кетиши унинг ихтиёрида бўлган нарсаларда сабр қилиш.

Мисол учун, бандага биров томонидан гап, ҳаракат ёки унинг жони ёки молига қарши жиноят қилиш ила озор етказилганда, жавоб чораси кўришга қодир бўла туриб, сабр қилиш.

Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай оят келади:

 «Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Иброҳим сураси, 12-оят).

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитажаксиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир» (Оли Имрон сураси, 186-оят).

Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четланиш-ла, четланиб тур» (Муззаммил сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:

«Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир.

Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ ила бўлур. Улар учун маҳзун бўлма. Уларнинг қилаётган макрларидан сиқилма» (Наҳл сураси, 126-127-оятлар).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал қилган тақсимларига ўхшаш бир тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши:

«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.

Бас, мен: «Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у зотнинг ҳузурларига бордим. Ул зот саҳобалари билан эканлар. Мен ул зотга у айтган гап ҳақида сирли равишда хабар бердим. Бу у зотга оғир ботди. Юзлари ўзгариб, жахллари чиқиб кетди. Ҳатто мен: «Ул зотга хабар бермасам бўлар экан», деб ўйладим. 

Сўнгра у зот:

«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олтинчи зарар ҳисобкитобнинг қаттиқ бўлиши.Ривоят. Али розияллоҳу анҳу айтдилар .Ҳашр куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўн иккита манзил бўлади. Ҳар бир манзилда давоми...

3592 21:14 / 18.04.2018
Ўта ҳожатмандлигинг зотингда бордир. Сабабларнинг келиши эса сенга улардан махфий бўлганларини эслатиш учундир. Зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота давоми...

5188 09:55 / 24.06.2018
Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу адолат билан ҳукм қилар, бу борада аввало ўзи бошқаларга намуна бўлар эди.Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб давоми...

3913 20:05 / 20.07.2017
У Зот сенга воридни сени ағёрлар қўлидан тортиб олиш ва асарлар қуллигидан озод қилиш учун етказди.ndash Ағёр ndash махлуқотлар, Аллоҳ таолодан бошқа нарсалар.ndash давоми...

3604 22:15 / 20.05.2017