1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мусулмонлардан бошқаларни сирдош тутиш

16:33 / 29.04.2018 4108 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари оғизларидан кўриниб бўлди. Кўкслари махфий тутгани яна ҳам каттароқ. Батаҳқиқ, сизларга оят(белги)ларни баён қилдик, агар ақл юритсангиз.

Мусулмонлар ўзлари билан бирга яшаётган аҳли китобларга ортиқча ишониб кетишлари ҳоллари бор. Бу баъзида шу даражага етадики, улар ўзларидан бўлган мусулмонларни қўйиб, ўша ғайридинларни сирдош тутадилар. Ислом жамоасининг сирларини уларга айтадилар ёки билишларига йўл очиб берадилар. Бугунги куннинг истилоҳи билан айтганда, котиб қилиб, маслаҳатчи қилиб ёки архив бошқарувчиси қилиб олишади. Бу тўғри эмас. Аллоҳ таолонинг амри:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда мусулмонларга мусулмон бўлмаганларни сирдош тутмасликка амр қилмоқда. Чунки:

«Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар».

Мусулмонларга ёмонлик қилиш туйғуси уларнинг қонига сингиб кетган. Мусулмонлар куч-қувватга, имкониятга, мансабга эришганда уларга яқинлашиб, хизматини қилиб, ишончини қозонишга уринган кофир ва мунофиқлар сирдош бўлиб олиб, ёмонлик етказа бошлашади.

«Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар».

Яъни кофир ва мунофиқлар мусулмонларнинг доимо оғир машаққатда қолишларини истайдилар. Улар мусулмонларга динда ҳам, дунёда ҳам зарар етказишга тинмай уринадилар.

«Нафратлари оғизларидан кўриниб бўлди».

Яъни улар ўзларини дўст қилиб кўрсатишга ҳаракат қилсалар ҳам, оғизларидан мусулмонларга нисбатан душманликлари, ёмон кўришларига далолат бўлувчи сўзлар чиқиб туради.

«Кўкслари махфий тутгани яна ҳам каттароқ».

Уларнинг тилларига чиқмай, дилларида махфий турган душманликлари яна ҳам каттароқдир. Буни билиб олиш қийин эмас. Фақат ақл юритилса, бас:

«Батаҳқиқ, сизларга оят(белги)ларни баён қилдик, агар ақл юритсангиз».

Оли ИмронҲой сиз, ўшалар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни яхши кўрмаслар. Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у, улар сизларни кўрганда: «Иймон келтирдик», – дерлар, аммо холи қолганларида, сизларга бўлган аччиқдан бармоқ тишларлар. «Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар!» – деб айт. Албатта, Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам ўта билувчидир.

Ушбу ояти каримада мўминларнинг кофирлар билан бўлган алоқаларидаги хатолар баён қилингандир. Хатонинг каттаси душманнинг ҳақиқий ҳолини билмасликда экани тушунтириляпти:

«Ҳой сиз, ўшалар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни яхши кўрмаслар».

Мусулмонлар шунчалик соддаларки, ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди.

Мусулмонлар Аллоҳ нозил қилган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга келган китобларга ҳам иймон келтирадилар:

«Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у…»

Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир. Аммо бошқа тараф мунофиқлик қилади:

«…улар сизларни кўрганда: «Иймон келтирдик», – дерлар, аммо холи қолганларида, сизларга бўлган аччиқдан бармоқ тишларлар».

Одатда бировга нисбатан чексиз адовати бўлган, лекин унга зарар бера олмаган одам аламидан бармоғини тишлайди. Оятда шунга ишора қилинмоқда.

«Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар!» – деб айт».

Уларга энг муносиб муомала шу. Улар қанчалик ҳасад қилишмасин, барибир, Аллоҳ мўмин бандаларига неъматларини бераверади, динини мукаммал қилаверади.

«Албатта, Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам ўта билувчидир».

У Зот кимнинг қалбида иймон бор, кимникида куфр, кимникида нифоқ борлигини яхши билади.

Оли ИмронСизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар. Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, ҳийла-найранглари сизга ҳеч қандай зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларини қамраб олувчидир.

Бу оятда ҳам ғайримусулмонларнинг адоватини тушунтиришда давом этилмоқда. Айтиляптики, таниб олинг:

«Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир».

Ва аксинча:

«Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар».

Уларнинг кимлигини яхшилаб таниб олдингизми?

Энди ўзингизга, ишингизга пишиқ-пухта бўлинг. Диннинг буйруқларини сабр ила бажариб борсангиз, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга сабр қилсангиз, тақво қилиб, Аллоҳнинг қайтарган нарсаларидан қайтсангиз, душманларнинг қўллаган тадбирлари, ҳийла-найранглари сизга ҳеч зарар етказа олмайди:

«Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, уларнинг ҳийла-найранглари сизга ҳеч қандай зарар қилмас».

Аллоҳ ҳеч нарсани назаридан четда қолдирмайди. Албатта, қилганларига яраша жазоларини беради:

«Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларини қамраб олувчидир».

Душманларда мусулмонларга нисбатан қанчалар ёмонликлар борлигини кўрдик. Лекин Ислом мусулмонларни уларга қарши ёмонлик қилишга чорламайди. Фақат сирдош қилиб олмасликка амр қилади. Уларнинг ёмонлигига ёмонлик, хиёнатига хиёнат ва ҳасадгўйлигига ҳасадгўйлик билан жавоб беришни ҳам раво кўрмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ваҳб ибн Масъуд айтади .Сизлардан аввалгиларнинг ичида Аллоҳга етмиш йил ибодат қилган киши бор эди. Ҳафтада бир кун, яъни фақат шанбада оғзи очиқ бўларди. Қолган давоми...

5118 16:41 / 23.05.2018
4522 r . .4522. Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталари розияллоҳу анҳумодан бундай ривоят киладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

40179 15:01 / 04.11.2017
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман .Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил давоми...

782 14:02 / 16 декабрь
Биринчи қисм. ТАРИХИслом тарихига назар ташлаб қуйидаги мулоҳазага келамиз ndash қачонки уммат қийин аҳволга тушиб, нима қилишини билмай қолганда, Аллоҳ таолонинг давоми...

4846 15:20 / 17.11.2017