1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иймон ороми –Аллоҳ инъоми

17:10 / 21.04.2019 6877 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса – қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно, – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга буюк азоб бор (Наҳл сураси, 106-оят).

Ислом дини янги келган даврда Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб, яна кофир қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар. Мушриклар буюк саҳоба ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Мисол учун, у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни, ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорладилар, холос.

Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар. Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумайя розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумайя розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон – эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида, унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди, – дедилар. Бунга жавобан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир, – дедилар.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб:

– Энди нима бўлади? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

– Қалбингда нималарни сезмоқдасан? – дедилар. Аммор розияллоҳу анҳу:

– Иймон оромини, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин, – дедилар.

Ана шу ҳодисадан сўнг Аллоҳ таоло биз ўрганаётган мазкур ояти каримани нозил қилди. Ундан кўриниб турибдики, иймондан кейин куфрга қайтиб, муртад бўлиш улкан гуноҳдир. Ким иймонга келганидан сўнг, Аллоҳга куфр келтирса, кўксини куфрга очса, у Аллоҳнинг ғазаби ва улкан азобига дучор бўлади. Фақат бир тоифа одамларгина бундан мустасно бўладилар.

«...қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно...»

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга ўхшаб, қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, муҳаққақ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатишса, жоиз. Шунингдек, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу каби, чидаб тураверса ҳам, жоиз. Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуга ўхшашга интилган кишиларни кўпроқ кўрамиз.

Машҳур тафсирчилардан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу ҳақларида қуйидагиларни ривоят қиладилар. У киши румликларга асир тушибдилар. У кишини подшоҳлари олдига олиб боришибди. Подшоҳ унга:

– Насроний бўл, сени мулкимга шерик қиламан ва қизимга уйлаб қўяман, – дебди. У киши эса:

– Агар ҳамма мулкингни ва арабларнинг ҳамма мулкини берсанг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларини бир лаҳзага ҳам тарк қилмайман, – деб жавоб берибдилар.

– Унда сени ўлдираман, – дебди Рум подшоҳи.

– Билганингни қил, – дебдилар Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу.

Шунда подшоҳнинг амри билан у киши осиб қўйилиб, камончилар унга тегар-тегмас ҳолда ўқ отиб туришибди. Подшоҳ яна саҳобийга насронийлик динини таклиф этибди. Қабул қилмаганларидан кейин осилган жойларидан қайтариб туширишибди. Подшоҳ катта қозонни қиздиришни амр қилибди. Қозон роса қизиганда, бир мусулмон асирни олиб келиб, унга ташлашган экан, асир бир зумда жизғанак бўлиб қолибди. Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга яна насронийликни қабул этишни таклиф қилибди. У киши яна бош тортибдилар. Шунда подшоҳ у кишини қозонга ташлашга буюрибди. Жаллодлар у кишини қозонга яқинлаштирганларида, йиғлабдилар. Подшоҳ, энди қабул этса керак, деб умид қилиб, ҳузурига чақириб, нимага йиғлаётганларини сўрабди. У киши розияллоҳу анҳу:

– Аллоҳнинг йўлида қозонга ташланаётган жоним биттагина бўлганидан, танамдаги туким сонича бўлмаганидан йиғламоқдаман, – деган эканлар.

Мусайламатул Каззоб ўз қўлига тушган Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳуга:

– Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик берасанми? – деди.

– Гувоҳлик бераман, – деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

– Менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми? – деди Мусайламатул Каззоб.

– Эшитмаяпман, – деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

Мусайламатул Каззоб унинг этидан бир парча кесиб туриб, яна сўради. У яна:

– Эшитмаяпман, – деди. Мусайламатул Каззоб унинг танасидан парча-парча қилиб кесаверди. Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўлгунича собит тураверди.

Уламоларимиз: «Мусулмон одам учун дину диёнат, иймон йўлида кофирларнинг азобига чидаш азийматдир, асл ҳукмдир; қалби иймонга тўла туриб, жонни сақлаш учун тили билан гап айтиб, қутулиш рухсатдир», дейдилар

“Тафсири Ҳилол”дан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримдаги бир оятни келтирамиз .Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва давоми...

2437 14:05 / 08.10.2019
Умар ибн Солиҳ Саъдий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Обид Абдулазиз ибн Сулаймонни тушимда кўрдим. У яшил кийим кийиб олган, бошида дурдан тож бор эди. .Эй Абу давоми...

1650 07:31 / 23.10.2019
Айтиш лозимки, .Тавҳид, китобида баён қилинган айрим тафсилотларни бугунги ўқувчилар унчалик тушунмасликлари табиий. Аммо китобнинг умумий мазмуни билан танишиш давоми...

1530 11:30 / 26.04.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ,, дедилар,. Бешовлари ривоят қилган. .Фараъ, туянинг давоми...

971 11:38 / 13 январь